Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Аҳмад Югнакий (ХII аср)

Мутафаккирлар. Аҳмад Югнакий (ХII аср)

Манбаларда Аҳмад Югнакийнинг туғилган жойи Югнак деб аталади. Бу номдаги қишлоқлар қадимги Самарқанд атрофи, Фарғона водийси ва Сирдарё бўйларида мавжуд бўлган. Аҳмад онадан кўзи ожиз туғилди. Алишер Навоий бу ҳақда шундай ёзади: “Ҳақ субҳонаҳу ва таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яраттандур, аммо кўнгил кўзин бағоят ёруқ қилғондур”. Аҳмад ёшлигидан жуда қобилиятли ва зийрак бўлган. Кўзи ожизлиги сабабли, ўзга турк йигитлари сингари от миниб, қилич чопишга эмас, Қуръони каримни ёд олиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисларини ўзлаштиришга жидду-жаҳд кўрсатган.

Адиб Аҳмад исломий билимларни пухта эгаллаб, ўша даврнинг етук олимларидан бирига айланди. У салоҳиятли шоир ва ахлоқ муаллимидир. Адибдан бизгача етиб келган ягона яхлит асар “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар туҳфаси”) достони бўлиб, 484 мисрадан иборат.

Аҳмад Югнакий номига “Адиб” сўзи қўшиб айтилиши маълум сабабга эга. У ўзини шоир эмас, балки адаб илми намояндаси деб билади. Унинг достони ҳам туркий элатларга исломий одоб қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан таълим беришга мўлжалланган. Буни ундаги боб сарлавҳаларидан ҳам англаш мумкин. Биринчи боб – “Илм манфаати ва жаҳолатнинг зарари ҳақида” деб аталиб, унда Пайғамбарнинг “Илм Чин эли (яъни Хитой)да бўлса ҳам, ўрганинг!” деган ҳадислари араб тилида келтирилган ва ушбу фикр туркий тўртликлар шаклида шарҳланган. “Саодат йўли билим билан билинади”, дейди Адиб. У билим эгаси бўлган аёл кишини эрлар қаторида кўради, билимсиз эркакни эса аёлдан ҳам заиф билади.

Алишер Навоий ўз асарида Адиб Аҳмад достонининг ушбу бобидан энг эркин тимсолни келтирган: 

Сўнгакка илик тур, эранга билик,
Биликсиз эран ул иликсиз сўнгак. 

Билим эгаси вафот этганда ҳам унинг номи боқий қолади, деб хулосалайди шоир, аммо билимсиз киши тиригида ҳам ўликдан фарқи йўқдир.

Адиб Аҳмад билимсизликни қоралаб яна Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисларига мурожаат этади: “Тангри ҳеч қачон жоҳилларни азиз қилган эмас”. Илм қадрига фақат маърифатли одам етади, нодонга эса насиҳат бефойдадир. Адиб Аҳмаднинг фикрича, билим туганмас бойлиқдир, у фақир кишини бой этади, илм аҳлини эса араб ҳам, ажам ҳам олқишлайди.

Иккинчи боб “Тилни тийиш ва бошқа одоблар ҳақида” деб номланади. Адиб фикрича, киши бошига ҳар қандай иш тушса, тили туфайли содир бўлади, баъзилар яхшилик кўради, баъзилар афсус чекади. Ахмоқ одамнинг тили – душмани, кўп кишиларнинг тили туфайли қони тўкилди. Адиб Аҳмад беҳудагўйлик ва ёлғон сўзлашни қаттиқ қоралайди. Сўзнинг тўғриси ва қисқаси яхши деб ҳисоблайди. Боб давомида сир сақлашнинг муҳимлиги таъкидланади, “ҳатто яқин дўстингдан ҳам эҳтиёт бўл” – дея огоҳлантиради шоир. Бундай огоҳлантиришлар замонанинг қалтислигини эслатиб турарди.

Учинчи боб ҳам шунга мувофиқ “Дунё ҳолатларининг ўзгариб туриши ва дунё аҳлида вафо камлиги ҳақида”. Адиб Аҳмад ўз асарини кексалик чоғида ёзганлиги ушбу боб мазмунидан сезилади.

Адиб дунёнинг ўткинчилиги, киши умрининг елдек ўтиши, обод ўлкалар хароб бўлиб, доноларнинг кўпи дунёни тарк этганини афсус билан қайд этади. Дунё бир қўли билан кишига асал тутса, иккинчи қўли билан оғу тутади.

Шу сабабли “егулигинг ва кийгулигинг бор бўлса, кўп ҳам мол-дунё йиғишга ружу қўйма”, дейди Адиб.

“Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари асосий қисмининг кейинги 4–7- боблари ҳам инсонларнинг юксак фазилатларини таърифлаш, нуқсонларини қоралашга бағишланган. Уларда саховат, қўли очиқлик, тавозеъ, инсонларга меҳрли бўлиш, вафоли, шавкатли, ҳалим табиатли, кечирувчан, камтар бўлиш тарғиб қилинади, бахил ва очкўзлик, молпарастлик, ғазабнок ва такаббурлик, риёкорлик, бесабрлик, зулм ва зўравонлик, сафсатабозлик қаттиқ қораланади.

Асар бошдан оёқ тавҳид эътиқодига таянади, муаллиф фикрлари Аллоҳ таолонинг муборак оятлари, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳикматли ҳадислари билан далилланади. Туркий тилда битилган шеърий матн орасида қатор оятлар, 20 дан ортиқ ҳадисларнинг асл арабий матни келтирилган, улар туркийда шеър воситасида шарҳ этилган.

Адиб Аҳмад Мовароуннаҳр ва Хуросонда туркий элатлар маданиятини юксалтиришда катта хизмат қилди. ХI–ХII асрларда ижод этган Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий каби нафақат ўзбек халқи, балки бутун турк олами, ҳатто ислом минтақасининг буюк алломалари ижодига Адиб Аҳмаднинг таъсири беқиёсдир.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *