Навоий кўчаси

НАВОИЙ КЎЧАСИ – пойтахтнинг энг қадимий ва марказий кўчаларидан бири. Амир Темур шоҳкўчаси ва Беруний кўчаси оралиғида. Узунлиги 4 км атрофида. Дастлаб Ҳадра майдонидан Анҳор канали оралиғида бўлган. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг Ўрда кўпригидан ҳозирги Амир Темур шоҳкўчасигача узайтирилган.

1893 йилгача Тошкўча, Каттакўча номлари билан юритилган. Сўнг Шайхонтоҳур кўчаси номи берилган. 1938 йил улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига тайёргарлик кўриш доирасида Навоий номи берилган.

19-асрнинг 2-ярми ва 20-асрнинг бошида Эски шаҳарни Янги шаҳар билан боғлашда муҳим аҳамият касб этган. Шайхонтоҳур даҳасини кесиб ўтган (эски номи шундан). Кўчада асосан ҳунармандлар яшаган. Унда Шайх Хованди Тоҳур мақбараси (15-аср), Юнусхон мақбараси (19-аср), Эшонқули додхоҳ мадрасаси (19-аср, сақланмаган; бу ерда 1884 йил биринчи рус-тузем мактаби очилган)дан бошқа йирик бинолар бўлмаган.

20-аср бошларида Эски шаҳарнинг энг гавжум кўчаси ҳисобланган. 20-аср бошида биринчи кўнка ва трамвай ҳаракати айнан шу кўча орқали йўлга қўйилган. 1908 йил илк керосин-калил фонарлари ўрнатилган.

Кўчадаги янги қурилишлар ва унинг реконструкцияси 1930–70 йилларда амалга оширилган, кенгайтирилган транспорт магистрали ўтказилган, кўп қаватли бинолар қурилган. 1930-йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ҳозирги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), «Ўздавлатлойиҳа» (кейинчалик Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси жойлашган), Марказий телеграф бинолари ва бошқалар барпо қилинган. 1940 йил Маданият ва меҳнат саройи (меъмор С.Н.Полупанов; кейинчалик бу бинода Адабиёт музейи, Ёш томошабинлар театри жойлашган) қурилган. 1949 йил бино олдидаги майдонда Навоий ҳайкали ўрнатилган (меъмор В.Волчек, ҳайкалтарош Н.Дитрих). 1968 йил майдони реконструкция қилинган ва шу йили Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллик юбилейи муносабати билан ҳайкал ўрнатилган жойда «Шоирлар хиёбони» ташкил этилган. 1991 йил 9 февралда шоирнинг 550 йиллик юбилейи муносабати билан «Шоирлар хиёбони»да шоирнинг янги тагсупага ўрнатилган ҳайкали қайта очилган. 1937–40 йилларда «Ватан» кинотеатри (меъморлар А.Сидоров, Н.Тимофеев) қурилган. Тошкент зилзиласи (1966)дан кейин бу бино ўрнида Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)нинг янги биноси қурилди; бино 2001 йилда замонавий талабларга жавоб берадиган қилиб қайта таъмирланди ва бутунлай янги қиёфага эга бўлди. 2000 йил кўчада кенг қамровли реконструкция, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Кўча энига кенгайтирилиб, трамвай йўли, жамоат транспорти бекатлари тубдан янгиланди. Абай кўчаси ва Ҳадра майдони оралиғидаги савдо ярмаркаси тартибга келтирилди. Икки ёқлама 3 қатор транспорт воситалари ҳаракати учун имкон яратилди.

Навоий кўчасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Алоқа ва ахборотлаштириш, Матбуот ва ахборот агентликлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби, компания ва уюшмалар, давлат инспекциялари ва банклар, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, «Дедеман», «Марказий» ва «Чорсу» меҳмонхоналари, «Пойтахт» бизнес маркази, Мустақиллик майдони ва Хотира майдони, «Туркистон» саройи, Санъат саройи, Миллий матбуот маркази, Архитектура ва қурилиш, Кимё-технология институтлари, Марказий телеграф, Шайхонтоҳур ёдгорлик мажмуаси, Кўкалдош мадрасаси, «Туркуаз» гипермаркети, Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги, хорижий ваколатхоналар, кўп қаватли турар жой ва маъмурий бинолар, бекатлар, китоб расталари, савдо мажмуалари ва сервис хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқалар жойлашган.

Навоий кўчаси Зарқайнар, Фурқат, Fафур Fулом, Абай, Шайхонтоҳур, Ботир Зокиров, Рашидов, Мустафо Камол Отатурк, Буюк Турон кўчалари билан туташган. Кўча бўйлаб барча турдаги жамоат транспорти воситалари ҳаракати йўлга қўйилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Камолон

КАМОЛОН – Бешёғоч даҳасидаги қадимий маҳалла. «Дархон», «Эшонгузар», «Янгимаҳалла», «Самарқанд дарвоза», «Гулистон» маҳаллалари билан чегарадош …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *