Бош саҳифа » Замонавий Тошкент » Шаҳар дизайни: назария ва амалиёт

Шаҳар дизайни: назария ва амалиёт

Бугун замонавий шаҳарлар кўп қаватли бинолари, серҳаракат кўчалари, ўзига чорлаётган дўконлари, бозорлари ва истироҳат масканлари билан инсоннинг ҳаёт тарзига, руҳияти ва бадиий-эстетик дидига таъсир этувчи омилга айланган.

Шунинг учун ҳам шаҳар маданияти алоҳида феномен сифатида тадқиқ этилади. Мазкур феноменнинг шаклланишида архитектура, шаҳарсозлик ва бадиий-эстетик воситаларни ўзида уйғунлаштирган «шаҳар дизайни» муҳим ўрин тутади.

Таянч иборалар: дизайн, архитектура, шаҳар муҳити, лойиҳалаштириш, плакат, стенд, панно, санъат асарлари, бадиий эстетик образ.

Санъатшуносликда «шаҳар атрофи дизайни», «шаҳар муҳити дизайни», «шаҳарни бадиий безатиш» ва «шаҳар дизайни» тушунчалари ишлатилади. Улар моҳиятан айнан тушунчалардир, шунинг учун «шаҳар дизайни» деганда биз шаҳар ичини, иншоотлари ва майдончаларини, аҳолидан оладиган истироҳат масканларини, кишилар нигоҳини, диққатини тортадиган маданий, маиший муассасалар атрофини бадиий-эстетик безатиш санъатини, лойиҳалаштиришни назарда тутамиз. Унинг асосий реципиенти шаҳар кишисидир.

«Шаҳар дизайни» тушунчаси ўтган асрнинг ўрталарида пайдо бўлган ва у кишилар, айниқса истеъмолчилар тўпланадиган жойларни, витриналарни информация тарқатиш функциясини бажарадиган тумбалар рекламалар, кўрсаткич ва афишаларни назарда тутган. Дизайншунос В.Л. Глазичевнинг фикрига кўра, юқоридаги оддий безаклар ўрнига 50- йилларга келиб бил-борд, айланма витриналар, савдо-сотиқ ўчоқларига уланиб кетган киоскалар, кўп қаватли уйлар олдида халқ амалий санъати намуналари билан безатилган майдончалар пайдо бўлади [1]. Натижада кишиларнинг бадиий-эстетик дидини шакллантиришга, иншоотлар, кўп қаватли уйлар, истироҳат масканларини дизайн қонунларига мувофиқ бадиий безатишга эҳтиёж туғилади. Шаҳар кишисининг серҳаракатлиги, цейтнот, психологик таъсирларнинг ортиб бораётгани, бутун бадиий-эстетик изланишларда ва санъат асарлари яратишда бўлгани каби шаҳар дизайни олдига ҳам қатор талаблар қўяди.

Биринчи талаб шунда эдики, шаҳар дизайни мавжуд иншоотлар комплексини, кишиларнинг кўзи тушадиган жойларни бадиий-эстетик гўзал, бетакрор ва ўзига хос моҳиятли қилиши лозим. Қад кўтараётган иншоотлар сонининг ошиши билан уларнинг ташқи кўринишига, бадиий-эстетик жихатларига талаб ҳам кўпайди, яъни ўтган даврда анъанага айланган темир-бетон иншоотларни қуришга бадиий-эстетик кўриниш, безаш лозим бўлади. Масалан, 60- 70 йилларда Тошкентда (айниқса Чилонзор туманида) “хрущевка” номини олган темир- бетон уйларда деярли ҳеч қандай бадиий- эстетик моҳият кўзга ташланмайди. Зерикарли, қўнғир рангли бетон-уйлар ҳам шаҳарсозликда дизайн белгилари шаклланмаганидан далолат беради. Мустақиллик йилларида зерикарли кўринишдаги темир-бетон иншоотларнинг биринчи қаватини замонавий шиша, мрамор, пластика, алюбонд ва ранг-баранг витриналар билан безатиш анъанага айланди. Бугун ушбу бинолар дизайнида асекко (деворга расм чизиш услуби) фреска, витраж, баккар (хрусталь билан безатиш услуби), ранг-тасвир, графика, глинтика (тошга ўйиш санъати), гобелен, изразец, инкрустация билан бирга ўзбек халқ амалий санъати – наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, ганч ўймакорлиги ва бошқалардан фойдаланилаётганини кўрамиз.

Иккинчи талаб серҳаракат шаҳар кишисининг вақтини тежаш ҳамда унда маълум бир воқеалар, ҳодисалар ҳақида таъсурот уйғотиш, фикр шакллантириш билан боғлиқ бўлган [2]. Ўша даврда ҳукмрон бўлган коммунистик мафкура кўчалар, майдонлар ва биноларга турли шиорлар, плакатлар илишни анъанага айлантирган. Уларда асосий эътибор шрифтга, яъни шиор мазмунига мос келувчи шрифтдан фойдаланишга қаратилган. Шиорлар кўпинча қизил алвонга узоқдан кўзга ташланувчи кесма шрифтлар билан ёзилган. 70-йилларга келиб катта кўчаларда, корхоналар майдончалар, истироҳат масканлари ва маъмурий идоралар олдида катта плакатлар, темир конструкциялар ёки оқ мрамор билан қопланган стендлар, мозаика паннолар ўрнатиш кенг тарқалади. Мазкур стенд ва панноларни ҳозиргача Тошкент шаҳрида учратиш мумкин.

Шуни қайд этишимиз керакки, мазкур плакат, стенд ва паннолар асосан идеологик вазифани бажарган, уларда шаҳарнинг бадиий-эстетик образини яратиш, санъат асарларини дизайн талабларига мувофиқ лойиҳалаштириш, безатиш назарда тутилмаган.

Учинчи талаб шаҳар – инсон концепцияси юзага келгани билан боғлиқдир. Ўша даврда ўтказилган махсус тадқиқотлар кўрсатадики, шаҳар шунчаки макон, кишилар ишлайдиган ва истиқомат қиладиган муҳитгина эмас, у инсоннинг дунёқараши, бадиий-эстетик диди ва ҳаётий идеалини шакллантирадиган ижтимоий-тарбиявий омилдир. Шаҳар муҳити, ундаги тарихий-маданий анъаналар, турмуш тарзи, архитектура, кўчалар ва истироҳат масканлари инсонда маълум этностереотипларни шакллантиради. Мазкур тадқиқотларда шаҳарни лойиҳалаштиришга дизайн санъати нуқтан назаридан ёндашиш лозим, деган фикр илгари сурилади. Тўғри, уларда ҳали «шаҳар дизайни» деган ибора ишлатилмайди, аммо тадқиқотчилар шаҳар муҳитини бадиий-эстетик ғоялар ва асарлар билан безатиш концепциясини илгари сурадилар. Масалан, С.Б. Базазьянцнинг фикрига кўра, шаҳар муҳити, кўчалар, иншоот ва майдонлар мусаввирга ранг-баранг санъат турларидан фойдаланишга имкон беради, шунинг учун «ҳар бир ижодкор шаҳар муҳитини бадиий-эстетик таъсир объекти, шаҳар кишисини эса реципиент» сифатида қабул қилиши мумкин.

Шу билан бирга шаҳар муҳитини этномаданий белгиларсиз тасаввур этиш ҳам юқоридаги изланишларда кўзга ташланади. Шаҳарни бадиий-эстетик безатишда ўзига хослик, бетакрорлик, этномаданий анъаналарга мувофиқликни излаш эмас, балки насл- насабсиз, миллий белгисиз «социалистик шахс» ва «социалистик санъат» яратишга интилиш устун туради.

Шубҳасиз, юқоридаги учта фундаментал аҳамиятга эга талаб шаҳар дизайни ҳақида тасаввурлар уйғотди, шаҳар-инсон алоқаларини бадиий-эстетик моҳият билан бойитишга етаклади. Тошкентда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтининг очилиши Ўзбекистонда дизайн санъатини алоҳида илм-фан, ижодий фаолият сифатида ўрганиш имконини берди.

Республикамизда дизайн ҳақидаги қарашлар энди шаклланмоқда, «шаҳар дизайни» тушунчаси ҳам энди қўлланилмоқда. Бу борада олиб бораётган илмий изланишларимиз бизни қуйидаги фикрларни билдиришга ундайди.

Шаҳар дизайни шаҳарсозлик, архитектура, шаҳар инфраструктураси ва ландшафтининг таркибий кисми сифатида қаралиши, қуриладиган ҳар бир иншоот, шакллантириладиган инфраструктура эса бадиий-эстетик моҳиятга бетакрор, ранг-баранг, қизиқарли кўринишига эга бўлиши лозим. Бунинг, учун шаҳарсозлар, архитекторлар дизайнерлар билан ижодий ҳамкорлик ўрнатиши даркор.

Шаҳар дизайни ранг-баранг соҳалар билан боғлиқ ижодий фаолият туридир. У архитектура, йўл транспорти, савдо-сотиқ, маданий- маиший хизматлар уюштириш, коммуникация, мебелшунослик, ижтимоий бошқариш ва табиий равишда, санъатнинг барча жанрларини, турларини билишни талаб этади. Шунинг учун «Шаҳар дизайни» курсини ишлаб чиқиш ва мутахассислар тайёрлаш жараёнига жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Шаҳар дизайни атроф-муҳитга шаҳар дизайн инсон триадаси сифатида ёндашишга ундайди [3]. Мазкур концепция марказида шаҳар ва инсон манфаатларини ўзининг ижодий фаолиятида уйғунлаштирувчи мутахассис – дизайнер туради. Айнан ушбу мутахассис инсонда ижтимоий муҳитдан, ундаги бадиий-эстетик ва этномаданий қадриятлардан тўла қониқиш ҳиссини уйғотади, ўз шаҳрини севиб, уни янада гўзал қилиб, яратиб яшашга ундайди.

Шаҳар дизайнида замонавий, ғарбона ва анъанавий, шарқона санъат жанрларини, турларини уйғунлаштириш имкони каттадир. Ушбу жанрларни, турларни синтезлаштириш мутахассисни эркин, кенг изланишларга ундайди ва унинг асарларини оммалаштиради, ҳаётий қилади. Демак, шаҳар дизайни бадиий-эстетик ижодни ижтимоий ҳаётга, амалиётга яқинлаштиради, изланишларга прагматик йўналиш беради.

Адабиётлар:

  1. Глазычев В.Л. Дизайн как он есть. – М.: Европа.-2006.- С.17-19.
  2. Шимко В.Т. Архитектурное формирование городской среды.-М.:Высшая школа, 1990.- С.10-12.
  3. Михайлов С.М., Михайлова А.С. Основы дизайна. – М.: Союз дизайнеров России, 2004. – С.42-48.

Мақолада замонавий шаҳар муҳитини миллий урф-одатларга таянган ҳолда ўрганиш ҳамда замонавий архитектуранинг талабларини ифодалаш, миллийликни сақ лаш акс эттирилган. Муаллиф томонидан келажак архитектураси ва шаҳарни безаги имкониятлари истиқболи башорат қилинган.

В статье показано изучение дизайна современной городской среды с учётом местных традиций и колористики а также обоснованы требования к современной архитектуре, необходимость соблюдения национальных традиций. Автор перечисляет требования и прогнозирует возможности архитектуры и дизайна будущего.

The purpose of the article is studying of design of modern architecture with provision for local traditions, and landscape. And also to get acquainted with the requirements of modern architecture, realize the necessity to cling to the customs and traditions, that combining can predict and forecast opportunities of architecture and perfect future of design. Authors forecast the possibility of architecture and futures design.

Хикматуллаева К.С.,
ТДТУ

Ўхшаш мақола

“Тошкент Сити” ишбилармонлик ҳудуди макети(ми?)

Қуйидаги суратнинг Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган ишбилармонлик ҳудудига тегишлилиги айтилмоқда (сурат ижтимоий тармоқлардан олинган)

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *