Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абу Зайд Дабусий (978–1039)

Мутафаккирлар. Абу Зайд Дабусий (978–1039)

Йирик ҳуқуқшунос олим Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо Қозий Дабусий Бухоронинг етти машҳур қозиси (қуззоти сабъа)дан бири, ҳанафий мазҳабининг салоҳиятли вакили ва раиси эди. У Бухоро ва Самарқанд оралиғида жойлашган Дабусия қишлоғида 978 йилда туғилиб вояга етган ва 1039 йил Бухорода ҳаётдан кўз юмиб, Имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилган.

Дабусий фиқҳ илмини икки буюк фақиҳлар Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Бакр Жассоснинг шогирди бўлмиш Абу Жаъфар ибн Абдулло Уструшанийдан ўрганиб фиқҳ, усул ул-фикҳ, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилди. Унинг илмий салоҳияти ва тенгсиз истеъдоди барча олимлар томонидан эътироф этилган. “Вафаёт ул-аъён”, “Тож ут-тарожим”, “АлЖавоҳир ул-музия” ва “Ал-Фавоид ул-баҳия” китобларида зикр этилишича, у ҳар доим Бухоро, Самарқанд шаҳарларида машҳур ва таниқли олимлар билан мунозара олиб борган.

Абу Зайд Дабусий ҳанафий мазҳаби бўйича қимматли асарлар муаллифи бўлиб, бундан “илм ул-хилоф” (хилоф илми) – ислом ҳуқуқи бўйича қиёсий ҳуқуқшунослик фанига асос солган олим эди. У ёзган китоблар қуйидагилардан иборат:

1. “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”).
2. “Тақзим ул-адилла” (“Далилларни баҳолаш”).
3. “Китоб ул-асрор фи-л-усул ва-л-фуруъ” (“Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб”).
4. “Ал-Амад ул-ақсо” (“Энг олис мақсад”).
5. “Хизонат ул-ҳудо” (“Ҳидоят хазинаси”).
6. “Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабийр” (“Жомиъ ал-кабирнинг шарҳи”).
7. “Ал-Анвор фи усул ул-фиқҳ” (“Фиқҳ асосларини очувчи нурлар”).
8. “Ан-Нузум фил-фатово” (“Фатволардаги тартиб-қоидалар”).
9. “Тажнис уд-Дабусий” (“Дабусийнинг тартиб ва таснифи”).
10. “Ат-Таълиқа” (“Ҳошия”).

Дабусий мазҳаб соҳасида ижтиҳод ва тахриж (ҳукмларни манбадан чиқариб олиш) салоҳиятига эга бўлган ҳурфикр олим эди. У Марказий Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос илмий услуби ва фалсафий тафаккури билан ажралиб турган ва шуҳрат қозонган. Дабусий фиқҳ илми, ҳанафий мазҳаби такомили ва бошқа фанлар ривожига катта ҳисса қўшди ва юксак илмий аҳамиятга молик асарлари билан ўз номини абадиятга муҳрлаб қолдирди.

Абу Зайд Дабусий асарлари усул ал-фиқҳ ривожида бурилиш ясади. У кўп муаллифлардан фарқли равишда хилоф илмига усул илмининг муҳим бир шуъбаси деб қаради. Ўз асарларида, айниқса, “Тақзим ул-адилла” китобида қиёс усулини имкониятларини, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *