Бош саҳифа » Тошкентнома » Себзор даҳаси (Чувалачи, Зарқайнар, Қорасарой)

Себзор даҳаси (Чувалачи, Зарқайнар, Қорасарой)

Чувалачи Тешикқофқа, Чигитбоши, Кадувот, Ҳасанбой маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳаллада 100 дан ортиқ хонадон яшаган. Аҳолиси асосан ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик, боғдорчилик ва дехқончилик билан шуғулланган.

Чубаланчи қурама ўзбекларнинг Тама қабиласига мансуб Ойтамғали уруғининг шохобчаси. Қурамалар ва қипчоқларнинг Чубаланчи деган уруғи бўлган.

Тожикча “катта қоп”, яъни канор маъносидаги сўзидан жувол келиб чиққан. Яъни “Жўваловчи”. Ҳозирги Чувалачи деган ҳудуддан маскан топган қабиланинг асосий касби кори қанор тўқиш бўлган деб тахмин қилиш мумкин. Жўваловчи оғзаки тилимизда Чувалачи шаклини олган.

Зарқайнар – Себзор даҳасидаги маҳалла ва кўча. Ривоятларга кўра бир гуруҳ тақводор мўмин-мусулмонлар Қаффол Шоший ҳузурларида бўлиб, дуоларини олиб қайтганлар. Ҳазратнинг дуолари ижобат бўлиб, ўша мўмин-мусулмонлар ҳовлисидан оқиб ўтган ариқларда кичик сув иншоотлари бўлмиш «қайнама»ларда олтин кукунлар сувга қўшилиб оқа бошлайди. Маҳалланинг Зарқайнар деб номланиши шундан деган гаплар бор.

Лайлакли масжид. Зарқайнар кўчасида жойлашган тарихий иншоот — Охунгузар (халқ тилида «Лайлакқўнди») деб аталган. Масжид қурилган пайтлар унинг катта гумбазига лайлаклар уя қуриб олгани сабабли маҳаллий аҳоли унга «Лайлакқўнди» деб ном берган, кейинчалик у “Лайлакли” номи билан юритилган. XIX аср охирида масжид «Охунгузар» номини олган.

Масжид биноси 1775 йили тошкентлик усталар томонидан бунёд этилган экан. У шунингдек, намоз ўқиб, ибодат қилиш билан бирга, меҳмонлар учун карвонсарой вазифасини ҳам ўтаган. Масжиднинг умумий саҳни 13×26 метрни ташкил қилиб, шимолдан жанубга қаратиб қурилган.

Таъмирлаш жараёнидаги қазиш ишлари натижасида сопол буюмлар — нақшлар билан безалган коса, лаган парчалари, археологик жиҳатдан эътиборга молик бўлган сув ўтказувчи бутун қувур топилди. Бу топилмалар ХVII-ХIХ асрларга оиддир.

Шўролар даврида масжиддан жамғарма касса ва омборхона сифатида фойдаланилган. Бу даврда масжиднинг олдини тўсиб туриш мақсадида хўжалик моллари дўкони қурилган. Ёдгорлик зиёратчилар учун ёпиқ бўлган. Масжидда азон ўқиладиган минора (мезана) ҳам бўлган.

Ночор ҳолатга келиб қолган масжид биносини тиклаш ниҳоятда мураккаб эди. 2005 йил июн ойининг охирида эса лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари бошланди. Самарқанд ва Тошкентдан махсус таъмирчи усталар жалб қилинди. Республикамиз мустақиллигининг 14 йиллик байрами арафасида масжид пойтахтликлар кўз ўнгида тўлиқ таъмирланиб янги қиёфага кирди. Унинг ёнида барпо этилган саккиз устунли ўймакорли ёғоч айвон ҳам бино ҳуснига ҳусн қўшди.

Ҳозирги кунда Эскишаҳарга ўзгача руҳ бағишлаётган ушбу та¬рихий бино ўтмишнинг яна бир ёдгорлиги сифатида узоқ йиллар кўрк қўшиб туришига шубҳа йўқ.

Қорасарой маҳалласи. Қорасарой кўчасида Муйин Халифабобо мақбараси (1845 йил архитектура ёдгорлиги) жойлашган. Мақбара ичида икки сағана бўлиб, унга халифанинг ўзи ва ўғли Умархон дафн этилганлар. Ўзбеклар таркибига кирган қабилалар орасида Сарой қабиласининг катта уюшмаси бўлиб, у бир қанча қабила ва уруғларга бўлинган. Жумладан, Аз-сарой, Қорабоғсарой ва Қорасарой кабилар. Қорасарой номи шундан. Шаҳарнинг Қорасарой дарвозасини қўриқлаш қорасаройликларга топширилган. Бу ҳудуддаги қадимий кўча ҳам шу ном билан аталади. Маҳалла каби кўча ҳам қадимий ҳисобланади. Кўчада Ғойиб ота (1880 йил) қабристони мавжуд.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *