Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179)

Мутафаккирлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179)

Хожа Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний тасаввуфнинг йирик намояндаси, машҳур авлиё, Хожагон номи билан шуҳрат қозонган Ўрта Осиё тариқатининг асосчиси ва раҳнамоси, 1103 йилда Бухоро яқинидаги йирик савдо-сотиқ карвон йўлларидан бўлмиш Ғиждувон қишлоғида маърифатли оилада туғилган. Ўз қишлоғида дастлабки маълумотни олгач, 22 ёшида илмини такомилга етказиш мақсадида Бухорога келади. Бу ерда ўша даврнинг йирик олимлари ва тасаввуф намояндаларидан етарли таълим олади. Айниқса, унинг машҳур тасаввуф раҳнамоси Абу Яъқуб Юсуф Ҳамадоний (ваф. 1140 й.) билан учрашуви муҳим аҳамиятга эга бўлди. Юсуф Ҳамадоний уни сўфийлик тариқатига жалб қилди.

Ғиждувоний дунёқарашининг покланишида маломатия таълимоти ва қаландарлар ҳаракати анчагина таъсир кўрсатди. Ўзининг бир қанча ҳажм жиҳатдан катта бўлмаган рисолаларида тасаввуфийзоҳидлик билан шуғулланган диндор, эътиқодли мусулмон нуқтаи назаридан келиб чиқиб, шариат аҳкомлари ва пайғамбар алайҳиссалом суннатларини ҳамда тасаввуфдаги янгиликларни илдиз олдириб, мустаҳкамлашни тарғиб қилди. Халқ оммаси – оддий раият билан яқинлашиш ва уларнинг диний эътиқодига хизмат қилиш хожагон тариқатининг асоси эди. Тасаввуфнинг бошқа тариқатларидан фарқли ўлароқ Ғиждувоний сўфийлар учун махсус хонақоҳлар қуриш ва уларда яшашни маъқулламас эди.

Ғиждувоний ўз таълимотининг саккизта асосий қонун – йўл-йўриқларини ишлаб чиқди. Уни тушида кўриб, тасаввуфдан ғойибона руҳий таълим олган ва Ғиждувонийни ўзига устоз деб билган Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) бу саккизта йўл-йўриқларни тўлалигича қабул қилди ва уларга ўзи яна учта қўшди ҳамда жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган Нақшбандия тариқатига асос содди. Тасаввуфда муҳим аҳамият касб этган ва сўфийлар учун махсус ишлаб чиқилган бу 11 қонун-қоида, йўл-йўриқлар қуйидагича:

1. Ҳуш дар дам. Бу тушунча шундан иборатки, Худо ёди учун бажарилган зикр асносида ичдан чиқаётган ҳар бир нафас ҳушёрлик ва огоҳлик ила чиқмоғи лозим, токи бунда ғафлат юз бермасин.

2. Назар бар қадам. Солик (тариқат аъзоси) шаҳар, қишлоқ, саҳро ва бошқа ҳар қандай жойда юрганда ҳар бир қадамига диққат билан разм солиб, огоҳ бўлиб юрмоғи керак, токи унинг назари пароканда бўлмасин, лозим бўлмаган жойга бормагани маъқул.

3. Сафар дар ватан. Бу қоида шундан иборатки, солик башарий табиатда сафар қилсин, яъни башарий сифатлардан мулкий сифатларга ва замима (қўшимча) сифатлардан ҳамида (маъқул) сифатларга интиқол этсин, яъни ўтсин.

4. Хилват дар анжуман. Бу қоиданинг тафсилоти учун Воиз Кошифийнинг ўғли Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” асарида Баҳоуддин Нақшбанддан қуйидаги қимматбаҳо жумлалар келтирилади: “Аз ҳазрати Хожа Баҳоуддин пурсидандки, бинои тариқати шумо бар чист? Фармудаанд: Хилват дар анжуман, базохир бо халқ ва ба ботин бо Ҳаққи субҳона”. (Хожа Баҳоуддиндан сўрашибдики, Сизнинг тариқатингизнинг биноси нимада? У киши айтибдилар: анжуманда хилватда бўлиш, зоҳиран халқ билан бирга ва ичида субҳона таолонинг ҳаққида бўлиш).

5. Ёди кард. “Рашаҳот” асарида баён этилганидек, бу қоиданинг маъноси тил билан ё қалб билан зикр қилишдир.

6. Бозгашт. Бу қоиданинг маъноси шундай: зокир (зикр қилувчи) ҳар вақт калимаи таййиба (Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадан расулуллоҳ)ни айтиб бўлгач, унинг орқасидан ўшал қалб, тил билан “Худовандо, менинг мақсудим Сенсан, Сенинг ризойингни тилайман”, дейди. Тўғрироғи бу жумлаларни дилидан ўтказади.

7. Нигоҳдош. Бу қоида шундан иборатки, таййибия калимасини зокир дилида айтаётганда хотира бошқа томонга чалғиб кетишидан эҳтиёт бўлиши лозим, яъни зокир бир дамда ўшал муборак калимани бир неча бор такрорлаб, хотирани жам қилиб олмоғи даркор.

8. Ёддошт. Бу қоида Ҳақ субҳонани ёдлашда солик ҳамиша огоҳ бўлиб туриши, ўшал муборак аъмолни доимо ёдда тутишдан иборатдир.

9. Вуқуфи замони (вақтинча туриш). Бунда сўфий ўз вақтини қандай ўтказаётганини доимий кузатиб туради. Агар тақво билан ўтказаётган бўлса, Аллоҳга шукр айтсин, агар тақво билан ўтказмаётган бўлса, Аллоҳдан кечирим сўрасин.

10. Вуқуфи адади (ҳисоблаш учун тўхташ). Хаёлий фикран такрорлаётган икки ҳолдаги зикрини қайта-қайта такрорлаб туриш учун белгиланган ададга қатъий риоя қилиши ва бу кўрсатмага тўла мувофиқ бўлиши керак.

11. Вуқуфи қалбий (қалбда тўхташ). Қалбда муҳрланган Аллоҳ номини доим хаёлда тутиш, қалбида Аллоҳ номидан бошқа ҳеч нарса йўқлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилиш.

Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йилда она шаҳри Ғиждувонда вафот этди ва шу ерга дафн этилди.

Буюк мутасаввиф Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний улкан илмий-маънавий мерос қолдирган. Ғиждувоний бир қанча асарлар ёзган бўлса ҳам бизгача унинг “Рисолаи тариқат”, “Рисолаи соҳибия”, “Васиятнома”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” деган асарлари етиб келган. Бу қўлёзмалар дунёнинг бир қанча кутубхоналарида сақланмоқда.

2003 йил 27 ноябрда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги кенг нишонланди. Улуғ зот қабри атрофи ободонлаштирилди, мақбара ва янги масжид бунёд этилди.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *