Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абу Наср Форобий (873–950)

Мутафаккирлар. Абу Наср Форобий (873–950)

Жаҳон маданиятига катта ҳисса қўшган Марказий Осиёлик машҳур файласуф, қомусий олим Форобийнинг тўлиқ исми Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон.

Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ. Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билган ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитгани туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” деб юритилган.

Форобий 873 йилда туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб – Ўтрор деган жойда туғилган. У туғилган ҳудуд Сомонийлар томонидан бошқарилиб, араб халифалигининг шимолий чегараси ҳисобланган.

Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга келди. Бағдодда бу даврда мусулмон дунёсининг турли ўлкаларидан, хусусан, Марказий Осиёдан келган кўп илм аҳллари тўпланишган эди. У ерга бора туриб Форобий Эрон шаҳарлари Исфаҳон, Ҳамадон, Рай ва бошқа жойларда бўлди.

Форобий Бағдодда ўрта аср фани ва тилининг турли соҳалари, юнон фалсафий мактаблари билан чуқур танишиб, ўзга диний эътиқод, фалсафий фикрдаги кишилар билан илмий мулоқотда бўлди. Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870–940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Хийлон (860– 920)дан табобат ва мантиқ илмини ўрганди. Айрим маълумотларга қараганда, у 70 дан ортиқ тилни билган.

Тахминан 941 йилдан бошлаб Форобий Дамашқда яшаган. Шаҳар чеккасидаги боғда қоровул бўлиб, камтарона кун кечириб, илм билан шуғулланган. Сўнгги йиллар у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамдамид (943–967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқиқотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради. Форобий 949–950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган.

Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин:

1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар;

2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.

Форобий қадимги юнон мутафаккирлари – Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотел асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни батафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган.

Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккир–ларининг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳлари (“Метафизика” – “Мобаъдий табиат”)ни ўқиб, Аристотел асарларини тушунганини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта рол ўйнади. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади.

Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган. Форобий асарлари ХII–ХIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг кутубхона ва муассасаларида сақланади.

Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади. Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди.

У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чиқди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан, сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.

Форобийнинг тиббий қарашлари “Инсон аъзолари ҳақида” рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди. Форобий дунёқарашининг шаклланишига, асосан, Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди.

Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари – давлатни бошқариш, таълимтарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган. Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги” рисоласида жамият (“инсон жамоаси”)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: “Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаоли-яти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди”.

Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишининг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Бутун инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади.

Форобий ўз давридаёқ буюк олим сифатида машҳур бўлган. Шарқ халқларида у ҳақда турли ҳикоя, ривоятлар вужудга келган. Ўрта аср олимларидан Ибн Халликон, Ибн Қифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақийлар ўз асарларида Форобий ижодини ўрганиб, унинг ғояларини ривожлантирганлар.

Хусусан, Ибн Рушд Форобий асарларини ўрганибгина қолмай, уларга шарҳлар ҳам ёзди. Аверроизм номи билан машҳур бўлган унинг фалсафий таълимотининг шаклланиши дастлаб Форобий ва Ибн Сино фаолияти билан боғлиқ. Аверроизм илмий тенденцияларни ифодаловчи илғор йўналиш сифатида кенг ёйилган ва Уйғониш даврининг кўп илғор мутафаккирлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Post Views: 1 279 Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган …

Битта мулоҳаза

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *