Бош саҳифа » Шайхонтоҳур даҳаси. Қашқар, Қиёт, Қорёғди маҳаллалари

Шайхонтоҳур даҳаси. Қашқар, Қиёт, Қорёғди маҳаллалари

Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли, илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намоёндаларидан бири, улуғ валиуллоҳ Шайх Хованди Тоҳур (XIV аср) номи билан аталади.

Даҳада шаҳарнинг учта дарвозаси (Қўймас, Қўқон ва Қашқар) бўлиб, улар Янги ўрда қурилган вақтда ўрнатилган. Шаҳар ташқарисидаги ерлар (Оққўрғон, Яланғоч, Қорасув, Бўз, Шўртепа ва бошқа мавзелар)да деҳқончилик ва боғдорчилик қилинган. Даҳа 70 масжид, 5 мадраса, 70 маҳалла, 31 мавзе ва Чорсу бозорининг бир қисмини ўз ичига олган.

Даҳанинг асосий тарихий аҳамиятга эга бўлган қисми Шайхонтоҳур комплекси. Энг қадимий кўчаси ҳозирги А.Навоий номидаги шохкўча.

ДАҲАНИНГ МАҲАЛЛА ВА МАВЗЕЛАРИ

Қашқар таҳминан ҳозирги жасорат монументи атрофи. 1830 йилда Қўқон хони Муҳаммад Алихон даврида ўз ватани Қашқардан қувилиб, Қўқон хонлигидан паноҳ топган мусулмонлар жойлашган маҳалла. Турк янги шаҳар, Ила, Тожик маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Бир чеккаси янгишаҳарга туташ бўлган. Шаҳар ташқарисидаги ерлари Оққўрғон, Бўз, Яланғоч мавзеларида бўлган. Қашқар маҳаллада Ҳамза мактаб очиб бир муддат ишлаган. Черняев бошлиқ рус қўшинлари дастлаб 1864 4-октябрь куни йилда Тошкентга шу томондан ҳужум қилган, лекин кўп талофат бериб, чекинган. 1865 йилда Тошкент рус қўшинлари томонидан босиб олингач, эгасиз қолган хонадонларга рус қўшинлари жойлашиб олган. Шунингдек, 1867 йилнинг кузида Туркистон ўлкасининг босиб олиш манзаралари альбомини тайёрлаш учун таклиф этилган ва кейинчалик ўзи ҳам шу қатлиомнинг фаол иштирокчисига айланган рус рассоми Верешчагин шу ерда яшаган. Маҳалла таҳминан “Туркистон” концерт зали ва «Анҳор» кафеси яқинида бўлган.

Калтатой маҳалласи. Шимолдан Бешоғайни, шарқдан Ҳовузлик, ғарбдан Моғол кўча, жанубдан Жар кўча маҳаллалари билан чегараланган. Шайхонтоҳур даҳасининг қадимий маҳаллаларидан эди. Ривоятларга кўра авлиё Бузрук ота шу маҳаллада яшаган, унинг думи калта йўрғаси бўлганидан маҳалла Калтатой номини олган. Аслида Калтатой ўзбек уруғларидан бири. Калтатойлар ўзбеклар таркибидаги “турк” деб аталувчи этник гуруҳнинг бўлинмаларидан бири бўлган. Калтатойлар яна бир қанча уруғлар (муаззамини, махонтори, мирзо, калтатой)га бўлинган. Кал¬татойлар кўп сонли уруғ бўлганлиги учун Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларига тарқалиб кетишган. XIX аср охири ва XX аср бошларида калтатойлар батамом ўтроқлашиб, ўз уруғлари номини унутган. Республикамизнинг Жиззах, Қашқадарё каби вилоятларида Калтатой номли қишлоқлар ҳам сақланиб қолган.

Қиёт – Ғарбдан Қорёғди, (Қаръятдеҳ) маҳалласи, Шимолдан Шайхонтоҳур кўчаси, Шарқдан Анҳор канали билан чегараланган. Дала ҳовлилари Миробод, Қорасув, Олтинтепа, Оққўрғон, Бўз ва Чилдухтарон мaвзеларида бўлган. Аҳолиси асосан ўзбекларнинг қиёт уруғига мансуб бўлган. Улар VIII-Х асрларда Дашти қипчоқда яшаб, чорвачилик билан шуғулланганлар. 92 томирли ўзбек қавмлари қаторида тилга олинган уруғлардан бири Ўғузлар давлати емирилгач Қиёт қабиласи тарқаб кетган. Дашти қипчоқ чўлларида қолган қисми кейинчалик ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари таркибий қисмларидан бирини ташкил қилган. Қиётлар асосан ХХ аср бошларидан ўтроқлашиб, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланганлар. Тошкентнинг Қўқон дарвозасини қўриқлаш қиётликларга топширилган. Россия империяси кўшинлари 1865 йил 14-16 июнь кунлари Тошкентга бостириб кирганида қиёт ҳимоячилари Абдураҳмон ясовул бошчилигида душман аскарларига қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. «Пахтакор» стадиони қyрилиши муносабати билан маҳалла бузилиб кетган. Айрим атамашунослар: — Бўзсув сойининг тик ва баланд қирғоғи, ёки, тоғдан оққан сел маносидаги қиён сўзининг кўплиги бўлиши керак деган фикрни билдирадилар. Яна бошқа маълумотларга қараганда Хоразмнинг Қиёт қишлоғидан кўчиб келган бир оила шу ерга кўчиб келиб яшайбошлаган. Шу- шу бу жой Қиёт номини олган.

Қорёғди — Шайхонтоҳур даҳасидаги маҳалла. Қиёт, Занжирлик маҳалласига чегарадош. А.Навоий (Шайхонтоҳур) кўчасига туташ бўлган. Х-ХI асрларда шаҳар (Бинкат) ташқарисида вужудга келган янги қишлоқ бўлган. ХIV асрда шаҳар кенгайгач, қорёғди унинг таркибига кирган. Бу маҳаллада машҳур тарихчи Муҳаммад Солиҳ туғилган ва яшаган. Унинг туғилган жойи — «Тарихи жадиди Тошканд» асарида «қорабоғди» деб ёзилган. Аслида Қариядеҳ, яъни «қишлоқ» деб аталиб, сўнгра халқ тилида Қорёғди бўлиб кетган. Атамашунос С.Қораевнинг фикрича – маҳалла хотин-қизларнинг Қорёғди байрами шарафига қўйилган. Биринчи марта қор ёққан куни кечқурун хотин-қизлар маҳаллани айланиб чиқиб пул, ширинлик йиғишар, кейин бир ерга тўпланишиб ўйин-кулги қилишарган. Қорёғди деган аза маросими ҳам бор. Киши ўлгандан кейин биринчи марта қор ёққанда қор ёғди маросими ўтказилган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*