Нужакат

НУЖАКАТ, Нужкат, Унжакат – ўрта асрларга оид Чоч шаҳри (9–17-асрлар). Араб географлари (10-аср) асарларида Сирдарё ва Чирчиқ дарёлари кечувида, шунингдек, Сўғддан ва Банокатдан келувчи савдо йўлида жойлашган шаҳарлар рўйхатида қайд этилган. Унинг харобалари ҳозирда Чирчиқ дарёсининг қуйилиш ерида, дарёнинг чап соҳилида, Гул қишлоғида жойлашган Ўжакент шаҳар харобаси номи билан машҳур. 1971–72 йилларда Ю.Ф.Буряков тадқиқ этиб, уни Нужакат ўрнида бўлганини қайд этган. Квадрат шаклдаги шаҳар харобаси (майдони 24 гектар), тўғри тўртбурчак (55х55 м) арк, шаҳристон (230х270 м) ва жануб ҳамда ғарбдан ёндошган рабоддан иборат. Арк ички йўлакли қўш қават мудофаа девори билан ўралган. Шаҳристон ва рабод пахса девор билан муҳофазаланган. Топилмаларга кўра, шаҳар 9-асрда Сирдарё ва Чирчиқ дарёлари кечувида муҳим савдо маскани сифатида вужудга келган.

Шарқ манбалари Нужакатни Хашарт (Сирдарё) ва Фарак (Чирчиқ)да ишловчи қайиқчилар шаҳри сифатида қайд этган. Кечув ва шаҳар 13-аср бошида мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Аммо шаҳар атрофидаги ҳаёт 14-асрдан қайта жонланган.

15-асрда Ужакат номли қишлоқ Хожа Аҳрор мулклари таркибига кирган, сўнгра 17-асргача Ўлжакат номи билан, кейин Гул қишлоғи деб атаб келинмоқда.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *