Бош саҳифа » Себзор даҳаси (Эскижўва, Тахтапул, Қумлоқ)

Себзор даҳаси (Эскижўва, Тахтапул, Қумлоқ)

Эскижўва – Охунгузар, Жанггоҳ, Пуштиҳаммом, Тинчоб, Соғбон маҳаллалари билан чегарадош бўлган ва аҳолиси асосан савдо-сотиқ билан шуғулланган. Маҳалла ҳудудида, карвонсарой, Бекларбеги мадрасаси, масжидлар, жумладан, ўтган асрнинг ўрталарида Шайхонтоҳурга кўчирилган Хотин масжид, Жўвахона ва бошқа баққоллик дўконлари бўлган.

Ҳозирги Эскижўва маҳалласи ўрнидаги Эскижўва майдони (1956-91 йилларда Калинин майдони) бўлган. Қадимда маҳалланинг бундай номланиши, бу жойда Жибахона (Ҳарбий аслахалар сақланадиган жой, Жиба “совут” деган маънони билдиради) бўлганлигидан. Вақтлар ўтиши билан Жибажўва кўринишини ва янги Жибахона қурилиши муносабати билан Эски сўзи қўшилган.

Тахтапул Тешикқофқа, Тарновбоши, Кохота маҳаллалари ва Чилтуғон мавзеси билан чегарадош бўлган, бир чеккаси шаҳар девори билан туташган. Кайкобус ариғига ёғоч кўприк қурилиши муносабати билан маҳалла Тахтапул номини олган. Шунингдек, Зарқайнар ва Дарвоза оралиғидаги кўча ҳам шу ном билан атала бошланган. Кўча 1960 йилдан шу кўчада яшаган уруш қаҳрамони генерал-майор Собир Рахимов номи билан аталган. Ҳозир кўча деярли қолмаган.

Тешикқофқа маҳалласи. Тешикқофқа қабристони шаҳар мудофаа деворидан ташқарида бўлган. Шаҳар ташқарисидаги мавзеларига ва қабристонга боришга қийналиб қолган аҳоли аризасига кўра хоннинг рухсати билан, шаҳар мудофаа девори от ва одамлар ўтадиган даражада тешилиб, қопқоқ яни эшик ўрнатилган. Тешикқопқaни назорат қилиб туриш шу атроф маҳалла зиммасига юклатилган. Номи шундан.

Тешикқофқанинг яна Дарвишакқофқа деб аталиши, бу тешикнинг Дарвишхон замонида (ХVI аср) ва унинг рухсати билан очилганлигига ишора бўла олади. Айрим олимларнинг фикрига кўра, қофқа душмандан ҳимояланиш мақсадида очилган. Чунки шаҳарда қофқаларнинг борлиги ниҳоятда сир тутилган.

Қумлоқ маҳалласи Кайкобус ариғи ва Қорасарой кўчасининг ўнг томонидаги маҳалла. Айрим қадимшуносларнинг фиркича ариқ қадимда ҳозирги Қорасарой кўчаси бўйлаб тарқоқ ҳолда оққан. Шайбонийлар даврида ҳозирги ўзани бўйича йўналтирилиб, атроф ҳудудда мевазор боғлар барпо қилинган. Қумлоқ ва тошлоқ бўлиб қолган ариқнинг эски ўрнида ҳозирги маҳалла бунёдга кела бошлайди. Маҳалланинг номи шундан.

Чилтўғон маҳалласи. Қадимда Тахтапул маҳалласининг мавзеси бўлган. Ҳозир Олмазор туманига қарашли маҳалла. Маҳалланинг дастлабки ва сўнги номи Чилтўғон. Советлар даврида Красный партизан, Янги ҳаёт ва Абдували Қаюмов номлари билан аталган. Маҳаллада республика санъат музейининг собиқ директори, уруш қаҳрамони, халқ рассоми Сами Абдуллаев яшаган. Маҳалланинг асл номи Чилчўп тўғон бўлиб, (қирқта ёғочдан ясалган тўғон маъносида) ўрта асрларда шу ҳудуддан ўтган Кайкабус канали устига қурилган. Себзор даҳаси ва унинг атрофини сув билан таъминловчи сув айирғич бош тўғон бўлган. Маҳалла номи шундан. XIX асрнинг 20 йилларида Қўқон хонлиги ҳукмронлиги даврида мавзе ҳудудида ёнғоқзорлар барпо қилинган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*