Бош саҳифа » «Ўқчи», қадимий ва ҳозирги маҳалла

«Ўқчи», қадимий ва ҳозирги маҳалла

ЎҚЧИ – Шайхонтоҳур даҳасидаги қадимги маҳалла. Мерганча, Олмазор, Тепақишлоқ маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Тошкент тупроққўрғонига ёндошган. 100 дан ортиқ хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (600 нафар кишидан ортиқ) бўлиб, ҳунармандчилик, жумладан, бўзчилик, қизалиш (от ёпиғи) тикувчилиги, нилчилик (мато ранглаш), катта икки ғилдиракли Қўқон арава ўқини ясаш, дегрез (чўянгар)лик, савдо-сотиқ, шаҳар атрофидаги мавзеларда, хусусан Қорасув ҳавзасида деҳқончилик (шоликорлик) ва боғдорчилик билан шуғулланган. 19-асрнинг 60–70-йилларидан маҳалланинг бир қисмида маҳаллий яҳудий савдогарларнинг турар жойлари, шаҳар бозорида эса Жуҳудраста пайдо бўлган. Ўқчида бино қилинган 3 масжиддан бири жума, яъни Катта масжид номи билан юритилган. Маҳалла гузарида новвойхона, баққоллик ва мўрча (ҳаммом) ҳамда савдо растаси бўлган. Ўқчининг жануби-шарқида Анҳор бўйида Тошкент шаҳрининг Қўймас (Қатағон) дарвозаси жойлашган. Анҳорнинг сўл соҳилида қад кўтарган Тали Қўймас қўрғонини ва дарвозани Қатағон ва Қиёт уруғига мансуб ўқчи сарбозлар қўриқлаган. Шу боисдан маҳалла Ўқчи номи билан юритилган. Уни кесиб ўтган савдо йўли Ўркўча, Қўймас (аҳоли оғзида эса Тупроқ кўча), кейинчалик Тошкўча деб тилга олинган. 19-аср охирларида Ўқчи маҳалласида ўғил болалар ва қиз болалар учун алоҳида-алоҳида 2 савод чиқариш мактаби фаолият кўрсатган, янги очилган мактаб ўқитувчилари учун дастлабки билим юрти очилган. 1937–38 йилларда 76-сонли ўрта таълим мактабининг кўп қаватли биноси қад кўтарган.

«Ўқчи» маҳалласи (Ўқчи кўчаси, 42) – Шайхонтоҳур туманидаги ҳозирги маҳалла. «Ўрда», «Олмазор» маҳаллалари билан чегарадош. Аҳолиси 2520 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 10 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Маҳалла ҳудудида Республика киночилар уйи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети коллежи, савдо растаси, 3 та ресторан, кафе, 2 та новвойхона мавжуд. 2006 йилдан бошлаб маҳалла ҳудудида «Жисонг Корея индустриал» ўзбек-корейс қўшма корхонаси томонидан замонавий инфратузилмага эга «Янги шаҳар» мажмуасини бунёд этиш ишларига киришилди. Маҳаллада давлат арбоби Акмал Икромов, академиклар Содиқ Азимов, Сабоҳат Азимжонова, Карим Шониёзов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов, шоира Зулфия Исроилова, Меҳнат Қаҳрамони, уста Муҳаммаджон Ёқубов, ёзувчи Асқад Мухтор ва бошқалар яшаган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*