Бош саҳифа » Тарих » Ўзбек элатининг шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичлари

Ўзбек элатининг шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичлари

Маълумки, ўзбек элатининг шаклланиш жараёни бошқа туркий забон халқлардан бирмунча фарқ қилган. Жумладан: ўзбек элатининг аждодлари туб ерли этник бирликлар асосида, яъни икки тил (туркий ва эроний тиллар) туркумидаги халқларнинг аралашуви жараёнида вужудга келган.

Моварауннаҳр ва унга туташ минтақаларда турғун яшовчи аҳоли сўғдийлар, хоразмийлар, туркий забон этнослар ўз ҳудудларида қадимдан яшаб, бўлажак ўзбек элатининг пойдеворини ташкил қиладилар[1].

Ўрта Осиёнинг ўтроқ воҳа аҳолиси сўғдийлар, хоразмийлар, бақтрияликлар, парканлар, чочликлар номи билан юритилган. Улар яшаган воҳаларни ўраб олган даштларда эса чорвадор кўчманчилар яшар эдилар. Улар Аҳмонийлар битикларида саклар деб аталган. Юнон манбаларида улар скифлар деб юритилган. Асосий хўжалиги чорвачилик бўлган бу аҳоли «Авесто»да турлар деб аталиб, уларни юрти Турон[2] деб юритилган. Буларнинг ҳар иккиси ҳам ўзбекларни қадимги этник қатламига оид деб тушунмоқ керак. Бу бронза даврига тўғри келиб, бу даврда Моварауннаҳрга биринчи бор туркий забон қабилалар кириб келадилар. Бу босқичда зардуштийлик эътиқодлари бўйича инсон ҳаётининг моҳияти ҳалол ва поклик эканлиги, инсон эзгу фикр, эзгу амал оркали ёмонлик билан курашганлар. Бу даврдаги аждодларимиз ютуқлари Шарқ (Хитой, Ҳиндистон) ва Ғарб (Рум, Юнон) маданиятига ижобий таъсир қилган. Кейин милодий II-Ш асрларда туркий тилли этносларнинг иқтисодий ва маданий тараққиёти ривожланиб, милодий IV-V асрларда янги Қанғар элати шаклланади.

Турк хоқонлиги даврида турк ва сўғд тилли халқларнинг ўзаро яқинлашиши, аралашиш жараёни давом этган. Натижада икки қардош ўзбек ва тожик халқларининг шаклланишига иқтисодий ва этномаданий шароитлар яратилади.

IХ-Х асрларда К.Шониёзовга кўра ўзбек халқи элат бўлиб шаклланган[3]. Маълумки,ўзбек ва тожик элатлари сак-массагетлар, бақтрийлар, ЮЭЧЖИЛАР – қанғарлар, хунлар, сўғдийлардан томир олган. Лекин уларни ҳар бирига хос тили, ўзлигини англаши каби фарқли хусусиятлари мавжуд бўлиб, ҳар бир элат ана шу хусусиятлари билан бирбиридан фарқ қилган.

XI асрда ҳам Маварауннахр ва унга туташ минтақаларда яшовчи аҳоли этник, иқтисодий ва маданий жиҳатдан бир-бири билан яқинлашиб, қоришиб борадилар. Бу босқичда Ислом дини таъсирида илму-фан, маърифат тараққий этган. Имом Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро тариқатлари равнақ топади. Аҳмад Фарғоний, Ал-Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн-Сино каби ватандошларимиз жаҳон илму-фани, маданияти ва тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Аждодларимиз асарларини Ғарб мамлакатларида тарқалиши Овропа маданиятига таъсир этиб, Оврўпа уйғониши – «Ренессаниси»ни вужудга келтирди, яъни Европани минг йиллик «уйқу»дан уйғотди. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёнининг якунловчи босқичи ХIасрнинг ўрталаридан то ХII-аср ўрталаригача давом этиб, элатга хос этник белгиларнинг ривожланиши меъёрига етади.

Бу даврда «Ўзбек» атамаси вужудга келиб, бу сўзнинг том маъноси «ўз» ва «бек» сўзларидан иборат бўлган, «Асл бек» демакдир[4]. Бу ўзбеклар ХVI аср бошларида ўз сардорлари билан Моварауннаҳрга кириб келди ва сулолавий ҳукмронликни темурийлардан тортиб олиб, бу ўлкага ўзбек номини олиб келди. Бу ном бугунги кундаги ўзбек халқи этник номига айланди.

Минг шукурлар бўлсин-ки, мустақиллигимиз туфайли ўзбек «ўзига бек» ва ўзига-ўзи «Хўжайин» бўлиб, дунё харитасида ўз ўрнига эга бўлди.

Энг янги этнографик тадқиқотларга асосланиб, ўзбекни қуйидагича таърифлаш имкониятига эга бўлдик: «ўрта гавдали, буғдой ранг, сочи қора, ва қизғиш-қўнғир, соқолиқора, баъзида кул ранг, бурни кичкина ва тўғри, лаблари қалин, тишлари оқ ва соғлом, пешонаси тўғри, қош усти кам бўртиб чиққан, қошлари ёйсимон, ияги йирик, юзи серқирра, қулоғи катта ва ажралиб туради, оёқ-қули меҳнатда тобланган, гавдаси рисоладагидек» бўлган[5].

Шу билан бирга ўзбеклар бошқа миллатлардан очиқ кўнгиллилиги, мардлиги, жиддийлиги, ватанпарварлиги, инсонпарварлиги, меҳр-мурруватлиги, меҳмондўстлиги, кечиримлилиги, меҳнатсеварлиги, она ва аёлларни эъзозлаши, оталарни ҳурматлаши, яхшилик қилиш каби қадимий анъаналарни сақлаб қолиши билан ҳам фарқланади. Шу билан бирга ўзбекларнинг «оилавий муносабатларини» асл намуна деб ҳисобласа бўлади деб ёзиб қолдирган Херман Вамбери[6].

Мамлакатимизда бугунги кунда таълим тўғрисидаги, кадрлаш тайёрлаш миллий дастури асосида бошланган маърифий ислохатлар ўйлаймиз-ки, IХ-ХII асрлардаги маърифат тараққиёт «ғилдираги»ни айлантириб юборганидек, миллатимизни маънавий яхшилашга пойдевор бўлади. Лекин маънавиятни иқтисодиётдан ажратиш мутлақо хато бўлгандек, бугунги кунда миллий салоҳиятимизни ривожланишида экологик омилларни зарурлиги миллат равнақига ўз таъсирини ўтказмокда.

Х. Тангирова, Ф. Тожиева (Урганч Давлат университети)

[1] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. –Тошкент, 2001 й. 86-бет

[2] Асқаров А. Ўзбекистон тарихи (Энг қадимги даврлардан эрамизнинг V асригача). – Тошкент, 1994 й. 123-бет

[3] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. – Тошкент, 2001 й. 98, 313, 318-бетлар

[4] Ўзбегим. – Тошкент, 1992 й. 115-бет

[5] Ўзбегим. – Тошкент, 1992 й. 120-бет

[6] Ўша манба. 122-бет

Ўхшаш мақола

К этнической истории узбеков Бухарского оазиса в XIX-начале XX вв.

Бухарский оазис, располагавшийся в долине нижнего Зеравшана, является самым населенным оазисом Среднеазиатского междуречья. Он окружен …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *