Бош саҳифа » Тошкентнома » Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда Чорсу билан боғланган кўча, Шимолда Эскижўва томонга борадиган кўча, Шарқ томондан шаҳарни ўрда билан улайдиган тошкўча, Жануб томон эса Бешёғоч даҳасига олиб борган. Шунинг учун олимлар Хадра номи Хадироҳ, яьни кўчанинг энг чеккаси, тугалланган жойи сифатида (Хад-чегара, роҳ-кўча) талқин этишган. Сайдазимбой шу маҳаллалик бўлган. Айрим маълумотларга қараганда унинг ерлари Қўймас дарвозасидан Қўйлиққача етган. Маҳалланинг чорбоғлари Кўкча тарафида бўлган.

Дархон – олимларнинг фикрича, мўғулча – «дархон» — «мажбуриятдан озод қилинган» демакдир. Маҳалла Пуштибоғ, Орқакўча, Оқмасжид каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Мўғулистоннинг шимолидаги шаҳар (1963) ҳам Дархон деб аталади. Катталиги ва саноатининг аҳамияти жиҳатидан Улан-Батордан кейин иккинчи ўринда туради. Бу ном шаҳримизнинг 2-3 жойида учрайди.

Баландмасжид – Оқмасжид, Девонбеги, Говкуш, Қатортерак ва Каттакўча (ҳозирги А.Навоий кўчаси) билан чегарадош бўлган. Навоий номли кўчада, яқин-яқинларгача ўймакор устунли, шипига жимжимадор гуллар солинган, 1875 йилда мемор Мўъминжон қурган Баландмасжид қад кўтариб турган. Советлар даврида ундан дорихона сифатида фойдаланилган. Рассом Д. Валежев Баландмасжид ва шу жумладан, Сайид Азимбой, Карим Азиз уйларининг расмини чизган. Д. Валежев томонидан чизилган бу расмлар П.Ш. Пашинанинг 1868 йилда Петербургда босилиб чиққан «Ташкент в 1868 году» номли китобидан ўрин олган.

Занжирлик маҳалласи Мерганча, Падаркуш, Қудуқбоши маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Шайхонтоҳур ариғидан сув ичилган. Маҳаллада 5 та масжид (энг каттаси Саидазимбой масжиди) ва Эшонқули додхоҳ мадрасаси (мадрасада 1884 йилнинг 19 декабрида рус тузем мактаби очилган) бўлган. Маҳалла аҳолиси Аския мавзесида деҳқончилик билан шуғулланишган. Ҳозир маҳалла ўрнида Тошкент телестудияси, “Ёш томошабинлар” театри ва Шоирлар хиёбони жойлашган. Маълумотларга кўра шу яқиндаги Шайхонтоҳур зиёратгоҳига кираверишдаги сайил вақтида ёқиладиган фанарлар занжирлиқ бўлган. Маҳалла номи шундан.

Ўқчи — Тепақишлоқ, Олмазор, Мерганча маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Тупроққўрғон қалъасига туташган. Маҳалла ҳудудида Қўймас дарвозаси бўлган. Акмал Икромов шу маҳаллада яшаган. Қадимда Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи Бинкат орқали ўтиб, халқаро савдо ва ҳунармандчиликнинг ривожланишида муҳим ўрин тутган. Айниқса, Бинкатда ясалган ўқ-ёй бутун шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлган. Узоққа отиладиган ва нишонга бехато урадиган камонлар шарқ адиблари асарларида таърифланган. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобир «Бобирнома» номли асарида “Тошкентда камон ва камон ўқи ясайдиган усталарнинг маҳорати бутун вилоятга тарқалган. Улар патли ва патсиз камон ўқларини ясаганлар” — деб ёзади. Ўша вақтларда камон ва унинг ўқини ясаш маҳорати жуда тақдирланган. 1797 йил маълумотларига қараганда Тошкентда шаҳар ҳокими Юнусхўжа ҳисобидан маош олган 2000 га яқин доимий аскар бўлган. Улар ўқ-ёй, пилта милтиқ, қилич ва қалқон билан қуролланган махсус бўлинмалардан тузилган. Юнусхўжа кўшинларида 20 га яқин тўп бўлган. Ўқлар асосан Тошкентнинг ўзида, Ўқчи маҳалласида қўйилган.

Маҳаллада «Телов» номли берк кўча ҳозир ҳам сақланган. Телов – қурама тоифасининг 5 та уруғидан бири.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*