Бош саҳифа » Тошкентнома » Қисқа сатрларда – Шайхонтоҳур маҳаллалари

Қисқа сатрларда – Шайхонтоҳур маҳаллалари

Падаркуш маҳалласи. Шимолдан Орқа кўча, шарқдан Қудуқбоши, жанубдан Дукчи, ғарбдан Пуштибоғ маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла аҳолиси асосан бўз тўқиш билан шуғулланган. Шунинг учун, маҳалланинг дастлабки номи Бўзчи маҳалла деб юритилган.

Айрим ривоятларга кўра, бир вақтлар эл орасида обрў-эътиборли оқсоқол ўз ўғли томонидан ўлдирилиши воқеасига нисбат берилиб, маҳалла номи Падаркуш бўлиб кетган.

Шўртепа маҳалласи. Дегрез, Ховузбоғ, Гулбозор ва Катта кўча билан чегараланган. Маҳалланинг айрим тепалик қисмлари шўртак бўлганидан маҳалла Шўртепа номини олган. Маҳалланинг чорбоғлари Кўкча ва Роҳикат мавзеларида бўлган. Маҳалла кенгая бориб кейинчалик икки қисмга ажралган. Иккинчи қисми Подачи номини олган. Ҳар икки маҳалланинг ўз элликбошилари бўлган.

Қўрғонтаги маҳалласи. Бу маҳалла Эски ўрда рўпарасидаги (Шайхонтоҳур даҳаси ҳудуди) хон сарбозлари истиқомот қилган. Қўрғон яқинида, пастлиқда жойлашганидан шундай ном олган. Маҳалланинг деҳқончиллик билан шуғулланадиган ерлари Яланғоч ва Пасра мавзеларида бўлган.

Марайимхалифа маҳалласи. Аниқроғи Муҳаммад Раҳим Халифа. Шарқдан Калтатой, жанубдан Оқмачит, ғарбдан Раискўча ва шимолдан Себзор даҳасининг Қоратут маҳалласи билан чегараланган. Маълумоларга кўра қўқонлик эшон Муҳаммад Раҳим Халифанинг муридлари шу маҳаллада яшаган. Ҳар гал эшон келганида шу маҳалла масжидида муридлари билан зикр тушишган. Номи шундан қолган. Маҳалланинг чорбоғлари Янгитарнов мавзесида бўлган.

Пуштибоғ маҳалласи. Жаркўча, Ширин қудуқ, Дархон, Оқ масжид маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Ривоятларга қараганда маҳалланинг кўпчилик хонадони ҳовлиларининг орқа тарафида сўлим боғлари бўлган. Маҳалланинг Пуштибоғ деб номланиши шундан. Маҳалла чорбоғлари Яланғоч ва Чўпон ота мавзеларида бўлган.

Олмазор маҳалласи. Шимолдан Эгарчи, шарқдан Мерганча, жанубдан Девонбеги, ғарбдан Бешёғоч даҳасининг Қоратош маҳалласи билан чегараланган. Маҳаллада бири биридан муҳташам масжидлар бўлган. Улардан бири Пансод масжиди дейилган. Масжид 1882 йилда Муҳаммадкаримхожи томонидан қурилган бўлиб. Олмазор ва Қоратош маҳаллалари оралиғида қурилган.

Ҳовузбоғ маҳалласи. Шимолдан Жангоб, шарқдан Катта кўча, ғарбдан Хадра, жанубдан Қаландархона маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла ўрнида ўтган асрнинг 80-йилларигача трамвай депоси бўлган ҳозирда у ерларда турар-жой ва маъмурий бинолар қурилган. Маҳалла бир қанча сероб ҳовузли боғ-роғлари бўлгани учун ҳовузбоғ номини олган.

Эгарчи маҳалласи. Ғарбдан Девонбеги, шарқдан Тарлоқ ва Мерганча, жанубдан Олмазор, шимолдан Қатортерак маҳаллалари билан чегараланган. Эскижўва бозорининг Шайхонтоҳур даҳасига тегишли қисмида жойлашган қадимий маҳаллалардан бири бўлган. Эгарчилик ҳунармандчиликнинг қадимий ҳунар турларидан бири бўлиб, асосан шаҳарларда ривожланган. Ўтмишда эгар-жабдуқ оддий кустар усулида махсус дуконларда тайёрланган. Маҳалла аҳлисининг асосий қисми эгарчилик касби билан шуғулланган. Маҳалланинг номи шундан.

Тарновбоши маҳалласи. Шайхонтоҳур қабристони, Тахтапул, Қатортерак, Себзор маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла баланд-пастликлардан иборат бўлганлиги учун кўтарма, қайнима, чархпалак каби сув иншоотларидан фойдаланиш билан бирга айрим жойларда ёғочдан тарнов ясаб, чуқурлик жойлардан сув олиб ўтишган. Кўпинча чархпалак орқали олинган сув новлар орқали хонадонларга ўтказилган. Тар-сув, нов-ариқча. Маҳалланинг номи шундан.

Шатак маҳалласи. Шимолдан Ганчтепа, шарқдан Турк Олмазор, жанубдан Турк Янгишаҳар каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Маҳалла паст-баландликдан иборат бўлганлиги учун қишли-қировли кунларда от-араваларнинг юриши қийинлашиб, қўшимча от-уловлар ёрдамида шатакка олиб чиқарилган. Маҳалла номи шундан. Ҳозирги ўрни А.Қодирий кўчасининг бир қисми.

Хўжа Рўшноий маҳалласи. Шимол ва шарқдан Оқ масжит, Жанубдан Говкуш, ғарбдан Дероз каби маҳаллалар билан чегараланган. Чорбоғлари Миробод, Чилонзор ва Кўкча мавзеларида бўлган. Ривоятларга кўра Хўжа Рушноий жувозкашларнинг пири бўлган. Шу маҳаллада яшаган.

Девонбеги маҳалласи. Шимолдан Баланд масжид, жанубдан Олмазор, шарқдан Эгарчи каби маҳаллалари билан чегараланган. Чорбоғлари Қумқўрғон ва Чивинтепа мавзеларида бўлган. Маҳаллада ҳоким девонида ишлайдиган мирза яшаган. Маҳалла номи шундан.

Говкуш маҳалласи. Шимолдан Дегрез, шарқдан Баланд масжит, жанубдан Катта кўча (Навоий) билан чегараланган. Маҳалла ҳовлилари Шайхонтоҳур ариғидан суғорилган. Чорбоғлари Отчопар, Товкат тепа мавзеларида бўлган. Говкуш номи “мол сўйиш” маъносини билдиради.

Тожик маҳалла. Ғарбдан Қашқар, шимолдан Турк Янгишаҳар, шарқдан Янгишаҳар билан чегараланган. Қўқон хонлиги даврида сўнги Шуғноқлик бек вақтида бу ерга унинг ватандошлари бўлмиш тожик миллатига мансуб кишилар кўчиб келиб ўтроқлашишган. Маҳалла номи шундан.

Яланғоч мавзеси Ҳозирги Мирзо Улуғбек туманининг маҳаллаларидан бири. Илгари Шайхонтоҳур даҳасининг мавзелаларидан бири бўлиб, Қашқар маҳалласининг деҳқончилик билан шуғулланадиган қисми. Маҳалла аҳли ёз ойларини шу ерда ўтказганлар.

Ўзбеклар таркибига кирган қабилалар орасидаги Сарой қабиласининг катта гуруҳи таркибидаги уруғларидан бири Жланғоч сарой, Яланғоч номида сақланиб қолган. Ялонғоч ота- ўтмишда ўзбек ва қозоқ халқларида шамол ҳомийси Ялонғочга эътиқод қилиш Тошкент атрофлари ва Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар ўртасида кенг тарқалган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур даҳаси. Қашқар, Қиёт, Қорёғди маҳаллалари

Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли, илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намоёндаларидан бири, улуғ валиуллоҳ Шайх Хованди …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *