Бош саҳифа » Тошкент маҳаллалари » Самарқанд дарвоза

Самарқанд дарвоза

САМАРҚАНД ДАРВОЗА – Бешёғоч даҳасидаги қадимги маҳалла. Зангиота, Чақар, Захариқ, Камолон маҳаллалари билан чегарадош бўлган, бир чеккаси Чақарариққа ёндошган. Ҳудудида шаҳар дарвозаларидан бири – Самарқанд дарвозаси жойлашган (номи шундан). Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланган. Маҳаллада 50 дан ортиқ хонадон яшаган. Кексаларнинг маълум қилишича, 1895 йилгача Самарқанд дарвозада Тошкентга кирувчиларни назорат қилувчи ва ўлпон (бож) йиғувчилар яшашган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик (кўпчилик, дурадгорлик, аравасозлик ва б.), деҳқончилик (Новза, Чўпонота, Қозиравот мавзеларида) билан шуғулланган. Маҳаллада мактаб, масжид, бозорча, баққоллик дўконлари бўлган (20-аср боши). Ёзувчи Абдулла Қодирий шу маҳаллада яшаб ижод қилган.

«Самарқанд дарвоза» маҳалласи (Самарқанд дарвоза кўчаси, 202) – Шайхонтоҳур туманидаги ҳозирги маҳалла. Зангиота, «Каттабоғ», «Новза», Олим Хўжаев маҳаллалари билан чегарадош. 1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг 1962 йилгача Кубурариқ (Қувурариқ) номи билан аталган. 1962 йилда қадимги номи яна қайта тикланган. Маҳалла ҳудуди 1941 йилгача шаҳарнинг асосий қовун сайли ўтказиладиган жой ҳисобланган. Маҳалла гузари (ҳозирги 13-ўрта мактаб) ўрнида карвонсарой бўлган. Гузарнинг 3 томонида чойхоналар бўлиб, уларда санъаткорлар иштирокида йиғинлар ўтказилган. Чойхоналар ёнидаги баланд устунларга керосинли осма чироқлар ўрнатилган. Гузарда дорбозлар, қизиқчилар томоша қўйишган. 1936–37 ўқув йилида маҳаллада 2 қаватли мактаб биноси қурилган. Аҳолиси 6 минг киши, асосан, ўзбеклар. Маҳалла ҳудудида ўрта мактаб, дорихона, стоматология бўлими, болалар боғчаси, 14-оилавий поликлиника, «Мурувваттекст» қўшма тикувчилик корхонаси, янги маҳалла идораси, автоспортда қатнашувчи машиналар гаражи мавжуд. 1994 йил маҳалланинг ҳомий фуқаролари томонидан Тошкентнинг 12 дарвозасидан бири – Самарқанд дарвоза рамзий маънода арка кўринишида қайта барпо қилинди (кўчанинг кенгайиши муносабати билан арка демонтаж қилинган). Маҳаллада бир қанча машҳур шахслар, жумладан Саид Аҳмад, Музаяна Алавия ва бошқалар яшаб ўтган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Қадимги маҳаллалар. Гулбозор

ГУЛБОЗОР – Шайхонтоҳур даҳасидаги қадимги маҳалла. Ҳадра ва Себзор даҳасининг Қошиқчилик маҳаллалари билан, Шайхонтоҳур кўчаси …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *