Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абу Али ибн Сино (980–1037)

Мутафаккирлар. Абу Али ибн Сино (980–1037)

Марказий Осиё халқлари маданиятини ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино бўлиб, у Европада Авиценна номи билан машҳурдир.

Ибн Сино Бухоронинг Афшона қишлоғида 980 йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилди. 986 йилда Ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вақтдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илмфанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976–997)га тўғри келади.

Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тезда эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуръони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдулло Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиийилмий, фалсафий меросини, хусусан, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16–17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб – ҳаким бўлиб танилди.

1000 йилда Ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги ўз замонасининг етакчи олимларини бирлаштирган академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, Ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди.

Абивард, Тус, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган Ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди.

1023 йилда Исфаҳонга борди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг “Китоб ал-қонун фит-тибб”, “Китоб ун-нажот”, “Китоб ул-инсоф” каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, “Ҳайй ибн Яқзон” фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди.

Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим рол ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг “Метафизика мақсадлари”, “Фусусул-ҳикам” каби муҳим рисолаларини қунт билан ўргангани, улардан кенг фойдаланганини таъкидлаб ўтади.

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган. Кўп рисолалари шаҳармашаҳар кўчиб юриш, урушлар, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда Ибн Сино, аввало, табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир, холос. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари “Китобуш-шифо” (“Шифо китоби”) 22 жилддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Европадаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган. 20 жилддан иборат бўлган “Китобул-инсоф” (“Инсоф китоби”) бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. “Китобун-нажот” (“Нажот китоби”) 4 катта қисмдан – мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, “Китоб лисонул-араб” (“Араб тили китоби”) 10 жилдни ташкил этади. “Донишнома” форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни – мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади.

Ибн Сино асарлари ўрта асрларда Европада илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у орқали Европанинг бошқа тилларига таржима этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи “Тайр қиссаси”, “Саломон ва Ибсол”, “Ҳайй ибн Яқзон” каби фалсафий қиссалар яратган.

Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс шеъриятида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди. Ибн Сино арабча қитъалар ҳам ёзган.

Ибн Сино табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи “Уржуза” номли тиббий асар яратди. Унинг Аристотел (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва ўзининг шогирди – озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табобат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар Ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларидан “Китоб ал-қонун фит-тибб” (“Тиб қонунлари”), “Китобул-қуланж” (“Ичак санчиқлари”), “Китобун-набз” (“Томир кўриш ҳақида китоб”), “Фужул-тиббия жориа фи мажлисиҳ” (“Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар”), “Тадбирул-манзил” (“Турар жойнинг тузилиши”), “Фил-ҳиндубо” (“Сачратқи ўсимлиги ҳақида”), “Рисола фидастурит-тиббий” (“Тиббий кўрсатмалар ҳақида рисола”) каби асарлари мавжуд.

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта рол ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида Ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди, бу билан бутун Шарқ ва Европадаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатади. У ўз даврида Шарқ ва Европада “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбиялади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида Ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотел, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган.

Ибн Сино асарлари Европада ХII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошлади. “Тиб қонунлари” асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинди. “Китоб уш-шифо”нинг кўп бўлимлари, мантиқ, музика, ернинг тузилиши, геологик жараёнлар, метафизикага оид қисмлари ҳам лотинчада нашр этилди. Сўнгги илмий тадқиқотлар Ибн Синонинг Шарқ адабиётига ҳам таъсир кўрсатганлигини, чуқур фалсафий мазмунни ифодаловчи рубоий ва фалсафий қиссалар жанрининг тараққиётига туртки берганлигани кўрсатади.

Ибн Сино халқ орасида шу даражада ҳурматга сазовор бўлдики, у фолклор қаҳрамонига айланиб кетди. Шарқ халқларида унинг тўғрисида турли ҳикоя, ривоят, афсоналар вужудга келди. Жаҳон олимлари Ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўпдан бери илмий тадқиқот ишларини олиб борадилар. Ҳозирда жаҳоннинг деярли барча йирик тилларида Ибн Сино ҳақида асарлар яратилган.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Post Views: 29 Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *