Муқимий

МУҚИМИЙ (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли) (1850–1903. 25.5) – шоир ва мутафаккир. Ўзбек демократик адабиёти асосчиларидан. Қўқонда туғилган. Отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби хўжандлик бўлиб, Қўқонда яшаганлар. Муқимий Қўқон ва Бухоро мадрасаларида ўқиган. Тошкентда бир неча марта (1887–88, 1892, 1899) бўлган. Кўкалдош мадрасасида яшаган. Тошкент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган. Алмаий, Нодим каби илғор руҳдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилган. 1892 йил Тошкент қўзғолони ташкилотчиларидан Иномхўжа билан алоқада бўлган ва унинг ўлимига бағишлаб шеър ёзган (1897).

Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулий ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Жомийни ўзига устоз билган. Ўзбек, форс мумтоз шоирлари анъаналарини давом эттирган. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи билан боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очдилар.

Муқимий дунёқараши ва интилишлари билан муҳит ўртасидаги зиддият унинг ижодида танқидий йўналишни майдонга келтирган. Бу унинг ҳажвиётида кўпроқ акс этган. От, арава, лой, пашша, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда шоир турмушнинг қолоқ ва чиркин томонлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, харобаликни заҳархандалик билан тасвирлаган («Девонамен», «Кўсамен», «Ҳайрон қилди лой», «Пашшалар», «Шикояти безгак» ва бошқалар). Бошқа бир қатор ҳажвияларида жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган («Таърифи печ», «Ароба қурсин», «Лой» ва бошқалар).

Муқимий турли шаҳар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари таассуротлари асосида 4 қисмли «Саёҳатнома» асарини ёзди. Асар енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқ турмушининг оғирлиги, қишлоқларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган. М.нинг 10 шеърий, 20 га яқин насрий мактублари сақланган. Шеърлари қўлёзмалар, баёзлар, 20-аср бошларида литографияда нашр қилинган китоблар, Тошкент ва Петербургда босилган вақтли матбуот саҳифаларида бизгача етиб келган.

Тошкент кўчаларидан бири, Ўзбек давлат мусиқали драма театри, Яккасарой, Ҳамза туманларидаги маҳаллалар Муқимий номи билан аталади. Шоир ҳақида Собир Абдулла «Мавлоно Муқимий» романи ва «Муқимий» драмасини яратган. Муқимийнинг аксарият ғазаллари ашулага айланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*