Бош саҳифа » Кутубхона » Рауф Парфи: Фитрат шеърияти ҳақида

Рауф Парфи: Фитрат шеърияти ҳақида

Абдурауф Фитрат шеърияти ҳақида сўз кетганда шуни айтиш керакки- шоир илк шеъридан бошлаб Турк Дунёсини, Туркистон бирлиги, истиқлол ғоясини илгари сурди, у турк дунёсига миллатпарвар ва ёниқ шоир сифатида танилган эди. Бу ҳақда унга замондош танқидчилардан Абдураҳмон Саъдий шундай ёзади: “Фитрат – ҳозирги ўзбек шеъриятида араб, форс сўзларига йўлни беркитди. Ўзбек шеър тузилишининг ривожланиш йўлларини белгилай бориб, кўпгина ёш шоирларни ўзининг услуби ва тили билан эргаштира олди, атрофига ёш шоирларни тўплаб уларга тил ва услубдан йўл кўрсатмакдадир.”

Абдурауф Фитрат тўрт шеърий китоб муаллифи. Булар: “Сайҳа”, “Учқун”, “Шеърлар ва достон”, “Менинг туним”. Фитратнинг профессор Ҳамидулло Болтабоев тайёрлаган кўп жилдликнинг биринчи жилдига кирган 22 та шеър ҳақида суҳбатлашамиз.

Фитрат шеърияти ночор қолган шоирнинг ўтли нидоларидангина иборат эмас, у Туркистонни оёқ ости қилган келгиндиларга, жаҳолат туфайли товушлари ўчган ватандошларига аччиқ нафратли мурожаатидир. Шеърларнинг шаклий қурилишлари ҳам мавзу эътибори билан ўзига хосдир. Бу шеърият- янгича бўлиб янгича шуур, янгича дунёқарашнинг янгича тамойилларини ўзида акс эттиради. Янги ўзбек шеърияти бутун дунёни уйғотадиган бир қудратга эга бўлиши керак эди.

Янги ўзбек шеъриятининг асос манзили, ўчоғи Ватан, Туркистон, истиқлол, Эрк мавзуи бўлди.

Букун ҳам шундай.

«Бухоро вазири Насрулло Парвоначига очиқ мактуб»ида Фитрат ёзади: «Ҳар қанча кўз ва қулоғингизни беркитсангиз ҳам, бу қадимий ислом миллатининг фарёди ва муқаддас ватанимизнинг хароблигига ачинмай тура олмайсиз…Миллатимиз ва юртимизни шу ҳолга келтириб қўйдикки, дунёнинг бурчагида энг қийин кунларда ташвиш чекиб яшаётган одамлар ҳам бизнинг аҳволимизга қон йиғламоқдалар.»
Амирга қарата айтилган сўзлари ҳам асарга илова қилинган, бу баёнотда мана бундай дейилади:” Бугун ё эрта дини исломнинг душманлари биз — мусулмон халқни қора кунларга соларлар. Бу жиноятчиларнинг вазифаси аввали дини исломга хусумат бўлиб, яқин замонлар биздан динимизни тарк қилишни талаб қиларлар. Имонимизни тўпга, азонимизни қўнғироққа, масжидимизни черковга алмаштирмоқдан бошқа нарса қолмас.”

Фитрат барча диндош биродарларига мурожаат қиларкан ” бу таназзул (яъни нимаики бой берилаётган бўлса) , мусулмонларнинг унсизлиги ва ҳаракатсизлиги натижаси”, дея билади.

Фитрат ҳаёти ва фаолиятига бағишланган жуда кўп хорижий манбаларда, замондошларининг хотираларида унинг номига ”шоир” сифатлаши кўплаб айтилган. Бу Фитратга нисбатан шунчаки шахсий муносабатнинг натижаси бўлмай, балки унинг шоирлик истеъдодига алоҳида ҳурмат билан қараганликларининг боиси ҳамдир.

Файзулла Хўжа 1911 йили чоп этилган ”Сайҳа” (”Нидо”, ”Наъра” маъноларини беради.) шеърий тўплами ҳақида шундай ёзади: ”Ватанпарварлик шеърлари тўплами бўлган ”Сайҳа” ни ўқиган кишиларни Бухоро ҳукуматигина эмас, рус ҳукумати ҳам таъқиб қила бошлади, чунки бу шеърларда мустақиллик ғояси биринчи марта жуда ёрқин шаклда ифодалаб берилди.”

Бир тарафдан Туркистонда очлик, қашшоқлик ҳукм суриб турган замонда, бир тарафдан рус империяси билан инглиз жаҳонгирлари Туркистонни эгаллаш ҳақида яширин музокаралар олиб бораётган кунларда ”туркликнинг қонини қайнатгувчи, иймонини юксалтгувчи қувват берган бир суюнчли сўз туғилди, яъни 27 нўябрнинг кечасинда миллий лайлатулқадримиз бўлган Туркистон Мухторияти эълон қилинди.” Шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз каби ялқиллаган бу мухториятни олқишларкан, Фитрат маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтган, йиртқич жандарманинг тепкиси билан йиқилган , ёндирилган , осилган диндошларимизнинг ҳолатини шундай арз этади: ”Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қулфланди, еримиз босилди, таланди, шарафимиз сурилди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқларимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди- тўзумли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшинтурдик, иймонларимизга ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!”

Таассуфки, миллий лайлатулқадримиз — Туркистон мухторияти ўз олдига қўйган оламшумул режаларни бажаришга улгурмай, Колесов бошлиқ ”тинчликни барқарор қилувчи кучлар ” томонидан йўқ қилиб ташланди.

Биз янглишган эдик. Яна янглишдик.

Бу аламли туйғу янги ўзбек шеъриятининг мағзини ташкил қилади.

Янги ўзбек шеъриятининг булоқларининг кўзларини очган буюк аллома Абдурауф Фитрат бўладилар.

Ўттиз асрлик Ўзбек адабиёти, хусусан ўзбек шеърияти дунёвий ҳодисадир. Бу ҳодисани тадқиқ қиладиган академиялар, институтлар, ассамблеялар, форумлар керак.
Дунёвий ҳодисани дунё миқёсида амалга оширадиган кучли мустақил демократик давлат зарур!

Биз агар Уилям Шекспирни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Алишер Навоийни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Биз агар Томас Манни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Абдулҳамид Чўлпонни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Биз агар Робиндранатҳ Тҳакурни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Абдурауф Фитратни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Бундайин қиёсларни узлуксиз давом эттириш мумкин. Фойдасиз. Ўзимиз ҳали билмаган нарсани дунё қаердан билсин.

Жаҳон Адабиёти тубсиз ва чексиз бир уммондир, унга ҳар ким ўз шахсий пиёласи билан боради.

Турк Дунёси, Турон, Туркистоннинг маданий таърихида жаҳон мақдуниятини учсиз чўққиларга кўтарган буюк алломалар ўткан. Уларнинг амаллари дунёга маълум ва машҳур. Ана шундай алломалардан бири, улуғ ватандошимиз Абдурауф Фитратдир.

Ўзининг иккинчи олтин даврини тугатиб 16 асрдан Туркистон таназзулга юз тутган, хусусан 19-20 асрга етиб аянчли ҳолатда тўлғонар эди.

Чор империяси, кейинчалик қизил салтанат Туркистон мусулмонларининг, айниқса, турк халқларининг бирлашувидан қаттиқ қўрқарди, шунинг учун тиш-тирноғи билан қуролланиб туркчиларни, туркчи бўлмаганларни ҳам, умуман тубчак аҳолидан чиққан мунавварларни тирик қолдирмасликка киришади. Ўғри, босқинчи, маккор, худосиз маҳлуқлар муқаддас Туркистон тупроғини таладилар, бўғдилар, қонга ботирдилар.

Туркистон- ўзининг балогардонини, улуғ фарзандининг туғилишини жуда-жуда истар эди ва Аллоҳ иродаси-ла у Инсон туғилди. Абдурауф Фитрат насаби билан дунёга келди.

Абдурауф Фитрат- Туркистон руҳининг даҳосидир.
У Туркистон истиқлоли учун қурбон бўлди. Истиқлолдан кейин қайта туғилди.
Бу кун Абдурауф Фитрат жаҳон фуқаросига, Туркистоннинг оламшумул рамзига айланди.

28.04.2004.

Манба

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*