Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абу Мансур Мотуридий (870–945)

Мутафаккирлар. Абу Мансур Мотуридий (870–945)

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

moturidiy

Сурат www.qadriyat.uz сайтидан олинди

Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодиймаданий маркази бўлиб қолаверди.

Абу Мансур Мотуридий 870 йилда туғилган, Самарқандда 945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.

Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзий” мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл кабиларни ўзининг устози деб билган.

Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида қуйидаги асарлар ёзиб қолдирган:

“Китоаб ат-Тавҳид” (“Аллоҳни ягона деб билиш ҳақидаги китоб”), “Китоб алМақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асари ҳам маълум.

Мотуридийнинг яна бир асари “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланади. Мотуридий бу асарда сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади.

Мотуридийнинг мазкур асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шулардан бири Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳ таъвилот аҳли ас-сунна” деб номланган.

Шу билан бирга, Мотуридий номи остида ёзилган бир неча сохта асарлар ҳам маълумдир. Масалан: “Фавоид” (қоидалар), бошқа номи “Панднома”, “Китоб ал-Усул”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар” асарлари шулар жумласидандир. Бу Мотуридийнинг диний илмлар намояндалари орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради.  Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар Абул Ҳасан Рустуғфаний, Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий, Абу Аҳмад Иёзий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришгани натижасида мотуридия таълимоти вужудга келган.

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *