Бош саҳифа » Тарих » Ўзбекистон: миллатнинг таваллуд топиши

Ўзбекистон: миллатнинг таваллуд топиши

XIV юзйиллик мобайнида маҳобатли салтанатга асос солган жаҳонгир Амир Темур номи билан юритилаётган хиёбон XIX аср сўнгида Тошкентнинг рамзий марказига айланган эди. Бир замонлар бу жойда Туркистон ўлкасининг дастлабки генерал губернатори Константин Кауфман (1818-1882), сўнгроқ эса Карл Марксга атаб ўрнатилган ёдгорлик ўрнини бугун Темурнинг отлиқ ҳайкали забт этган.

Шўролар Иттифоқи қулаши баробарида жаҳонгир Темур миллат отаси, ўзбек халқининг раҳнамоси мақомини олди. Аммо бу ўриндаги жумбоқли масала шунда эдики, унинг авлод ва ворисларини шимолроқдаги даштларда қувватга кирган ўзбекларнинг қабилавий бирлиги ҳали 1500 йилдаёқ Трансоксиана ёхуд Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқарган ҳамда токи XIX асрда Россия империяси ишғолига қадар ушбу минтақа улар ҳукми остида бўлган эди.

Темурнинг ўзбек миллати доҳийсига айланиши жараёнини кузатишга интилишларимиз шўролар миллий сиёсатининг XX аср бошларидаги инқилобий эҳтиросларга тўйинган маҳаллий зиёлилар қатлами билан ўзаро муносабатларига доир кам ўрганилган сўқмоқларида саргардон бўлишимизга олиб келиши тайин. Аммо тадқиқотларимиз давомида, замонавий ўзбек ўзлиги илдизларини маҳаллий зиёлиларнинг оташин интилишлари шўролар давлатининг мутлақо совуққон фаолияти билан ажабтовур тарзда ҳамоҳанг бўлган ўша долғали XX аср биринчи ярмидаги сиёсий воқеалардан қай маънода излаш лозимлиги ойдинлаша боради. Чингизий экани даргумон бўлса-да, замони келгач Темур Чингизхон салтанатининг давомчисига айланди (мўғуллар салтанатини амалда қўлга киритди). Унинг оламшумул фаолияти қудрат ва салоҳиятда тенгсиз давлат барпо этиш билан чекланиб қолмади. Темур ва унинг ворислари ҳукмронлиги мунажжим Мирзо Улуғбек ва шоир Алишер Навоий каби илм ва санъатнинг бемисл даҳоларини тақдим этган тенгсиз маданий юксалиш даврига боис бўлди. Темурийлар даври парвози чингизий давлат бошқарувининг исломий маданият андозалари билан уйғунлашувидан иборат бўлди. Туркий лаҳжа айни шу даврда адабий тил мавқеи қадар юксалди ва Чингизхоннинг Трансоксиана ёхуд Мовароуннаҳрни мерос қилиб олган учинчи ўғли исми шарафига Чиғатой тили дея атала бошланди. Навоий асарлари чиғатой назмиятини жаҳон мавқеи қадар юксалтириб, токи XX аср қадар муттасил бардавом бўлган адабий анъанага асос солди. Чиғатой тили форсий билан бақамтиликда тараққий топди. Шоирларнинг аксари икки тилли эди ҳамда бу ҳолнинг тадрижи ўлароқ, чиғатой шеърияти кўплаб форсий калима ва адабий тимсолларни табиий тарзда ўзлаштирди.

Темурийлар тарих саҳнасидан тушганларидан сўнг ҳам чиғатой маданияти ўз таъсирини сақлаб қолган эди. Чиғатой тили энди эски ўзбек тили деб аталар, Алишер Навоий эса ўзбек адабий шажарасида энг муҳим ўринни эгаллар экан, замонавий ўзбеклар ўзларини ана шу асрий анъаналарнинг бевосита ворислари, деб биладилар. Чиғатой мероси ва замонавий ўзбек халқи ўртасидаги боғлиқлик шўролар даврида яна ҳам аниқ шаклига эга бўлди. Табиийки, шўролар давлати Темурнинг ўзини асло сийламади (расмий матбуотда «унинг истилолари феодал характерга эга бўлиб, беҳад аёвсиз тарзда олиб борилганлиги» муттасил урғуланар эди), аммо Улуғбек ва Навоий сингари сиймоларга ўзбек маданияти даҳолари қаторидан мустаҳкам ўрин ҳозирланди. Навоий таваллудига беш юз йил тўлиши муносабати билан ушбу сана 1941 йили Бутуниттифоқ миқёсида кенг тантана қилинар экан, айнан мана шу воқеа ўзбек совет халқининг ўтмиш чиғатой меросига ўз табиий ҳуқуқини намойиш этишига имкон берди. ЎзССР Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги Навоий юбилейини ўтказиш қўмитаси топшириғи билан таниқли шарқшунос ва тарихшунос олим Александр Якубовский ўзбеклар тарихи бўйича илмий асар тайёрлади. «Ўзбек халқи этногенези масаласига доир» деб номланган ва фақат рус тилида нашр этилган ушбу мўъжаз рисола ўзбек миллий ўзлигини аниқлашга доир ҳамон ягона салмоқли матн ҳолича қолмоқда. Ушбу рисоласида Якубовский «ўзбек халқи XV асрдан Ўрта Осиёга кириб кела бошлаган, аммо бутун минтақани фақат XVI бошларидагина тўла забт эта олган Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбеклардан дебоча олади, қабилидаги ҳамон урфда бўлган қарашлар»ни шубҳа остига олади ва ушбу асоси мўрт қарашлар ўрнига ўзбекларнинг, улар маданияти ва тили келиб чиқиши анча қадимийроқ эканига оид бошқа пухта фаразларини тақдим этади:

«Кўчманчи ўзбеклар фақат энг сўнгги муҳим унсур сифатидагина ўзбек халқи таркибига қўшилди. Кўп асрлик мураккаб этногенез жараёни мобайнида бу ҳудудларда шаклланган Ўзбекистоннинг барча туркий аҳолиси ўзбек халқининг асосидир ва зинҳор кўчманчи ўзбеклар эмас. Келгинди ва кўчманчи ўзбеклар Мовароуннаҳр туркийлари орасида устун мавқеда бўлган ва чиғатой тили деб юритилган лаҳжани ўзлари учун адабий тил ўлароқ сўзсиз қабул қилганлари ҳолати ўта муҳимдир. Ўтмишга назар ташласак, ушбу тил қорахонийлар даври лаҳжасининг тараққиёт тизимига айнан эш эканини кўрамиз, замонавий нуқтаи назарга кўра эса чиғатой лаҳжаси замонавий ўзбек тили тараққиётининг босқичларидан биридир»[1].

Шу муносабати билан ЦК ВКП(б) Ўрта Осиё бюроси органи бўлган «За партию» газетаси саҳифаларида дуч келганимиз ва «чиғатойчилик»ни аёвсиз танқид остига олган мақола ғоят қизиқарлидир. Якубовский рисоласидан бор-йўғи 12 йил аввал чоп қилинган ушбу қаҳрли битиклар муаллифининг уқдиришлари мана булар:

«Чиғатой адабиёти… мазмун ва шаклига кўра замонавий ўзбекка мутлақо ёт. …Ўзбек тилининг бошланғич таъмали деб кўрилаётган чиғатой лаҳжаси ўзбекларнинг ҳозирги адабий тилидан мутлақо узоқдир. Чиғатой лаҳжасининг ўндан тўққиз улуши арабий ва форсий сўзлар қоришиғидан иборат. Шу сабаб бу тилни оддий бир саводхон ўзбек тугул, совет мактаби ва инпросларини (маориф олийгоҳлари) битирган ўзбек зиёлиси ҳам, агар у ўз даврида эски Бухоронинг диний «маҳадларини» тамомламаган бўлса, тушуна олмайди».

Ҳаттоки Навоий шеърияти ҳам «худо ва унинг пайғамбари тарғиботлари» билан тўладир. Ушбу танқидий мақола муаллифи Жалил Бойбўлатов назарида «чиғатойчилик» пантуркизм, панисломизм ва маҳаллий миллатчиликнинг бир шакли бўлиб кўринади:

«Бу адабиёт соҳасида байналмилал пролетар мафкураси билан алоқаларни узиш йўли, адабий шовинистларни вояга етказиш, ва оқибат «олтин асрлар» мафкураси бўлган мистицизмга қайтиш йўлидир»[2].

Бойбўлатов мақоласи ўзбек ва рус тилларида бот-бот қайта эълон қилинди ва 1930-йиллар ўзбек совет адабиёти ривожланиш йўлини белгилашда муҳим роль ўйнаган омиллардан бўлди. Бу адабиётда эса «чиғатойчилик» тамом назардан четлаштирилди, унга бирор ўрин раво кўрилмади.

Чиғатойчилик ва ўзбек зиёлилари

Ўрта Осиёнинг илк модернист зиёлилари (жадидлар) инқилоб арафасида чиғатойчиликка мустақил тарзда юз бурдилар. Ўрта Осиё Россия тарафидан истило этилгач, маҳаллий зиёлилар муттасил тараққиёт ва илғор маърифатгина бу юртни қудратли империя зулмидан қутқариш йўли эканига ишондилар. Зиёлилар (ўша даврларда урф бўлган миллий-озодлик мавзусига доир мулоҳазалардан) бу дунё аслида ўзаро муттасил рақобатда бўлган алоҳида халқ ва миллатлар мажмуидан иборат эканлиги ҳақидаги қоидани пухта англаб етдилар. Модомики шундай экан, яшаш учун курашда муваффақият қозонмоқ учун миллат, аввало, ўз-ўзини англаб етмоғи, иккинчидан эса, тараққиёт йўлига чиқиш ва ўзини муҳофаза эта олиш учун ташкилланмоғи лозим. Ушбу мантиқ жадидларни ўзлик масаласини янгича тарзда, Россия ва Усмонлилар давлати зиёлилари орасида оммалашаётган ўзликни англаш интилишларига уйғун тарзда, қўйишларига олиб келди. Ўзаро умумийлик ва айнийлик борасидаги асос тушунчаларни ўзлаштириш муҳим нуқта касб этди. Ҳар икки салтанатнинг мусулмон зиёлилари дафъатан ўз туркий илдизларини «кашф» этиб, бундан ифтихор туйишни ўргандилар. Ушбу ҳодисани мусулмон элитасининг (сара намоёндаларининг) жамият ҳақидаги тасаввурларини пароканда этган туркчилик ғоясининг юксалиши, деб аташ мумкин эди. Этник келиб чиқиш, миллий ўзликка урғу берилиши Ўрта Осиё жамиятларидаги ҳукмрон тушунчаларни шакллантирган диний ва сулолавий принципларнинг амалдаги инқирози эди. Боз устига, жадидлар олға сураётган бу қарашлар ўша давр этнографик илмининг энг янги тадқиқотлари, туркийшунослик ва лингвистика ютуқлари билан ҳам тўйинтирилган эди. Гарчи Рус ва Британ империясидаги маълум доиралар бу икки тушунчани ўзаро чалкаштирса-да, аммо туркийлик ўз ҳолича пантуркизмга кечиб ўтиши мумкин эмасди. Аксига олиб, кейинроқ соҳа олимлари ҳам айни янглиш тасаввурни барқарор этишди[3]. Нафсиламбри, туркийлик тушунчасининг талқини ягона эмас, Усмонлилар салтанати аҳли, тоторлар ва Ўрта Осиё аҳолиси айни тушунчага турлича қадриятларни жойлаган эди. Хусусан, Ўрта Осиёда туркийликнинг ғоявий ҳосиласи айнан чиғатойчилик бўлди ва ушбу минтақанинг ўзига хос туркий мероси айнан мана шу шамойилда юзага чиқдики, бу шакл кўп ҳолларда туркийликнинг бошқа кўринишлари билан зиддиятларга киришди.

Бу даврнинг энг кўзга кўринган намоёндаларидан бири Абдурауф Фитрат (1886-1938) эди. Бухорода таълим олган Фитрат сўнгра Истамбулда тўрт йил (1909-1913) илм билан машғул бўлди ва туркчилик ғояларини ўзига сингдирди. 1917 йилдан эътиборан у Темур сиймоси Ўрта Осиё миллий ўзлигининг таъмал асоси эканини муттасил уқдирар эди. Унинг талқинида Темур бир сулола асосчиси ва жаҳонгирдан Ўрта Осиё туркий миллатининг даҳосига, валинеъматига айланган эди. 1918 йил охирларида Фитрат бир қанча маслакдошлари билан бирга «Чиғатой гурунги» номли маданий бирлик таъсис этди. Ушбу жамият «туркий тилни янгилаш, унинг сўзлик тизими ва бадиий адабиётини бойитиш учун бутун Туркистон бўйлаб эски ва янги туркий асар ва манбаларни жамлай бориш»ни[4] ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Кейинги икки йил давомида ташкилот тил ва адабиёт масалаларига қаратилган бир қатор мунозаралар уюштирди, шунингдек, имло қоидаларини ислоҳ қилиш масаласини кўтариб чиқди. Туркийликни ҳар жабҳада юксалтиришни бош вазифа деб билган «Чиғатой гурунги» вакиллари Боту, Уйғур, Чингиз ва Темучин сингари тахаллуслар остида асарлар битдилар, Алишер Навоийни Чиғатой адабиётининг улуғ асосчиси дея эътироф этдилар.

Пантуркизм ғояларини тарқатганлик иддаоси билан 1922 йилда «Чиғатой гурунги» фаолиятига чек қўйилди ва токи шўролар замони сўнгига қадар бу ташкилот шу каби маломатлардан қутула олмади. Аммо бор ҳақиқат шунда эдики, гурунг вакиллари аслида бутун фаолиятлари билан усмонийликка қарши эдилар, улар усмоний туркчасига асосланган «умумтуркий тил» ғоясининг оташин рақиблари эдилар. Улар, жумладан, Тошкентдаги мусулмон мактабларида турк тили асосида таълим берилишига қарши кураш олиб боришган эди. Гап шунда эдики, Биринчи жаҳон уруши давомида асир олинган кўплаб турк ҳарбийлари 1918-1920 йилларда Тошкент мактабларида мударрислик қилган ва маҳаллий тилни турк тилининг бир лаҳжаси сифатида кўрар, Тошкент шаҳар маориф шўъбаси ижозати билан мусулмон мактабларида «она тили»ни уч йил ўқитилганидан сўнг дарҳол «умумтуркий тил» таълими бошланар эди. Истамбулда тўрт йил яшаб кўрган Фитрат бу ҳолни «ўз тилимизга ҳақорат ва уни назарга илмаслик» сифатида қабул қилди, илло, унинг чуқур эътиқодича, айнан Чиғатой аслли ўзбек тилида «барча туркий адабиётлар ичида энг тўкис, энг бой ва қиймати тенгсиз асарлар яратилган»[5] эди. Таъкидлаш лозимки, Фитратнинг Чиғатой меросига мурожаатлари тилни замонавийлаштириш ва «миллийлаштириш»га қаратилган беқиёс истаклари ва бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари билан ҳамиша ҳамоҳанг эди. Айнан шу боис ҳам у ёзма тилни оғзакисига яқинлаштириш мақсадида имлони ислоҳ қилиш, янги сўз бойлиги устида ишлаш ҳамда барча жабҳада араб ва форс тиллари таъсирига қатъий тарзда қарши туриш ғояларини тинимсиз илгари суриб келди. Сўнгги масала ўта мушкул эди, зотан, Чиғатой адабиёти кўплаб тимсоллар ва калималарни айнан араб ва форсий манбалардан ўзлаштириб, ўзига сингдирган эди. Бу йилларда вужудга келган ва амалда эса ўзбекча ижодиётнинг муҳташам даврига тааллуқли янги адабиёт анъанавий андозалардан воз кечиш, янги сўзларни дадил тасарруф этиш ва воқеликка янгича тарзда бадиий ёндошув хусусиятларини ўзида намоён этди[6]. Чиғатой ва ўзбек тилларининг ўзаро муносабатлари бағрида такомиллашув салоҳияти мавжуд эди ва шу боис ҳам Фитрат турк ва ёхуд татар тилларидан калималар ўзлаштириш ўрнига, билъакс, замонавий ўзбек тили қоидаларини айнан чиғатой тилининг ички мантиғи асосида шакллантириш мумкинлигига чин дилдан ишонган эди. Мана шу фаолиятларга асосланиб айтиш мумкинки, чиғатойчилик аслида пантуркизм қарашларидан жуда узоқда эди ва эҳтимолки, мана шу тариқа Ўрта Осиё ёхуд Туркистон ўзининг туркий дунёдаги алоҳида ва хос ўрнини намойиш этишни истаган эди.

Ўзбек миллатининг таърифи

Зиёлиларнинг оташин мубоҳасалари халқнинг ўзи тасаввур этган ўзлик тушунчаларидан кўп ҳолларда узоқ эди. Жадидчилик пайдо бўлгунига қадарги ўша даврда  манбаларида ўзбек миллати ҳақида деярли ҳеч нарса учрамайди. Россия истилосигача Ўрта Осиё аҳолиси турли гуруҳларининг ўз-ўзини англами минтақанинг ижтимоий ва иқтисодий тузилмаси билангина чамбарчас боғланган ва шу боис ҳам умумийликдан кўра хусусийликка мойил тарқоқ кўринишда эди. Маҳаллий аҳоли ўзини қай тарзда таърифлашига ойдинлик киритишни режалаган 1921 йилги этнографик тадқиқотлар «бирор бир унсур — на тил, на қабилавий умумийлик, на бошқарув услублари ва ҳатто қиёфавий ўхшашлик ҳам ушбу масалани тугал ечиб бера олмаслигини» аниқлади[7]. Аҳолини гуруҳларга ажратиш — уларнинг лисоний ва этник тоифаланишига мувофиқ келмади. Боз устига, бу тадбирлар у ёки бу гуруҳ ўзаро муомалада тасарруф этадиган тил доирасини ҳам қамраб ола билмади. Айрим гуруҳлар, масалан, Бухоро ўзбеклари ўзларини айнан ўзбек деб атаганлари ҳолда мутлақо форсийда сўзлашарди[8]. Антрополог Болқиз Кармишева 1949 йили Болжувонда яна ҳам ажабтовур жамоатга дуч келди: улар ўзларининг туркий қабилага мансуб эканларини ифтихор билан таъкидлар эканлар, айни пайтда фақат тожик тилида мулоқот қилишади. Жумбоқли бу ҳолатдан чора сифатида улар ўзларини «туркий асилли тожиклар»[9] деб ҳисоблашлари жуда мароқли эди. Одатда Трансоксиананинг кўчманчи халқлари ўзларини ўзбек деб аташарди. Шаҳар аҳолиси бўлса, кўп ҳолларда, ўзига асосан яшаш жойига кўра нисбат берар, бу ҳам кифоя қилмаса, ўзини «сорт» ва ё «туркий» дея биларди[10]. Шу тариқа, Ўрта Осиёнинг барча ўтроқ аҳолиси ягона ўзбек миллатини ташкил этади, деган кўринишдаги жадидларнинг таъкидлари бу масалада бурилиш ясади ва инқилобий даврнинг сиёсий воқеаларида муҳим ўрин эгаллади[11].

«У ёки бу халқ шаклланиши ҳолатларини унинг хос номи тарихидан фарқлаш»[12] лозимлиги ҳақидаги Якубовскийнинг сўзлари амалда тамомила тескари исботини топди. Якубовский ўзбек миллати уни шу ном билан атай бошлаганларидан анча аввал мавжуд эди, деб таъкидлаган эди. Аммо фикри ожизимча, вазият бунинг мутлақ чаппаси эди: «ўзбеклар» атамаси айнан ўзбек халқининг ўзи пайдо бўлишидан анча аввал ҳам, зиёлилар етакчилик қилган сиёсий ҳаракат шарофати билан инқилоб даврида юзага чиққан, қолаверса, Совет Ўзбекистони қарор топиши ортидан тасдиқ бўлган халқнинг ўзидан илгари ҳам мавжуд эди. Инқилоб алангаланган ўша 1917 йилда «ўзбекчилик» у қадар муҳим сиёсий ўрин тутмаган, зотан, жорий сиёсий муҳорабалар Туркистон деб аталган ҳудудга дохил тарзда кечаётган эди. 1917 йил ноябрида Қўқонда эълон қилинган (ва тўла руслардан ташкил топган Тошкент кенгашининг Қизил гвардияси 1918 йил февралида барҳам берган) мухтор ҳукумат «Туркистон халқлари» номидан фаолият бошлади ва маҳаллий депутатларнинг бўлғуси қурултойида ўлканинг рус аҳолиси ҳам тўлақонли вакиллар билан иштирок этишини кафолатлаган эди[13]. Аммо жадал одимлаб бораётган миллий уйғониш туфайли «Туркистон мусулмонлари» жамоати, Ўрта Осиё мусулмон зиёлилари сиёсий тасаввурида, осонгина ўзбек миллатига айланди ва бу ҳақида 1920-йилларда дадил сўз юритила бошланди.

Рус этнограф олимлари ва статистика мутахассислари маҳаллий аҳолининг миллий ўзлиги борасидаги жумбоқни барибир еча олишмади ва Ўрта Осиё миллий турфалигига оид 1917 йилга қадар ишлаб чиқилган ҳар қандай ҳужжатлар нотугал бўлиб қолаверди. Ҳаттоки, миллий-ҳудудий чегаралаш жараёнлари жадал бораётган ўша 1924 йилда ҳам этнограф олим Владимир Кун куйиниб мана буларни битган эди:

«Туркистон этнографиясига доир ихтиёримизда бўлган талайгина илмий адабиётларнинг бари, таассуфки, маҳаллий аҳоли турмушининг аксар тарафларини ёритиб бера олмайди. Тадқиқотларнинг асосий мўлжали бўлган Туркистон аҳолисининг қабилавий таркиби ва уларнинг мамлакат бўйлаб жойлашиш харитаси ҳам етарлича ўрганилмаган»[14].

Энг мураккаби Ўрта Осиёнинг ўтроқ аҳолисини таҳлил этиш ишлари эди, Россия ҳукмронлигининг 50 йили давомида ҳам тажриба ва тадқиқотларга асосланган таснифлашнинг имкони бўлмади[15]. Ўзаро чатишиб кетган «сортлар», «туркий» ва «ўзбеклар» атамалари шу ҳолича ечилмай қолиб кетди. 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш давомида бу атамаларнинг барчаси ўхшаш маънода ҳужжатларда қайд этилди. Кундалик ҳаётда эса русийзабон аҳоли ва амалдорлар Туркистоннинг тубжой аҳолисини «туземец» ёки соддароқ қилиб «мусулмонлар» деб атарди.

Ушбу муаммо билан таниш бўлган дастлабки шўро раҳбарлари унинг ечимига жиддийроқ киришишга ҳаракат қилишди. Ленин 1920 йилда «Ўзбекия, Қирғизия (Бу ерда ва кейинги ўринларда «Қирғиз» ва «Қирғизия» атамалари ҳозирги Қозоғистон маъносини беради. Ҳозирги Қирғизистон эса у вақтларда РСФСР таркибидаги Қорақирғиз мухтор вилояти эди. Таржимон изоҳи)  ва Туркменияга ажратилган Туркистоннинг (этнографик ва бошқа) харитасини тузиш»[16] зарурати ҳақида фикр билдирган эди. Аммо инқилоб ва фуқаролар уруши даври бу каби этнографик эрмаклар учун бемаврид вақт эди.

Бу йилларда Туркистон статистика комиссияси жадал иш олиб борар, аммо унда таҳлилдан кўра маълумотлар тўплашга кўпроқ эътибор қаратилган эди. Москва ва Петрограддаги институтлар ҳам айни фаолият билан машғул эди. Иттифоқо, этнограф Владимир Кун республика Совнаркоми қўлловида Туркистон тубжой аҳолиси турмушини ўрганиш бўйича илмий комиссия ташкил этишга муваффақ бўлди. 1921-1922 йил ёз ойларида этнографик сафарлар уюштирилди, аммо маблағ тақчиллиги ва босмачилар қаршилиги туфайли комиссия ишлари якунланмай қолиб кетди[17]. Туркистонда яшаётган элатлар рўйхати ва шунингдек, турлича баҳоналар ва маълумотлар танқислигига доир ёзғиришлардан иборат қоғозлар ушбу комиссия ишининг бирдан-бир натижаси ўлароқ сақланиб қолди[18]. Ўрта Осиё халқларининг этник таснифи ҳудудий чегараланиш жараёни бошланган 1924 йилга қадар ҳам узуқ-юлуқ ҳолича эди. Чегараларни аниқлаш, шу тариқа, тайёр этнографик билимларга асосланмади, мутахассислар хулосаларига зиғирча эътибор қаратилмади. Нафсиламбри, руслар амалга оширган этнографик таснифлар Туркистон зиёлилари учун ҳам у қадар аҳамиятли эмас эди. Инқилобга қадар бўлган ҳамда Россия ва Усмонлилар давлатида пайдо бўлган туркийчиликка оид мулоҳазалар жадидлар учун асосий манба бўлиб хизмат қилди. Айни пайтда улар ўша мулоҳаза ва қарашлардан Туркистон шароити ва жадидлар режаларига мувофиқ келадиганларини алоҳида тарзда истифода этишди.

Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш

Ўрта Осиёда аҳолининг миллий хусусиятларига кўра чегараларни белгилаш умумшўро сиёсати амалга оширилар экан, ушбу жараённинг ҳосиласи ўлароқ, харитада янги Ўзбекистон давлати пайдо бўлди. Бу ишлар ВКП(б) ташкилий бюроси 1924 йил январида қабул қилган қароридан сўнг дафъатан бошланиб кетди:

«Туркистонга сафари давомида ўрт. Рудзутакка Бухоро, (имкон бўлса) Хоразм ва Туркистоннинг масъул ходимлари иштирокида мажлис ўтказиб, Қирғиз, Ўзбек ва Туркман вилоятларининг миллий принципларга мувофиқ чегараланиши эҳтимоли ва зарурати борасидаги масалани ўрганиб чиқиш вазифаси топширилсин»[19].

Масала ҳали тахминий хусусиятга эга бўлишига қарамасдан, жараёнлар шиддатли тус ола бошлади. Масала ҳар уч республика компартиялари марказқўмларида феврал ва март ойларида муҳокама қилинди, апрелда эса улар қабул қилган қарорлар ВКП(б) Ўрта Осиё бюросига тақдим этилди ва бюрода ишлаб чиқилган резолюция лойиҳаси Сиёсий бюрога юборилди. Мувофиқ декрет 1924 йил 4 июнида қабул қилинди. Ёз давомида ҳудудий комиссия республикалар чегараларини аниқлаб чиқди. Ўз ваколатларини бекор қилиб, янги республикалар ташкил этилганини эълон қилиш учун бу республикалар ижроия қўмиталари учрашган 1924 йил 18 ноябрига қадар асосий ишлар якунлаб бўлинган эди[20].

Айни шу воқеалардан сўнг юзага чиққан мунозаралар кинояларга тўлалиги ва мутахассислар фикрларига мутлақо ўрин берилмаганлиги билан эътиборни тортади. Марказий статистика комиссиясининг бир неча қайдларини истисно этганда, чегараларни аниқлаш жараёнида экспертлар иштирок этишмади. Ҳудудий комиссия ўта шошқалоқлик билан иш юритди — муҳим масалалар бир неча ҳафта ичидаёқ юмалоқ-ёстиқ ҳал қилиниши оқибатида масалага алоқадор этнографик ҳисоботларни ўрганиб чиқишга комиссия аъзоларининг вақти бўлмади. Қарорлар одатда муайян маълумотлар асосида эмас, билъакс эътирозлар ва ана шу эътирозларга ғайри эътирозлар асосида ишлаб чиқилар эди. Мисол учун, ўша вақтлар РСФСР таркибида бўлган Қирғиз республикасининг Марказий ижроия қўмитаси Жеттису (Семиречье) ва Сирдарё вилоятлари аҳолисининг 93 фоизини қозоқлар ташкил этади, деб барчага уқдиришдан қолмади[21]. 1924 йил августида қозоқ вакиллари ҳатто Бухоро Халқ Совет Республикасида яшаётган қозоқлар учун алоҳида мухтор вилоят ташкил этиш масаласини кўтариб чиқишди. БХСРнинг ўзбек намоёндаси бўлган Мусо Саиджонов Бухоро қозоқларининг сони 30 мингдан ошмаслигини кўрсатиб ўтса-да, унга эътирозан қозоқ делегати Нарусбаев бу миқдор 360 мингдан юқори эканини айтиб туриб олди. Мунозаралар давомида қозоқ аҳолисининг сони у ёқда турсин, бу икки вакил ҳатто сўнгги Бухоро кенгаши қурултойидаги қозоқ делегатлари сони бўйича ҳам бир тўхтамга кела олишмади[22]. Аввалги барча аҳолини рўйхатга олиш натижалари (1897 йилги умумроссия тадбири ва 1917 ва 1920 йиллардаги тўлиқ бўлмаган қишлоқ хўжалик ҳисоби) худди шу тариқа шубҳа остига олинди, ҳудудий даъволар эса атиги томонлар манфаатига у ёки бу даражада мувофиқ келадиган айрим ҳужжатлар билан асослана бошлади. Эътиборлиси шунда эдики, жараённинг барча жиҳатлари мустақил тарзда маҳаллий кадрлар томонидан ишлаб чиқилди, партия комиссиялари эса чорасиз ҳоллардагина мубоҳасали нуқталарни ҳал қилишда иштирок этарди. Миллий чегараланиш, шу тариқа, Ўрта Осиё миллий кадрлари эришган энг юқори сиёсий ютуқ ва минтақада миллий ғоя тантанасига айланди.

Ўзбек лойиҳаси Бухоро халқ комиссарлари кенгаши раиси, Фитратнинг шогирди Файзулло Хўжаев томонидан тайёрланган эди. Хўжаев Средазбюро назарида энг ишончли одам сифатида кўриларди. Ушбу ҳужжат даставвалида шуларни ўқиймиз:

«Ўтмиш замонларда Темур ва унинг ворислари давлатида мужассамлашган ўзбек халқи кейинги асрларда бўлинишни бошидан кечирди. Бир давлатда бирлашган халқнинг парчаланиб кетиши асрлар давомида хўжалик юритиш ва сиёсий қурилманинг заифланишига олиб келди. Ушбу фожеалар силсиласининг якуни ўлароқ, халқнинг иқтисодий парокандалиги, давлат бирлигининг бой берилиши ва хонлик, амирлик ва чоризм истибдоди остида унинг жисмонан барбод бўлиши содир бўлди»[23].

Шундай қилиб, Темур давлати аслан ўзбеклар давлати деб, унинг парчаланиши эса ўзбек миллатининг иқтисодий ва сиёсий таназзули сабаби, деб эътироф қилинади! Ушбу ҳужжат давомида ўзбек халқининг қайта бирлашуви зарурлиги совет қурилишининг ҳаётий муҳим вазифаси дея таъкидланади:

«Ушбу вазифани зудлик билан ҳал этишни инкор этиш — Ўрта Осиё халқлари тараққиётига тўғаноқ солиб, миллатларни сунъий тарзда бўлаклашга қаратилган ҳозирги хатарли вазиятни сақлаб қолади»[24].

Бухоро ҳудудлари асосида янги Ўзбекистонни ташкил этиш зарурати кўрсатиб берилган ушбу лойиҳа Средазбюро томонидан 1924 йилда тасдиқланди. Шу тариқа пайдо бўлган Ўзбекистон (таркибидаги Тожикистон АССР билан бирга) Ўрта Осиёнинг барча ўтроқ ва чала ўтроқ аҳолисини бирлаштирди ва ўзини Темур таъсис этган давлатчиликнинг бевосита вориси, деб билди.

Янги Ўзбекистон фуқаролари энди ўзбек бўлишга кўникишлари лозим эди. Кейинги йиллар мобайнида миллий тарихнинг битилиши, маданий мероснинг ўрганилиши ва имло тилининг андозага солиниши жараёнлари умумий ўзбеклик туйғулари қарор топишига кўмак берди. Бу туйғулар жуда кучли эди, аммо миллат барпо бўлиши билан боғлиқ ҳар қайси лойиҳада бўлганидек, бу ҳол миллат яратилишининг шарт-шароитлари аслида қандай бўлганини унутишга олиб келди. Бу жараёнлар асло осон кечмади. Ўзбек маданиятининг муайян жиҳатлари қандай кўринишга эга бўлмоғи лозимлиги борасида эски зиёлилар, маҳаллий коммунистлар, партия раҳбарияти ва рус олимлари мутлақо турли қарашларга эга эди ва бу ҳол, яъни ўзбек маданияти ҳамда ўзбек совет миллати ўзлигини аниқлаш масаласи кейинги даврларда кўплаб низоларга сабабчи бўлди. Қарашлардаги тафовутлар маъносида Ўзбекистон СССРнинг бошқа миллий республикаларидан асло фарқ қилмасди, аммо бу ўринда биз яна чиғатойчилик ва Абдурауф Фитратга қайтамиз.

