Нукат

НУКАТ – ўрта асрларда Илоқ шаҳарларидан бири (3–12-асрлар). Чоч марказидан Илоқ пойтахти Тункатга борадиган савдо йўлида жойлашган. Араб географлари асарларида Илоқнинг энг йирик шаҳарларидан бири, 12-аср географларида эса Илоқ пойтахти сифатида қайд этилган. Унинг харобалари Тўйтепа шаҳрининг ғарбий чеккасида, Тошкентдан 25 км жанубида Улкан Тўйтепа номи билан сақланган.

Ёдгорликни дастлаб Н.И. Веселовский (1884), сўнг М.Е. Массон (1928) текшириб, уни Нукат ўрнида жойлашганини қайд этган. 1937 йил Я.Fуломов ва Т.Мирғиёсов Нукат атрофида зардуштийларнинг остодонларда дафн қилинган некрополи (қабристони)да қазишмалар ўтказишган. 2001 йил А.Асқаров шундай ишларни амалга оширган. 2006–07 йилларда Ю.Ф.Буряков ва Г.И.Богомолов ёдгорликни тадқиқ этишган. Шаҳар тўғри бурчак шаклда, шарқдан ғарбга чўзилган, буржли мудофаа девори билан ўралган шаҳристон майдони – 24 гектар. Шимолий қисми ўртасида тарҳи тўртбурчак арк (майдони 1 га) қад кўтарган. Нукатнинг умумий майдони – 200 гектар.

Шаҳарнинг шарқий чеккасида оссуарийлар чиққан некрополь қолдиқлари сақланган; жануб ва ғарб томонда мозорқўрғонлар белгилари учрайди. Ёдгорлик замонавий турар жойлар қуриш, экинзор ва қабристон туфайли қисман вайрон бўлган. Қазишма ишлари олиб борилмаган бўлса-да, турли даврларга оид сопол идишларнинг бой мажмуи, қуйма муҳрлар, тангалар хазинаси, остодонлар топилган. Булар шаҳарда ҳаёт 3 босқичда ривожланганлигини кўрсатади: 1) милодий 3–4-асрларда Нукат ўрнида шаҳар типидаги қишлоқ бўлиб, атрофи воҳада ўтроқ ҳаётга ўтаётган кўчманчиларнинг мозор қўрғонлари билан қуршалган; 2) 6–8-асрларда майдони 24 гектар, шимолий қисмида арки бўлган қудратли қалъа бунёд этилган. У Чочнинг қадимий пойтахтидан Илоқ конларига борадиган савдо йўлида жойлашган; 3) шаҳар 9–10-асрларда равнақ топган, бунга унинг Бинкатдан Фарғонага, Суғддан Илоқ конларига борадиган савдо йўллари кесишган ерда жойлашгани сабаб бўлган. 11–12-асрларда Нукат Илоқ пойтахтига айланган. Мўғуллар истилоси (13-аср боши) туфайли ҳунармандчилик ва савдо таназзулга юз тутган бу ҳудуд мўғулларнинг яйловига айланиши билан Нукатда ҳаёт барҳам топган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Бурганли маданияти

БУРГАНЛИ МАДАНИЯТИ – сўнгги жез ва илк темир даврига мансуб археологик маданият (милоддан аввалги биринчи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *