Бош саҳифа » Тарих » Ўрта Осиё этногеографиясидаги баъзи-бир долзарб муаммолар

Ўрта Осиё этногеографиясидаги баъзи-бир долзарб муаммолар

Антик ва илк ўрта асрларнинг бошларида Ўрта Осиё жумладан, Ўзбекистон Евроосиё материгида юз берган “халқларнинг буюк кўчиш” даврини чорраҳасига айланади. Бу ерда тарихий йилномаларда тилга олинган йирик қабилалар уюшмасининг ва улар билан боғлиқ бўлган халқларнинг шарқдан ғарбга, жанубий-ғарбга ва жанубга, шимолдан жанубга ва шимолий-ғарбдан жанубий-шарқ томон кўчишлари юз берган. Улардан баъзилари Ўрта Осиёҳудудларида қолган бўлса, бошқалари ерли халқларнинг бир қисмини ўзи билан бирга жануб ва жанубий-ғарб томонларга олиб кетган. Бунга мисол сифатида Ҳиндистон ва Орол бўйи ҳудудларидан топилган Фарғонага хос тирнаш услуби билан безалган сопол идишларни (I-II асрлар) келтириш мумкин.

Милодий эранинг IV-V асрларига келганда Ўрта Осиё сиёсий харитасида хионитлар ва кидаритлар ва улар билан боғлиқ бўлган халқлар уюшмаси пайдо бўлади. Улар ўзбек халқи тарихида муҳим из қолдирган.

Милодий эранинг V аср ўртасидан Ўрта Осиё кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилалар уюшмаси ҳисобланган эфталитлар хуқмронлиги доирасига ўтади. Эфталитларнинг жануб ва жанубий-ғарб томон қилган юришлари таъсирида Ўрта Осиё халқлари этногеографиясида сезиларли ўзгариш юз беради.

Юқорида тилга олинга қабилалар (халқлар) уюшмаларининг этник состави хақида ҳархил фикрлар мавжуд. Масалан, эфталитларнинг келиб чиқиши тили ҳақида ягона бир фикр йўқ. Бир гуруҳ олимлар эфталитларнинг тили шарқий эрон тиллар гуруҳларига кирган деса (Baily, Enoki, Gihrshman), бошқалари (Altheim, Pulleyblank) эса дастлаб эфталитларнинг тили туркий бўлиб, кейинчалик унга шарқий эрон тилларининг элементлари таъсир қилган дейди. Учинчи гуруҳ олимларнинг фикрича эфталитлар асосан шарқий эрон тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, баъзи-бир туркий этник элементларни ўзида мужассамлаган қабилалар уюшмаси ҳисобланган (Литвинский, Гафуров).

Милодий эранинг VI аср ўрталаридан бошлаб Марказий Осиё жумладан, Ўрта Осиёда буюк турк империясининг хукмронлиги бошланади. Бу даврда пайдо бўлган сиёсий ҳолат баъзи бир ўзгаришлар билан араблар келгунига қадар давом этади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудудларида сиёсий барқорорлик вужудга келиб, жойларда иқтисодий ва маданий тараққиётга кенг йўл очилади.

Арабларгача Сўғд, Тохаристан, Уструшона, Чоч ва Фарғона ҳудудларида мустақил давлатлар мавжуд бўлиб, сиёсий ҳокимият асосан туркий халқ вакиллари қўлида бўлган. Лекин, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт одамларнинг тили, диний эътиқодларидан қатъий назар уларнинг ўзаро тенглиги ва ҳамкорлиги асосида ташкил этилган эди. Хусусий мулкчилик давлат ва ижтимоий мулклар қаторида давлат ҳимоясида бўлган. Бу эса жойларда иқтисодий юксалишни тезлаштиради ва давлатлар қудратини оширади. Бу даврда Ўрта Осиё вилоятларида асосан кўп худолилик ҳукм сурган. Бу борада узоқ-яқиндан келган элчилар, савдогарлар, саёҳатчилар тили ва диний эътиқодларидан қатъий назар маҳаллий халқ ёки давлат ташкилотлари томонидан ҳеч қандай тўсиқларга учрамаган. Тарихий манбаларнинг ҳабар беришича, тили ва диний қарашлари ҳар хил бўлган халқлар бир шаҳарда ёнма-ён яшаши, қиз олиб, қиз бериши оддий бир ҳол бўлган.

Бу борада Муғ тоғидан топилган ҳужжатлар орасида Сўғд тилида ёзилган № 3 ҳамда № 4 рақамли ҳужжатлар диққатга сазовордир (Лившиц). Бу ҳужжатларда Сўғд қизи Дугдоначи турк йигити Уттегинга турмушга чиқиш ҳолати акс эттирилган. Бу келишув қоғози тенглик ва иттифоқ асосида ёзилган бўлиб, агарда уларни турмуши келажакда бузилса, унда йигит қизни ҳеч қандай камситмаган ҳолда ўз ота-онасига қайтариб бериши шарт бўлган.

Қадимги Сўғд ҳудудидаги Афросиёб ва Панджикент ҳаробаларидан топилган деворий расмлар ҳам бу масалани ойдинлаштиришда катта ёрдам беради. Афросиёбдаги VII асрга оид сарой қолдиқларидан ва Панджикентдаги сарой типидаги монументал уй қолдиқларидан топилган деворга чизилган расмлар Ўрта Осиё халқларининг этногеографияси хақида бой материаллар беради. Бу деворий расмларни ҳабар беришича VII-VIII асрни бошларида Сўғд ҳудудида туркий халқларнинг ўрни ва роли суғдийлардан кам бўлмаган. Масалан, Панджикент деворий расмларидаги туркий халқлар қиёфаси сўғдийларга нисбатан кўпроқ фоизни ташкил қилади. Антропологик нуқтаи-назардан қараганда деворий расмлардаги туркий одамлар Европа типида Ўрта Осиё икки дарё оралиғи халқлари гуруҳларига киради.

А. Анорбаев (ЎзР ФА Археология институти)

«ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ: ИЛМИЙ-МЕТОДОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР, ЭТНОГЕНЕТИК ВА ЭТНИК ТАРИХ» МАВЗУСИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ СЕМИНАР МАТЕРИАЛЛАРИ

Тошкент шаҳри 2004 йил 19-20 ноябрь

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Post Views: 18 Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *