Саид Аҳмад

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968). Тошкентда туғилган. Тасвирий санъат билим юртида, Тошкент педагогика институтида ўқиган (1940–43). «Муштум» журнали (1938–38; 1955–57), Ўзбекистон радиоқўмитаси (1941–43)да, «Қизил Ўзбекистон» газетаси (1943–47) ва «Шарқ юлдузи» (1948–50; 1957–59) журналида адабий ходим.

«Эр юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Чўл бургути» (1960), «Чўл оқшомлари», «Одам ва бўрон» тўпламларига кирган ҳикояларида замондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари эҳтирос билан акс эттирилган. Саид Аҳмад ижодининг каттагина қисмини ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялар ташкил этади. Романларида ҳам юмористик йўналиш муҳим ўрин тутади.

«Уфқ» (1967–74) романи 20-аср миллат ҳаётининг ўн йиллик даври – 2-жаҳон уруши, уруш ва урушдан кейинги йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Трилогия ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, шу мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар ёзувчи истеъдодига хос ёрқин эҳтирос билан акс эттирилган. «Жимжитлик» (1988) романида эса сиртдан тинч, сокин кўринган шўро даврининг ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати билан кўрсатилган.

Саид Аҳмад истиқлол йилларида ҳам ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мақола, бадиалар ёзди, қувноқ юмористик, жўшқин лирик ҳикоялар яратди. «Хандон писта» (1994), «Бир ўпичнинг баҳоси» (1995) ҳажвий тўпламлари, «Йўқотганларим ва топганларим» (1998), «Қоракўз мажнун» (2001), «Киприкда қолган тонг» (2003) китоблари, 3 жилдли «Танланган асарлар»и (2000) чоп этилди. Истиқлол туфайли одамлар қисмати ва руҳиятидаги эврилишлар ҳақида баҳс этувчи «Қоракўз мажнун», «От билан суҳбат», «Азроил ўтган йўлларда» ҳикоялари қатағон даври хотиралари билан боғлиқ. «Борса келмас дарвозаси», «Тақдир, тақдир…», «Офтоб ойим» ҳикоялари, адибнинг ўзи яқиндан мулоқотда бўлган устоз адиблар, тенгдошлари, шогирд­лари ва, ниҳоят, ўз ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотира-эсселаридан иборат. Фельетон жанрида ҳам самарали ижод қилган. 1947 йил «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган, Сталин вафотидан сўнг оқланган. «Келинлар қўзғолони», «Куёв» комедиялари ҳозирги Ўзбек миллий академик театрида, «Келинлар қўзғолони» дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. Чиғатой қабристонига дафн этилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1978). «Дўстлик» (1996), «Буюк хизматлари учун» (1997) орденлари билан мукофотланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Маҳмуд Усмонов (ганчкор уста)

УСМОНОВ Маҳмуд (1910–1997.1.7) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадимий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (1977). …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *