Бош саҳифа » Мулла Аббос Фарансавий Тошкандий – жадид зиёлиси тимсоли

Мулла Аббос Фарансавий Тошкандий – жадид зиёлиси тимсоли

Турк-мусулмон дунёсининг йўлбошчиси Исмоил Гаспринскийнинг адабий асарлари жамоатга ҳали у қадар яхши таниш эмас. Исмоил Гаспринский ғоя ва фикр одами бўлибгина қолмай, айни замонда роман ва ҳикоячи, адабиётнинг назарий муаммолари ва танқидчилик соҳасида ҳам самарали фаолият олиб борган адабиётчи ҳамдир.

Гаспринский “Таржимон” газетасидаги фаолияти давомида бир қанча тахаллуслардан фойдаланди. У энг кўп фойдаланган тахаллусларидан бири Мулла Аббос Фарансавийдир. Исмоилбей ушбу имзо остида бир қатор роман ва ҳикояларини эълон қилди. Улар: “Фарангистон мактублари”, “Дор ур-роҳат мусулмонлари”, “Судан мактублари”, “Хотинлар ўлкаси”, “Мулла Аббос ила тасодиф учрашув – Гул Бобо зиёрати” ва бошқалар.

…Гаспринский адабий асарлари қаҳрамони тошкентлик Мулла Аббос исмли бир йигит. Саёҳатга чиқмасидан олдин 22 ёшда бўлган Мулла Аббос отаси вафотидан кейин катта бойликка меросхўр қолди. У отасидан айрилиб, бу дунёда ёлиз қолганидан сўнг, дунё кезиб, саёҳат қилмоқчи бўлди. “…Юрт кезмоқ, саёҳат қилмоқ — улуғ бир дарсхонада дарс олмоқ мақомида” деб ўйлаган Мулла Аббос барча ишларини ташлаб, йўлга чиқди. У Тошкент мадрасаларидан бирида диний таҳсил кўрган. Дунёвий илмлардан беҳабар. Дини исломда муқаддас ҳисобланган жойларни зиёрат қилиш ниятида йўлга чиққан Мулла Аббос у ёқ, бу ёқдан эшитиб, Европага ишқи тушди.

“Мол-давлатга эга, соғ-саломат бўлган мўмин бир мусулмон Ҳижозга, мамолики муқаддасияга йўл тутса, мен бўлсам кўзимни бир юмиб, очганда, золим фалакнинг ҳукми билан ўзимни Фарангистонда кўрсам бўладими!… Нима ҳам қила олардим! Пешонага битилгани шу бўлса, Худога шукур қиламан!” деб ёзади у биринчи мактубида.

У ерга боришдан мақсад эса “эски китоблардан Европада замони арабу туркдан қолган азизлар ва қадамжолар борлигини билиб, уларни зиёрат этмоқ ” эди…

…Одессада танишгани Жозефина унга “чалма ва судрама чопонни ташлаш керак. Фарангистонда бундай кийим кийилмаганлиги боис ҳар кишининг кўзи сизда бўлади. Томоша бўласиз. Фарангча кийинсангиз, бемалол юрасиз, кимса танимайди, эътибор қилмайди!” деган сўзига “йўқ, йўқ, Жозефина хоним, икки кўз эмас, қирқ кўз билан қарасинлар, чалмамни ҳам, чопонимни ҳам ташламайман! …Табдили қиёфат лозим бўлса, Фарангистон саёҳатидан воз кечиши”ни айтади. Истанбулликлар кийими ва фас кийиш таклиф қилинганда эса “бошларидаги фасларини олиб ташланг, бирор фарангдан фарқи йўқ. Мусулмон эканликлари фақатгина фасдан маълум… Мен Туркистонликман, билсинлар, кўрсинлар…” деган Мулла Аббос ҳақиқий ватанпарвар эканлигини исботлайди…

…“Европа илгарилари мусулмонлардан олган дарслари самараси ўлароқ ҳозирги даражаларига етишдилар. Булар мусулмон эмас, аммо, кўп ҳоллари ислом қоидаларига асослангандек туюлади”. Мушоҳада қилади Мулла Аббос. Европада “барчанинг ўқиш-ёзиш ва илм олиши, “илм жумлага фарз” ҳукмига кўра одат…Бу қоида ислом қоидаси. Лекин, мусулмонлар орасида қўлланилмаганлиги сабабли… юз мусулмондан ўн беши ўқир-ёзар, юз француздан ўн беш нодон топилмайди”

…Театр ҳақида бошланган мулоҳаза ўша вақтдаги мусулмон оламида бўлаётган яна бир баҳсли мавзу, аёллар ва ҳижоб масаласига уланиб кетади: “Ҳар нима бўлса марҳамат ва неъмат деб биламан. Ҳеч ҳам очилмасинлар, демайман: лекин бундай гавжум жамоа орасида бундай юрмоқни ҳам муносиб кўрмайман”…

…Мулла Аббос Одесса шаҳрида кўрган театр тамошасига муносабати қуйидагича:

Бир ўйин тамом бўлди. Ўйинчилар, хотин ва эр кишилар, ўпишиб, қучоқлашиб ичкарига кириб кетдилар… Чаршоф тушди. …Тамоша ёмон эмас, ўйин мазмунига кўра, кўп вақт сафарда бўлиб, уйига қайтган эр, албатта, хотини ва рафиқасини соғинади. Айтган шеър ва ашулалари муҳаббатларига доир бўлса керак, албатта. Лекин, сабрсизлик қилдилар. Парда тушар-тушмас, ўпиша бошладилар… Ўпишмоқ хато эмас. Эр ва хотин бир-бири учун неъматдир. Лекин, бундай ишлар ёлғиз қолганда бўлиши керак. Бундай ошкоралик ярашмайди. Гул ила булбул ё ярим кечада, ё саҳар маҳали севишадилар. Сас узоқ кетса-да, муҳаббат, севинч мастурдир…

Қуйида мақолани тўлиқ ўқишингиз ёки (pdf кўринишида) юклаб олишингиз мумкин.

Ismail_Gasprinskii_and_Jadidism

ИСМОИЛ ГАСПРИНСКИЙ ВА ТУРКИСТОНДА ЖАДИДЧИЛИК

Зайнобидин Абдирашидов
Ўзбекистон Миллий Университети, Ўзбек филологияси факультети, Матншунослик, миллий уйғониш ва хозирги ўзбек адабиёти кафедраси катта ўкитувчиси

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*