Бош саҳифа » Биласизми? » Ўзбекистон меъморчилигидаги миноралар ва минорасимон қурилмаларнинг қиёсий таҳлили

Ўзбекистон меъморчилигидаги миноралар ва минорасимон қурилмаларнинг қиёсий таҳлили

Ўзбекистоннинг бой меъморий анъаналари жаҳон маданий мероси ривожининг барча босқичлари, нодир меъморий асарларининг турли-туман кўринишиларини ўзида мужассам этган бўлиб, миноралар каби ўзига хос иншоотлар меъморчилигида ҳам маълум даражада сезиларли из қолдирган. Ўзбекистон ҳудудида шаклланган миноралар ва шу турдаги меъморий иншоотлар жаҳон меъморчилигининг миноралар меъморий йўналишларининг муҳим қисмини ўзининг нодир ечимлари, бадиий-композицион хусусиятлари билан белгилаб берган ва меъморчиликнинг ривожланишида ўзига хос ўринни эгаллади. Уларнинг пайдо бўлишига ушбу ҳудуднинг ҳар бир минтақаси ва турли даврдаги меъморий тараққиёт ўз таъсирини кўрсатган.

Таянч иборалар: минора, минорасимон иншоoтлар, маёқ, гулдаста, бурж, қафаса, мезана, қубба, шарафа, фонус.

Буюк Ипак йўли маданий, савдо йўлларида муҳим марказлар ҳисобланган шаҳар ва қишлоқ масканларида бунёд этилган минорасимон иншоотларнинг илк кўринишлари сақланиб қолмаган бўлсада, дастлаб улар карвон йўлларини белгиловчи маёқ, шаҳарлар аҳолисини ташқи хавфдан огоҳ этувчи кузатув миноралари вазифаларини ўташ учун қурилгани шубҳасиздир. IX-X асрлардан бошлаб бу турдаги иншоотлар диний мақсадларда қурилган. Бухоро, Вобкент, Жарқўрғон, Кўҳна Урганчдаги бу давр минораларининг меъморий-конструктив ечими юқорида қайд этилган вазифаларни бажаришга мос қилингани бундан далолат беради.

Ўзбекистон ҳудудидаги миноралар ғарбий Осиё ўлкаларидаги бу турдаги иншоотлардан ҳам меъморий, ҳам қурулмаси жиҳатдан фарқ қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, XI асрдаёқ Марказий Осиёда минораларнинг кейинги ривожланиш босқичларини белгилаб берган Минораи Калоннинг меъморий ечими ва бадиий- эстетик кўринишлари, унинг меъморий қисмлари, нисбатлари, композициявий тугаллиги Яқин Шарқ ва Мағриб минораларидан фарқли равишда XIX асргача Марказий Осиё меъморчилигида бунёд этилиб келинган аксарият миноралар учун эталон вазифасини ўтаган.

Минора-мезана тизимидаги бундай минораларнинг турли хил кўринишлари асосида Бухородаги Минораи Калон ечимлари ётади. Ўзбекистонда Жарқўрғон минораси, Хиванинг XIX аср миноралари ўзига хос кўринишлари билан алоҳида ўринга эга бўлса ҳам минораларнинг аксариятида Калон минорасининг ечимларининг умумий қонуниятлари сезилиб туради, яъни конуссимон шакл- тана, тарҳи айлана ва ички ўзагига асосланган зиналар қурилмаси, ҳамда мезана билан тугалланиши умумийдир. Самарқанд, Тошкент, Фарғона водийси шаҳарлари, Шаҳрисабз каби қадимий ҳудудли шаҳар гузарлари, маҳалла масжидлари қошида қурилган катта-кичик миноралар ечими таҳлили ҳам Бухоро миноралари услубларига мос андозада қилинганини билдиради.

Ўзбекистон ҳудудидаги меъморий мажмуалардаги гулдаста, буржларнинг минорасимон шаклларида ҳам бетакрор ечимлар мавжуд. Уларнинг нодир намуналари Марказий Осиё меъморчилигининг Темурийлар ва ундан кейинги давр босқичида юксак бадиийлик ва эстетик-декоратив кўринишга эга экани чет эл мутахассислари томонидан ҳам тан олинган. Шаклланиши Яқин Шарқ минораларида бошланган, яъни юқорига кичрайиб борадиган бир неча бўғинли ҳажмий ечим Темурий иншоотларида ўзига хос кўринишини олган эди.

Марказий Осиё меъморчилигининг Темурийлар даври меъморий безак санъатидаги қирқма кошин қопламалар, сиркор кошинли муқарнас ва шарафалар билан буткул безатилган минора- гулдасталар, буржларнинг шаклий-ҳажмий ечим усуллари Мағриб ва Яқин Шарқ, Хуросон минорасимон иншоотларига қараганда бир мунча салобатли, маҳобатли иншоотларнинг умумий меъморий композициясига уйғун равишда яратишга қаратилгани билан фарқланади. Темурийлар даври меъморчилигидаги Жомеъ масжидлар, улкан мадрасалар ва саройларнинг меъморий жиҳатдан тугал кўриниш олишида бу минорасимон ҳажмлар муҳим восита бўлиб келди. Ҳатто, даврлар мобайнида юқори бўғинлари тушиб кетган бўлсада, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасидаги бурж-миноралар, Гўри Амир мажмуаси ҳовлиси бурчакларини белгиловчи миноралар, Бибихоним жомеъ масжидида сақланиб қолган пештоқ ён гулдасталари, ҳозирда ҳам ўзларининг муқарнасли қолдиқлари билан нисбатан тугал меъморий ҳажмдек тасаввур уйғотади. Чунки, уларнинг ҳар бир ҳажмий қисми меъморий ишлов жиҳатдан мукаммалдир.

Ўзбекистон миноралар меъморчилиги тарихида Хоразм миноралари алоҳида ўрин тутади. Шаҳар кўринишига чирой бахш этган, кўчаларга файз киритган шаклан ва ҳажман турли-туман бўлган шарқдан — Хазорасп дарвозасидан Ичан қалъа орқали ғарбга қараб ҳар 200 м масофада бир мақомда қатор терилган Полвон қори, Саид Шоликорбой, Жума, Калта минор ва Шайх Қаландар бобо миноралари Хивага такрорланмас гўзаллик бахш этган.

Бу ерда Хоразм меъморларининг юксак маҳорати ва анъанавий шаҳарсозлик санъати намойиш этилган. Уларнинг аксарияти XVIII-XIX асрларда қурилган бўлиб, умумий қурулмавий қонунияти бир бўлсада, меъморий-композициявий шаклланиши жиҳатидан Бухоро, Вобкент минораларидан ва айниқса Жарқўрғон минорасидан бирмунча фарқ қилади. Цилиндрик шаклдаги Хива минораларининг умумий хусусияти, уларнинг юқори қисмининг кескин торайиши ва нисбатан тик кўриниш олишидадир.

Шунингдек, алоҳида қафаса ёки мезана ажратилмай, улар минора ҳажмининг давоми сифатида кўринади. Хоразм миноралари (XIX аср) қадимий конуссимон айлана тарҳли минора иншоотлари шаклланишининг алоҳида, мустақил йўналишини белгилаб берган.

Ўзбекистон миноралари меъморчилигида композициявий шакл сифатида муқарнасли шарафалар, карнизлар муҳим ўрин тутади. Мезанали ёки қафасали минораларнинг ташқи кўринишининг асосий меъморий кўринишини белгилаб берган. Кичик равоқсимон муқарнаслар технологик жиҳатдан бир хил шакллардан, деталлардан йиғилсада, улардан турли-туман меъморий ҳажмни яратишга имконият мавжуд бўлган.

Муқарнаслар Марказий Осиё меъморчилигида меъморий-ҳажмий безак сифатида юксак даражада шаклланган. Мирзо Улуғбек даврининг машҳур муҳандисларидан Ғиёсиддин Жамшид Коший меъморлар учун ёзган меъморий ўлчов, ҳисоб-китобларга бағишланган рисоласида муқарнаслар тузиш қоидалари учун алоҳида боб ажратиб, муқарнасларни ташкил этувчи элементлар, уларнинг турлари ҳақида маълумот беради. Муқарнас ясашда миқёс, модул бирлигидан фойдаланиб айланма карнизни тоқи ичкариси қуббани, тўғри шарафани ясаш йўллари ҳақида ёзади [3].

Минораларда муқарнаслар қатори асосан қафасадан минора танасига ўтиш қисмида, бўғинларнинг оралиқларини белгилашда, яъни турли ҳажмий элементларни боғловчи вазифасини бажарган. Муқарнасларнинг кўп қаторли, йирик тоқичалик, кошин қопламали ёки силлиқланган ўйма ғишт ёки сопол бўлакчаларида йиғилган кўриниши Бухоро ва Вобкент минораларидаги мезаналарда тўлиқ намоён бўлган. Бўғинлар оралиғини белгиловчи муқарнаслар эса Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва Бибихоним масжидида қўлланилган бўлиб, улар сиркор кошин бўлаклардан йиғилган. Муқарнасларнинг айрим турлари кейинчалик Бобурийлар меъморчилигидаги минораларда мармар элементларда қайтарилган.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги минораларнинг баландлиги анча юқори бўлганларининг аксарияти қадимда пойтахт мақомини олган шаҳарларда бунёд этилгани аниқланган. Хива ва Бухоро миноралари шулар жумласидандир. Вобкентдаги ва Жарқўрғондаги минораларни истисно қилганда Тошкент воҳаси, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ҳамда Фарғона водийсида баланд ва маҳобатли миноралар кузатилмайди. Тадқиқотлар натижалари қиёсий таҳлилидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон, шунингдек Марказий Осиё меъморий обидалари таркибидаги минора ва минорасимон қурилмаларининг меъморий турланишига оид қуйидаги илмий хулосаларга келинди. Албатта, бу турланиш мезонлари ушбу иш кўламида аниқлангани учун тугал деб ҳисоблаш ўринсиздир. Миноралар меъморчилигининг хусусиятлари қиёсий таҳлили кенг кўламли тадқиқотлар, янги археологик қазилма ва изланишлар асосида янада тўлдириб борилиши мумкин.

Ўзбекистон меъморий меросидаги минора ва минорасимон иншоотларнинг ушбу турланиши қуйидаги мезонларга кўра белгиланди:

1. Тарихи: алоҳида жойлашган миноралар карвон йўлида, чўл-саҳро ҳудудлари, кимсасиз тоғ-дараларда кузатув, йўл кўрсатгич, сигнал, хавфсизлик, қоровул минорасимон қурулмаларидан келиб чиққан. Шаҳарларда эса баланд минорасимон қурулмалар қалъа, қўрғонлар таркибида, ҳамда суғориш деҳқончилик ҳудудларидаги якка қалъа, ҳимоя қўрғонида қоровулхона, кузатув минораси кўринишида қилинган. Бу вазифани йирик шаҳарларда Бухородаги Калон минораси каби баланд иншоотлар ҳам бажарган. Манбаларга кўра минора қафасаси равоқларига олов, шам ёқиб қўйилган ва улар тунда шаҳарлардан 50-60 чақирим наридаги карвон учун маёқ бўлиб хизмат қилган.

Бурж ва гулдасталардаги миноралар келиб чиқишига қадимда, илк ўрта асрлардаги кўшк, қалъа, қўрғонлар ҳимоя буржлари, шаҳар дарбозалари ён ҳимоя гулдасталари меъморий асос бўлган.

Маҳобатли иншоотлардаги миноралар турларга бўлинади:

а) ҳовли девори, бино чеккаларидаги нисбатан мустақил кўринадиган бир ёки икки бўғинли миноралар.

б) пештоққа ёндошган ёки бино ҳажмидан бир мунча юқори жойлаштирилган гулдаста-миноралар.

в) XVI асрларда шаклланган кичик гузар масжидлари ҳажмидаги минорасимон мезана, фонус қурулмалари. Уларнинг яна бир тури, кўча юзасига қараган масжид дарбозахоналари юқорисидаги азон айтишга мўлжалланган унча катта бўлмаган мезана-минорачалар.

2. Жойлашувига қараб алоҳида қуриладиган миноралар қуйидаги турларга бўлинади:

а) йирик шаҳар ва масканлардаги катта жомеъ масжидлари олдидаги баланд миноралар: Бухоро, Вобкент, Кўҳна Урганч, Хива миноралари. Уларнинг аксарияти шаҳар марказида жойлашган.

б) машҳур зиёратгоҳ масканлардаги масжидлар қошидаги катта, кичик миноралар. Масалан: Баҳоуддин Нақшбанд, Чор Бакр, Маҳдуми Аъзам, Зангиота зиёратгоҳлари ва бошқалар;

в) маҳалла, гузар марказларидаги масжидлар олдидаги кичик миноралар: Бухоро, Самарқанд, Хива маҳаллалари шулар жумласидан.

г) йирик Жомеъ масжидлари, зиёратгоҳлар ҳовлиси ўртасидаги миноралар: Андижон, Қўқон жомеъ масжидлари миноралари, Зангиота зиёратгоҳ мажмуасидаги минора шулар жумласидан.

3. Бурж-гулдаста миноралари турлари:

а) йирик маҳобатли иншоотларнинг ҳажмининг бурчаклари ва пештоқ ёнларидаги кўп бўғинли минорасимон қурулмалар: Самарқанддаги Бибихоним масжидида, Улуғбек, Шердор мадрасасида уларнинг нодир намуналари мавжуд.

б) дарвoза, чортоқ, мадраса пештоғи каби меъморий иншоотлар ён гулдастасининг юқорисидаги мезана, фонуссифат минора қурилмалари.

в) дарбозахоналар, мақбаралар, айрим масжид, мадрасалар ёнларидаги қалин гулдасталар, аксарияти юқориси дандана ёки шарафа билан тугалланган. Улар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида оммавий равишда қурилган иншоотларидаги меъморий элемент сифатида шаклланган.

Юқоридаги мезонлардан ташқари миноралар шаклига, безак ҳашами ва юқорида тугалланадиган меъморий элементлари билан ҳам фарқланади.

Асосан юқорига торайиб борадиган конус, цилиндрсимон ҳажмларда минора қурувчиси, қурилган жойнинг мавқеига қараб арабий ёзувли белбоғ қилинган. Миноранинг баландлиги, унинг ҳашамидаги бу белбоғлар маълум даврга хос бўлган қоидага қараб аниқланган. Ўлчам бирлиги газнинг метрик ҳисоби ўзгариб борганини ҳисоб олганда, минора баландлиги қурдирган шахснинг мавқеига қараб белгиланган камарлар сонига боғлиқ деган тахминлар ҳам мавжуд.

Минораи Калон минорасининг умумий кўриниши
Минораи Калон минорасининг умумий кўриниши
Калта минорасининг умумий кўриниши
Калта минорасининг умумий кўриниши
Жарқўрғон минорасининг умумий кўриниши
Жарқўрғон минорасининг умумий кўриниши
Гўри Амир мақбарасининг умумий кўриниши
Гўри Амир мақбарасининг умумий кўриниши
Вобкент минорасининг умумий кўриниши
Вобкент минорасининг умумий кўриниши

Адабиётлар:

  1. Воронина В.Л. Сырцовые минареты верховьев Зарафшона. Труды АН Таджикской ССР. т. СХХ. 1960.
  2. Всемирная история архитектуры. Том 8. М.1968.
  3. Гиясиддин Жамшид Коший. Ключ арифметики трактат об окружности. М.1956.
  4. Массон М.Е. Краткая историческая справка о среднеазиатских минаретах Т.1933.
  5. Воронин Л.Н. Сооружения башенного типа в архитектуре Востока и их генезис. Труды САИИ. вып 1. Т.1937.
  6. Воронина В.Л. Сырцовые минареты верховьев Зарафшона. Труды АН Таджикской ССР. т. СХХ. 1960.

Мақолада, Ўзбекистон меъморчилиги меросида минора ва минорасимон иншоoтларни қадимдан шаклланган намуналари, худудимизнинг турли шаҳар ва масканлари меъморий тизимида алоҳида ўрин тутган. Шарқ меъморчилигида минораларни турли меъморий ечими ва функционал сифатига эга бўлган кўплаб намуналари бунёд этилгани ҳақида хикоя қилинади.

В статье особое место занимают минарет и сооружения ему подобные возникшие исторические образцы, в различных городах и поселениях как наследие в архитектуре Узбекистана. В восточной архитектуре различные виды минаретов и их функциональные качества и архитектурные решения освещены в статье.

In the article there were shown deueloppind examples heritects buildengs minarets and buildings look liking in minarets in diffirent cities, in separate territory of Uzbekistan. In the East architecht it was said diffirent development in property in the shown a lot of examples architect buildings.

Яхяев А.А.,
(ТАҚИ)

Архитектура. Қурилиш. Дизайн
Илмий-амалий журнал

Ўхшаш мақола

Народы Узбекистана. Казахи

Самоназвание — казах, устаревшее — киргизы, киргиз-казаки, киргиз-кайсаки. Народ, основное население Казахстана. Казахский язык относится …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *