Бош саҳифа » Тарих » Шоҳжувортепа

Шоҳжувортепа

ШОҲЖУВОРТЕПА – ўрта аср шаҳри харобаси (4–12-аср). Тошкент вилоятидаги Писком дарёси сўл қирғоғида, Писком қишлоғи қаршисида жойлашган. Дастлаб (1906) И.В.Мушкетов қайд қилган. Ю.Ф.Буряков (1964, 1974–1981), М.Р.Тихонин (1982–83) қазиш ишлари олиб борган. Майдони – 10 гектар. Йирик ҳисор (майдони 2,25 га), қўш мудофаа девори билан ўралган шаҳристондан иборат. Ҳисор шаҳристондан чуқурлиги 11,5 м келадиган хандақ билан ажратилган. Ҳисор марказида маҳобатли иншоотлар қад кўтарган, уларни саккиз бурчакли, атрофи хандақ билан ўралган 2-мудофаа девори ўраб олган. Шоҳжувортепадан кенглиги 3,5 м лик канал, турар жойлар, кўчаларнинг излари, металл конларининг шлаклари топилган. Шоҳжувортепа дарвозаси ёки минорасининг бир қисми очилган, бу ердан 6–8-асрларга оид сопол буюмлар чиққан. 10–12-асрларда Шоҳжувортепа атрофида ҳунармандлар маҳалласи (8 гектар) ривожланган. Бунга Пискомсой бўйларидан мис, полиметалл рудалари чиққанлиги муҳим омил бўлган. Шоҳжувортепа рабодида кончилар фаолияти излари (шлаклар), кумуш, мис ва темир рудасини қайта ишловчи металл эритиш устахоналари, ғишт ва сопол ҳайкалчалар тайёрловчи хумдонлар аниқланган. Шаҳристондан кўплаб турар жойлар, жумладан бадавлат шаҳарликнинг уйи очилган. Ундан терракота ҳайкалчалар, ажойиб сирланган ошхона идишлари ва хориждан келтирилган ялтироқ сопол буюмлар, таом ейиш учун фил суягидан ясалган чўплар, шатранж доналари топилган. Шунингдек шарқ меъморлиги услубида ишланган, пишиқ ғиштдан қурилган учта ҳаммом, шаҳар марказида нақшинкор зали бўлган йирик карвонсарой очилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*