Икки ярим йил давомида Фитрат БХСР ҳукумати таркибида, жумладан, маориф вазири сифатида меҳнат қилди. У бутун бошли мусиқашунослик бўйича тадқиқотлар билан бойитилган дастур асосида шарқий мусиқа мактабига асос солди (халқ куйларини ноталарга кўчириб, грампластинкаларга муҳрлаш ишларига раҳбарлик учун Виктор Успенскийни жалб қилди). Фитрат Арминий Вамбери ва Василий Бартольдлар қаламига мансуб Ўрта Осиё тарихига оид асарларни ўзбек тилига ўгиришда ташаббус кўрсатди. Аммо, Средазбюро ходимлари унинг фаолиятини ҳаддан зиёд миллатчилик деб ҳисоблашар ва шу сабаб 1923 йилги йирик тозалашлар давомида у ҳукумат таркибидан чиқарилади. Кейинги икки йил давомида Москвада яшаган Фитрат ўзини бутунлай тадқиқот ишларига бағишлади. 1925 йил сўнгида Ўзбекистонга қайтгач эса Ўрта Осиё адабиёти ва мусиқасига доир бир қатор йирик асарларини нашр эттирди. Бойбўлатовнинг ашаддий танқидларига учраган «Ўзбек адабиёти намуналари» ана шу асарлари қаторида эди. Илмий жиҳатдан пухта ишланган ушбу рисоласида Фитрат ўзбек мумтоз адабиётининг энг сара куллиётини яратдики, бу асар замонавий ўзбек адабиёти учун бир дастуриламал каби шамойил касб этган эди.

«Бизнинг ўлка фақат XVI асрга келиб ўзбеклар юрти дея атала бошлаган эса-да, Ўрта Осиёда туркийлар бундан анча замонлар илгари яшай бошлаганлари ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг ўз ҳолича мустақил тараққий этган ўз адабиётлари бор эдики, ўзбеклар юксалиши билан бу Чиғатой адабиёти дея юритила бошланган эди»[25].

Якубовский 1941 йилда битган асарида қарийб мана шундай мантиқ асосида мулоҳаза юритган, аммо 1929 йили Фитрат айни мантиқ ортидан аёвсиз танқидларга нишон бўлган эди.

Мафкуравий жабҳа

Юқорида кўриб ўтганимиздек, Бойбўлатов Фитратни мистицизм, панисломизм, пантуркизм ва миллатчиликда айблайди. Бундан ташқари уни, ўзининг тили билан айтганда, қуйидаги масала ташвишга солади: «Бу ўринда беихтиёр савол туғилади, — дейди Бойбўлатов, — не сабабдан айнан Чиғатой адабиёти замонавий ўзбек пролетар адабиётига асос бўлиб хизмат қилиши мумкин?»[26]. Аммо у бошқа бир мантиқли саволни ўртага ташлашни хаёлига ҳам келтирмайди: пролетариатнинг ўзи мавжуд бўлмаган шароитда қай йўсинда пролетар адабиёти пайдо бўлиши мумкин? Чиндан ҳам инқилобий ўша даврда ўзбек пролетариатидан ҳали нишона ҳам йўқ эди, ахир. 1920-йилларда совет иқтисодиёти ривожланар экан, Ўрта Осиё олдига қўйилган асосий вазифа фақат пахта етиштириш экани ойдинлаша борди. Саноат соҳасига йўналтирилган ётиримлар айтишга ҳам арзимас даражада эканлиги маҳаллий зиёлиларнинг норозиликларига сабаб бўлган эди.

Бойбўлатовнинг Фитратга ҳужумлари садоқати ва мафкуравий софлигига ҳамиша шубҳа билан қараб келинган эски зиёлиларга (яъни жадидларга) қарши партия 1926 йилда бошлаб берган «мафкуравий жабҳа»нинг бир қисми бўлиб, ушбу босимлар жадидларни муҳим маданий масалалардаги иштирокини йўққа чиқариши ва шу билан партия ташкилотлари ролини яна ҳам ошириши лозим эди. Ўзбекистон Комфирқасининг биринчи котиби ва ўзини сўлқанот коммунист деб билган Акмал Икромов, албаттаки Средазбюро кўрсатмаси билан, ушбу жабҳага бошчилик қилди. Кейинги йилларда шўролар муассасаларида шаклланган (уларнинг кўплари Москвада таҳсил олишган эди) ёш зиёлиларнинг бутун бошли гуруҳи жадидларни миллатчилик, панисломизм ва пантуркизмдан тортиб аксилинқилобчилик ва аксилшўро фаолияти каби куракда турмас барча гуноҳларда айблаб, уларга қарши умумий курашга қўшилди. Шундай бўлсада, Бойбўлатовнинг ўзи бу гуруҳга мансуб эмасди. У маҳаллий чекистлардан бўлиб, Фитратни аксилшўровий фаолиятга алоқадор, деб биларди[27]. Фитратга бу айбловларга қарши матбуотда жавоб қайтариш имкони берилган бўлса-да, аммо у ва маслакдошлари устида қора булутлар қуюқлашмоқда эди. Матбуотда уларга қарши маломатлар муттасил чоп қилинар, ёш адиблар ўзларининг «пролетар» насабларини хаспўшласа, чекистлар мафкуравий софлик муҳофазасига отланганларини баралла маълум қилишарди. 1930 йилда Наркомпросни (маориф халқ комиссарлиги) миллатчи кайфиятидаги зиёлилардан тозалаш тадбирлари бўлиб ўтди. Фитрат дохил энг таниқлиларга, қисман Файзулло Хўжаев васийлиги сабаб, ҳозирча тегишмади. 1937 йилда эса Хўжаевнинг ўзи (Акмал Икромов билан бирга) Комфирқа ғазабига дучор бўлгач, «эски зиёлилар»нинг омонликка илинжлари ҳам битган эди. 1937 йилда уларнинг барчаси ҳибсга олиниб, кейинроқ (кўплари 1938 йил октябр кечаларининг бирида) отиб ташланди.

Хотима

1941 йили Якубовский қуйидагиларни битган эди:

«СССРнинг бошқа халқлари билан бирга баҳамжиҳат коммунистик жамият қураётган замонавий ўзбеклар ўз асосларини, келиб чиқиш ўзакларини билмайдиган халқ эмасдир… Ушбу халқ Ўзбекистон ҳудудларида кечган ўзининг олис ва давомли тараққиёт тарихига эгадир. Бу халқ адабиёти ва тилига доир тадқиқотлар ҳам Хўжа Аҳмад Яссавийдан дебоча олиб, Лутфий ва Алишер Навоий орқали ҳозирги замон ўзбек адабий тили ҳолатига томон бўлган узлуксиз тараққиёт силсиласини намоён этади»[28].

Гарчанд Якубовский илмий ва «этногенетик» асосларга таяниб айни шу хулосаларга келган бўлса-да, Фитрат уларни тўла-тўкис қувватлаган бўларди. Таассуфки, бу вақтда ушбу улуғ  жадид, уч йилдирки, аллақаердадир номаълум қабрда ётар эди. Орадан кўп ўтмай, 1940-йиллардаёқ совет ўзбекларининг ўзлигига доир расмий назария мақомини олган ғоялар учун, Фитрат ва унинг маслакдошлари шу тариқа ўз жонлари билан товон тўладилар.

Адиб Холид, тарихчи

 

1) Якубовский А.Ю. К вопросу об этногенезе узбекского народа. Ташкент, 1941. С. 1, 12, 13.

2) Байбулатов Дж. Узбекская литература и чагатаизм // За партию. 1929. № 3–4. С. 99–111.

3) Туркийлик юксалишига доир, шунингдек, Россия ва Усмонлилар давлати зиёлилари ўртасидаги ғоявий ҳамкорлик борасидаги муфассал таҳлилий асарлар ҳалигача мавжуд эмас. Бу борадаги ягона асар 1929 йилга оиддир: Akçuraoğlu Y. Türkçülük // Türk Yılı. Ankara, 1928. С. 288–459. Ориентализм ва туркология соҳасида XIX асрда эришилган кашфиётлар муҳимлиги борасида: Gökalp Z. Türkçülüğün esasları. Istanbul, 1923. С. 5–10.

4) Чиғатой гурунги // Иштирокиюн. 1919. 4 февраль.

5) Имло ислоҳотига бағишланган анжуманда Фитрат сўзлаган нутққа қаралсин: 1921 йил январида бўлган биринчи ўлка ўзбек тил ва имло қурултойининг чиқорган қарорлари. Ташкент, 1922. С. 35–40.

6) Ушбу шеъриятнинг энг яхши намуналари «Чиғатой гурунги» нашр этган тўпламга киритилган: Ёш ўзбек шоирлари [Молодые узбекские поэты]. Ташкент, 1922.

7) Кун В. Изучение этнографического состава Туркестана // Новый Восток. 1924. № 6. С. 351.

8) Сухарева О.А. Бухара XIX – начала XX в.: позднефеодальный город и его население. М., 1966. С. 129–139.

9) Кармышева Б.Х. Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана. М., 1976. С. 76.

10) Подробнее об этих вопросах см.: Khalid A. The Politics of Muslim Cultural Reform: Jadidism in Central Asia. Berkeley, 1998. P. 184–215.

11) Туркистонда 1917 йилда кечган сиёсий воқеалар мана бу асарда таҳлил этилган: Халид А. Туркестан в 1917–1922 годах: борьба за власть на окраине России // Трагедия великой державы: национальный вопрос и распад Советского Союза. М., 2005. С. 189–226.

12) Якубовский А.Ю. Указ. соч. С. 1.

13) Агзамходжаев С. История Туркестанской автономии (Туркистон мухторияти). Ташкент, 2006.

14) Кун В. Указ. соч. С. 350.

15) Абашин С.Н. Национализмы в Средней Азии: в поисках идентичности. СПб., 2007.

16) Ленин В.И. Замечания на проекте решения ЦК о задачах РКП(б) в Туркестане // Полное собрание сочинений. М., 1970. Т. 41. С. 435–436.

17) Кун В. Указ. соч. С. 351–354.

18) Зарубин И.И. Список народностей Туркестанского края. Л., 1925. 1922 йилда битилган ушбу рисола фақат Туркистон бартараф этилган 1925 йилдагина нашр этилди.

19) Россия и Центральная Азия. 1905–1925 гг. Сборник документов / Сост. Д.А. Аманжолова. Караганды, 2005. С. 399.

20) Ушбу жараён мана бу манбада ажойиб тарзда ифода этилган: Haugen A. The Establishment of National Republics in Soviet Central Asia. London, 2003.

21) Россия Федерацияси давлат архиви. Ф. 1318. Оп. 1. Д. 12. Л. 144.

22) Россия Федерацияси ижтимоий-сиёсий тарих давлат архиви (РГАСПИ). Ф. 62. Оп. 2. Д. 109. Л. 73. Оқибатда Қозоқ мухтор вилояти ташкил этилмади.

23) РГАСПИ. Ф. 62. Оп. 2. Д. 101. Л. 1.

24) Там же. Л. 3.

25) Фитрат А. Ўзбек адабиёти намуналари. Ташкент, 1928. С. XI.

26) Байбулатов Дж. Указ. соч. С. 100–101.

27) Турдиев Ш. Фитрат махфий сиёсий кузатувда // Миллий тикланиш [Ташкент]. 1996. 17 декабря.

28) Якубовский А.Ю. Указ. соч. С. 18–19.

Манба

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, который уже корчился …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *