Бош саҳифа » Тошкент маҳаллалари » Қадимий маҳаллалар. Қашқар (Қошғар)

Қадимий маҳаллалар. Қашқар (Қошғар)

ҚАШҚАР, Қошғар – Шайхонтоҳур даҳасидаги қадимги маҳалла. Турк, Ила, Тожик маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Бир чеккаси Янги шаҳарга туташган. Қарийб 130 хонадон яшаган. Аҳолиси 1830-йилларда Қўқон хони томонидан, асосан, Қаш­қардан кўчириб келтирилган қаш­қарликлар (номи шундан), бир қисми ўзбеклар бўлган; савдо-сотиқ, шаҳар таш­қарисидаги ерлари (Оққўрғон, Бўз, Яланғоч ва бошқа мавзелар)да деҳ­қончилик ва боғдорчилик билан шуғулланган. Қашқарда 4 та карвонсарой, бозор, масжид, баққоллик дўконлари бўлган (20-аср боши). Маҳалланинг шар­қий чеккасида шаҳар дарвозаларидан бири – Қаш­қар дарвозаси жойлашган эди. Черняев бошлиқ рус қўшинлари дастлаб 1864 йил октябрда Тошкентга шу томондан ҳужум қилган, лекин кўп талафот бериб чекинган. 1865 йил Тошкентни рус қўшинлари босиб олгач, Қашқардаги эгасиз қолган хонадонларга рус офицерлари жойлашиб олган. Қашқарда Ҳамза мактаб очиб бир муддат ишлаган эди. Маҳаллада маърифатчи ва адабиётшунос олим Миёнбузрук Солиҳов (1892–1939) яшаган. Тошкент зилзиласи (1966) эпицентри Қашқарда бўлган. Иморатлар қаттиқ шикастланган. Қашқар ўрнида Қашқар маҳалла турар жой мавзеи барпо этилган.

«Қашқар» маҳалласи (Марказ-4, 20) – Юнусобод туманидаги ҳозирги маҳалла. «Матонат» маҳалласи билан чегарадош. 1969 йил 19 апрелда «Марказ-4» мавзесида «Марказ-4» маҳалласи ташкил этилган. 1990 йил 14 майда «Қашқар мавзеси» номи берилган. Аҳолиси 2434 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида Фурқат номидаги маданият уйи, Т.Содиқов номидаги мусиқа мактаби, шаҳар ИИБга қарашли спорт мажмуаси мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Қадимий маҳаллалар. Очмасжид

ОҚМАСЖИД – Шайхонтоҳур даҳасидаги қадимий маҳалла. Жаркўча, Хўжарўшнои, Дархон, Баландмасжид маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳаллада …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *