Бош саҳифа » Тарих » Ноёб меъморий мўъжиза. Занги ота мажмуаси

Ноёб меъморий мўъжиза. Занги ота мажмуаси

Занги ота ҳазратлари Марказий Осиё минтақасида ІХ–ХІІ асрларда юз берган биринчи илмий-маданий юксалиш, яъни илк Шарқ Уйғониш даврининг намояндаси, ўз замонида ҳикмат ва маънавият, дин ва тасаввуф ривожига катта ҳисса қўшган мутасаввиф ва авлиё боболаримиздандир.

Неча юз йиллардан буён Занги ота шахсига бўлган қизиқиш сусаймаган, аксинча, ортиб бормоқда. Ривоятларга кўра, Ойхожа ибн Тожхожанинг ёшлик йиллари ІХ–ХІІ асрларда Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири – Бинкетда (ҳозирги Тошкентда) кечган. Ҳозирги Занги ота қишлоғига айнан шу зот асос солган. У киши 1258 йилгача, яъни вафотига қадар қарийб қирқ йил давомида Анбар она билан бирга шу қишлоқда яшаган. Жуда кўплаб одамларга – оддий деҳқонлардан тортиб турли даражадаги ҳукмдорларга ҳам диний-маънавий устозлик қилган. Вафотидан сўнг у зотнинг мозори наинки маҳаллий, балки олис минтақалардан келадиган кишилар учун ҳам зиёратгоҳга айланган.

Шу тариқа Занги ота мозори устида зиёратгоҳ кўринишидаги дастлабки камтарона ёдгорлик пайдо бўлган ва кейинчалик нафақат зиёратгоҳ, балки у жойлашган қишлоқ ҳам Занги ота номи билан аталган.

Занги ота мажмуаси Тошкент шаҳридан 16 чақирим ғарбда, Самарқандга ўтадиган қадимий карвон йўлида, Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида, Зангиота қишлоғининг марказида қад ростлаган.

Занги ота мақбарасининг бунёд этилиши билан боғлиқ ибратли ривоятлар ҳам, тарихий воқеалар ҳам бирдек чуқур рамзий маънога эга. Ривоят қилишларича, Амир Темур Ясси қўрғонида Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида нима учундир иш ҳадеганда юришавермаган. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида бир кечаси тушига нуроний бир зот кириб, Яссавийга мақбара қуришдан олдин Занги отанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади. Шунда Амир Темур Занги ота руҳини шод этиш учун мақбара тиклашга киришади. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуининг қурилишини 1420 йили Мирзо Улуғбек тугаллаган.

Занги ота зиёратгоҳи Марказий Осиё минтақаси халқлари учун табаррук маскан ҳисобланади. Бу тарихий-меъморий мажмуага ҳар куни беш минг нафар атрофида зиёратчи ва сайёҳ келаётгани буни яққол тасдиқлайди. Зиёратчилар турли мамлакатлардан экани ҳам диққатга моликдир.

Занги ота мақбараси дастлаб икки хонали содда иморат – зиёратхона ва гўрхонадан иборат бўлиб, пештоқ ва безаклари бўлмаган. Хоналарнинг девори равоқли чорси асосдан бурчаклардаги равоқли бағал гумбаз билан боғланган. Ҳосил бўлган саккиз қиррали асос устига ўрнатилган гумбазларнинг катталиги ҳар хил.

Хоналарга дарча ва тобдонлар орқали ёруғлик тушган. Гўрхонадаги оқ мармардан ишланган қабртош, айниқса, диққатни тортади. Тошга ғоятда моҳирлик билан нафис ўйма нақш ва арабий хатлар битилган. Қабр шакли ва нақшлардаги услуб унинг қадимийлигидан далолат беради.

Ён томондаги юза қисмида араб тилида қуйидаги мазмундаги шеър ўйилган: “Биз соғлик ва саёҳатдан завқланамиз. Аммо вақти келиб бир-биримиздан айриламиз. Чунки вақт севиклиларни айирувчидир”.

Мармар битиктошнинг бир ён қиррасига куфий ва сулс хатида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Қабр амаллар сандиғидир”, деган ҳадислари битилган.
Вақтлар ўтиб мақбара олдига пештоқ ва иккита кўндаланг хона қурилиб, безак берилган. Пештоқ ва хоналар ташқи девори, зиёратхона ва мақбара пойгумбази сайқалланган ғиштчалар, ўймакор ранг-баранг кошинлар билан безатилган.

Занги ота мақбарасининг яна бир ноёб ва ўзига хос жиҳатига тўхталиш жоиз. Ўша давр меъморчилигида пештоқни иморатнинг ён қанотларидан олдинга суриб қуриш одат тусига кирганини минтақамиздаги деярли барча меъморий ёдгорликлар мисолида кўриш мумкин. Занги ота мақбарасининг пештоқи эса икки ёнидаги хона деворлари билан бир чизиқда қурилган, яъни шу деворларнинг дами бўлиб тушган. Бундан ташқари, иморатнинг сиртидаги изоралар пештоқ айвонидаги супалар билан бир баландликда қилиб ишланган.

Мақбара пештоқини унинг ёнидаги хона деворлари билан қўшиб қуриш натижасида бинонинг мустаҳкамлигини оширишга эришилган. Изора ва супаларнинг бир хил баландликда бўлиши иморат қиёфасига алоҳида кўрк бағишлаган. Мақбарага олд томондан – маълум бир масофадан туриб қаралганда, ушбу иморат яхлит бир супа устига ўрнатилгандек тасаввур уйғотади.

Анбар она мақбараси Занги ота мажмуаси таркибида бўлиб, Занги ота мақбарасининг жануби-ғарбида жойлашган. У пештоқ, зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Зиёратхона ва гўрхонанинг усти қўшқават гумбазли, қуббали тошдан, кичик доира шаклида ясалган. Мақбарага оқ мармардан қабртош қўйилган. Унинг теварак-сиртига арабий хатлар ва нафис нақшлар ўйилган.

Мақбара дастлаб икки хонали бўлган, кейинчалик унинг олдига пештоқ қурилиб, кошинлар билан безатилган. Пештоқ таянчи унча баланд эмас. Бу услуб Тошкент мақбараларига хос. Занги ота мақбараси қатори ушбу ёдгорлик ҳам Амир Темур замонаси меъморчилик анъанасининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Яқин ўтмиш – советлар мустамлакаси замонида, хусусан, ХХ асрнинг 30-йиллари бошида барча зиёратгоҳлар қатори Занги ота мақбараси, масжид ва хонақоҳлар ёпилган. 1943 йили совет ҳукумати халқаро майдондаги обрўсидан чўчиб, виждон эркинлигига бироз бўлса-да йўл қўйишга мажбур бўлгани туфайли Занги отадаги масжид ҳам ишга тушган. Аммо 1945 йили “Занги ота” масжиди батамом ёпилиб, даҳрийлар музейига айлантирилган. Истиқлол арафасида, 1989 йилдагина мазкур музей тугатилиб, қайтадан Занги ота мақбараси яна зиёратгоҳга, “Занги ота” масжиди ибодатгоҳга айланди.

2014–2015 йилларда Занги ота тарихий-меъморий мажмуасида ҳам кенг кўламли тиклаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Мажмуа майдони кенгайтирилиб, 8 гектардан зиёд обод, кўркам ва кўкаламзор мас­канга айлантирилди. Барча таъмирлаш, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Мажмуа тарихий ёдгорлк сифатида давлат муҳофазасига олинди.

Бу саодатли кунларимизга минг бора шукр деймиз. Занги ота каби азиз-авлиёларимизга насиб этган илм ва маърифатдан барчамизни баҳраманд этсин. Буюк зотлар дуоси, ҳурмати ва шарофатидан юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон, фарзандларимизни илмли ва салоҳиятли зурриётлардан айласин!

Акмал САИДОВ,
профессор

Манба

Ўхшаш мақола

Ўзбек элатининг шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичлари

Маълумки, ўзбек элатининг шаклланиш жараёни бошқа туркий забон халқлардан бирмунча фарқ қилган. Жумладан: ўзбек элатининг …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *