Бош саҳифа » Тошкент шаҳри » Оқилон (Оқлон)

Оқилон (Оқлон)

ОҚИЛОН (Оқлон) – Кўкча даҳасидаги қадимий маҳалла. Бўзсув канали ҳамда Кўкча, Жарариқ ва Дарвоза маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Ривоятларга кўра, маҳалла номи Шайх Зайниддинбобо номи билан боғлиқ. Шайхнинг завжалари шу маҳаллалик Дарё Дилбекач бўлиб, оқила аёл сифатида танилган. Маҳалла шу боис «Оқилон», яъни оқиллар макони номини олган. Маҳалланинг бир чеккасида шаҳарнинг Кўкча дарвозаси жойлашган. Маҳалла 2 қисмга – Биринчи ва Иккинчи Оқилонга бўлинган. Маҳаллада қарийб 500 хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, кўнчилик, ҳунармандчилик, баққоллик, шаҳар ташқарисидаги ерларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланган. Чойхона, турли дўконлари бўлган (20-аср бошлари).

Оқлон маҳалласи (Одил Мухторов кўчаси, 2а-уй) – Шайхонтоҳур туманидаги ҳозирги маҳалла. «Исломобод», «Каттаҳовуз», «Янгишаҳар» маҳаллалари билан чегарадош. Аҳолиси 3810 киши, асосан, ўзбеклар. Маҳалла ҳудудида интернат мактаби, ўрта мактаб, 3-шаҳар қозонхонаси, Республика миллий кулолчилик мактаби, «Оқлон» жоме масжиди, новвойхона, 3 та озиқ-овқат дўкони, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Маҳаллада бир қанча машҳур кишилар, жумладан Тошкентлик машҳур кўнчи Сулаймонбой, академик Ҳамдам Усмонов, Долимовлар сулоласи, Ўзбекистон халқ рассомлари Ҳамидулла Икромов, Муҳитдин Раҳимов, ёзувчи Раҳмат Файзий ва бошқалар яшаб ўтган.

ОҚИЛОН ДАҲАСИ – Шайхонтоҳур туманида, Маннон Уйғур кўчаси ва Бўзсув канали оралиғида жойлашган. «Каттаҳовуз», «Исломобод», «Шофайз», Маннон Уйғур номидаги маҳаллалар билан чегарадош. Даҳа 1945–50 йилларда ташкил этилган. Даҳада интернат мактаби, ўқув-даволаш коллежи, якка тартибдаги уй-жойлар мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Хўжа Аламбардор мақбараси

ХЎЖА АЛАМБАРДОР МАҚБАРАСИ (Камолон кўчаси, 109а-уй) – меъморий ёдгорлик (19-аср). Маҳаллий ривоятга кўра, мақбара Қаффол …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *