Қовунчитепа

ҚОВУНЧИТЕПА – археологик ёдгорлик, шаҳар харобаси. Янгийўл шаҳрида, Куркулдак каналининг сўл соҳилидаги дўнгликларда жойлашган. Майдони – 25 гектар. Арк (50х50 м), шаҳристон (150х100 м)дан иборат. Атрофи мудофаа девори ва хандақ билан ўралган. Жануб ва ғарб томонида ҳунармандлар маҳаллалари – рабодлар туташган. 1970 ва 1976 йилларда Ю.Ф.Буряков томонидан тадқиқ этилган. Ёдгорликдаги маданий қатлам 4–12,5 м ни ташкил этади. Қовунчитепада илк марта фанда Қовунчи маданияти деб ном олган янги моддий маданият мажмуи очилган. Археологик қазишмалар жараёнида турли даврларга оид турар жой ва ишлаб чиқариш меъморлиги мажмуи ва моддий маданият қолдиқлари, жумладан сопол идишлар, металл, тош ва суякдан ишланган меҳнат қуроллари, рўзғор буюмлари, диний эътиқод ашёлари, зеб-зийнатлар топилган. Даврий жиҳатдан ҳаёт 5 босқичда давом этганлиги аниқланди. Биринчи босқич – энг қадимий даврда хўжалик ўралари, ўчоқлар, бурганли маданиятига хос қўлда қўпол ишланган думалоқ тагли баъзан бўяма нақшли сопол идишлар, милоддан аввалги 6–3-асрларга мансуб. Иккинчи босқич – мудофаа девори билан ўралган шаҳарнинг бунёд этилиши, уй-жойларни йирик хом ғиштдан қурилиши, Қовунчи I–II даврига хос ясси тагли қўлда ишланган сопол буюмлари билан характерланади. Қовунчи I сополларининг ўзига хос хусусияти – таги ясси кўза ва туваклар дастаси ҳайвонлар, аксарият қўйлар – зардуштийликдаги бахт-фароғат маъбуди – Фарн рамзи шаклида, сопол ҳайкалчалар – икки қарама-қарши томонга қараган қўй каллалари шаклидаги тагдонлар ва бошқалар. Қовунчи II даврида қўйлар ўрнига буқаларнинг бошчаси, шунингдек, ҳайвон шакллари бўлмаган дастакли туваклар эгаллаган. Учинчи босқич – шаҳар ва унинг атрофидаги ҳаётнинг гуллаб яшнаши (3–5-асрлар, Қовунчи II). Тўртинчи босқич – шаҳристонда 5–6-асрларда аста-секин ҳаётнинг сўна бошлаши. Бешинчи босқич – хароба ўрнида кичик қишлоқнинг вужудга келиши (15–16-асрлар).

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Post Views: 20 Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *