Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Қадимги Чочдаги урбанистик жараёнлар тарихига доир айрим мулоҳазалар

Қадимги Чочдаги урбанистик жараёнлар тарихига доир айрим мулоҳазалар

Тарихий ҳодисалар ва воқеаларнинг тарихий аниқлигида, тарихий-маданий тараққиёт босқичларида шундай жиҳатлар борки, уларни бир-бири билан мантиқий таққослаш, қиёсий солиштириш асосида ўрганиш, қўйилган масалага кўпгина ойдинликлар киритиши тадқиқотчилар томонидан эътироф этилган. Чунончи, Ўрта Осиё умуман, дунё тарихида рўй берган урбанистик (шаҳар маданияти ва шаҳарсозлик) жараёнлар ҳусусида турли даврларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаларини таҳлил этиш ва қиёслаш бу жараёнларни чуқур ва ҳар томонлама таърифлаш имконини беради. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиё турли қадимги тарихий-маданий вилоятларидаги урбанистик жараёнлар тарихини ҳақиқий манбалар -археологик ва ёзма манбалар асосида таҳлил этиш жамиятда рўй берган қадимги тарихий-маданий жараёнларни англаб етишда беқиёс аҳамият касб этади. Чоч воҳасидаги урбанистик жараёнлар тарихи ҳам бундан мустасно эмас.

Фикримизча, тарих фанида урбанистик жараёнларни тадқиқ этишнинг нисбатан кенг қамровли бўлиши учун давлатчилик тараққиёти босқичларини ҳар томонлама тадқиқ этаётган пайтимизда, унинг ажралмас қисми сифатида шаҳарларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Чунки шаҳарлар шаклланиши ва ривожланишининг умумий қонуниятлари фақат бутун жамият ривожи билан боғлиқ бўлган урбанистик жараёнлар тартибида аниқланади. Урбанистик муносабатлар ривожланиш жараёнида айрим вазифалар ўзгаради, айримлари йўқолади, айримлари мураккаблашиб, нисбатан юқори даражага кўтарилади.

Қадимда, айниқса, Ўрта Осиё мусулмон Шарқида ўзининг табиий бойликлари билан машҳур бўлган, асосий ҳудудларини Тошкент воҳаси ташкил этган қадимги Чоч ўрта Сирдарё ҳавзасида жойлашган. Уч томондан қорли “осмон тоғлари” – Тяншань, Чотқол ва Қурама адирлари билан ўралган воҳа Сирдарёнинг ирмоқлари Чирчиқ ва Оҳангарондан сув ичувчи ҳосилдор ерлари ва боғлари билан шуҳрат қозонган. Тоғолди ҳудудларидаги тоғлар, адирлар, яйловлар йил давомида ҳайдама ва ярим кўчманчи чорвачилик учун қулай шароит яратган эди. Чотқол ва Қурама тоғларидаги фойдали қазилмалар конлари олтин ва қумуш, мис ва темир, қимматбаҳо тошларига бой бўлган Яксарт-Сирдарё қадимдан воҳалардаги ўтроқ халқлар ва Буюк даштдаги кўчманчи қабилалар ўртасидаги маданий ва этник алоқаларда воситачи вазифасини ўтаган. Чоч ушбу алоқаларнинг энг фаол зонасида жойлашган.

Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, сўнгги бронза ва илк темир давридаёқ Тошкент воҳасида кўчманчи чорвадорлар қўрғонлари билан биргаликда, аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланган қишлоқлар ҳам пайдо бўлади. Оддий суғориш усулларидан фойдаланган бу аҳолининг маданияти дастлабки очилган қишлоқ номи билан Бургулик (Бурканлик) маданияти деб юритилади. Ҳозирги кунга келиб, Чирчиқ ва Оҳангарон ҳавзаларида ушбу маданиятга оид 25 дан зиёд ёдгорлик очиб ўрганилган Бургулик маданиятининг йирик қишлоқларидан бири Тошкентнинг жануби-ғарбий чеккасидаги Жун дарёси ирмоғи бўйида очилган Шоштепа ҳисобланиб, бу ерда ҳам суғорма дехқончилик учун қулай шароит мавжуд эди.

Кўчманчи чорвадорлар маданиятлари тадқиқотчиларининг маълумот беришларича, милоддан аввалги VI-IV асрларга келиб, иқтисодий зоналарнинг кенгайиши билан боғлиқ ва чорвачилик хўжаликларида иқтисодий фойданинг тезроқ ривожига имкон яратган Марказий Осиёнинг шарқий районларидаги катта демографик ўсиш – сак-усун қабилалари иттифоқининг кучайишига, улар ҳаракатларининг кенгайишига, уларнинг Ўрта Осиё халқлари билан алоқаларининг жадаллашувига сабаб бўлган эди.

Антик даврга келиб, Ўрта Осиёнинг катта ҳудудларини Александр Македонский босиб олиши ва унинг вафотидан сўнг Салавкийлар давлатининг пайдо бўлиши муносабати билан йирик сиёсий воқеалар бўлиб ўтади. Антик давр тарихчилари Сирдарё-Яксартни ўтроқ аҳоли ва кўчманчилар ўртасидаги чегара сифатида изоҳлайдилар. Хусусан, Страбон маълумотларига кўра, “Яксарт суғдийлар ва кўчманчиларни ажратиб туради”.

Воҳанинг жануби-ғарбий қисмида, Тошкентдан 70 км узоқликда, Сирдарёнинг қирғоғида уч қатор ҳимоя деворлари билан ўралган йирик кўҳна шаҳар харобалари очиб ўрганилган. Тарихий-илмий адабиётларда бу кўҳна шаҳар Қанқа номи билан машҳурдир. Кўҳна шаҳарнинг энг қадимги асоси – майдони 6,5 гектар бўлган қалъаси эллинистик дунёда машҳур эллинистик ҳарбий қурилиш услублари асосида бунёд этилган. Мустаҳкам қалъа деворлари табиий пойдевор (фундамент) устига тўғри бурчакли хом ғишт ва пахсадан қад кўтарган. Қанқанинг режавий тузилиши, ҳимоя иншоотлари милоддан аввалги IV-III аср Ўрта Осиёнинг Бақтриядан Хоразмгача бўлган деҳқончилик маданиятларининг эллинистик меъморчилигини эслатади. Аммо, эллинистик анъаналарнинг таъсири Чочда узоқ чўзилмаган ва мустаҳкам асосларга эга эмас эди.

Милоддан аввалги III асрнинг охири-II асрда иқлимнинг ўзгариши натижасида йирик дарёлар ва кўллар сувларининг камайиши Осиёнинг шимолий ва шарқий минтақаларида яйловлар учун курашларнинг кучайишига ва воҳага кўчманчилар ҳамда Яксариятнинг қуйи оқимларидаги ўтроқ аҳолининг кириб келишига олиб келди. Аҳолининг катта гуруҳи ўзларининг моддий маданияти билан, фанда Қовунчи маданияти деб ном олиб, Тошкент воҳасига кириб келади. Бу маданият Ўрта Осиёнинг шимолий районларига хос бўлган, зироаткор-чорвадорларининг меъморчилик анъаналарини ўзида акс эттирган, жумладан, урбанистик ҳусусиятга эга бўлган маданият эди.

Воҳа урбанистик жараёнлари билан шуғулланган тадқиқотчилар Қовунчи маданияти ривожини қуйидаги учта босқичга ажратадилар:

  1. Қовунчи I-милоддан аввалги II-милодий I аср бошлари. Бу давр шимол ва жанубдан кириб келган қабилаларнинг ўтроқлашуви, иқтисоднинг деҳқончилик ва чорвачилик укладининг шаклланиши, Қанқа доирасида урбанистик жараёнларнинг пайдо бўлиши даври эди.
  2. Қовунчи II-милодий I аср бошлари — III асрнинг охири. Бу давр деҳқончилик иқтисоди, тоғ-кон ҳунарманчилиги, шаҳар маданияти, Чоч мулкининг ривожланиш даври эди.
  3. Қовунчи III аср охирлари — V аср. Чочнинг Қанқанинг вориси сифатида мустақил мулкка айланиш даври.

Тадқиқотларнинг тизимли таҳлили шуни кўрсатадики, Қовунчи маданияти белгилари Тошкент воҳасининг 100 дан зиёд қишлоқларида, 13 та шаҳар пунктларида, кўплаб кўмиш маросимига оид мажмуаларда аниқланган. Айниқса, Чоч мулкларининг Қанқа таркибига кириши урбанистик жараёнларнинг ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлади. Таъкидлаш лозимки, Буюк ипак йўлининг қадимги савдо йўналишлари асосан Ўрта Осиёнинг жанубидан ўтган. Аммо, Хан хонадони тарихи маълумотларига кўра, шимолий йўл Тяншань тоғлари орқали ғарбга – Даван, Қанғуй, Яншай ва Янцига олиб борган. Айнан мана шу даврга келиб, Қанқа йирик шаҳар сифатида шаклланадики, савдо алоқалари устида жойлашганлиги кўҳна шаҳар ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлади.

Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиб бориши Қанқанинг сиёсий таъсири ўсишига олиб келди-ки, бу давлат ўзининг гуллаб-яшнаган даврида Оролбўйидан жанубий Уралбўйигача бўлган ҳудудларда ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Қанқа ҳукмдорларининг қишки қароргоҳи бўлган Қанқа (Хитой манбаларида Юни) муҳим иқтисодий ва сиёсий марказ сифатида, урбанистик белгиларни мужассамлаштирган пункт сифатида шаклланади.

Археологик манбаларнинг маълумот беришича, воҳадаги шаҳар марказлари асосан маданиятлар ва маҳсулот алмашувида воситачи вазифасини бажарган Сирдарё бўйлаб шаклланади. Мисол учун, пойтахт Қанқадан жанубда, Сирдарё қирғоғида, савдо йўлидаги Тошкент мулкларига ўтувчи муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган кечувни назорат қилувчи йирик қалъа — Банокат пайдо бўлади. Шаҳарнинг тўртбурчак режавий тузилиши, ички йўлаклари бўлган икки қаторли қалъа девори ҳимоя иншоотлари ва девор олди хандақлар антик давр меъморчилиги билан ўхшашлик топади.

Воҳа иқтисодий салоҳияти кучайганлигини шунда ҳам кузатиш мумкинки, антик даврнинг охирларига келиб, пойтахт Қанқадан шарқий томонда, Чотқол ва Қурама тоғлари адирларида фойдали қазилмалар қазиб олиш бошланади. Чунончи, Кучбулоқда олтин, Лашкеракнинг ғарбий қисмида кумуш, Шавозсойда темир, Унгурликонда ферузани қайта ишловчи конлар пайдо бўлади. Бу даврга келиб, воҳада шаҳар пунктлари тизими шаклланадики, бунинг бир неча сабаблари бор эди.

Маркази пойтахт Қанқа бўлган шаҳарларнинг бир гуруҳи Сирдарё бўйлаб барпо этилади ва улар маданиятлар, маҳсулотлар ва этносларнинг ҳаракатлари ва алмашинувида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Пойтахтдан жанубда Сирдарё қирғоғида йирик қалъа Банокат (Шарқия кўҳна шаҳри) шаклланиб, Суғддан Тошкент воҳасига келувчи стратегик муҳим кечувни назорат қилади. Банокатдан жануброқда, айнан Сирдарё қирғоғида яна бир кўҳна шаҳар — Далварзинтепа харобалари очилганки, у ердан бир гуруҳ қадимги Чоч тангалари топилган. Бу кўҳна шаҳар Даван – Фарғонага борувчи кечув жойида жойлашган.

Оҳангарон воҳасидаги тоғ-кон бойликларини қайта ишлаш муносабати билан тоғлар этакларида бир неча шаҳар марказлари пайдо бўлади. Тункет, Туккет, Намудлиғ, Кухисим каби шаҳарлар металл хом ашёси эритиш ва қайта ишлов бериш билан боғлиқ эди.

Бу шаҳарлар ўрта асрлар даврига келиб янада ривожланади ва улардан бири, аниқроғи, Тункент, ўрта асрлардаги мустақил вилоят бўлган Илоқнинг пойтахтига айланади.

Шаҳарларнинг яна бир гуруҳи айнан воҳа зонасида шаклланадики, археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, милодий I-II асрларда Чирчиқ дарёси воҳасидаги ва кўчманчи дашт чегараларидаги ерлар жаддаллик билан ўзлаштирилиб борилади. Бу ҳудудларда шаҳарлар ва қишлоқлар шаклланиб, уларнинг нисбатан қадимгироқ гуруҳи Солар, Жун, Кўлқудуқ каби каналларнинг табиий ирмоқлари бўйларида пайдо бўлади. Юқорида эслатилган ва Бургулик маданияти сўнгги даврида ҳам мавжуд бўлган Шоштепадан шарқда Кугаиттепа, Мингўрик, Тавкаттепа, Бўзғонтепа кабилар бунёд этилади. Улардан нисбатан йириги Солар бўйидаги Мингўрик ҳисобланади. Шаҳарнинг майдони даставвал унча катта бўлмасдан, кейинчалик 35 гектаргача кенгаяди. Кўҳна шаҳарнинг тадқиқотчилар томонидан очилган меъморий режаси тантанали маросимлар жойи, тураржойлар, диний иншоотлардан иборат бўлиб, улар пахса ва ўлчамлари Қовунчи маданий қурилишларига хос бўлган ғиштлардан бунёд этилган.

Қовунчи II даврининг охирларига келиб, шаҳар ва қишлоқлар жадал ривожланди. Хусусан, уларнинг шаклланишига турли меъморчилик анъаналарининг таъсири кузатилди. Айнан мана шу даврга келиб, воҳанинг “Чоч” деган номи пайдо бўладики, у Хитой манбаларида “Ши”, “Чжеши“ шаклида эслатиб ўтилади. Бу ўринда “Чоч” атамасининг маъносига тўхталиб ўтадиган бўлсак, кўпгина тадқиқотчилар уни турлича талқин этадилар.

Тошкент воҳаси тарихи бўйича узоқ йиллар самарали тадқиқотлар олиб борган академик Ю.Ф. Буряков бу атаманинг маъносини беришга ҳаракат қилган. Олимнинг тадқиқотларига кўра Хитой талқинида “Ши” атамаси “тош” деган маънони беради. Шунинг учун ҳам кўпчилик тадқиқотчилар бу сўздан “тош қалъа”, “тош йўл”, “тош дарвоза” каби маъноларни излайдилар. Аммо, бу маънолар илмий жиҳатдан тўла асосланмаган. Чунки воҳада на тош деворлар, на тош йўллар ва на тош иншоотлар аниқланмаган. Манбаларнинг қайта таҳлилларига эътибор берадиган бўлсак, қадимги турк тилида “Чоч”, “қимматбаҳо тош” деган маънони беради. Милодий биринчи асрлардан бошлаб, Чотқол ва Қурама тоғларидан олтин, кумуш, темир ва айниқса, қимматбаҳо феруза тошлари қазиб олинганлиги этиборга олинадиган бўлса “Чоч” сўзи “тош қалъа” эмас, балки, “қимматбаҳо тош ўлкаси”, аниқроғи, “феруза ўлкаси” деган маънони бериши мумкин. Назаримизда, ушбу таклиф илмий жиҳатдан анча асослидир.

Антик давр давлатлари жумладан, Қанқа давлатининг инқирозга учраши билан Чоч тарихида янги босқич бошланади. Милодий III–IV асрларда навбатдаги экологик зарба бошланиб, у Чоч, Қашқадарё, Зарафшон воҳаларига кўчманчи қабилалар ҳаракатининг янги тўлқинини келтириб чиқарди ва бу ҳудудларда мустақил мулклар шаклланди. Айрим ёзма манбалар бу даврдаги Чочни “қадимги Қанқа вориси” сифатида изоҳлайдилар. Бу даврдаги шаҳарлар тараққиёти ҳам Чочнинг мустақил равишда ривожидан далолат беради.

V асрда Чоч, Ўрта Осиёнинг катта қисмидаги кўчманчилар районлари ва урбанизациялашган воҳаларни ўз ичига олган Эфталитлар давлати таркибига кирган эди. Чоч ҳукмдорлари шимолий ҳудудлардаги Фарғона ва Чоч мулкларига бўлган ерларга даъвогар бўлган Эрон сосонийлари билан муваффақиятли курашлар олиб бордилар. Қанқанинг вориси, мустақил мулк сифатида Чоч Эфталитлар давлати таркибида ўзининг иқтисодий ҳаёти, савдо-сотиғи ва маданий алоқаларининг фаол ривожланишини давом эттиради. Манбаларнинг маълумот беришича, бу даврда чочликлар арпа, буғдой, тариқ каби маданий экинлар экиб, жангларда ҳам иштирок этадиган отлар етиштирганлар.

Воҳада суғорилиш иншоотлари тизимининг янги кўринишлари шакллана бошлайди. Чирчиқ сув тизими ҳавзасида йирик Зах канали қазилиб, унинг бошида кейинчалик шаҳарга айланган Паргуш қалъаси бунёд этилади. Солар, Жун, Куркулдиқ ва ўнг қирғоқ Чирчиқдаги Хонариқ каби каналлар табиий ирмоқларга айланиб, улар бўйларида шаҳар қалъалар қад кўтаради.

Тарихий манбалар ва моддий маданият буюмлари Чоч аҳолисининг мафкуравий маданияти ва диний ҳаёти ҳақида бой маълумотлар беради. Хитой манбалари ибодатхоналардаги Чоч аҳолисининг, ҳусусан, ҳукмдорлар ва амалдорларнинг ибодат ва топиниш маросимлари ҳақида маълумот берса, археологик манбалар уларни яна бир марта тасдиқлайди. Ўрта Осиёнинг бошқа кўпчилик тарихий-маданий вилоятларида бўлгани каби Чочда аждодларга топиниш оловга топиниш билан боғланиб келган.

Хуллас, қадимги ва ўрта асрлардаги Чоч воҳаси Ўрта Осиёнинг бошқа тарихиймаданий вилоятлари қатори урбанизациялашган минтақага кириши илмий жиҳатдан тўла асосланган ҳамда фандаги бу ютуқлар Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлаш учун беқиёс имкониятлар очиб беради.

Б.Ж. Эшов

Фойдаланилган адабиётлар:

Буряков Ю.Ф. К истории урбанистических процессов Древнего Чача // Древняя и средневековая урбанизация Евразии и возраст города Шымкент. Шымкент, 2008. С.72.

Шоштепа ҳақида батафсил маълумот олиш учун қаранг: Филанович М.И.Ташкент: зарождение города и городской культуры. Ташкент: Фан, 1983. С. 38-62.

Страбон. География в XVII книгах (Пер. и коммент. Г.А. Стратановского. М.: Наука, 1964.

Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. Ташкент: Фан, 1982. С. 103-106.

Пъянков В.И. Средняя Азия в античной географической традиции. Источниковедческий анализ. М., 1997. С. 37-42.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т.2. М.: Л., 1950. С. 150, 184, 186.

Буряков Ю.Ф. О локализации Древнего Хаса // Материалы по истории Узбекистана. Ташкент, 1966. С. 46-48.

Буряков Ю.Ф. О исторической типографии средневекового Илака // СА. 1972. № 2. С. 48-53; Древности Ташкента. Ташкент: Фан, 1976. С. 49-52; Алимова Д.А., Филанович М.И. История Ташкента (с древнейших времен до наших дней). Ташкент: Фан, 2007. С. 96.

Буряков Ю.Ф. Чач в свете новых письменных и археологических источников // Қадимги Ўрта Осиё тарихидаги лавҳалар. Тошкент: Фан ва технология, 2008. С. 101-130.

Дадабаева Г. История орошения правобережной части Чирчикской дельты (с древнейших времен до начала XVIII в.): Автореф. дис… канд. ист. наук. Ташкент, 1974. С. 13-14.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах… Т. 2. С. 272-273, 282.

Некоторые вопросы истории урбанистических процессов в Древнем Чаче

В статье рассматриваются процессы урбанизации Древнего Чача, а также причины и факторы, влиявшие на их эволюцию.

B. Eshov

Some questions of the history of urbanization’s process of Ancient Chach

In given article are considered processes of urbanization of Ancient Chach, as well as reasons and factors, influenced upon their evolution.

Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *