Бош саҳифа » Шоирлар. Элбек

Шоирлар. Элбек

ЭЛБЕК (тахаллуси; асл номи Юнусов Машриқ) (1898– 1939.11.2) – шоир, тилшунос ва фольклоршунос. Бўстонлиқ туманидаги Хумсон қишлоғида туғилган. 1911 йилдан Тошкентда. Авлонийнинг «усули савтия» мактабида (1914) ўқиган. Айни пайтда босмахонада ишлаган. Наримонов номидаги таълим-тарбия техникумида ўқитувчилик қилган (1920 йилдан). Маданий қурилиш илмий-текшириш институтида илмий ходим (1931–34). Элбек «Ёлқинлар» (1925), «Кўзгу» (1926), «Сезгилар» (1927), «Баҳор» (1929), «Меҳнат куйлари», «Fунчалар», «Чирчиқ бўйларида» (1935), «Болалар қўшиғи» (1936) сингари шеърий тўпламлар, «Аноргул» (1926), «Гўзал қиз» (1927), «Туркистон» (1928), «Бизники», «Пахта», «Ўтмишим», «Чирчиқ» (1929), «Ўзбекистон» (1934), «Боғбон», «Этик», «Мерган» (1935) сингари достонлар, «Тозагул» (1934) шеърий романи, «Қўшчи Турғун» (1925), «Дадамат» (1936) ҳикоялар китоби муаллифи. Гулханийнинг масалнавислик анъаналарини давом эттирган, болаларга бағишланган асарлари билан ўзбек болалар адабиётининг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшган, 20-аср ўзбек адабиётида биринчи бўлиб шеърий роман жанрини бошлаб берган.

Элбек 2-, 4-синф ўқувчилари учун «Ёзув йўллари» (1-бўлак, 1921), «Ўрнак», «Бошланғич мактабда она тили» (1923), «Гўзал ёзғичлар» (1925) каби ўқув қўлланмалари ва мажмуаларни, 1-, 3-синфлар учун «Билим» тўпламини яратган. «Ашулалар тўплами» (1934–35 йилларда 2 марта қайта нашр этилган), «Лапарлар» ва «Эртаклар» (1935) тўпламларини эълон қилган.

Элбек 1937 йилда қатағон этилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўташ учун Магаданга жўнатилган ва ўша ерда вафот этган. 1957 йил оқланган. Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) туманидаги кўчалардан бирига унинг номи қўйилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*