Бош саҳифа » Кутубхона » Ўзбекис­тон Республикаси Миллий китоб палатаси

Ўзбекис­тон Республикаси Миллий китоб палатаси

КИТОБ ПАЛАТАСИ, Ўзбекис­тон Республикаси Миллий китоб палатаси (Навоий кўчаси, 30) – библиографик марказ, Ўзбекистонда чоп этилган босма материаллар статистикасини юритиш ва уларни асраш бўйича етакчи муассаса.

1926 йил 3 январда Ўзбекистон давлат китоб палатаси номи билан Самар­қандда ташкил этилган. 1934 йилдан Тошкент­да. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 7 январдаги 3-сонли қарорига кўра, унга Миллий Китоб палатаси мақоми берилди.

Китоб палатаси Ўзбекистондаги барча нашриёт ва нашр этиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналардан чоп этилган босма материалларнинг мажбурий нусхасини қабул қилиб олади (2008 йилда 2000 номдан ортиқ китоб, 689 газета, 228 журнал ва 18 ахборотнома-бюллетен олинди), улар юзасидан илмий библиография, матбаа статистикасини тайёрлайди. Китоблар, асосий газета ҳамда журнал материаллари юзасидан жорий ва ретроспектив библиографик материаллар тузади, улар бўйича картотека-библиографик ҳужжатлар ҳозирлайди. Келиб тушган босма ахборот манбаларини ўз архивига абадий сақлаш учун ўтказади. Палата фондида умумий сони 3,5 млн.дан ортиқ ахборот манбалари сақланади (2008).

1928 йилдан бошлаб Китоб палатаси «Китоб солномаси» ретроспектив библиографик тўпламларини чоп этиб келади. Ҳозирга қадар босилиб чиққан 30 дан ортиқ шундай тўпламда 20-асрнинг бошидан то охирига қадар Ўзбекистон ҳудудида нашр этилган жами китоблар ҳақида библиографик маълумотлар систематик тарзда тавсифланган. Бундан ташқари, 1938 йилдан бошлаб тайёрланадиган «Матбаа солномаси»да бир ой давомида Китоб палатасига келиб тушган китоблар, журнал ва газета материаллари библиографияси дарж этилади.

Китоб палатаси 2006 йил халқаро ISBN агентлигига аъзо бўлди ва мамлакатимизда босилиб чиқаётган барча китоб маҳсулотларига Ўзбекистоннинг мустақил ISBN рақамларини беришни бошлади. Китоб палатаси Халқаро ISSN агентлигига ҳам аъзо (2008). Эндиликда барча газета, журнал, бюллетень ва электрон туркум нашрлар ISSN белгиси билан чоп этилмоқда. Бу икки халқаро стандарт рақамга эга бўлиш орқали мамлакатимиз матбаа маҳсулотларини эндиликда чет давлатлардаги кўргазмаларда намойиш этиш, сотиш ва халқаро библиографияларга киритиш имконига эга бўлди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Кутубхоналар. А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят универсал илмий кутубхонаси

Самарқанд вилоят универсал илмий кутубхонаси 1911 йилда ташкил этилган. Ўша даврда кутубхона шаҳар кутубхонаси деб …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *