Бош саҳифа » Тошкентликлар » Муҳаммад Ёқуббек – Хитойдаги Еттишаҳар давлатининг Пскентлик ҳукмдори (2-мақола)

Муҳаммад Ёқуббек – Хитойдаги Еттишаҳар давлатининг Пскентлик ҳукмдори (2-мақола)

Давоми. 1-қисмни ўқиш

Шарқий Туркистондан ташвишли хабар…

Хон Султон Сайидхон Тошкент ўрдасига келиб ўрнашди. Унинг олдига Муҳаммад Ёқуббек ҳам келиб, саломга кирди. Амир лашкар Алимқулга бу пайтда Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳридан хат-хабар келган бўлиб, уни бу масала кўп ўйлантириб қўйган. Саркарда Қашқар ва унинг атрофи, у ерда бўлаётган воқеаларга кўпдан эътибор бериб юрган эди. Чунки, Шарқий Туркистондаги манчжурлар ҳокимиятига қарши кураш жараёни кескинлашаётган вақтлар эди. Муҳаммад Аъламнинг «Тарихи Хўтон» асарида «Абдураҳмон Хўтонни олгач, ўз укаси Иброҳимни Андижон ва Қўқонга юборган. У билан бирга 4 мусулмон, 20 та отлиқ киши, 7 та отга юкланган совға-салом ва 70 ёмбу ҳам юборган. Иброҳим олиб келган мактубда «Биз шаҳарни олдик ва ислом озод этилди. Биз сизни ҳукмдоримиз деб биламиз. Агарда душман бизга ҳужум қилиб қолгудек бўлса, сиздан мадад тилурмиз», деб битилган эди»,деб ёзган (Муҳаммад Аълам. Тарихи Хўтон // Франция Миллий кутубхонаси. № М 3348-8. – 20б варақ). У ўз шиғовули ва Шарқий Туркистонга элчи бўлиб бориб юрган Муҳаммад Тойибдан, Шарқий Туркистон ҳақида кўп нарсалар сўрайди. Бу ҳақда Муҳаммад Юнус Тойиб шундай дейди: «Жаноби Амирлашкар Қашқар ва уни тавобати таърифини ва фуқаролари фармонбардор ва жаннати бетакаллуфлигини кўп эшитган сабабли, қилинадиган неча каррот ул вилоят авзои ва атворини сўраб, уни қўлга киргизмоқ ва тасарруф қилмоқ тавқи кўнгулларига тушган ва истило топган эди». Бу фикр билан Алимқули уч кунгача ҳеч кимни қабулига киргизмади. Фақат шиғовулгина хабар олиб турган, холос. Учинчи куни у Муҳаммад Ёқуббекни сўради. Муҳаммад Ёқуббек етиб келгач, юқоридаги хат юзасидан узоқ фикрлашади. Шундан сўнг, уч кун ўтгач, Ўрданинг барча амалдорлари, ҳарбийлар ва бекларини йиғиб, катта мажлис ўтказади. Қашқардан хат келганини, бу хатда шарқий туркистонлик хожалардан бўлмиш Жаҳонгирхўжа ўғли Бузрукхўжани ва унга қўшиб бир қанча аскар сўраб, мурожаат қилганини айтади. Ушбу мурожаатга қандай жавоб бериш кераклиги ҳақида ўртага маслаҳат солади. Бу ҳақда яна Муҳаммад шиғовул шундай ёзади: «Бу машваратдан охирлари бу маъно қарор топдики, Жаҳонгирхон тўра ўғли Бузрукхон тўрани ҳозир қилиб дедиларки: «Сизни Қашқарга тўра ва хон қилдим, аммо юртдорлик ва олмоқу бермоқ ва урмоқ, ўлдирмоқ ва азлу касб ва мунга ўхшаш ишлар тамоман Ёқуббек Бадавлат ихтиёрида бўладур. Анга сиз ҳаргиз даҳлу тааруз қилмай, хонлик ва тўралик отига қаноат айлаб, айшу ишратга машғул бўлиб, Бадавлат ишоратидан ҳаргиз чиқмайсиз», деб ўртага Қуръони каримни қўйиб, қасам ичдириб, аҳду паймон қилдирди»(Муҳаммад Юнус Тойиб Тошкандий. Тарихи Алимқули амирлашкар. – Тошкент: 2011.) Шундан сўнг Муҳаммад Ёқуббек ўзига минмоқ учун Муҳаммад Тойибдан бир от сўраган ва Бузрукхўжани олиб, Қашқарга жўнаган.

Шундай қилиб, Муҳаммад Ёқуббекнинг Қўқон хонлигидаги ҳаёти, сиёсий, ҳарбий ва давлат арбоби сифатидаги фаолияти мазкур воқеадан сўнг тугади. Бу воқеа 1864 йилнинг декабрь ойида юз берган бўлиб, бу пайтда у 44 ёшда эди. Тақдир тақозоси билан, Муҳаммад Ёқуббек у ердан ўз Ватанига қайтмади. Аммо Қўқон давлатчилиги анъаналарини Шарқий Туркистонда ўзи ташкил этган Еттишаҳар давлатида давом эттирган.

Муҳаммад Ёқуббек Шарқий Туркистонда

Еттишаҳар давлатининг ташкил топиши

Шарқий Туркистонда кечган воқеалар юртимиз тарихида қандай ўрин тутади?

Ҳозир Хитой давлати таркибида бўлиб, Шинжон Уйғур автоном ўлкаси,деб номланган бу юрт, жанговар аждодларимиз қатнашган улуғ тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган. Масалан, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур, салкам икки асрлик мўғул истибдодига худди шу жойда барҳам берганлар. Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Ватан туйғуси» китобида ёзилишича, Соҳибқирон Амир Темур Шарқий Туркистонни ёвлардан озод этиб, Марказий ва ғарбий Туркистон билан бирлаштирган. Кейинроқ, Шарқий Туркистонни 1822–1842 йилларда ҳукмронлик қилган Қўқон хони Муҳаммад Алихон ибн Умархон ўттиз минг кишилик лашкар билан бориб, манчжур босқинчилари асоратидан қутқаради. Шу ғалабаси эвазига Муҳаммад Алихон «Ғозий» унвонига мушарраф бўлган. Умуман, Туркистон тарихида бундай унвонни олган ҳукмдорлар бармоқ билан санарлидир. Ўз даврида Ватан тупроғини босқинчилардан тозалашда фавқулодда хизматлар кўрсатган Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур, Султон Ҳусайн (Бойқаро) ва Муҳаммад Алихон ибн Умархонлар юксак «Ғозий» унвонига сазовор бўлишган.

Шарқий Туркистон 1755–1759 йиллар Хитойда ҳукмрон бўлган ва тарихда Чин деб аталган манчжурлар сулоласи (1644–1911) томонидан босиб олинган. Шу замонда мазкур минтақада мавжуд бўлган Ёркент хонлиги (1475–1759) ва Жунғор хонлиги (1636–1759) каби икки давлат йўқ қилинган. Ана шундан кейин маҳаллий халқлар ўз миллий давлат тузумини қайта тиклаш мақсадида тинмай курашдилар. Бу курашларга эса Ёркент тахтининг ворислари бўлмиш Шарқий Туркистон хўжалари сулоласи бошчилик қилган.

Қашқарга юбориш учун Бузрукхўжани танлаш тасодифан бўлмаган. У олдинги Ёркент хонлиги тахтининг ворисларидан бири ва 1825-1828 йиллар Шарқий Туркистонда манчжурлар ҳукмронлигига қарши кўтарилган қўзғолоннинг етакчиси Жаҳонгирхўжанинг ягона тирик қолган ўғли эди. Бузрукхўжа Тошкентдан Қашқарга 1864 йил декабрда йўлга чиққан. Кузатувчилар асосан, Қўқон хонлиги ҳудудида истиқомат қилаётган қашқарликлар, турли сабабларга кўра ер-сувидан ажралган беклардан ташкил топган бўлиб, улар ичида Муҳаммад Ёқуббек ва бошқалар ҳам бор эди.

Бузрукхўжа Қашқарга 1865 йил январь ойида етиб келган. Сўнг орадан кўп ўтмай, хўжа Қашқар хонлигининг хони, деб эълон қилинган. Бузрукхўжа умрида сиёсий ишларга ва давлат бошқарувига аралашмаганлиги туфайли, Қашқарда тартиб ўрнатиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашни қўлдан бой бера бошлаган. Муҳаммад Ёқуббек учун бундай вазият қўл келган. Тез орада у Қашқар армиясига қўмондонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Муҳаммад Ёқуббекнинг ҳарбий соҳада тажрибали эканлиги унга нисбатан маҳаллий халқнинг ҳурмат-эҳтироми янада ошишига сабаб бўлган. Чунки, манчжурлар ҳукмронлиги даврида маҳаллий халқ вакиллари ҳарбий ишлардан бутунлай узоқлаштирилган эди.

Ҳарбий бош қўмондон лавозимига тайинланган кунидан бошлаб Муҳаммад Ёқуббек Қашқарда маҳаллий халқ вакилларидан замонавий қўшин тузишга киришган. Орадан бир неча ой ўтмасдан у ташкил қилган қўшиннинг сони 13 минг кишига етган. 1865 йил Қашқар ва Кучар хонликлари ўртасидаги юз берган жанглар шуни кўрсатадики, унинг қўшини сон жиҳатдан бир неча баробар ортиқ рақиблар устидан ғолиб чиқиб, ўзининг жанговар эканлигини кўрсатган. Ушбу қўшин ёрдамида Муҳаммад Ёқуббек Қашқар хонлигининг доирасини кенгайтиришга киришган. Энг аввал у узоқ вақт ичида қуршовда ётган шаҳар қалъасини манчжурлардан озод қилган. 1865 йил апрель ойида Шарқий Туркистондаги йирик қалъаларнинг бири бўлмиш Янгиҳисор қалъасини эгаллаган. Мана шуларга ўхшаган қатор ғалабалардан сўнг Муҳаммад Ёқуббек Қўқонга совғалар билан элчилар юборган. Аммо бу элчилар амирлашкар Алимқулини тирик учрата олмаган. Зеро, шу йилнинг май ойида Алимқули Тошкент атрофида бўлган рус қўшинига қарши урушда ҳалок бўлган эди. Тошкент Россия империяси қўшинлари томонидан босиб олингач, бу ердан кўплаб кишилар Қашқарга Муҳаммад Ёқуббек ҳузурига борган.

1867 йил ёзга қадар бўлган бир йилдан ортиқ давр ичида Муҳаммад Ёқуббек бир неча марта ҳарбий юриш қилиб, Кучор, Ёркент, Қашқар хонликларини бирлаштирган. Уч хонлик асосида шаклланган давлат Еттишаҳар давлати деб аталди. Зеро, бу давлат доирасига Қашқар, Ёркент, Хўтон, Оқсув, Учтурфон, Кучор, Қорашаҳар каби Шарқий Туркистоннинг етти шаҳри кирган эди. Шундай қилиб, Муҳаммад Ёқуббек Қашқарга келгандан кейин 4-5 йил давомида Шарқий Туркистоннинг асосий қисмини бирлаштирди, унинг иқтисодий ва сиёсий ривожланишига шароит яратди.

Ўз даврининг атоқли саркардаси ва давлат арбоби Муҳаммад Ёқуббек тарихи ва фаолияти ҳали ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди. Юрт озодлиги учун курашган ва ҳарбий иш тарихида улкан из қолдирган Муҳаммад Ёқуббек сиймоси ҳали кўп эсга олинади, деган умиддамиз.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ, тарих фанлари номзоди.
Бахтиёр ҲАЙДАРОВ, журналист.

Манба

Ўхшаш мақола

Муҳиддинхўжа қози (тарихий ҳужжатлар асосида)

Post Views: 134 Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон вафотидан кейин қози калонлик мансабини у кишининг ўғиллари Муҳиддинхўжа …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *