Бош саҳифа » Тарих » Ўзбек халқи этник тарихини ўрганишда хитой манбаларининг аҳамияти

Ўзбек халқи этник тарихини ўрганишда хитой манбаларининг аҳамияти

Ўзбек халқининг келиб чиқиши (этногенези)ни ўрганиш масаласи кўпдан бери олимлар эътиборини жалб қилиб келмоқда ва бу орада анча ишлар ҳам қилинди. Аммо ушбу масалани мукаммал ҳолда ечиш ниҳоятда мураккаб бўлмоқда. Бизнинг фикримизча, бунинг сабаби, қуйидагилардан иборат.

1) Ҳозирги ўзбек халқи кўп компонентли бўлиб, унинг аксарият қисми туркий қабилалар ва авлодлардан ташкил топган. Бунинг исботини ўзбекларнинг «92 уруғ» таркибига назар ташлаганимизда ҳам сезиб оламиз. Туркий қабилалар эса, ниҳоятда кўп нуфузли бўлиб, улар шарқда Корея чегараларидан бошлаб ғарбда Қора денгиз қирғоқларигача, шимолда совуқ жойлардан бошлаб жанубда Кавказ, Эрон тепалиги, жанубий Афғонистон ва Ҳимолайгача бўлган улкан ҳудудда ҳаёт кечирган. Улар ҳаётида кўп марта бирлашиш ва парчаланиш юз берганлиги ва гоҳ у, гоҳ бу қабиларнинг кучайиши натижасида туркий қабилалар орасида жойдан-жойга кўчиш, ўзга авлодлар билан аралашиш, авлодлар ва қабилалар бирлашиш ёки, аксинча, бўлиниб кетиш ҳолатлари кўп кузатилган.

2) Ҳозирги ўзбекларнинг асосий қисми Ўзбекистонда яшаса ҳам ўзбек халқининг шаклланиш жараёни фақатгина республикамиз ҳудуди билан чекланмаган.

3) Маълумки, Ўзбекистон ҳудуди минг йиллар давомида Буюк ипак йўли деб аталмиш савдо йўлининг чорраҳаси ҳисобланиб келган. Шу боис ушбу ҳудуд нафақат дипломатик, савдо ва маданий алоқалар, балки этник алоқалар чорраҳаси сифатида ҳам хизмат қилган. Тарихда бунга мисоллар кўп топилади.

4) Ўзбекистон ҳудудида ёзув кўп марта ўзгарган. Қолаверса, ҳозирги давргача сақланиб келган маҳаллий ёзма манбаларнинг энг кадимгиси IX–асрга таалуқлидир. Ундан олдингилар сақланмаган, ҳар ҳолда топилгани ҳам айрим сўз ва юлуқ иборалардан нарига бормайди. Халқимизнинг қадимги замон тарихига оид айрим маълумотлар эрон, юнон, арман ва хитой манбаларида сакланиб колган.

Шунинг учун ўзбек халқининг этник тарихини атрофлича ва батафсил тиклаш археологик қазилмалар натижаларига боғлиқ бўлибгина қолмай, балки турли даврлар ва тилларда ёзилган манбаларни ўрганишни ҳамда чуқур ва кенг доирали илмий тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади. Бу долзарб ва мураккаб вазифани амалга оширишда хитой ёзма манбалари бениҳоя аҳамиятлидир. Айниқса, ўрта асрлар ва ундан аввалги даврлардаги аждодларимизга алоқадор маълумотлар қадимги хитой манбаларида кўп учрайди. Шундай экан, хитой манбалари халқимизнинг этник тарихини ўрганишда қандай масалаларга ойдинлик киритиб бериши мумкин, деган саволнинг келиб чиқиши табиийдир.

Бу масалада фикр юритар эканмиз, авволо таъкидлаб ўтиш лозимки, хитойлар минг йиллар давомида ўзининг шимолий ва ғарбий томонида яшаган халқлар билан жиддий сиёсий ва иқтисодий алоқалар ўрнатган ва улар ҳудудидан ўтган савдо йўлларини ўз назорати остига олишга ҳаракат қилган. Бунинг учун атрофдаги халқлар ҳаётини, улар орасидаги муносабатларни ўрганишга ҳаракат қилган. Бу ҳаракат мазкур халқларга элчилар, сайёҳлар ва савдогарлар юбориш, келган элчилар ва тижоратчилардан маълумот олиш ҳисобига амалга оширилган. Шунинг учун хитой манбаларида савдо йўлларига, атрофдаги мамлакатларга ва улардаги шаҳарларнинг мудофаа аҳволига, давлатлараро муносабатларга тегишли, қабилалар ва улар орасидаги муносабатларни акс эттирадиган маълумотлар кўп учрайди. Албатта, бизгача сақланиб келган хитой манбаларининг аксарият қисми расмий манбалар ҳисобланади. Шунинг учун уларда айрим камчиликлар йўк эмас. Шунга қарамасдан хитой манбаларидаги амалий маълумотлардан тўла фойдаланиш ўзбек халқининг этник тарихи, айниқса ушбу тарихнинг кадимги замон даври ва бу борада биз учун жумбоқ бўлиб келаётган айрим масалаларни аниқлаш масаласи учун ахамиятлидир.

Масалан, дунё адабиётида ўзбек халқи туркий халқларнинг бир қисми эканлиги эътироф этилади ва бу ҳақда кўп тадқиқотлар амалга оширилган. Аммо турклар қачон пайдо бўлган деган масала ҳанузгача мунозарали бўлиб келмоқда. «Ўзбекистон тарихи» номли журналнинг 2003 йил биринчи сонида ва «Ўзбекистон ўрта асрларда: тарих ва маданият» номли тўпламда эълон қилинган мақола[1] айнан шу масалада хитой манбалари қандай маълумот беради деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилинди. Тадқиқот натижаси кўрсатишича, турк атамасининг хитой манбаларида пайдо бўлганига 3,5-4 минг йилдан ошган. Демак турк халқи хитойларга маълум бўлишдан олдин мавжуд бўлган ва улар хитойларнинг шимолии ва ғарбий томонларида яшаган.

Қадимий турклар номини хитойлар аввалига туйик, туаук (ҳозирги ўқилишда ди, ти), кейнчалик дили, тили, динглинг, телэ деб талаффуз этишган. Ушбу хитойча атамалар турк ва турклар атамаларининг хитойча транскрипциясидир. Шунинг билан бирга хитойлар қадимда туркларни умумий ҳолда рунг (жангчилар ёки одамлар), бэйрунг (шимоллик жангчилар), рунгди (турк жангчилари), куйрунг (кун томон, яъни шарқ томонли жангчилар) деб хам аташган. Ушбу атамалар туркларга хитойлар томонидан қўйилган номлардир. Уларни турк сўзининг транскрипцияси эмас, балки синонимлари деб айтиш мумкин. Хитой манбаларида кўп учрайдиган «Сиюйъ («Ғарбий мамлакатлар») топиними аслида сирунг (ғарбий томонли жангчилар ёки одамлар) сўзидан трансформация килган.

Тарихий адаётларимизда юкорида тилга олинган қадимий турклар билан Олтойда пайдо бўлган турк қабиласи ўртасидаги муносабатлар ҳам ноаник қолган масалалар қаторига киради. Бу масалага оид хитой манбаларини ўрганганимизда шуниси аниқ бўлдики, қадимий турклар таркибида Ашина авлоди бўлмиш турк деб номланган қабила ҳам мавжуд бўлган. Бу қабилани хитойлар аввалига турухэ деб аташган. Кейинчалик ушбу қабила ички курашлар натижасида вайронагарчиликка учраб, Олтойга қочиб борган ва у ерда кучайиб, улғайиб, қайтадан тарихий саҳнага кириб келган. Шунда хитойлар ушбу қабилани тукивет, ҳозирги замон талафузида тужюэ деб аташган. Турухэ турк, тукивет, турк—ут (ут кўпликни билдирувчи кўшимчадир), яъни турклар сўзининг хитойча транскирипцияларидир. Турк қабиласи кучайиб барча қардош қабилаларни бирлаштириш асосида Турк ҳоқонлиги ташкил топгандан сўнг тукивет, яъни турк—ут (тужюэ) барча туркий қабилаларнинг умумий номига айланди.

Турк хоқонлигининг Шарқий ва Ғарбий турк хонликларига бўлиниб кетиши жараёнида ва улар емирилган даврида туркий қабилаларнинг жойдан жойга кўчиш, парчаланиш ва айрим қабилаларнинг бирлашиши туфайли янги қабилар иттифоқининг юзага келиши ҳамда шу асосда янги этнонимларнинг пайдо бўлиши кузатилган.

Масалан, хитой манбаларининг гувоҳлигига кўра, қадим замонда мавжуд бўлган сир ва тордуш (се ва янто) қабилалари бирлашиб кетиши асосида сиртордуш деб номланган қабилалар иттифоки юзага келган. Турк хоқонлиги парчаланганда ушбу иттифоқ уйғур деб номланган катта нуфузли қабилалар иттифоқи таркибига кириб кетган. VIII-IX асрларда мазкур уйғур деб номланган иттифоқ таркибида 22 қабила мавжуд бўлганлиги кузатилган. Булар уйғур, буку, хун, байирғу, тунгро, тилонғут, изгил, чигил, чибни, басмил, қарлуқ, адиз, сиртордуш, байсар, ёғлиқор, қутриғур, буқосқир, овчағ, ҳозар — қасар, хўғурсу, ёғма, оявир кабилардан иборат бўлган[2]. Қорлуқлар мўлў, тошли, чиз (чиси) каби 3 қабиладан ташкил топганлигини инобатга олганимизда уйғур деб номланган қабилалар сони 24 тадан иборат бўлади. Айни замонда хитой манбаларида тилга олинадиган туркий қабилаларнинг умумий сони 58 дан иборат бўлган[3]. IX асрнинг ўрталарида Уйғур хоқонлигининг емирилиши натижасида уйғур деб номланган қабилаларнинг катта бир кисми Туркистонда тарқалган. Буларнинг кўпчилиги ўзбеклар таркибида мавжуддир.

Келтирилган 22 қабила ичидаги одиз қабиласи аслида Сирдарёнинг Ясси деб номланган бир ирмоғи бўйида яшаган бўлиб, кейин шимолга кўчиб борган.

Дунё адабиётида хунлар кимлар, улар турклар таркибидаги бир қабилами ёки турклар хунлар таркибида бўлганми деган масала муназарали бўлиб келмоқда. Хитой манбалари асосида олиб борган тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, бундан 3 минг йил муқаддам мавжуд бўлган қадимий турклар таркибида хун деб номланган қабила ҳам бўлган. Ушбу қабиланинг номини хитойлар юн, шюн, шюнюн, хун деб транскрипция қилишган. Милоддан аввалги III асрда хун қабиласи кучайиб барча туркий қабилаларни бирлаштиргандан сўнг ушбу атама уларнинг умумий номига айланган. Бу ҳол милодий II асргача давом қилган. Хитойлар юзага келган кенг маънодаги хун сўзини шюнну деб транскрипциялаштиришган ва шунинг билан хун деб аталган бир қабила номи билан қабилалар иттифоқи номини бир-биридан ажратган. Хун империяси емирилгандан сўнг хунлар таркибидаги қабилаларининг аксарият қисми ўз номларини қўллай бошлаган.

Хитой олимларининг тадқиқотларида кўрсатилишича милоддан аввалги III асрда хунлар ҳаётида деҳқончилик, хунармандчилик чорвачилик билан бирга ривожланган. Кўп тарихий асарларда хунлар чорвачи халқ бўлган, деган фикр ўрнашиб қолган.

Хитой манбаларида Хун империяси емирилгандан сўнг мавжуд бўлган қабилалар ва уларнинг жойлашиши ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Масалан, Бэй ши (Шимолий сулолалар тарихи), Суй шу (Суй сулоласи тарихи) каби манбаларда зикр этилишича, милодий III-V асрларда ғарбда Қора денгиз бўйларидан шарқда Манчжуриягача бўлган ҳудудда 44 туркий қабила яшаган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат бўлган: буку (буғу, буқу), тунгро, уйғур, (уйхўр), бойирғу, бўркли, мичин, (мунчин, мчин), туроғур (турохўр), ҳун, хоғурсу (хў, сир), изгил, чибни (чевик, жабирқо), бўржи, озий, сиғнок, ноқ (баъзилар супу билан нохэни қўшиб сиғёноқ деб атайдилар), ўғуз, қирғиз, иртиш, униғур (урянгхай), сиртордуш, длер (жаруқ), забандер (забиндер), тургеш (дачи), одиз, хозор, булғор, печенег, (бачанег), тўғой (тўрғой, қўғой), қипчоқ (босмил), бўртос, свор (сибир), емак (емок), гот (гоч), сариғур (сароугур), саксин (соксин), мокшос (мокшўс), черкес, онгор (онғор), қутриғур (қутригур), олан (олан, ойрун), бошқирд, вохун, оворҳун (оворҳун), туво (тубо)[4].

Хитой манбаларида ушбу қабилаларнинг жойлашган ҳудудлари ҳам кўрсатилган[5].

«Танг шу» (Танг сулоласи тарихи) нинг 144-бобида келтирилган маълумотларга кўра, 612626 йилларда турклар ўзининг олдинги қудратини йўқотиб, бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Булардан сиртордуш (сеянъто), чибни (чиби), уйғур (вэйхэ), тува (дубу), қувурқон (гулиган), тиланғут (дулангэ), буку (пугу), байирғу (боегу), тунгро (тунгло), ҳун (ҳун), изгил (сиже), хошеут (хуше), чигил (шиже), адиз (оде), бўлсар (байси) каби қабилалар ғарбдан Мўғилистондаги чўлнинг шимолига кўчиб борганлиги кўрсатилади. Ушбу маълумотдан маълум бўладики, VII асрда турк қабилалари ҳаётида катта кўчиш ва қайтадан гурухларга ажралиш юз берган.

Ўзбеклар таркибида қангли (кангли) деб номланган авлод борлигини 92 ўзбек уруғлари қаторидан топишимиз мумкин. Хитой манбалари ушбу авлоднинг тарихига, айниқса унинг келиб чиқишига оид қизиқарли маълумотлар келтиради. Бинобарин, қанғли (араваликлар) хитой манбаларида гаочэ (баланд аравалилар маъносини англатади) деб номланади.

Хитой манбаларида кўрсатилишича, гаочэ 18 қабиладан иборат бўлган. Буларнинг бир қисми чифули (чипули), тулу (тур), ижан (илжон, илхон), далян (тарлан), кухэ (қуға), добуган (тарбоқон, давгон), олун (ойрун), моюн (муен, баен), сифэн (иркин), фуфуло (бўрклик), чиюн (қиюн, киен, кийу) ва юшупи (юсиб, юшиб) каби 12 қабиладан ташкил топган[6]. Гаочэларнинг иккинчи бир қисми турк (тиук, ди), уйғур, хўғурсу, чибни, қирғиз ва илтекин (ичижин) каби 6 қабиладан иборат бўлган[7]. Шундан маълумки, қанғли атамаси катта бир гурух қабилаларнинг умумий номи. Уни бир уруғ ёки қабила деб бўлмайди.

Ўзбеклар таркибидаги бир қатор авлодларни XIII асрлардаги мўғуллар (рус адабиётида монгол, хитой манбаларида мэнгу) таркибида учратамиз. 92 ўзбек уруғлари орасида жалоир, найман, кираит, тотор ва бошқалар каби авлодлар ана шулар жумласидандир. Сабабки, Монгол (Мўғул) деб номланган этнос кўп компанентли бўлиб, унинг аксарият кисми Олтой, ҳозирги Монголия ва ички Монголия ҳудудларида қадимдан яшаб келган туркий қабилалар ва қабилалар иттифоқларидан ташкил топган. Айнан шундай маълумот буюк тарихчи Рашид ад — Диннинг «Жомий ат-таварих» номли асарида ҳам учрайди[8]. Бинобарин, олим асарининг иккинчи боби «Айни замонда мўғул деб аталадиган турк қабилалари ҳақида» деб номланган[9]. Бундан ташқари Монгол империяси даврида ва ушбу империя емирилгандан сўнг Марказий Осиёда катта миграцион жараён юз берган. Шунда айрим авлодлар Монголия ҳудудини тарк этиб Туркистонга кўчиб келган. Кейинчалик улар ушбу минтақадаги халқлар, жумладан ўзбек халқи таркибига кириб кетган.

Юқорида тилга олинган хабарлар хитой манбаларида келтириладиган маълумотларнинг айрим бир қисмидир. Шундай бўлса ҳам улар ўзбек этносининг шаклланишини ўрганишда хитой манбаларининг аҳамияти нақадар муҳим эканлигини англатади. Ушбу манбалардаги маълумотлар чуқур ва атрофли ўрганилса халқимизнинг келиб чиқиши тарихига оид кўп номаълум ва кам маълум бўлган масалаларга аниқлик киритиш мумкин бўлади.

Т.ф.д. А. Хўжаев (ЎзФА Шарқшунослик институти)

«ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ: ИЛМИЙ-МЕТОДОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР, ЭТНОГЕНЕТИК ВА ЭТНИК ТАРИХ» МАВЗУСИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ СЕМИНАР МАТЕРИАЛЛАРИ

Тошкент шаҳри 2004 йил 19-20 ноябрь

[1] Қадимий хитой манбаларидаги туркий халкларга оид айрим этнонимлар // «Ўзбекистон тарихи» № 1, 2003. 3 — 1 1 бет ва «Ўзбекистон ўрта асрларда: тарих ва маданият. Тошкент, 2003. 176- 184 бет

[2] Син Тан шу (Танг сулоласининг янги тарихи) // Эршиси ши (24 тарих). 13-китоб. 16941-16944 бет

[3] Абдулаҳад Хўжаев, Комилжон Хужаев. Қадимги манбаларда халқимиз ўтиши. Тошкент. 2001. 22-бет

[4] Абдулаҳад Хўжаев, Комилжон Хўжаев. Қадимги манбаларда халқимиз ўтиши. 15-бет

[5] Ўша жойда. 15-16 бет

[6] Вэй шу // Эршиси ши (24 тарих). 11-китоб 9723-бет

[7] Ўша жойда. 9721-бет

[8] Рашид ад-Динн. Сборник летописей. 3 жилтли, 4 китаб. 1-жилд. М.-Л., 1952. 53-бет. О.Буриев. Амир Темур аждотлари. Ташкент, 1992

[9] Рашид ад-Дии асарининг кўрсатилган русча таржимасида «Глава вторая — о тюркских племенах, которых в данное время называют монголами [мугул], но в древности у каждого [из них] было особое имя и прозвания» деб ёзилган (Рашид ад-Динн. Сборник летописей. 53 бет)

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Post Views: 15 Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *