Оққўрғон

ОҚҚЎРFОН – қадимги Тошкентнинг атрофидаги мавзелардан бири, шаҳарнинг шарқий чеккасида, Шибли ариғидан шарқда жойлашган. Шарқий чегараси Салор каналига қадар бўлган. Мавзенинг жанубий қисми тарихий манбаларда «Чимработ» деб аталган. У шаҳардан Паркентга борадиган карвон йўлида жойлашган. Оққўрғон ҳудуди Оққўрғон ва Дархон (Дархонотасой) ариқларидан суғорилган. Маҳаллий аҳоли қудуқ сувларидан ҳам фойдаланган. Мавзенинг ер юзаси шарққа томон зинапоясимон пасайиб борган. Айрим тепаликлар ҳам бўлган.

Ўрта аср вақф ҳужжатларида Оққўрғон ерлари Хожа Аҳрорга қарашли бўлган. Ҳужжатда Салор номи Рудак (дарёча) деб битилган. Кейинчалик 19-аср 2-ярмига қадар Хожа Аҳрор мадрасасининг вақф ерлари ҳисобланган. 19-аср 1-чорагида шаҳарнинг шу мавзега қараган дарвозаси ҳам Оққўрғон дарвозаси (1830 йиллардан эса Қашқар дарвозаси) деб аталган. Оққўрғонда Шайхонтоҳур даҳаси маҳаллалари аҳолисининг дала ҳовлилари бўлиб, аҳоли ёзги мавсумда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланган. 1865 йил 9 май куни Черняев аскарларининг бир дастаси Оққўрғон тепалигига келиб ўрнашган, ўша куни Алимқул амирлашкар қўмондонлигидаги Тошкент мудофаачилари билан Черняев отряди ўртасида Оққўрғонда (ҳозирги Мустақиллик кўчаси билан Ниёзбек йўли кўчаси кесишган жой) қаттиқ жанг бўлиб, руслар чекинишга мажбур бўлган (Дархон жанги), тошкентликлар уларни Шўртепага қадар таъқиб қилиб борган. Бу жанг тафсилоти унда шахсан қатнашган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида баён этилган. Тошкентни рус қўшинлари олгач, 20-аср бошларига келиб Оққўрғон Янги шаҳар билан туташган. 1867 йил Оққўрғон тепалигида қурилган обсерватория ҳозиргача фаолият кўрсатмоқда. 1906 йилда Оққўғрғоннинг шимолий чеккасидан Тошкент – Оренбург темир йўли ўтказилди. Кейинги йилларда Экскаватор заводи (1932), Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (1934), дастлабки ўрта мактаб (1940), «Старт» стадиони (1958) қурилди. 40–50-йилларда аҳоли кўпайиб хонадонлар сони 100 дан ортди, Юқори Оққўрғон ва Қуйи Оққўғрғон маҳаллаларига бўлинди. Маҳаллада бир неча масжид ҳам бўлган. 50-йилларда қўрғон-хонадонлар, боғ ва экинзорлар ўрнида бир ва кўп қаватли турар жой бинолари қурилиб янги кўчалар очилди. Мустақиллик даврида Оққўрғон ҳудудидан Кичик ҳалқа йўли ўтиб, яна ҳам ободонлашди. Ҳозир Оққўрғон ўрнида «Оққўрғон», «Улуғбек», «Дархон» ва бошқа маҳаллалар мавжуд.

ОҚҚЎРFОН КЎЧАСИ – Мирзо Улуғбек туманининг «Дархон», «Ҳамид Олимжон» ва «Оққўрғон» маҳаллалари ҳудудида. Мустақиллик кўчаси билан Мудофаачилар кўчаси оралиғида жойлашган. Узунлиги 1,5 км атрофида. 20-асрнинг 2-ярмида ташкил топган. Дастлаб 1959 йил Новомосковский номи берилган. 1994 йил 22 августдан Оққўрғон номи билан юритилади. Таркибида 6 та тор кўча бор. Йўналишида «Ёшлик» спорт мажмуаси, Жисмоний тарбия институти, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, оилавий поликлиника, нотариал идоралар, савдо шохобчалари, дорихона, фирмалар, авиакасса ва кўп қаватли турар жой бинолари жойлашган. Осиё ва Бешоғайнилар кўчалари билан туташган. Яқинида Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти, Латвия, Жазоир ва Афғонистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихоналари, Тошкент обсерваторияси, «Ўзмашсервис», Кардиология маркази, Пушкин майдони ва «Пушкин» метро бекати, 99-, 142-мактаблар, 153-, 447-боғчалар, маҳалла идораси жойлашган.

«ОҚҚЎРFОН» МАҲАЛЛАСИ (Оққўрғон 1-тор кўча, 6а-уй) – Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла. «Дархон», Ҳамид Олимжон маҳаллалари билан чегарадош. Тарихи Тошкентнинг Оққўрғон мавзеси тарихи билан боғлиқ. Аҳолиси 5168 киши, асосан, ўзбеклар ва руслар, шунингдек, бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Маҳалла ҳудудида масжид, 3 та болалар боғчаси, 2 та ўрта мактаб, лак-бўёқ заводи, экскаватор заводи, Республика соғлиқни тиклаш маркази, 12 та кичик корхона мавжуд.

«ОҚҚЎРFОН» МАҲАЛЛАСИ (Қизилқўрғон кўчаси, 3) – Юнусобод туманидаги маҳалла. «Мингўрик», «Обод» маҳаллалари билан чегарадош. 2005 йил 23 апрелда «Обод» маҳалласи иккига бўлиниб, «Оққўрғон» маҳалласи ташкил этилган. Оққўрғон ариғи шу маҳалла ҳудудида Бўзсувдан ажралиб чиққанлиги сабабли шундай ном берилган. Аҳолиси 1100 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида Ботаника ва ҳайвонот боғлари мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Жарариқ даҳаси

Post Views: 522 ЖАРАРИҚ ДАҲАСИ – Шайхонтоҳур туманида, шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида, Кўксарой, Алп Жамол, Жарариқ, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *