Бош саҳифа » Тошкентликлар » Муҳаммад Ҳакимхўжа қози калон (тарихий ҳужжатлар асосида)

Муҳаммад Ҳакимхўжа қози калон (тарихий ҳужжатлар асосида)

Азиз Тошкандимизни ўрус босқинчилари бемисл шафқатсизлигу қонхўрлик билан босиб олган 1865 йили июнь ойида бу шаҳри азимнинг қози калони Муҳаммад Ҳакимхўжа Норхўжа эшон ўғиллари эди. Совет даври тарих илми мустамлакачилик кайфиятига ва коммунистик мафкурага уйғун равишда бу инсон шаънини ҳам булғаб, шу йўл билан халқнинг кўзида улуғларини обрўсизлантириш, миллатнинг ўзига ишончини синдириш, ғурурини поймол этиш, ўз қаҳрамонларидан айириб бошқаларни қаҳрамон ўлароқ қабул килдиришдек манфур ишларни қилган эди. Эмишки, Ҳакимхўжа қози калон ўзи эгаллаб турган лавозимини сақлаб қолиш учун ўрус босқинчиларига она шаҳри дарвозаларини кенг очиб берган, ҳамиша уларнинг имо-ишораси билан иш тутган ва шу “хизмат”лари эвазига мустамлака маъмурияти томонидан умрининг охиригача “амонда азиз, тўрвада майиз” бўлиб яшаган ва ҳоказо…

Ҳолбуки, холис тарихий манбаълар бу ёлғон муносабатни тамомила фош этади. Архив манбаъларини, ўтган аср вақтли матбуоти саҳифаларини, ўша даврларда битилиб, чоп этилган ва чоп этилмай қолиб кетган китобларни бир-бир варақлаймиз ва беихтиёр бармоғимизни тишлаб қоламиз: бунчалар ёлғонга, оқни қора, қорани оқ деб кўрсатишга ўша “тарихчи”ларнинг инсофи қандай йўл қўйди экан?

Гап Ҳакимхўжа қози калоннинг ўз лавозимига муносабати ҳақида. Бу масаланинг тагига етиш учун аввало ул зотнинг қози калонлик лавозимини эгаллашига қадарги ҳаёт йўлини кўздан бир кечиришнинг ўзи кифоя. “Туркистон вилояти газети”нинг 1890 йил 43-,46-,49-сонларида ўзбек ва рус тилларида эълон қилинган таржимаи ҳол асарида Муҳаммад Ҳакимхўжа қози шахсиятларига тегишли нодир маълумотлар берилган.

Маълум бўлишича, Сайид Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон асли Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) авлодларидан бўлган ва ўша пайтдан 450 йил чамаси аввал Арабистондан Тошкандга келиб муқим бўлиб қолган Хўжа Али шайхнинг ўн тўртинчи авлоди экан.

“Сайид Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон ўзлари 1217 санаи ҳижрийда (1802 милодий) олами вужудга келибдурлар, — деб ёзади газета. — Ва илми фиқҳ таҳсилини ҳазрати домулло Султонбий марҳум хизматларида ва илми наҳв ва илми мантиқ ва илми каломни ҳазрати домулло Мир Иноятулло хизматларида ўқуб, андин сўнгра Ҳўканд шаҳрига бориб, илми ҳикматни ва илми усулни ва илми баённи Ҳўқанд шаҳрида олти йил туруб ҳазрати Зокирхўжа эшонким, Ҳўқанд шайхул-исломи ва ҳам Ҳўқанд хони Умархонни(нг) пири эдилар, ул жанобни(нг) хизматларида ўқуб, тамом қилиб фотиҳа олдилар.

Андин Бухорои шарифга бориб, илми ҳадис ва илми тафсирни Бухорода Кўкалдош мадрасасининг улуғ мударриси ҳазрати домулло Мирзо Солиҳ хизматларида ўқуб ва жамъи илми ҳисобни ҳазрати домулло Хожа Калон хизматларида ўқуб, илми қавволни тамом қилиб, алардин фотиҳа ва ижозат олиб, андин сўнгра илми тариқату яқин, яъни, сулук қилиб, илми ҳол ҳосил қилмоқ учун ҳазрати қутбултариқат ва ғавсулҳақиқат ҳазрати халифа Муҳаммад Ҳасан жанобларига мурид бўлиб, тўққиз йил ул жанобни хизматларида туруб, илми ҳолни тамом қилиб, сулуки ҳуфия ва жаҳрияга ул жанобдин иршод олиб, яъни, халифалик хат олибдурлар. Ул жаноб вафот килғонларидан сўнг Сайид Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон 1251 йилда (1835) Тошканд шаҳрига қайтиб келиб, кўб йиллар ота-боболарининг мозорлари устида бино қилинган мадрасада ҳар хил илми қаввол ва илми ҳолни таълим бериб турмакка машғул бўлиб турдилар. Бул муддатда кўб одамлар ул жанобнинг хизматларидин кўб илмлар ҳосил қилиб, хатм қилиб чиқтилар. Ушбу кунларда Туркистон вилоятида ҳар шаҳарларда ул кишидин ўқуб чиқиб, мударрис бўлуб турган уламолар кўбдур”.

Ҳакимхўжа эшоннинг Тошканд, Қўқон, Бухоро мадрасаларидаги энг улкан уламолар ҳузурида салкам ўттиз йил мобайнида ўрганган илмлари кўлами ҳар кандай одамни ҳайратга солади ва кўп ўн йилликлар мобайнида буюк мулло боболаримизга туҳмат тошлари отган, мадрасаларимизни схоластика (ҳаётдан, амалиётдан ажралган қуруқ илм) маскани эди деб вайсаган нодонларга энг яхши жавоб бўла олади.

Илм кўпларга насиб этиши мумкин, аммо илмига тўла амал қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Илм ва амални ўзида мужассам этган кишигина буюк ибрат намунаси бўла олади. Ҳакимхўжа эшон ана шундай ҳақиқий инсонлардан эди. Яна газета битикларига назар ташлайлик:

“Бир неча мартаба Туркистон музофотининг улуғ ҳукуматдорлари улуг мансабларга таклиф қилдилар. Ул жаноб кўб узрлар била баёни ҳол қилиб, аларни яхши сўзлар била қабул қилдуруб, катта мансабларни қабул қилмадилар. Ва ҳеч вақт мусулмон замонида подшоҳлик мажлисига борган эмаслар. Балки ушбу вилоятларнинг подшоҳ, вазир ва ҳокимлари ул кишини зиёрат қилиб, дуоларини олмак ва насиҳат эшитмак учун хизматларига ўзлари келур эдилар ва ҳамма вақт аларга рост сўзни хавф қилмасдин айтиб насиҳат айлар эдилар ва ҳама уламоларга ва мамлакатдорларга шариат ҳукми тўғрисида ростлик билан насиҳат бериб турар эдилар… Ҳеч вақт ўзларининг фойдаси учун рост сўз билан насиҳат беришдан тўхтаган эмаслар. Ҳар нечук кўнгли қаттиқ одам ул кишидин яхши сўз эшитиб, албатта кўнгли мулойим бўлгандур ва ҳама одамлар бул хосиятни ул кишининг валийлик қувватидин деб фаҳм қилур эдилар”.

Ҳакимхўжа эшон ҳеч бир амалга кўз тикмай, аксинча, катта-кичик лавозимлардан ўзини четга олиб кечираётган сўфиёна сокин ҳаётининг йигирма саккизинчи йили, яъни, милодий 1863 йилда, Қўқон хонлигидаги тож-тахт учун курашлар окибатида Маллахоннинг ҳали балоғатга етмаган ўғли Султон Сайидхон оқ наматга ўтказилиб, хон дея эълон этилади, унинг тахтга чиқишида ҳал қилувчи ўрин тутган Алимқул эса “Амирлашкар” унвонини олиб, бош вазирлик лавозимига кўтарилади. Орадан сал вақт ўтмай янги Хон билан янги Бош вазир ёнларига шайхул-ислом Сулаймонхўжа, қози калон Абдулваҳҳобхўжа, аскария қозиси Зиёвуддин махдум ва бошқа энг йирик амалдорларни олиб, хонликнинг муҳим сарҳадларидан бўлган ва ўрус мустамлакачилари қаттиқ кўз тикиб турган Тошкандга ташриф буюрадилар. Бу ерда бутун аркони давлат Ҳакимхўжа эшонни зиёрат килишга унинг Себзор даҳасига қарашли Қозикўчадаги ҳовлисига келадилар. Ҳакимхўжа эшон беистисно ҳаммаларида ажойиб таассурот қолдиради. Натижа шу бўладики, аркони давлат ва йирик шариат пешволари ўша куниёқ “муқаррар килдиларки, Сайид Ҳакимхўжани Тошканд шаҳрига қози калон килиб, жамъи тавобеъи ва музофоти била бул жанобни(нг) ихтиёрларига тобшурмакни”.

Муҳаммад Азиз Марғинонийнинг “Тарихи Азизий” деб номланган китобида тасвирланган, Қўқон хонлигида анъана бўлиб қолган қози лавозимига тайинлаш тартибига бу ўринда риоя қилинмагани маълум бўлади. “Тарихи Азизий”да айтилишича, қози ёки мударрис лавозимига талабгор шахс пойтахт Қўқонга ариза билан борган. Хон унинг аризасини ўкиб чикқач, оламиён деб аталувчи ходимга, оламиён эса мумаййизга (синов гуруҳи ходимига) юборган. Сўнгра қози калон, шайхулислом ва бошқа йирик дин арбоблари жам бўлиб, ўша талабгорни ҳар жиҳатдан имтиҳон килиб кўришган. Имтиҳондан аъло даражада ўтган талабгоргина хон фармони билан лавозимга тайинланган.

Ҳакимхўжа эшонга нисбатан бу қоида истисно қилинди. Мазкур ҳодиса эшоннинг илмига, тақвосига, халқ орасидаги обрў-эътиборига берилган юксак баҳо эди. Аммо Ҳакимхўжа эшонни мансаб-лавозим қизиқтирмасди. Амирлашкар Алимқулининг ўзи ул зотни қози калонлик лавозимига кўндириш учун тўрт соатча жон куйдирди. Натижа чиқара олмагач, хоннинг топшириғи билан шаҳарнинг ўша вақтдаги қушбегиси Мирзо Аҳмад бир ой оралиғида тўрт-беш марта эшон уйига шу таклиф билан келиб, ҳар сафар қуруқ қайтди. Иш шу даражага бориб етдики, яхшиликча гапга унамай, ўз айтганимда туриб олган қушбегига Ҳакимхўжа эшон, газетада ёзилишича, “…кўб қаҳр ва ғазаб билан қаттиғ муомалар қилдилар… Шундоқ қаттиқ сўзлар эшитса ҳам, (қушбегининг) ихлосига футур етмасдин, ул мажлисдин кўп хафа бўлуб чиқиб кетдилар”.

Вақт ўтиб борарди. Хон, амирлашкар ва бошқа аъёнларнинг бу қадар узоқ муддат Тошкандда қолиб кетиб, қози калон лавозими масаласини ҳал эта олмасликлари бутун мамлакатни бошқариш ишига катта зарар келтириши табиий эди. Аҳвол ниҳоятда мураккаблигини ҳис этган амирлашкар, сўнгги, ҳал қилувчи тадбирни ўйлаб топади. Шайхулислом бошлиқ энг катта уламоларни жамлаб: “Бул замонда шариат ишига мутасадди бўлуб тургувчилар кўб бепарволикка кетган сабабдин шариат йўлига кўб халал етди ва аҳли Ислом ишларига футур етди. Шундоқ вақтда бир одаме бўлсаки, ҳама аҳли Ислом эътиқодларида шул кишидин бошқа одам шундоқ замонда мутасаддийи шариат ҳукмини камоҳий Худойи таоло ва Расулуллоҳни(нг) ҳукмларига мувофиқ жорий қила олса деб жазм қилсалар ва шул ҳолда ўшандоқ одамни қози бўлмоғи нимадур ва қозиликни қабул қилмаслиги нечук бўлур?” дея улардан шариат ҳукмини сўрайди ва: “Мундоқ ҳолда андоқ кишини(нг) қози бўлмоқлиги мисли намоз ўқумакдек фарз бўлур ва қабул қилмаслик гуноҳдур , деган қатъий шариат ҳукмини олгач, Ҳакимхўжа эшонни Султон Сайидхон Тошканд ўрдасига таклиф этиб, ўша зўр уламоларга бақамти қилади: “Ўзингизга маълумки, бул тўғрида ушбу лавозимни қабул қилмагингиз қандоқ лозимлиги ва Сиз қабул қилмаган ҳолда бир номуносиб одам бул ўрунга ўлтурса ва бул сабабдин шариат йўлига ҳар нечук раҳна бўлса, ҳамасига Сиз сабаб бўлуб, гуноҳига шерик бўлурсиз”, дейишади улар Ҳакимхўжа эшонга.

Шариат ҳукмининг ижроси ҳар бир мусулмонга мажбурий экани яхши маълум, аммо шундай ҳолда ҳам Ҳакимхўжа эшон янги далиллар келтириб, узр устига узр айтади. Уламолар у зотнинг бу узрларини асло қабул этмайдилар. Мақсадларида каттиқ туриб оладилар. “Бул сабабдин (Ҳакимхўжа эшонда) музтарлик воқеъ бўлуб, кўб йиғладилар ва ҳам аларга дедиларки: “Сизлар Худойи таборак ва таоло жонибида гувоҳ бўлуб хабар берасизлармуки, шул қози калонлик лавозимига киришга манга фарз бўлди, шул сабабдин кўра-била қози калонликка мансуб қилинди, деб”. Ул азизлар жавоб бердиларки, бизлар ҳамамиз бул сўзларни айтамиз, Худойи таоло ва Расули Худо ҳукмларидин айтамиз, албатта гувоҳ бўламиз, деб маълум қилдилар. Ул ҳолда ул жаноб ноилож қолдилар”.

Салкам ўттиз йил илм-маърифат толиби бўлган, яна шунча йил дунё ҳой-ҳавасларини тарк этиб, илм-маърифатни бошқаларга холисанлиллоҳ ўргатиб яшаган бу покдомон эшон қози калонлик лавозимини қабул қилишга мажбур бўлади.

Дарҳол хоннинг фармони олийшони тантанали равишда ўқилиб, мислсиз совға-салому саруполар билан янги қози калонни муборакбод этадилар. “Лекин, — деб ёзилади газетада, — ўшал ҳолда ҳам ул жаноб хурсанд бўлмасдин, ўз ҳолларига кўб ғамгин бўлуб эдилар… бир неча кунгача ушбу лозим ишларга машғул бўлмасдин турдилар. Ва бул фурсатда бир кун эшиттиларки, қозилардин бир кишини ва аъламлардан бир кишини, бир беҳуда хиёнатлик иш қилибдур, деб хони мазкур (Султон Сайидхон — Ш.Ю.) хизматларига еткуруб, мазкур қози ва аъламни таъзир қилмоқ учун олиб чиқиб кетдилар, балки ўлдурмакка ҳукм қилибдур, деб эшитиб, дарҳол отланиб, ўрдага чиқиб бордилар. Кўрдиларким, мазкурларни ўлдурмакка ҳукм килибдур. Аларни кўб изза ва ҳақорат била ўрда дарвозасидан олиб чиқиб келадур. Дарҳол уларни бу ерда тўхтатиб, ўзлари тўғри хон ва амирулумаро ҳазратларига кириб, насиҳат қилиб, шариат ҳукмини баён қилиб, дедиларки: “Сизларга қандоқ одам кўрсатдики, катта уламоларни шундоқ беҳурмат била таъзири ўлдирмакка буюрсин, деб! Ва ҳар ким шундоқ кўрсатган бўлса, шариатга мухолиф, хато кўрсатибдур. Шариатда уламоларнинг таъзирлари бўлак тариқада бўладур”, деб баён қилдилар. Жаноби хон ва амирул умаро қабул қилиб, бул жанобни(нг) ўзларига тобшурдилар: “Шариат қандоқ буюрса, ихтиёр Сизгадур”, деб. Бул икки катта уламони ўлумдин халос қилиб олиб чиқтилар. Бул ҳодисадин сўнгра филжумла кўнгуллари хурсанд бўлуб, бул ишга мани аралашганимда шунча манфаат бўлди, деб қози калонлик лавозимини сўрамакка машғул бўлдилар” (“Туркистон вилояти газети”, 1890 йил, 49-сон).

Ҳакимхўжа эшон қози калонлик лавозимида икки йил чамаси ўтиргач, ўрус босқинчилари Тошкандни қамал қиладилар. Қамал бошланишидан илгарирок қози калон Бухорога, амир Музаффар ҳузурига бориб, шаҳарни сақлаб қолишда ундан ёрдам сўрайди. Ҳам буюк олим, ҳам қози калон бўлмиш Ҳакимхўжа эшонни амир юксак иззат-икром билан кутиб олиб, аллақанча ваъдалар беради-ю, бироқ уларга вафо қилмайди. Ҳакимхўжа қози Тошкандга етиб келиши билан қамал бошланиб, шаҳар ғоят танг аҳволда қолади. Ёши олтмишдан ошган қози калон дарҳол Себзор даҳаси йигитларини жиҳодга бошлаб, буюк ибрат намунасини кўрсатади. Бироқ босқинчиларнинг қурол-яроғ жиҳатидан ниҳоятда устунлиги натижасида Ҳакимхўжа қозининг мужоҳидлари чекинишга мажбур бўлишади. Бир ярим ойдан ортиқ муддат ичида шаҳар қамал этилиб, йўллар тўсилади, шамол келадиган тарафдан кўп жойларга ёқилган олов тутунидан шаҳар аҳолиси нафас ололмай қолади. Бир тарафдан аҳоли орасида турли юқумли касалликлар авжга минади, иккинчи тарафдан, босқинчиларга даҳшат солиб турган Алимқули амирлашкар ҳам шаҳид бўлади.

Шундай бир вазиятда шаҳар аъёнлари қози калоннинг уйига келиб, бутун аҳоли қирилиб кетмаслиги тадбирини кўришни, нисбатан енгил шартлар билан Тошкандни Черняев қўшинларига топширишда воситачи бўлишни илтижо қилишади. Тошканднинг энг кўзга кўринган уламолари Абулқосимхон эшон, Мулла Солиҳбек оҳунд ва бошқалар билан машваратдан сўнг якдил қарорга келинади: Ҳакимхўжа қози калон ўзининг навқирон ўғли Муҳиддинхўжани “ўлум хавфи остида ўрусия аскари турган жойга” жўнатади. Шу тариқа Черняев билан алоқа ўрнатилиб, Ҳакимхўжа қози калон таржимаи ҳолининг газетада эълон қилинмаган, лекин ўрусча таржимасида сақланиб қолган қисмида битилганидек: “Халқ раҳнамосига айланган бу донишманд қария кўпгина қози ва амалдорларни ёнига олиб, Черняев қароргоҳига борди. Тошканд шаҳрининг таслим бўлиши хусусида Черняев билан музокара олиб бориб, ҳамма масалада ўз халқи манфаатлари сақланган ҳолда амниятнома тузилишига муваффақ бўлди”.

Бу айтилганлар тарихий маълумотдир. Шулардан сўнг ҳам Ҳакимхўжа қози калоннинг хоинлигига, шаҳар дарвозасини лавозимини сақлаб қолиш учун очиб берган, деган сафсаталарга ишониб бўладими?! Тарихий адолатни тиклаб, ҳақиқий қаҳрамонларимизни, Ватанга, динга, миллатга фидойи аждодларимизни билиб қўяйлик. Агар бир битимга келган ўрус томони гапида турмаган бўлса, шартларга хиёнат қилган бўлса, бунда Ҳакимхўжа эшонни асло айблаб бўлмайди.

Дарҳақиқат, ўрус босқинчилари Тошкандни забт этишлари биланоқ кечагина берган ваъдаларига туфуриб, беҳаёларча иш тутиб, қанчалар шафқатсиз ва золим эканликларини очиқ кўрсатдилар. Чунончи, Черняев шаҳарнинг нуфузли кишиларини тўплаб, гўё олдинги мусулмон ҳукмдорларидан кўп жабр-зулм кўриб келганимиз сабабли Русия ҳарбийларини ўзимиз чорлаб келиб, шаҳарни уларга ўз ихтиёримиз билан топширдик, деган мазмунда жаҳон афкор оммасига дастак қилиш учун мурожаатнома тайёрлаб ва имзолаб беришни талаб қилади. Юқорида исми тилга олинган Мулла Солиҳбек охунд босқинчи генералнинг бу ҳийласига қақшатгич зарбали жавоб беради. Бундан қутуриб кетган Черняев Солиҳбек охундни ҳамда унинг фикрини қувватлаган яна олти кишини дарҳол Сибирга сургун қилдиради (баъзи маълумотларга қараганда, Солиҳбек охунд орадан икки йил чамаси вақт ўтгач, сургунда заҳарланиб ўлдирилган).

Черняев шаҳар казо-казоларини қайтадан йиғиб, илгари талаб этилган мурожаатномани тайёрлаб беришни яна ҳам даҳшатлироқ бир шаклда талаб этади. Турган гапки, йиғилганлар орасида Ҳакимхўжа қози калон ҳам бўлиб, Черняевнинг ғазабли нигоҳи айнан унга қадалган эди. Қурбонлар кетидан яна қайта-қайта қурбонлар бўлишини, бутун шаҳар аҳолиси бошига мислсиз фалокатлар келишини шундокқина кўриб турган қози калон Абдусаттор Қорабой ўғли исмли Кўкча даҳа қозисидан илтимос қилишга мажбур бўлади. Мурожаатнома тайёрланиб, имзолангач, Петербурхга жўнатилади ва пировард-натижада император ҳукумати гўё ўзининг босқинчи эмаслигини, балки Тошканд аҳолисининг илтимосига кўра бу шаҳарни забт этганини “исботлаш” учун чет эл элчихоналарига “ҳужжат” сифатида тарқатади.

Инсоф ва жасоратда тенгсиз Ҳакимхўжа эшон умрида бир мартагина эътиқодига қарши борди, аммо нега шундай қилди? Шаҳар қонга ботирилган, ҳамма нарса остин-устун қилиб ташланган фожеъ бир вазиятда бундан бошқа яна қандай йўл бор эди? Тўғри, шаҳар таслим бўлғандан кейин ҳам — ўрус мустамлакаси даврида у икки йил чамаси қози калонлик вазифасини адо этди. Лекин қандай адо этди? Унинг кейинги фаолиятида ҳам авлодларга ибрат бўларли лавҳалар тўлиб-тошиб ётибди. Шулардан атиги биттасини бу ерда келтирамиз.

Тошканд босиб олингач, вақтинча губернатор бўлиб турган Черняевнинг ишлари негадир Петербурх аъёнларига ёқмай қолади, у пойтахтга чақирилиб олиниб, ўрнига Туркистоннинг ҳарбий губернатори этиб генерал Романовский тайинланади. Янги губернатор ҳузурида бўлиб ўтган дастлабки йиғинлардан бирида шаҳарнинг қозилари, муфтийлари ва бошқа катталарининг муҳри босилган, лоф-қофдан, беҳад мақтовлардан иборат тавсиянома олиб борилиб, Романовскийга топширилади. Тавсияномадан талтайиб кетган ҳарбий губернатор унинг тагидаги муҳрлар орасида Ҳакимхўжа қози калоннинг муҳри йўқлигини кўриб, бу ҳолни ўз шаънига, губернаторлик шаънига ҳақорат деб тушуниб, қози калонни дағдаға билан сўроққа тутади. Қози калон эса асло бўш келмай: “Бу қоғозда менинг муҳрим босилмаган бўлса, бунинг сабаблари бор. Негаки бу тавсиянома шариатга хилоф равишда битилган. Унда айтилган мақтов сўзларни бирорта ҳам муслим оғзига олиши мумкин эмас. Бу тавсифномани битган ва унга ўз муҳрини босганлар Ислом динида эмаслар, деб ҳисобланиши лозим. Бизнинг динимизга иснод келтиришга ҳеч ким сизга ҳуқуқ бермаган, деб ўйлайман. Сиз ҳаддингиздан ошяпсиз. Мендан шу қоғозга муҳр босишни талаб этишга қандай журъат қилдингиз?!” деб жавоб қилади.

Босқинчиларни кўкка кўтарувчи тавсифномани ҳамманинг кўзи ўнгида шариатга хилоф деб баралла айтган қози калоннинг сўзлари ҳокимияти чекланмаган Романовскийни қанчалар жазавага туширгани ўз-ўзидан маълум. У Ҳакимхўжани чўлоқ пашшадек бир бармоги билан босиб мажақлаб ташлаяжагини писанда қилади. Қози калон эса, имони мустаҳкамлигини ҳайратомуз даражада кўрсатиб, хотиржам жавоб қилади: “Ҳаммамизни яратган Ҳақ таоло бор. Унинг амри ҳар бир инсон учун муқаддасдир. Бинобарин, сизнинг амрингиздан юқори туради. Агар у хоҳласа, ҳаммамизни йўқ қилиб юбориши мумкин. Шунга кўра, аввало, баҳоли қудрат, Тангрининг амрини вожиб деб биламан. Агар Ҳақ таоло мени Ўз паноҳида асраса, сизгина эмас, балки сиздан юқорида турганлар ҳам ҳеч нарса қила олмайсизлар. Агар Ҳақ таоло менга жазо беришни хоҳласа, Унга қаршилик кўрсатиш бефойда ва ҳеч қандай куч, ҳеч кимнинг ҳомийлигию меҳрибонлиги Унинг жазосидан сақлаб қола олмайди. Муҳтарам жаноб, сиз мени кўрқитиш билан шариат йўлидан тойдиришга мажбур қиламан, деб ўйлай кўрманг”.

Қози калоннинг бу қадар эътиқодидан Романовский каттиқ чўчиб кетади, эс-ҳушини йиғиб олгач, ножўя қизишиб кетганини айтиб, Ҳакимхўжа эшонни бошқа меҳмонлардан ажратиб олиб қолиб, алоҳида дастурхон тузалган бир хонада узоқ вақт зиёфат қилиб, кўп совға-саломлар билан шахсий файтунида уйига жўнатади.

Мисли кўрилмаган бу воқеа Петербурх доираларигача етиб боради. Мустамлака амалдорлари унга юзда сохта табассум билан муомала қилсалар ҳам, кўйниларида ҳамиша тош сақлаб юрадилар.

Бу орада Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, фон Кауфман ўлканинг бош ҳукмдори бўлиб келади. Тошканддаги фаолиятини Ҳакимхўжа қози калон уйига бориб, у билан дўст-қадрдон бўлишга ваъда бериш, ҳамиша унинг ёрдамига муҳтож бўлишини изҳор этишдан бошлайди. Аммо 1867 йил охирларига келиб, ҳийла устига ҳийла ишлатиб, Ҳакимхўжа эшонни қози калонлик вазифасини тарк этишга зимдан мажбур қилади, шундан сўнг шаҳарда қози калонлик лавозимининг ўзи ҳам барҳам топтирилади. Шу воқеадан сўнг орадан бир ярим йилча ўтгач, 1869 йилда 67 ёшида ёз чилласида Ҳакимхўжа эшон бандаликни бажо этади.

Улуғ алломага эътиқоди чексиз бўлган ҳамшаҳарлари ул зотнинг вафотларидан сўнг фарзанди солиҳлари Муҳиддинхўжани Себзор даҳа қозилигига сайлайдилар.

(Биринчи қисм тугади)

Шариф ЮСУПОВ

“Сиз бу кишини танийсизми?” рукни остида эълон қилинди

“Ҳидоят” журнали, 1999 йил, 2-сон

www.ziyouz.com кутубхонасидан фойдаланилди

Ўхшаш мақола

Саид Аҳмад

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *