Бош саҳифа » Тарих » Ўзбек халқи этногенезини ўрганишда этнонимларнинг роли

Ўзбек халқи этногенезини ўрганишда этнонимларнинг роли

Ҳар қандай этнонимнинг ўз маъноси бор. Кўпгина этнонимлар жуда қадимий сўзлар бўлганидан халқлар этногенезини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.. Одатда халқлар, шунингдек қабилалар, йирик уруғларнинг номлари қадимий бўлади. Масалан, ўзбек, қирғиз, қозоқ каби миллат номлари, қўнғирот, митан, қангли, уйшун, қорлуқ, халаж каби уруғқабила номлари ҳақида бир қанча фикрлар билдирилган, лекин бу этнонимларнинг этимологиялари узил-кесил ҳал қилинган эмас. Баъзан адабиётларда учрайдиган ўзбек – «ўзи бек», қирғиз – «қирқ қиз», қозоқ – «қочоқ», митан – «мўйтан» (сержун), қангли – қанқли (аравали), қорлуқ – «қорлиқ» (қорда қолган), халаж – «қол оч» (оч қолган), қалмоқ – «четда қолган» (ислом динига кирмай қолган) деган маънони билдиради дейиш ғайри илмий, сохта этимологиядир.

Этнонимлар тарих тақозоси билан вужудга келган бўлиб, информация ташийди. Этнонимларни ўрганиш жуда муҳим илмий аҳамиятга эга. Бирон-бир ҳудудда ўтмишда қандай халқлар яшаган? Муайян этноним қайси халқ, элат, қабилани билдирган? Масалан, X асргача тожик деганда Ўрта Осиёдаги ўтроқ аҳоли билан бирга араб савдо аҳлини ҳам тушунишган. Кўпгина этнонимлар қадимда, синфсиз жамиятда ва синфий жамиятга ўтиш даврида пайдо бўлган.

Кишилар бир неча минг йиллар давомида айрим-айрим ҳолда уруғ бўлиб, кейинчалик эса ҳудудий-диалектал умумийлик ҳосил қилиб, қабила-қабила бўлиб яшаган. «Одам», «инсон», «ўзимизнинг кишилар» каби маъноларни англатган ар (эр), манн (мен) типидаги этнонимлар ана шу қадим даврларда пайдо бўлган. Бир қанча этнонимлар «ҳақиқатан одам», «ростакам инсон» деган маъноларни билдиради. Татар, ҳазар, мажар, мишар, авар, булғор каби халқ ва қабила номлари таркибидаги ар (эр), ир қўшимчаси эроний тиллардан бирида «одам» деган маънони билдирган ва кейинчалик туркий тилларга ўтган. Арий (орийлар), ирон (осетинларнинг бир қабиласи) ва ҳатто Эрон сўзлари ҳам ўша ар (ир) «одам» сўзидан таркиб топган бўлса ажаб эмас. Туркман, қараман, ақман, сарман, қуман каби этнонимлар таркибидаги манн қўшимчасини олимлар ҳинд-европа тилларидаги ман – мен «одам» сўзидан келиб чиққан дейдилар. Масалан, Д.Е. Еремеев ва бошқалар фикрича, қипчоқлар тарихий манбаларда қуманлар шаклида ҳам тилга олинган (бошқа фикрларга кўра, қуман ёки кубан қипчоқлар таркибига кирган қабила). Қуман «қум-ман», яъни «қум ранг (оч сариқ) одам» ёки «қув (оқ қуш)-манн», яъни оқ одам деган маънони билдирар экан. Бу эса қипчоқларнинг русча номига айнан тўғри келади: половец – сарғиш демакдир. Тарихий манбаларнинг хабар беришича, қипчоқлар (половецлар, қуман) кўзи кўк, сочи сариқ кишилар бўлган.

Яқин вақтларгача немис этноними «гунг, соқов», яъни «тилга тушунмайдиган» маъносидаги русча нем сўзидан таркиб топган деб ҳисобланар эди. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, «немис» сўзи қадимги германларнинг неметес қабиласининг номидан олинган бўлиб, «кўчманчилар» деган маънони англатар экан.

Шу билан бир қаторда, кўпгина этнонимларнинг келиб чиқиши, этимологияси ҳамон маълум эмас. Масалан, «ўзбек» сўзининг келиб чиқиши тўғрисида турли фикрлар бор. Кўпчилик олимлар кўчманчи ўзбеклар Олтинўрда хони Ўзбекхон (1312-1342) исми билан аталган дейишади. Ҳолбуки, Ўзбекхон Олтинўрда (Кўкўрда)да хонликка кўтарилган вақтдан олдин, ўзбек термини Оқўрдада пайдо бўлган. Яъни XIV-XV асрларда Эрон ҳамда Ўрта Осиё тарихчилари Оқўрданинг барча турк-мўғул қабилаларини ўзбеклар деб аташган. Бундан ташқари, ўзбек исми Ўзбекхондан олдин битилган асарларда ҳам учрайди. Демак, ўзбек этноними Ўзбекхон исмидан келиб чиққан, деган фикр тўғри эмас. Бу сўз «ўзи бек» деган маънони билдиради, дейиш ҳам илмий далил эмас. Ўзбек ўз қабиласи номи билан боғлиқ деган фикр ҳам исбот талабдир. Шундай қилиб, «ўзбек» сўзининг этимологияси ҳамон аниқ эмас.

Ўзбек уруғлари номлари (этнонимлар)нинг ўзига хос келиб чиқиши тарихи бор. Жониворлар, хусусан, уй ҳайвонлари номи билан аталган этнонимлар энг қадимийдир. Улар мажусийлар даврида пайдо бўлган. Уруғларнинг муқаддас ҳайвонлари (тотеми) бўлиб, кишилар ўзларини шу ҳайвонлардан тарқалган, — деб ҳисоблаган, жилонди (илонли), жилонтамғали (илон-тамғали), қулон, оқбура, қорабура (бура-бувра-буғра – бичилмаган эркак туя), қарға, шағал (шақал-чиябўри), эчки, хўкиз этнонимлари шулар жумласидандир. Ҳайвон номлари билан аталган этнонимлар баъзан шу уруғ аждодининг лақаби ҳам бўлиши мумкин.

Кўпгина этнонимлар уруғ-аймоқ тамғаси номи билан аталган, яъни ҳар бир уруғнинг ўз тамғаси бўлган. Масалан, молларини, отларини бошқаларникидан фарқ қилиш учун тамғалаб қўйишган. Болғали, косовли, қайчили, тароқли, чўмичли, қирғили каби уруғларнинг тамғалари шаклан ана шу уй-рўзғор асбобларига ўхшаш бўлган.

Этнонимлар орасида киши исмлари ҳам учрайди: амиртемир, бўронбой, жалмат, оллоберди, фозил, чиғатой; жой номларидан келиб чиққан этнонимлар ҳам бор: бешқўтон, булоқбоши, сойлик, урганжи, қайирма, қорбулоқ, шарқиялик (шохрухиялик – Шохрухия – Улуғбекнинг отаси Шохрух номи билан аталган шаҳар номидан) ва бошқалар. Ўзбек этнонимларини семантик жиҳатдан бир неча гуруҳга бўлиш мумкин, чунончи, бирон касбҳунар номи билан юритиладиган этнонимлар: қирсадоқ (садоқ- ўқдон), иярчи (эгарчиэгарсоз), гиламбобли (гиламбофли-гилам тўқувчи), саёт (сайёд-овчи), тулкичи, заргарлик, миришкор, пўлатчи ва бошқалар.

Ўзбек уруғларининг ўзига хос этимологияси бор. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз (шуни айтиш керакки, этнонимлар этимологияси ҳақида келтирилган фикрлар турли манбаларга суяниб ёзилган; бинобарин, узил-кесил вариантлар эмас, чунки ҳар қандай этимология ҳам нисбийдир).

Абдал уруғи Ҳиндистон, Афғонистон ва хусусан Ўрта Осиё халқлари этногенезида муҳим роль ўйнаган қадимий халқ-эфталит, яъни ҳайталларнинг авлодидир. Ҳайталлар (эфталитлар) Сурия, Юнон манбаларидаёқ абдел деб аталган.

Тарихчи Балъамий (X аср) фикрича, ҳайтал сўзи Бухоро тилида «паҳлавон», «жасур одам» деган маънони билдиради.

Шу билан бирга кейинги вақтларда абдал деганда «гадой», «дарвеш» киши тушунилган. Шунингдек, артистлар, созандалар, қаландарлар, маддоҳларнинг жаргони «абдал (абдол) тили» дейилган.

Авшар – қадимий уруғлардан бири. Араб географлари Бухоро яқинида Авшар деган қишлоқни тилга оладилар. Абулғози Баҳодирхон авшар сўзини «ишини илдам ишламоқчи» деб изоҳлайди.

Арғин – бу уруғ Ўрта Осиёда қадимда яшаб келган ва Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида қайд қилинган арғу қабиласининг ўзгинаси бўлса керак. «Бобурнома»да, ўзбек уруғларнинг дастлабки ёзма шажараси ҳисобланган ва Мулла Сайфиддин Ахсикандийнинг «Мажмуат-таворих» асарида келтирилган ўзбек элатлари рўйхатида бу уруғ арғун шаклида қайд қилинган. Бу этноним мўғулча арғин (ўзаги арғ – дурагай) сўзидан келиб чиққандир. Арғин (арғун) сўзи қирғиз тилида ҳозир ҳам ана шу маънони англатади.

Асака этноними Ўрта Осиёда қадимда яшаган сак (сака) номи билан алоқадор бўлса керак. Баъзи бир мулоҳазаларга кўра, асака «отлиқлар» деган маънони билдиради. Асака сўзи жой номлари шаклида ҳам учрайди. Масалан, Андижон вилоятидаги Асака; Қорақалпоғистон ҳудудида Асакаовдон ботиғи бор. Геологлар Асакаовдоннинг ўрни юқори тўртламчи даврда кўлдан иборат бўлганлигини аниқладилар (овдон, тўғриси обдон «сув омбори», «ҳовуз»).

Ахтачи – қадимги уруғлардан бири. Бу уруғ вакилларини Бобур ҳам тилга олган. Ахта мўғул тилида, умуман «от» (жумладан «бичилган от») демакдир. Ахтачи эса «отбоқар», «жиловдор» (хон оти жиловини ушлаб юрувчи киши) маъносини беради.

Бағанали – ўзбек уруғларининг тармоғи. Бағанали «қоракўл тери», «ёш қўзи териси» демакдир. Бағана сўзининг «стун» маъноси ҳам бор.

Барлос – Ўзбекистон ҳудудида, асосан Қашқадарё воҳасида кўчманчи ўзбеклардан чиғатой улусига қўриқлаш учун юборилган 4 та қабилалардан бири. Барлос сўзи Абулғозихоннинг фикрича «қўмондон», Алишер Навоий асарларига ёзилган «Бадоеуллуғат»га кўра «баҳодир» деган маънони билдиради.

Боёвут – республикамиз ҳудудида қадимдан яшаб келган уруғлардан бири. Рашидиддиннинг «Жомеут-таворих», Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асарларида Чингизхон қўшинлари билан бирга келган қабилалар орасида ҳам боёвут уруғи тилга олинган. Боёвут сўзи «бой», тўғрироғи «бойлар» «мулкдор» демакдир.

Дуғлар, Дувлат – дастлаб мўғул қабиласининг номи бўлган. Дуғлатлар Дуклан деган кишидан тарқалган; дуклан (тўғриси – доколан) мўғул тилида «чўлоқ» деган сўз, дуғлат эса бу сўзнинг кўплигидир.

Ирғаноқли (эрганакли) – ирғоқли уруғи ҳам қайд қилинган. Эҳтимол, бу иккаласи бир уруғнинг турлича талаффуз қилинишидир. Ирғанақ «катак», «шох-шаббадан тўқилган чавра». Демак, бу уруғнинг тамғаси катак шаклида бўлган.

Кўрпа, Кўрпали, Кўрпасой, Кўрпақишлоқ, Кўрпача, Янгикўрпа каби этнотопонимларнинг «ёпинчиқ» маъносидаги асли форсча кўрпа сўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Қадимий туркий тилда кўрпа сўзи бир неча маънони англатган. Тарихий ёдгорликларда кўрпа сўзининг «бара ўт», «ёш бола», «қўзичоқ», «улоқча», «бузоқча», «кепак» маънолари борлиги қайд қилинган. Лекин кўрпа сўзининг кўпгина маънолари унутилган, шунга қарамасдан республикамизнинг баъзи жойларида бара бедани «беда кўрпа бўлиб қолипти» дейишади.

Уруғлар ҳайвон номлари билан ҳам аталганини ҳисобга олсак кўрпа этноними «қўзичоқ» деган маънони билдиради. Чунончи, машҳур тилшунос Абу Ҳайён ал Андалусий (XIII аср) асарларида кўрпа сўзи ана шундай изоҳланган.

Керайт (Керайит) – ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири. Турли манбаларда керайит сўзи «қора қўй», «қора одам» ёки «қарға» деб изоҳланган (тўғриси ҳам қарға), этноним охиридаги -«т» ҳарфи кўплик аффиксидир.

Марқа – юз уруғининг бир тармоғи. Марқа – «катта, улкан» деган сўз, марқа қўзи – эртароқ, мартдан олдин туғилган қўзи, эгиз қўзиларнинг олдин туғилгани. Гаврилов фикрича, марқа (марқа юз) – юз уруғининг энг катта тармоғи, уруғ бошининг катта хотини – бойбичадан тарқалган.

Найманлар – мўғул уруғи деб ҳисобланар эди; олимлар наим сўзи мўғулча «саккиз» маъносини англатади дейдилар.

Этнограф Н.А. Аристов найман сўзи Сибирдаги Найма дарёси номидан олинган деган фикрни билдирган. Сўнгги маълумотларга кўра найманлар асли туркий қабила бўлиб, саккизўғузларни мўғуллар ўз тилига мослаб найман деб атаганлар.

Очамайли (Ачамайли) – юз уруғининг бир бўлаги. Ҳўкиз ёки қўтосга уриладиган ёки болалар миниши учун мўлжалланган эгар очамай дейилган. Демак, бу уруғнинг тамғаси эгар шаклида бўлган. Этнограф Н.А. Аристов очамайли уруғи оч (ач) деган қадимги қабила номи билан аталган бўлса керак, деб тахмин қилади.

Солин – юз уруғининг бир тармоғи. Солинлар Зарафшон водийсида, Жиззах вилоятининг Жиззах, Зомин, Ғаллаорол туманларида қайд қилинган. Қулоқнинг ички юмшоқ қисми солин (солинчоқ-соличак) дейилади.

Сўлоқли – юз қабиласининг тармоқларидан бири. Сўлоқ сўзининг бир неча маъноси маълум – 1) қора жигар, талоқ; 2) қўй-эчки қулоғининг бирон жойини кесиб эм солиш, тамғалаш усулларидан бири — қулоқнинг олдинги томони ўйиб кесилса, олдинги сўлоқ, кейинги томони ўйиб кесилса кейинги сўлоқ дейилган; 3) араванинг ўқига солинадиган темир.

Тобин – мўғулча сўз бўлиб, «эллик» демакдир. Умуман турк-мўғул қабила ва уруғларида рақам (сон) билан аталадиган номлар учрайди. Масалан, юз, минг, дўрмон (дўрбўн – мўғулча дўрт – «тўрт») ва ҳоказо.

Тобин уруғидан бўлган қозоқлар XIX асрда Сирдарё билан Устюрт яйловидан Тобол дарёси ва Оренбург даштларигача бўлган ҳудудда яшаганлар. Тобинлар, шунингдек, ўзбеклар, бошқирдлар ва бошқа туркий халқлар таркибида ҳам учрайди.

Тортувли – Тортувли уруғи қўнғирот уруғининг аждоди Қўнғирот отанинг кичик хотинидан тарқалган экан; Қўнғирот ота кексайганда унинг кичик хотини ўғил туғиб, тортув (тортиқ – совға) қилгани учун, ундан тарқалганлар тортувли деб аталган экан.

Уяз (уяс) марқа уруғининг 16 тармоғидан биридир. Уяз бошқа уруғлар таркибига ҳам кирган. Масалан, солин уруғининг бир шохи уязсолин дейилади. Уяз (уяс) жой номлари шаклида ҳам учрайди. Қадимий тилшунос олимлардан Абу Ҳайён ал-Андалусий ва Жамолиддин Тусий асарларида уяз сўзи «паша, чивин» деб изоҳланган.

Чиноз (асли чинас, чинос) – мўғуллар ҳукмронлиги даврида бўлган қабила. Чин-мўғул тилида «бўри» демакдир; -«с» эса кўплик қўшимчаси бўлиб, бўри чиносларнинг тотеми ҳисобланган.

Ўзбекистонда, хусусан Бухоро воҳасида Чандир деган қишлоқлар учрайди. Маҳаллий халқ қишлоқ номини «чодир» (чайла), «чандир тери» деган сўз деб изоҳлайди. Аслида эса чандир туркман уруғи бўлиб, ўзбеклар таркибида ҳам тилга олинган. Абу Ҳайён чандир сўзини «дурагай, қурама» деб изоҳлаган.

Шу нарса диққатга сазоворки, кўпгина этнонимлар, чунончи, қалмоқ, арғин «дурагай, қурама» деган маънони англатган. Аслини олганда бошқалар билан аралашиб, чатишиб кетмаган биронта ҳам халқ ёки қабила йўқ — барча эллар, уруғлар бир-бирлари билан аралашиб, қўшилиб кетган.

Ўтарчи – бир қанча рўйхатларда, чунончи Мулла Сайфиддин Ахсикандийнинг «Мажмуат-таворих» асарида қайд қилинган уруғ. Ўтарчи сўзи қадимий туркий тилда «вақтинча яшовчи» (кўчманчи) маъносини англатган. Бу сўзнинг «Синчи», «От табиби» деган маънолари ҳам бор.

Қалмоқ – қалмоқлар кўчманчи ўзбеклардан олдин ҳам Моварауннаҳрда яшаган ва туркийлашган мўғул қабилаларининг авлодлари бўлса керак. Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома»сида айтилишича, қалмоқлар Шайбонийхонга қарши Бухоро ҳокими Боқитархон томонида туриб жанг қилганлар.

Қалмоқ сўзи туркий «қолмоқ» феълидан олинган, бу сўз ислом динини қабул қилмасдан мажусийлар ҳолида қолган ўйротларни англатган, дейилган. В.П. Дарбакова қалмоқ сўзи мўғулча «дурагай», «аралаш», «қурама» деган маънодаги халмиг сўзидан келиб чиққанлигини аниқлади. Ҳақиқатан ҳам аслида ўйротлардан ажралиб чиққан қалмоқ уруғи жуда кўп уруғ-қабилалар аралашмасидан иборат бўлган.

Қарапчи уруғи баъзи бир рўйхатларда 92 бовли ўзбек уруғларидан бири қаторида тилга олинган; Сурхондарё вилоятида қарапчи 16 уруққа бўлинади, баъзан эса юз уруғининг катта бир бўлаги сифатида қайд қилинган. Баъзи олимлар фикрича, қарапчи сўзи қаровчи нозир, назорат қилувчи деганидир, чунки қарапчилардан бийлар, беклар, қўмондонлар кўп чиққан экан. Қадимий тилшунос олим Абу Ҳайён ал-Андалусий қарапчи сўзи «қашшоқ», «камбағал» деган маънони билдиради.

Қиёт Абулғози Баҳодирхон фикрича, мўғулча «тоғдан оққан сел» маъносидаги қиён сўзининг кўплигидир. Бу фикрни В.В. Радлов ҳам исботлайди. Бундан чиқадики, қиённи (қиёнли) уруғининг этимологияси ҳам ўша мўғулча қиён сўзи билан маънодошдир.

Қовчин – ўзбек уруғларидан бири; баъзи бир фикрларга кўра қовчин, қутчи ёки қушчи бир уруғдир. Академик В.В. Бартольд фикрича, қовчин сўзи дастлаб уруғ ёки қабила номи бўлган эмас, балки «қўшин қўмондони» ёки «қўшин» маъносини англатган. Қовчин сўзининг «хўжайин», «меҳмон» деган маънолари ҳам бор. Қовчин жой номлари шаклида учрайди. Чунончи, Янгийўл шаҳрининг олдинги номи Қовунчи ҳам аслида қовчин бўлган бўлса керак. Шунингдек, Самарқанд туманида Қовчинон (Қовчинлар) номли қишлоқ ҳам бор.

Қурқозон – ўзбекларнинг бу уруғи Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қайд қилинган. Қурқозон асли қорақозон бўлган, деган фикр бор. Қорақозон сўзи икки маънода ишлатилган: 1) бир неча қишлоқни ўз ичига олган жамоа, бу қишлоқлар ҳашар, ариқ тозалаш каби ишларни биргалашиб бажаришган; 2) ҳарбий хизматга чақирилган киши. Нўкар (навкар)лар мунтазам армия ҳисобланган, қорақозон (ёки қора чериклар) эса ҳарбий хизматдан ташқари ўз қўмондонларининг экиш-тикиш ишларига ёрдам берган, молларга қараган.

Замбаракнинг қадимий, калта бир тури қозон дейилган. Бобур «қозон қурдик», «қозон билан тош отди» деганда ана шу тўпни назарда тутган («Бобурнома» таржимони Салье ҳам бу сўзни рус тилига ана шу маънода таржима қилган).

Биз юқорида этнонимлар ҳақида, этнонимларни ўрганадиган этнонимика фани тўғрисида, Ўзбекистондаги баъзи бир уруғ-қабилалар географияси ва айрим этнонимлар этимологияси, маъноси ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик. Ҳар қандай этимология, хусусан аксари қадимий сўзлар бўлган этнонимлар этимологияси мураккабдир. Тобора унутилиб бораётган уруғ-аймоқ номларини тўплаш, йиғиш, шу этнонимлар билан аталган жой номларини, этнонимлар билан топонимлар муносабатини аниқлаш, яъни этнонимлардан ном олган топонимлар билан биргаликда урганжи, қўқони (қарапчи) каби жой номларидан келиб чиққан этнонимларни алоҳида қайд қилиш этнонимика олдида турган вазифалардандир.

Тарихий манбаларда далварзин қабиласи тилга олинган. Ўзбекистонда Далварзин деган жойлар кўп (Тошкент, Андижон, Сурхондарё вилоятлари). Хўш, бу жойлар этнонимдан жой олганми ёки аксинчами? Бу этнонимнинг маъноси нима? Далварзин асли термин. Бундай дейиш учун қуйидагиларга асосланамиз. Қозоғистонда ва Қирғизистонда Дўрбўлжин деган жойлар бор. Афғонистондаги тарихий бир жой Дилберчин дейилади. Сирдарё бўйидаги Далварзин чўлини тожиклар Дилварзин дейишади; бу чўлнинг маҳаллий талаффузи ҳам асли Делбарзин. Ана шу жой номларининг ҳаммаси мўғулча дўлбўржин, яъни «чолдевор» (шаҳар харобаси) сўзидан келиб чиққан деб ҳисоблаймиз. Демак далварзин қабиласи жой номи билан аталган.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Этнонимика ана шу каби муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади.

А.Ҳ. Арифбаев, С.Қ. Қораев (Геодезия ва картография миллий маркази)

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, который уже корчился …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *