Бош саҳифа » Тошкентликлар » Муҳиддинхўжа қози (тарихий ҳужжатлар асосида)

Муҳиддинхўжа қози (тарихий ҳужжатлар асосида)

Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон вафотидан кейин қози калонлик мансабини у кишининг ўғиллари Муҳиддинхўжа эгаллади.

Бу лавозимда у отасига нисбатан бошқача шароитда, мустамлакачилар ўлкада илдиз отиб, халқ ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй бераёган вазиятда фаолият кўрсатди. Унинг даврида Туркистонда матбуот-нашриёт ишлари йўлга қўйилди. Бир неча илмий-маданий муассасалар иш юритди, янги замон фан-техникасини, рус тили, адабиёти ва санъатини ўрганишни тарғиб этувчи янгича маърифатпарварлик йўли шаклланди ва ҳоказо. Даврининг илғор зиёлиларидан бўлмиш Муҳиддинхўжа бу соҳаларнинг деярли барчасида фаол қатнашди. Қозилик лавозимини янгича йўналишдаги маърифатпарварлик билан қўшиб олиб борди. Шахсий кутубхонасида жамланган бир қанча ноёб қўлёзмалар қаторида Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб машҳур “Зафарнома”нинг жаҳонда ягона мукаммал нусхаси (ундаги 90 саҳифадан иборат кириш қисми бошқа бирорта нусхаларида учрамайди) ҳам борлиги у зотнинг маданий меросга бўлган муносабатини кўрсатади. Бу ноёб китобнинг тўла матни мустақилликдан кейингина ўзбек ўқувчиларига етиб борди. Шу ўринда “Зафарнома” билан боғлиқ бир воқеани эслаб ўтмоқчимиз.

Мустамлака даври манбаларидан маълум бўлишича, Муҳиддинхўжа қозининг маърифатпарварлик фаолияти генерал-губернаторликка ҳам, маҳаллий мутаассибларга ҳам асло ёқмаган. 1899 йил охирларида ана шу адоват туфайли қозининг ашаддий душманлари уни бир даъвогардан катта пора олганликда айбламоқчи бўлишади. Сирдарё губернатори, вилоят прокурори, шаҳар ҳокими сингари мустамлака амалдорлари қатнашган шаҳар қозилари йиғинида шу масалани кўриб чиқишга қарор қилинади. Йиғинга Муҳиддинхўжанинг порахўр эмаслигини исботлаш учун йигирма чоғли холис гувоҳлар келади. Лекин битта ҳам гувоҳнинг сўзлари эшитилмайди. Балки Муҳиддинхўжани Каломуллоҳ билан қасам ичишга мажбурлашади. Қуръон билан қасам ичиш ғоят оғир ҳол эканини, қасамхўрлик эл-юрт орасида қандай ишларга сабаб бўлишини яхши билган Муҳиддинхўжа йиғилганлардан гувоҳлар сўзини эътиборга олишни илтижо қилади. Лекин улар қасддан оёқ тираб олгач, қасам ичишдан кўра туҳмат қилинган маблағни тўлашни афзал билиб, йиғинни тарк этади. Бироқ бу маблағни тўлашга қозининг қурби етмас эди. Шу важдан ота-боболаридан қолган ягона бойликни — ҳозирда Фахриддин Зайниддинов лимонарийси атрофларидаги ерларни қамраб олган ажойиб боғини ҳарбий ташкилотга ижарага қўйиб, “қарз”дан узилмоқчи бўлади. Орадан бир неча ой ўтиб, 1900 йилги Париж халқаро кўргазмасидан Муҳиддинхўжа қози номига шошилинч тилгром келади. Унда илгарироқ қози Париж кўргазмасига юборган Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сининг ноёб нусхасини катта маблағ тўлаб сотиб олишга розилик сўралган эди. Сил касали билан оғриётган, айни пайтда иқтисодий танг аҳволда турган қозига биргина мана шу қўлёзмани сотиш кифоя қиларди. Бироқ, маънавий хазинанинг ноёб дурдонасини ҳеч нарсага алишмай, тилгром билан рад жавоби бериб, қўлёзмани ўзига қайтаришларини сўрайди. Шу тариқа Муҳиддинхўжа қози соғлиғини бериб бўлса ҳам, “Зафарнома”ни авлодлар учун сақлаб қолади.

Муҳиддинхўжа қози ўтган асрнинг 80-йиллари биринчи ярмидан бошлаб ўлкада маҳаллий тилда чиқадиган ягона газетанинг энг фаол муаллифларидан бирига айланади. 1884 йил 19 январь сонидаёқ “Баданга зарар еткурадиган нимарсаларнинг ҳаромлиги баёни” сарлавҳали долзарб мақола эълон қилиб, ҳамюртлари эътиборини буюк офат гиёҳвандликка қарши курашга жалб этади.

Ўзбек маърифатпарвар шоири Зокиржон Фурқат 1889-1891 йиллари Тошкентда истиқомат қилган пайтида Муҳидинхўжа эшон Себзор даҳасининг қозиси эди. Шоир “Саргузаштнома” асарида у зотнинг ажойиб фазилатлари хусусида меҳрли сўзлар битгани, ҳозирча қаерда экани номаълум дастхат девонида эса, ўзининг янгича маърифатпарварлик йўналишдаги асарлари яратилишида бу табаррук зотнинг хизматларини алоҳида таъкидлагани маълум. Шуни айтиш кифояки, газетанинг 1890 йил 6 сентябрь сонида Фурқатнинг “Тошканд шаҳридағи вистуфка хусусида” шеъри, Муҳиддинхўжа қозининг эса, худди шу мавзуни қизиқарли тарзда ёритган “Ҳурматли Муҳиддинхўжа қозининг сўзлари” сарлавҳали мақоласи чоп этилган.

Фурқатнинг зикр қилинган дастхат девонини ўқкишга муяссар бўлган ғоят камсонли зйёлилардан бўлмиш Миён Бузрук Солиҳов 1935 йилда Тошкентда чоп этилган “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” номли китобида девондан қуйидаги кўчирмани келтиради: “Ўз ободонлиғи билан ақлларни ҳайрон қолдирувчи Тошканди муаззамға Фарғонадин борғон зоти киромийлар билан бирга камина ҳам бор эди. Шу саодатли фурсатда Тошканднинг улуғ зотларидин бўлғон жаноби Муҳиддинхўжа қози жанобларининг даргоҳларида туруб, сайру тамошолар ва ширин суҳбатлар билан бир неча вақтлар ўтиб турди. Кунларнинг бирида жаноби қози ўз ақраболари ва ёру дўстлари билан… театру тамошосиға бордук. Шул ғаройибулмасал тамошо ҳақида камина бир назм тартиб бердим” (“Ушбу 1890 йилда 5 ўктабрда Тошканд шаҳридағи тиётр иморатида бўлғон ўйин хусусида” номли манзума ҳақида гап бормокда. Кейинчалик шўро мафкураси тақозоси билан асарни нашрга тайёрловчилар унинг номини “Суворов ҳақида” деб ўзгартириб, уни достон деб атаганлар. — Ш.Ю.)

Фурқат Тошкентда Муҳиддинхўжа қози билан ўтказган дамларини умрининг охиригача энг лазиз лаҳзалар деб билган ва чет эллардан Тошкентга йўллаган кўпгина мактубларида “жаноби фазилатпаноҳ Муҳаммад Муҳиддинхўжа қозиға” , “нодирул вужуд Муҳаммад Муҳиддинхўжа эшонға”, “жаноби шариат шиори Муҳаммад Муҳиддинхўжа эшони қозиға” алоҳида саломлар айтганининг гувоҳи бўламиз.

Фурқат Муҳиддинхўжа қозининг ўзига ҳам кўпгина хос мактублар жўнатган, бу мактублар унинг дўсти хонадонида зўр ҳурмат билан сақланган, лекин 1937 йилги қатағонларда қозининг катта ўғли Маҳмудхон қамокка олинган чоғда, НКВД ходимлари томонидан олиб кетилиб, маҳв этилган экан.

Фурқат Тошкентдан чет элга жўнаб кетганидан сўнг тез орада, 1892 йил 24 июнда машҳур “Вабо кўзғолони” бўлади. Ўша вақтдарда Тошкентнинг эски шаҳар қисми ҳокими бўлган Н.С. Ликошиннинг “Туркистонда кечган ярим умр” китобида ёзишича, Муҳиддинхўжа “1892 йилги тўс-тўполонларга жинояткорона муносабатда бўлганлиги учун қўзғолондан сўнг бир ҳафта ўтмаёқ қозилик лавозимидан четлаштирилади. Шунингдек, Н. Ликошиннинг ўша китобида Муҳиддинхўжа 1892 йил қўзғолони вақтида “мустаҳкам эътиқоди ва ўзини сайлаган халқига қаттиқ садоқати учун жабр кўрганлиги” хусусида ҳам мулоҳаза бор. Шу тариқа кўп тазйиқ-таъқибларни бошидан кечириб, ниҳоят 1892 йил воқеаларидан сўнг генерал-губернаторлик доираларининг асл қиёфасини англаб олган, улардан узил-кесил ҳафсаласи пир бўлган Муҳиддинхўжа мустамлакачилар билан ёнма-ён ишлаш ниятидан бутунлай воз кечади ва аждодлари қуриб кетган Исахонхўжа мадрасасида мударрислик билан умргузаронлик қилишга аҳд этади. Бу йўналишда тўрт йил чамаси хизмат қилгач, 1896 йилда Муҳиддинхўжага алоҳида меҳр ва ишонч билан қаровчи Себзор даҳасинииг фуқаролари янги қози сайлови вақтида яна унинг номзодини илгари сурадилар. Сайловда Муҳиддинхўжа 62 та овоз олиб ғолиб чиқади. Ҳолбуки, иккита бошка номзодлар бор-йўғи 12 тадан овоз олишган эди, холос. Сайлов натижалари генерал-губернаторлик доираларига маълум бўлгач, улар сурбетларча сайловни бекор қиладилар ва Себзор даҳасида Муҳиддинхўжа номзодини киритмасдан янгитдан сайлов ўтказиш ҳақида фармон чиқарадилар. Шу ўринда Н.П. Остроумов кундаликларида хуфя сақланган бир қайдни келтиришга эҳтиёж сезилади: “Рус маъмурияти ерлик аҳолига сайлаш ҳуқуқини берган, бироқ шаҳар бошлиғининг тавсиясига кўра, сайловларни тасдиқлаш (санкция бериш) ҳуқуқини вилоят губернатори ўзида сақлаб қолган. Бунда шаҳар ҳокими ва шаҳарнинг ерликлар яшайдиган қисми полисмейстери сайловчилар томонидан кўрсатилган номзоднинг шахсий мустақил характери билан ажралиб турмаслиги, рус маъмурияти қўлида итоаткор қурол бўлиши ғамини ейдилар, холос. Агар номзодлар орасида маъмуриятга ёқмайдиган номзод кўрсатилиб қолса, бирор баҳона топиб, уни сайловга қўймайдилар” (Ўзбекистон Республикаси Марказий Архиви, 1009-фонд 1-рақамли қайд, 59-ҳужжат, 33-саҳифа). Ана энди 12 овозга қарши 62 овоз олган Муҳиддинхўжанинг қозилик лавозимнга йўлатилмаганининг сири яна ҳам равшан бўлади. Остроумов кундаликларида битилганидек, у ҳеч қачон “рус маъмурияти қўлида итоаткор қурол” бўлмас, аксинча, “шахсий мустақил характери билан ажралиб турар” эди.

Бир мусулмонга хос камтарона ҳаёт кечирган Муҳиддинхўжа 1902 йили бола-чақалари таъминланмаган, ҳатто ягона бойлиги бўлмиш боғ-ерлари гаровга қўйилган аянчли бир ҳолатда вафот этди.

Совет даври тадқиқотчиларининг айримлари Муҳиддинхўжа қози Тошкент шаҳар ҳокими Лодиженский томонидан қаттиқ таъқибга учрагач, 1899 йилда Гуркистон генерал-губернаторидан ёрдам сўраб, ноилож ҳолда ёзилган аризасида гўё рус маъмуриятига яхши хизматлар қилиб, ҳатто баъзи орден ва медаллар билан ҳам тақдирланганини айтган ўринларга маҳкам ёпишиб олиб, уни “халқни эзувчи синф вакиллари” қаторига қўшган, тавқи лаънатлар ҳам илган эди. Бу ҳол, шубҳасиз, масаланинг моҳиятини етарлича англамай, факт ва ҳужжатларнинг таг матнини, улар вужудга келишининг асл сабабларини аниқламай, чалакам-чатти фикрлаш оқибатидир. Зотан, ҳар қандай факт ва ҳужжатнинг ўзи тарих бўлавермайди, улар ҳақиқий тарих яратиш йўлида тадкқиқотчи қўлида хом-ашё вазифасиии ўтайди, холос.

Бу фикрни Туркистонда ўн беш йил чамаси ҳукмронлик қилган Фон Кауфман Ҳакимхўжа ҳақида: “У зот Худодан бўлак ҳеч кимдан қўрқмаган ажойиб инсон эди”, дея ўзининг энг зўр рақибига тан беришга мажбур бўлиши ҳам, бу табаррук зотнинг фарзанди Муҳиддинхўжанинг эл-юрт манфаатлари йўлида қилган улуғ ишлари ҳам тасдиқлайди.

(Иккинчи қисм)

Шариф ЮСУПОВ

“Сиз бу кишини танийсизми?” рукни остида эълон қилинди

“Ҳидоят” журнали, 2000 йил, 1-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Ўхшаш мақола

Маҳмуд Усмонов (ганчкор уста)

УСМОНОВ Маҳмуд (1910–1997.1.7) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадимий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (1977). …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *