Бош саҳифа » Тошкентнома » Себзор даҳаси. Жангоб, Регистон маҳаллалари

Себзор даҳаси. Жангоб, Регистон маҳаллалари

Жангоб маҳалласи. Эскижўва, Ғиштмасжид, Хадра, Чуқурқишлоқ маҳаллалари билан чегарадош бўлган. XVIII асрнинг 2-ярмида шаҳар 4 қисмга бўлиниб кетади. Ҳар бир даҳа (Кўкча, Шайхонтоҳур, Себзор ва Бешёғоч) алоҳида ҳоким томонидан бошқариладиган бўлган.

Муҳаммад Солиҳнинг “Тошкентнинг янги тарихи” номли асарида келтирилишича, чорҳокимлик даврининг сўнгги йилларида Шайхонтоҳур даҳасида Юнусхўжа, Бешёғоч даҳасида Дониёрхўжа, Кўкча даҳасида Исоқхўжа ва Себзор даҳасида Шохбек (Шобек) лар ҳокимлик қилишган.

Даҳа ҳокимлари муҳим масалаларни, айниқса ташқи душман хавфини биргалашиб хал қилганлар. Аммо ҳокимларнинг ўзаро низолари кўчайиб, кўпинча тўқнашувларга сабаб бўларди. Бундай пайтларда шаҳар марказидан оқиб ўтадиган Лабзак сувининг икки тарафи жанг майдонига айланарди. Ҳозирги Абдулла Қодирий номли истироҳат боғидан оқиб ўтадиган Лабзак суви Жангоб, сувнинг икки томонидаги майдон эса “Жанггоҳ”, яъни жанг майдони номи билан шуҳрат топганди.

Ўзаро жангларга шаҳар аҳолиси ҳам жалб қилинарди. Фақат Чорсу бозори бетараф ҳисобланиб, жанглар вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этарди. Тарихий манбаларда қайд қилинишича, 1613 йил¬да Бухоро хони Имомқул қўзғолон кўтарган шаҳар аҳолисидан ана шу жойда қонли ўч олган. 1847 йилда бу ерда яна катта жанг бўлиб ўтади. Қўқон хонининг ноиби Азиз парвоначининг аҳолига ноҳақ солиқ солиши кўзғолонга сабаб бўлган.

Маҳалла ва ариқнинг Жанггоҳ ва Жангоб деб номланиши 1784 йилда Шайхонтоҳур даҳаси ҳокими Юнусхўжа томонидан якка ҳокимликни қўлга киритишда бўлган ҳал қилувчи жанг сабаб бўлган.

1932 йилда Жанггоҳ яланглиги ўрнида (14 гектар майдонда) Эски шаҳарда биринчи истироҳат боғи барпо қилинади. Боққа гарчи, дастлаб Акмал Икромов, кейинчалик А.С.Пушкин номи берилган бўлса ҳам узоқ йиллар халқ оғзида Жангоб бўлиб қолаверди. Ҳозир маданият ва истроҳат боғи Абдулла Қодирий номи билан аталади.

Регистон маҳалласи. Чорсу бозорининг Себзор даҳаси ҳудудидаги дастлабки маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳалла сифатида IX асрда вужудга келган. Жувахона, Жанггоҳ, Гулбозор каби маҳаллалари ва Чорсу бозори билан чегарадош бўлган. Жангоб ариғининг ҳозирги бозор марказидан ўтадиган жойлар пастликлардан иборат бўлганлиги учун сув тошқинлари бу ерларни қумлок ва тошлоққа айлантирган. Қумлоқ сўзи форсийда регистон маъносини англатади. Маҳалланинг номи шундан.

Ўтган асрнинг 40-йилларида бу маҳалла аҳолиси кўчирилиб, ўрнида Спартак стадиони қурилган. Ўтган асрнинг 60 йилларидан стадионнинг бир қисми бозор таркибига қўшилиб кетади, қолган қисмида ҳозирда шаҳар йўловчи транспортларининг шохбекати жойига айлантирилган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *