Бош саҳифа » Ислом » Шайхул-Азҳар диёримизда (1999 йил)

Шайхул-Азҳар диёримизда (1999 йил)

Қоҳирадаги «Ал-Азҳар» университети шайхи Муҳаммад Саййид Тантовий жаноблари мамлакатимизга сафари давомида 1999 йил 3 декабр жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Бу азиз меҳмон жума намозини «Шайх Зайниддии» жомеъ масжидида адо этди. Замонамизнинг йирик олимларидан бири бўлмиш Шайх ҳазратлари у ерда жума хутбасини ўқиб, масжид аҳлига қарата сермазмун нутқ сўзлаб, жумладан шундай деди: “Аллоҳга ҳамду сано, пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавоту саломлар бўлсин. Биз Ўзбекистон давлатини зиёрат қилар эканмиз, бу давлатни мустақилликка эриштирган Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Ўзбекистон давлати асли мусулмонлар диёри бўлиб, бу ердан кўплаб уламолар етишиб чиққан ва улар ер юзини илм билан тўлдирганлар. Шулар қаторида энг улуғлари бўлмиш Имоми Бухорий, Имоми Термизийларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоядир. Бу икки улуғ зот ёзиб қолдирган шоҳ асарлар «Саҳиҳи Бухорий» ва «Сунани Термизий» Ислом оламида жуда ҳам мўътабар китоблардир. Бундан ташқари ушбу диёрдан ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларига тегишли бўлган илмларни тарқатган уламолар кўплаб етишиб чиққан. Сиз жамоатнинг нурли юзларингизга қараб туриб, ўшандай улуғ зотларнинг бу ердан яна етишиб чиқишини Аллоҳдан сўрайман”.

Сўнгра Имом ул-Акбар шайх Тантовий жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги кутубхонани зиёрат қилди. У ерда кўргазмага қўйилган қўлёзмалар, Ислом ва араб давлатларидан келган баъзи мартабали зиёратчилар ҳадя этган қимматбаҳо китоблар билан танишди. Мусҳафи Усмонни зиёрат қилди. Диний идоранинг марҳум раҳбарларидан Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон фаолиятлари ҳақидаги тарихий фотолавҳалар билан яқиндан танишди. Кутубхонанинг эсдалик китобига зиёратдан олган таассуротлари ҳақида қисқача ёзиб, дастхатини қолдирди. Ўша ернинг ўзида Ўзбекистон телевиденияси «Ахборот» кўрсатувига сўз айтиб, жумладан шундай деди: “Мен қардош Ўзбекистон жумҳуриятини зиёрат қилаётганимдан бағоят мамнунман. Биз рамазони шариф ойи арафасида турган эканмиз, Аллоҳдан сўрайманки, Аллоҳ таоло бу давлатнинг раҳбарига, ҳукуматига, халқига қут-барака берсин”.

Кутубхонада шайх Тантовийга Отақул Мавлонқул ҳамроҳлик қилиб, у ердаги китобларнинг ва Мусҳафи Усмонийнинг тарихи билан таништирди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мартабали меҳмонни идора раисининг ноиби Рихсибой Юнусов жаноблари қутлаб, Ўзбекистон мусулмонларининг бу ташрифдан ғоят мамнун эканликларини изҳор этди.

Сафар чоғида меҳмонга Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Абулазиз Мансуров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Фозил қори Собиров ва бошқалар ҳамроҳлик қилишди.

Учрашув сўнгида Рихсибой Юнусов шайх Тантовийга ва у киши билан бирга келган меҳмонларга Имоми Бухорий ҳаётлари ҳақида ёзилган “Узоқ асрлар қаъридан таралаётган нур” номли китобни ҳадя қилди.

Ҳамид ЭШМУҲАММАДБЕК

“Ҳидоят” журнали, 1999 йил, 2-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Дўстлик ва аҳиллик тараққиёт омили

Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *