Бош саҳифа » Тарих » Ўзбекистоннинг бронза даври аҳолиси этник таркиби хусусида айрим мулоҳазалар

Ўзбекистоннинг бронза даври аҳолиси этник таркиби хусусида айрим мулоҳазалар

Ўзбек халқининг этник тарихи шу ҳудуд тарихи билан бевосита боғлиқ. Ўзбек халқи аждодлари элат бўлиб Ўрта Осиёнинг Бақтрия, Сўғдиёна, Шош, Фарғона, Хоразм каби тарихий ўлкаларида ва шу ўлкаларга туташ бўлган ҳудудларда яшаб келган.

Бронза даврида Ўрта Осиёда кўчманчи чорвачиликка ва ўтроқ деҳқончиликка асосланган маданиятлар аҳли яшашган. Ушбу маданиятлар аҳолисининг этник таркибини ўрганишга антрополог ва археолог олимлар доимо қизиқиш билан ёндашишган. Ўрта Осиёнинг бронза даври аҳолисининг этник таркиби хусусида антрополог олимлар деярли бир хил фикрда, улар бронза даврида Каспий денгизи бўйларидан то Помиргача бўлган ҳудудларда Ўрта ер денгизи ирқига мансуб аҳоли яшаган деб ҳисоблашадилар[1].

Археологик жиҳатдан ўрганилаётган маданиятлар эса анча хилма-хилдир. Ўрта Осиёнинг жанубий минтақаларида асосан ўтроқ — деҳқончилик билан шуғулланган аҳоли яшаган. Шу ҳудудда Номозгоҳ маданияти (Номозгоҳ IV-V) очилгандан сўнг фанда ушбу маданият аҳолисини арийлар деб аталган. Айниқса, Жанубий Ўзбекистонда Сополли ва Шимолий Афғонистонда Даштли маданиятлари очилгандан сўнг бу ғоя янада кучайган[2].

Сўнгги йилларда Номозгоҳ маданиятининг асосий ижодкорларидан бири В.М. Массон бу ғоядан қайтди ва «…бу маданият соҳиблари арийлар эмас, балки дравид ёки элам тилли бўлган», — деган фикрни илгари сурмоқда[3].

Маълумки, ўтган асрнинг ўрталарида Ўрта Осиё аҳолиси бронза даврида дравид тилли бўлган деган ғоя тарқалган эди[4]. Бу ғояни ўз вақтида Ўрта Осиё тарихи билан шуғулланувчи забардаст олимлар ҳам қўллаб қувватлаган[5]. Б.А.Литвинский бу фикрни Амударёнинг чап томонида жойлашган Хараппа маданиятига оид Шўртўғай ёдгорлиги мисолида исботлашга харакат қилади. Афсуски, Хараппа маданиятига оид бошқа ёдгорлик Ўрта Осиё ҳудудида топилгани йўқ. Дравид тиллилик ғояси тарафдорлари Ўрта Осиёнинг антропологик манбаларини ниҳоятда яхши билишсада, ўз асарларида ундан фойдаланишмайдилар. Тўғрироғи, эслаб ўтишни истамайдилар. Маълумки, Дравидоидлар экватор атрофида тарқалган ирқ бўлиб, қоратанли кишилар ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Сополли маданияти ва умуман бронза даври Ўрта Осиё антропологияси жуда яхши ўрганилган, лекин антропологик жиҳатдан экватор ирқига оид манбалар деярли учрамайди. Шу фактнинг ўзи ҳам Ўрта Осиё аҳолисининг бронза даврида дравид ирқига оид эмаслигини ёки дравид тилли бўлмаганлигини тасдиқлайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, антропологлар Каспийдан Помиргача бўлган ҳудудда Шарқий Ўрта Ер денгизи ирқига оид аҳоли яшаганлигини қайта-қайта таъкидлашган. Академик Э.В.Ртвеладзе Ўрта Осиё бронза даври аҳолисининг тилини ҳам шу ердан қидириш керак, — дейди ва Ўрта Осиё аҳолиси бронза даврида хуррит тилли бўлган деб С.П. Толстов ғоясини «қайтадан уйғотди»[6].

Э.В. Ртвеладзе шу мақоласида Қадимги Шарқ ҳалқларига хос бўлган ёзувларнинг тарқалиш географиясини тузиб чиққан. Унинг ёзишича, хуррит ёзуви Каспий денгизининг жанубий қирғоқлари — Форс кўрфазининг шимоли-шарқий қирғоқлари — Марказий Эрон йўналишида тарқалган. Ҳақиқатдан ҳам шундай, Каспий ва Урмия кўли атрофларида хуррит ёзуви тарқалган. Бу Жанубий Туркманистондан бир неча юз километр, холос. Шу географик тарқалишни асос қилиб Э.В. Ртвеладзе Ўрта Осиё аҳолиси бронза даврида хуррит тилли бўлган деб ҳисоблайди. Э.В.Ртвеладзе ўз ғоясини яна бир маълумот билан қувватлашга харакат қилган. Унинг фикрича ўзбек уруғларидан бўлган «митан» уруғи билан хуррит давлатидаги «митани» номларининг ўхшашлиги мисол қилиб олинган. Ўзбек топонимларидан «урмитан», «хурмитан» (Бухора), «хуаразм» (Хоразм — хурритлар ери маъносида) каби этнотопонимларни ҳам хурритлар номи билан боғлайди[7].

Ўрта Осиёнинг бронза даври ёдгорликларидан биронта хуррит тили ёзувининг топилмаганлиги ва умуман Э.В. Ртвеладзенинг хурриттиллилик ғояси ҳақиқатдан жуда йироқ ва биронта фактик манбага таянмаган.

Ўрта Осиёнинг бронза даври аҳолиси тўғрисида А.А.Асқаровнинг умумий фикри шундай: «…қадимги деҳқончилик маданияти соҳиблари, Ўрта Осиёнинг шимолидаги чорвадор қабилалар, мумкинки Жанубий Рус чўл зоналари ҳалқлари бир тилда — Эрон тилли ва шу тил лаҳжаларида гапиришган. Менинг фикримча сополли ва кучуктепа маданияти халқлари тил жиҳатидан бир-бирини тушунишган, шу тил асосида Қадимги Бақтрия тили вужудга келган, яьни Эрон тили лаҳжаларидан бири»[8].

Сўнгги йилларда А.А. Асқаров «андронова маданиятининг бир қисм аҳолиси турктилли бўлганлиги» хусусидаги ғоя билан чиқди[9]. Ҳозирча ушбу ғоянинг тарафдорлари камчилликни ташкил этса-да, Қозоғистонлик археолог К.М. Байпаков андронова маданияти аҳолисининг бир қисми турк тилли бўлган, — деган фикрни олға сурмоқда[10]. Бу ғояларнинг асоси Қадимги Хитой йилномаларида келтирилган ёзма манбалар ҳисобланади. Маълумки, ушбу йилномаларда Хитойнинг шимолида милоддан аввалги III-I минг йилликларда «ди» — «тиек» -«тиеук» — «турк» халқлари яшаганлиги тўғрисида маълумотлар берилган[11].

Ўрта Осиё ҳудудларида андронова ва сакларнинг генетик бирлиги хусусида антропологлар[12] ва археологлар[13] ўз фикрларини билдиришган. Тарихий шароитларга қараб андронова маданиятининг милоддан аввалги VIII асргача яшаб келганлиги Жанубий Урал ва Қозоғистонда кузатилган[14]. Яна бир масалага ойдинлик киритиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз, айрим ҳудудларда андронова ва сакларнинг моддий маданиятида ўхшашлик сезилмаса, Тагискен маданияти билан дандибой-бегази ёки карасук маданиятлари ўртасида майитни кўмиш ва сополлар ўртасида ўхшашликлар кузатилган[15]. Бу ҳолат Хоразм сакларининг (массагетларининг) ерли маданият соҳиблари эканлигини тасдиқлайди. Улар ўтроқ деҳқончилик билан машғул бўлган жануб ҳалқлари билан доимий маданий алоқада бўлишган. Орол бўйларида яшаган сак қабилалари моддий маданиятида жануб сополларининг учраши А.С.Сагдуллаев мақолаларида ҳам ёритилган[16].

Афсуски, ҳозирги фанимизда сакларни ҳам эронтилли бўлган, — деган фикрлар мавжуд[17].

Жарқўтондан топилган эркак кишининг бюст ҳайкали асосида жарқўтон аҳолисининг ташқи тузилиши ҳақида тасаввур пайдо бўлди. Шу вақтгача жарқўтон ва бўстон қабрларидан кўплаб ҳайкаллар топилган бўлиб, уларда инсон қиёфаси антропоморф кўринишида ифодаланган эди. Жарқўтон аркидан топилган бюст ҳайкалда эса инсон қиёфаси ҳаётий тарзда тасвирланган. Шу ҳайкал асосида фикрлайдиган бўлсак, жарқўтон аҳолиси европоид ирқига оид бўлиб, қирра бурун, соч — соқоллари қора, қизил танли кишилар бўлган.

Албатта, Ўрта Осиёнинг жанубий минтақалари аҳолиси орийлар бўлганлиги тарихий ҳақиқатдан жуда йироқ. «Авесто» ва «Ригведа»да таърифланган орийларга сополли маданияти аҳли антропологик жиҳатдан ҳам ва улар яратган моддий маданият намуналари жиҳатидан ҳам ўхшамайди. Дравид тилли бўлганлиги эса хақиқатдан жуда йироқ. Сополли маданияти аҳолиси дравид тилли халқлар билан (хараппа маданияти) яқиндан маданий ва савдо алоқаларда бўлган. Аммо, бир халқ бўлганлиги жарқўтон ва хараппа маданияти ёдгорликлари моддий маданиятларини таққослаш натижасида инкор этилади. Хуррит тилли бўлмаганлигини эса юқорида кўрсатиб ўтдик.

Бизнинг фикримизча сополли маданияти аҳолиси анов-номозгоҳ, мурғоб, даштли, марказий ва шимолий Эрон аҳолиси билан бир этник гуруҳни ташкил этган ва қадимги Эрон тил лаҳжаларидан бирида гаплашган. Шу тил асосида Қадимги Бақтрия ва «Авесто» тили шаклланган.

Андронова маданияти аҳолисини илмий адабиётларда арийлар деб аталмоқда. «Авесто» ва «Ригведа»да таърифланган арийларга Андронова маданияти моддий маданияти, тарқалиш географияси, иқлими мос тушади. Биз ҳам шу фикрни қўллаб қувватлаймиз, аммо бу фикр бироз таҳрирни талаб қилади. Фикримизча, андронова маданиятининг бадавлат ҳарбийлари арийлар бўлган. Андронова маданиятининг камбағаллари чорваси йўқлигидан ўтроқ ҳаётга ўтиб, чуст, кучук ва яз I каби маданиятларнинг пайдо бўлишига замин яратган.

Ш.Б. Шайдуллаев (ЎзР ФА Археология институти)

«ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ: ИЛМИЙ-МЕТОДОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР, ЭТНОГЕНЕТИК ВА ЭТНИК ТАРИХ» МАВЗУСИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ СЕМИНАР МАТЕРИАЛЛАРИ

Тошкент шаҳри 2004 йил 19-20 ноябрь

[1] Т.К.Ходжаев. Антропологический состав населения эпохи бронзы Сапаллитепа – Ташкент, 1977

[2] Э.А.Грантовский. Иран и иранцы до Ахеменидов. М., 1998. С.41

[3] В.М.Массон. Печати протоиндийского типа из Алтын-депе (К проблеме этнической атрибуции культур расписной керамики Ближного Востока). ВДИ, 1977, №4

[4] Толстов С.П. Древний Хорезм. М., 1948. С.68; Толстов С.П. По следам древнехорезмской цивилизации. М.-Л., 1948. С.86

[5] Литвинский Б.А. Бронзовый век. История таджикского народа. Том I. М., 1963; Массон В.М. Печати протоиндийского типа из Алтын-депе (К проблеме этнической атрибуции культур расписной керамики Ближного Востока). ВДИ, 1977, №4

[6] Э.В.Ртвеладзе. К вопросу о субстратном языке юга Средней Азии (III-II тыс.до н.э.) // В книге «Тарих, Мустақиллик, Миллий ғоя (Республика илмий назарий анжумани материаллари). Тошкент, «Академия» нашриёти, 2001, 124 бет

[7] Ртвеладзе Э.В. Кўрсатилган асар, 125 бет

[8] Аскаров А.А. Южный Узбекистан во II тысячелетии до н.э. Этнические проблемы истории Централной Азии в древности. Труды международного симпозиума по этническим проблемам истории Центральной Азии в древности (II тыс. до н.э.). Душанбе, 17-22 октября 1977 г. М., 1981, С.167-179

[9] Аскаров А.А. Исконная … ИМКУ, вып.32

[10] Байпаков К. Империя древних тюрок. Тюркский мир (этнополитический и литературно-художественный журнал). М., 1999. № 1-2. С.10-12

[11] Материалы по этнической истории тюркских народов Центральной Азии. Ташкент, «Фан», 2003. С.10

[12] Гинзбург В.В. Материалы к антропологии гуннов и саков // СЭ, 1946, №4. С.210; Ходжаев Т.К. Динамика ареалов антропогенетических типов на территории Средней Азии (неолит — нач. XX в.) // СЭ. 1983, №3. С.101

[13] Кузьмина Е.Е. Дискуссионные проблемы отечественной скифологии // Народы Азии и Африки. М., 1980. №6; Кузьмина Е.Е. Классификация и периодизация памятников Андроновской культурной общности // Бюллетень Международной ассоциации по изучению культур Центральной Азии. Вып.9. М., 1985. С.43

[14] Черников С.С. Роль Андроновской культуры в истории Средней Азии и Казахстана // КСИА, 1957, XXXVI

[15] Яблонский Л.Т. Саки Южного Приаралья (археология и антропология могильников). М., 1996. С. 70

[16] Сагдуллаев А.С. Проблемы инноваций в Среднеазиатских комплексах эпохи раннего железа // Преемственность и инновация в развитии древних культур. Л., 1981. С. 111-112

[17] Пьянков И.В. Общественный строй ранних кочевников Средней Азии по данным античных авторов. Ранние кочевники Средней Азии и Казахстана. Тезесы докладов. Ноябрь 1975. Л., 1975. С. 84

Ўхшаш мақола

Ўзбек элатининг шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичлари

Маълумки, ўзбек элатининг шаклланиш жараёни бошқа туркий забон халқлардан бирмунча фарқ қилган. Жумладан: ўзбек элатининг …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *