Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Шош – Тошкент воҳаси аҳолисининг этник хусусиятлари (IX-XII асрлар)

Шош – Тошкент воҳаси аҳолисининг этник хусусиятлари (IX-XII асрлар)

Шош (Тошкент) воҳаси IX-XII асрларда Мовароуннаҳрдагина эмас, балки мусулмон оламида ҳам салоҳиятли ҳисобланган. Бу даврда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий – ижтимоий ҳаёти ва аҳоли ўртасида содир бўлган этник жараёнлар Сирдарё соҳиллари ва мазкур дарёнинг шимолидаги ҳудудлари билан узвий боғлиқ бўлган. Чунки тарихий манбаларда турли даврларда Чоч, Шош ва Тошкент деб номланган воҳа Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, шунингдек Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларини Еттисув ва Шарқий Туркистон шаҳарлари билан алоқаларида муҳим ўринда турган[1].

Мумтоз сайёҳ ва географ Истаҳрий (850-934) маълумотича, IX-X асрларда Шош Мовароуннаҳрнинг йирик иқтисодий ва маданий вилоятига айланган. Шош шаҳарлари дашт ва тоғ туманларига бориладиган транзит йўлларда жойлашган эди. Бу карвон йўллари Бухоро ва Самарқандни, Шош ва Илоқ марказларини Фарғона водийси билан боғлаган.

Ўрганилаётган даврда воҳанинг қишлоқ аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланиб келган. Шош воҳаси хўжалигида чорвачилик ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шаҳарлар ва йирик қишлоқлар аҳолиси ҳаётида ҳунармандчилик асосий ўринни эгаллаган. Шош ва Илоқ воҳаларида қадимдан ҳунармандчилик бирмунча ривожланган эди. Ўрта асрлар давомида ҳунармандчиликнинг турли соҳалари (кулолчилик, темирчилик, заргарлик ва бошқ.) кенг тараққий этган. Ҳунармандчиликка керакли хомашёларнинг кўпчилиги Шош ва Илоқ воҳаларининг ўзида мавжуд бўлган.

Бу даврда Шош воҳасида ташқи савдонинг ривож топишида Буюк Ипак йўлининг аҳамияти жуда катта бўлган. Ипак йўлининг тармоқлари Шош ва Илоқ воҳаларидан ўтган. Бу йўл орқали маҳаллий аҳоли шарқда Хитой билан, шимоли – ғарбда Сирдарёнинг қуйи оқимлари, Орол денгизи ва Волга бўйларидаги халқлар билан, ғарбда эса Мовароуннаҳр орқали Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон ва Олд Осиёдаги барча йирик мамлакатлар билан доимий алоқада бўлишган.

Манбаларда Шош вилоятида 30 га яқин, Илоқда 13 та йирик шаҳар мавжудлиги қайд этилган. Араб географлари Шошда 25 ёки 27 та, Илоқда 13 та шаҳар мавжудлиги ҳақида маълумот беришган. Истаҳрий Шошда 27 та, Илоқда 14 та шаҳар борлигини қайд этган. Араб географи Ал-Муқаддасий (940-1000) эса Шошда 34 та, Илоқда 14 та шаҳар мавжудлигини таъкидлаган.

Воҳанинг қулай географик ва халқаро савдо йўллари кесишган ҳудудда жойлашганлиги унинг иқтисодий-маданий жиҳатдан гуллаб-яшнашига ёрдам берган. IX-XII асрдаги юксалиш кенг миқёсдаги савдо-иқтисодий ва маданий тараққиётга йўл очган.

Х аср охири – ХII аср ўрталарида Шош Қорахонийлар давлати таркибига кирган. Бу даврдан бошлаб Шошда туркий тилнинг мавқеи анча ошган. ХI асрдан бошлаб шаҳар яна бир янги ном билан – Тошкент деб аталган. Шаҳристон ва аркка эга бўлган бу шаҳар IХ- ХII асрларда нафақат воҳанинг маъмурий маркази, шу билан бирга Мовароуннаҳрнинг савдо – ҳунармандчилик ва маданий марказларидан бири сифатида ҳам ном қозонган эди.

1214-1215 йилларда Муҳаммад Хоразмшоҳ Шошни Қорахонийлардан тортиб олади. Қорахитойлар қўшини ҳамда найманлар хони Кучук билан жанг қилади. Шаҳарни душман қўлига ўтиб кетмаслиги учун аҳолини кўчиради ва шаҳарга ўт қўйдиради. 1220 йилда Чингизхон қўшинлари кўчманчи қабилалар ва Хоразмшоҳ қўшинларидан анча харобазорга айланган Шошни қаршиликсиз истило қилишади.

Воҳа аҳолисининг этник хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, илк ўрта асрларда Чоч воҳасига туркий этник қабилаларнинг келиши, айниқса Чочнинг Турк ҳоқонлиги таркибида бўлиши, унинг маданияти ривожига катта таъсир кўрсатган. Бу жараён ушбу маконда турк-суғдий этномаданий ҳудуднинг шаклланишига олиб келган. Чоч эроний тилли аҳолининг туркийлашиш жараёни жадал кечган масканга айланади. Бу жараёнлар айниқса археологик материалларда яхши кузатилади ва ёзма манбалар орқали ҳам тасдиқланади[2].

Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларда маҳаллий суғдий ва туркий (ху, ди, рунг, ҳунн, туро қабилалари) аҳолидан ташқари VI-VIII асрларда келиб ўрнашган туркий этник гуруҳлар шунчалар кўп эдики, уларнинг номлари ёзма манбаларда аз, уз, арғун, тухси, яғмо, дуғлат, қарлуқ, чиғил, халач, туркаш, қанғли, қипчоқ, ўғуз ва бошқалар кўрсатилган. Уларга қадар ҳам, масалан, хиёнийлар билан бирга ҳунн, аз, уз, тухси, турк, калтатой, мусобозори каби туркий қабилалар кириб келишган. Уларнинг аксарияти Ўрта Осиёнинг Амударёгача бўлган ҳудудларига жойлашиб, маҳаллий аҳоли билан аралашиб яшашган[3].

Арабларнинг Ўрта Осиёга кириб келиши туркий қавмларнинг минтақа ички туманларига жадал кириб келишини вақтинча тўхтатган. Натижада унгача бу ерга кириб келган туркий қавмларнинг маҳаллий аҳоли билан аралашуви кучайди. Айниқса бу жараён Мовароуннаҳрнинг шимолий ва шарқий минтақаларида яққол кўзга ташланади. Бу ҳудудда VIII-IX асрларда туркий номдаги шаҳарлар барпо этилган. Масалан, Шош воҳасининг Ангрен дарёси ҳавзасида Абрлиқ, Намудлиқ каби кон саноати шаҳарлари қад кўтарган[4].

Ила ва Сирдарё оралиғидаги минтақаларнинг энг қадимги аҳолиси хун, усун, қанғар (қанғли), печенг ва бошқалардан иборат бўлган. Буларнинг кейинги авлодлари қарлуқлар даврида ҳам (қанғар (қанғли), уйшун, печенег) сақланиб қолган эди. VI-VIII асрларда Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларида қанғлилар билан бижанаклар ҳам яшашиб, улар билан қабила иттифоқига кирган эди. Шу даврда ўғуз, қарлуқ, чиғил, халач, яғмо қабилалари, IX-X асрларда эса қипчоқлар ва уйғурлар келиб жойлашишган[5].

IX-XII асрларда Шош воҳаси қишлоқ ва шаҳар аҳолиси тили жиҳатидан турк ёки тожикларга мансублиги ҳақида аниқ маълумотлар учрамайди. Лекин Сирдарёнинг ўрта оқимида қадимдан қанғарлар – қирғизлар, хунлар, усунлар каби туркий халқлар, этник гуруҳлар яшаб келишган. Кўринадики, Шош ва Илоқ воҳалари аҳолисининг аксарият қисми туркий тилли халқлардан иборат бўлган дейиш мумкин. Табиийки Чирчиқ ва Илоқ дарёлари водийларида суғдийлар ҳам истиқомат қилишган.

Шош ва Илоқ водийлари атрофларидаги тоғ ва чўлларда ўтроқ ва ярим кўчманчи турк қабилалари ўрнашган. Истаҳрий Илоқ (Оҳангарон) дарёси Туркистондан бошланишини қайд этган. Ибн Ҳавқал (ваф.976) ҳам бу дарёни Туркистон ерларидан оқиб келиши ҳақида маълумот берган. Илоқ дарёсининг юқори қисмлари Қурама ва Чотқол тоғларининг туташган ҳудудларидан бошланган. Демак, Қурама тоғининг юқорисидан Чотқол тоғининг ўрта қисмларигача бўлган ҳудудлар туркий қабилаларга қарашли бўлган.

Муаррих Табарийнинг (863-923) маълумотига кўра VII-VIII асрларда Шош воҳаси аҳолисининг асосий қисмини туркий қабилалар ташкил этган[6]. Чирчиқ (Пароқ) дарёсининг бир ўзани Бискам (Пискам) дан, иккинчи тармоғи Читгил (Чақал), Жидгил, яъни Чотқолдан иборат эди. Чотқол тоғи номини туркларнинг чигил қабиласи номидан олинган деб ҳам фараз қилинади.

“Ҳудуд ал-олам”да (982) Пароқ (Чирчиқ) дарёсининг юқори қисми Қарлуқ тоғидан бошланади, дейилган. Маълумки, чиғиллар Қарлуқ иттифоқидаги қабилалардан бирининг номидир. Манбалардаги маълумотлар Тангритоғ (Тяньшань) нинг маълум қисми Қарлуқ, Чотқол тоғи эса Чиғил деб аталган бўлиши керак. Бу тоғларнинг энг юқори қисмида Ҳазлажия турклари яшашган. Араб манбаларида қарлуқлар кўпинча “Харауж”, “Харлуж” тарзида берилган.

Кўриниб турибдики, Ибн Хавқал ва “Ҳудуд ал-олам” маълумотлари бир-бирини тўлдиради. Чирчиқ дарёси ирмоғидан бошланган тоғни Қарлуқ номи билан аталишига шубҳа қилмайди. Юқорида таъкидланганидек “Ҳудуд ал-оламда” Пароқ (Чирчиқ) дарёси Қарлуқ тоғидан бошланишига асосланиб, шуни таъкидлаш жоизки, Қурама – Чотқол – Пском тизма тоғидан Тангритоғ (Тяньшань) нинг шимоли ва ғарбий қисмлари ва туркий тилли қарлуқ ва чиғил қабилаларининг маълум қисми яшаган воҳанинг Пискент, Паркент туманларида ҳам қарлуқлар кўпчиликни ташкил этишган[7].

IX асрда Келес чўлида, Оҳангарон ва Чирчиқ водийларида, Чотқол ва Угом тоғлари бағирларида ўғузларнинг айрим гуруҳлари ҳамда қарлуқ қабилалари истиқомат қилишган[8]. Бу этник гуруҳлар ислом динини қабул қилишгач, Сомоний ҳукмдорлари рухсати билан водийга келиб ўрнашишган. Ўғузлар VIII – IX асрларда Сирдарё бўйларида яшашган. IX аср охири -X аср бошларида ҳудудда биринчи Ўғуз давлати вужудга келган[9].

Ўғузларнинг айрим гуруҳлари Келес чўли, Ангрен ва Чирчиқ дарёлари водийларида, Чотқол ва Угом тоғ олди туманларида истиқомат қилишган. Уларнинг мусулмон динини қабул қилган қисми Шош вилоятининг қишлоқ ва шаҳарларида туришган. Масалан, ўғузлар Бискент (Пискент) да қарлуқлар билан биргаликда яшашган. Ўғуз ва қарлуқ гуруҳларининг водийга келиши билан бу ҳудудда туркий тилли аҳолининг сони бирмунча ошган. К. Шониёзовнинг ёзишича, қарлуқларнинг баъзи гуруҳлари Шош воҳасига VIII аср бошларидаёқ келишган. Қарлуқларнинг бу қисми аллақачон ўтроқлашиб, Шош воҳасидаги туркий тилли аҳолининг қадимий қатламлари билан аралашиб кетган.

Сирдарёнинг ўнг қирғоғи қуйи ҳавзасида яшовчи арғунларнинг айрим гуруҳлари VIII-XII асрларда Шош – Тошкент воҳасига кўчиб келиб, маҳаллий аҳоли билан аралашган ва аксарият қисми ўтроқлашган[10]. Шунингдек, Шош воҳасига туркешлар ва уйғурлар ҳам келиб ўрнашишган.

IX-X асрларда маҳаллий ҳокимият форсийзабон Сомонийлар қўлида бўлса ҳам, Мовароуннаҳрнинг шимолий, шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида, жумладан Шош воҳасида ўзбек элатининг туркий асоси шаклланган эди. Бу даврда ўғузлар билан бир вақтда келган гуруҳлар ислом динини қабул қилишган бўлишсада, лекин ўзларининг этник хусусиятларини сақлаб қолишган эди[11].

Чингизхон империяси таназзулга учраб, Чиғатой давлати вужудга келгач, уни ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ҳар бири минг уйли турк-мўғуллар қабилалари Ўрта Осиё ҳудудларига келишган. Улар барлос, жалойир, қовчин ва орлот қабилалари эди. Жумладан, жалойирлар Тошкент воҳасининг Ангрен ҳавзасига келиб ўрнашишган[12].

Хуллас, IX-XII асрларда Мовароуннаҳрда иқтисодий ва маданий жиҳатдан тараққий этган Шош, Тошкент воҳасида ўзига хос, ниҳоятда қизғин этник жараёнлар содир бўлиб, туркий тилли ва форсийзабон турғун аҳоли ўтроқ, ярим ўтроқ ва кўчманчи тарзда яшаб, ўзбек элатининг шаклланишига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб, ўзбек халқининг этник таркибидаги энг асосий компонентлар сифатида салоҳиятли ўринга эга бўлишган.

О. Бўриев, М. Усмонов

Этнические особенности населения оазиса Шаш – Ташкент (IX – XII вв.)

В данной статье рассматривается этнический аспект населения оазиса Шаш в IX – XII вв. Авторы на основе исторической литературы анализируют расположение, состав, а также социально–экономическую жизнь населения оазиса.

O. Buriev, M. Usmanov

Ethnic peculiarity of population of Shash – Tashkent oasis (9th – 12th centuries)

In this article is considered ethnic aspect of Shash oasis’s population in 9th – 12th centuries. Authors on the basis of historical literature analyze location, composition, also social – economical life of population.

[1] Мавлонов Ў. Марказий Осиёнинг қадимги йўллари. Тошкент: Акаdemiya, 2008. 166-бет

[2] Асқаров А. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи. Тошкент: Университет, 2007. 44-бет

[3] Асқаров А. Кўрсатилган асар. 260-бет

[4] Асқаров А. Кўрсатилган асар. 248-бет

[5] Шониёзов К. Қарлуқ давлати ва қарлуқлар. Тошкент: Шарқ, 1999. 37-бет

[6] Асқаров А. Кўрсатилган асар. 249-бет

[7] Шониёзов К. Қарлуқ давлати ва қарлуқлар. 141-бет

[8] Ўша асар. 74-бет

[9] Агаджанов С. Г. Очерки истории огузов и туркмен Средней Азии IX-XII вв. Ашхабад, 1969. С.128

[10] Асқаров А. Кўрсатилган асар. 261-бет

[11] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. Тошкент: Шарқ, 2001. 222-223-бетлар

[12] Асқаров А. Кўрсатилган асар. 254-бет

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Генерал Черняев ҳисоботларида Тошкент истилоси

Post Views: 1 310 1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *