Миртемир

Миртемир

МИРТЕМИР (тахаллуси; асл исм-шарифи Турсунов Миртемир) (1910.30.5–1978.25.1) – Ўзбекистон халқ шоири (1971). Туркистонда туғилган. Эски мактабда таълим олгач (1919–20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920–23) ва Ўзбек эркаклар билим юртида (1925–29) таҳсил кўрган. Самарқанддаги Педакадемияни тугатган (1929). У шу йилларда «Қизил қалам» адабий ташкилотининг аъзоси сифатида Боту, Олтой сингари «миллатчи»лар билан алоқада бўлганлиги учун ҳибсга олинган (1932.8.8). Қамоқдан озод бўлгач, «Янги ҳаёт» газетасида адабий ходим (1936), республика радиоқўмитасида бош муҳаррир (1941). Ўздавнашрда муҳаррир (1942), Опера ва балет театрида адабий эмакдош (1943–44), Ёзувчилар уюшмасида бўлим мудири ва маслаҳатчи (1957–64), бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1965–66) лавозимларида хизмат қилган.

Шоирнинг «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Қўзи» (1939) каби достонлари ўзбек шеъриятидан муносиб ўрин олган.

2-жаҳон урушидан кейинги йиллардаги адабий сиёсат натижасида Миртемирга ижод этиш ва ёзган асарларини эълон қилиш имкони берилмаган. Натижада у таржима ва таҳрир ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлган. Қорақалпоқ шеъриятидан қилган таржималари ва «Қорақалпоқ дафтари» (1959) шеърий туркуми катта муваффақият қозонган. «Қорақалпоқ дафтари»да намоён бўлган халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари шоирнинг қозоқ, қирғиз ва туркман диёрларига қилган сафарлари таъсирида ёзилган шеърларида катта маҳорат билан давом эттирилди.

Миртемирнинг 60–70-йилларда яратган аксар шеърлари («Онагинам», «Тошбу», «Норбуви» ва бошқалар) 20-аср ўзбек шеъриятининг том маънодаги дурдоналаридир. Миртемир ижодининг муҳим қисмини қўшиқлар («Яли-яли», «Боғ кўча», «Бир гўзал», «Қаро кўзли») ташкил этади.

Миртемирнинг ижодий фаолиятида бадиий таржима катта ўрин эгаллайди. У Абай, Махтумқули, Бердақ шеърларидан ташқари, қирғиз халқининг «Манас» эпосини (ҳамкорликда), Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» (ҳамкорликда), А.С.Пушкиннинг «Руслан ва Людмила», «Ойимиз-қишлоқи қиз», М.Ю.Лермонтовнинг «Исмоилбек», «Савдогар Калашников ҳақида қисса», Н.А.Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди» каби достон, қисса ва эртакларини, Г.Гейне, А.М.Горький, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Самад Вурғун ва бошқаларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. «Кармен» ва «Улуғбек» опералари, «Наталка-полтавка», «Баядера», «Кето ва Котэ» сингари мусиқали драмалар Миртемир таржимасида ўзбек тилида саҳналаштирилган.

Миртемир Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001). Чиғатой қабристонига дафн этилган. Тошкентдаги кўчалардан бири Миртемир номи билан аталади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Хўжа Аламбардор мақбараси

Хўжа Аламбардор мақбараси

Post Views: 2 ХЎЖА АЛАМБАРДОР МАҚБАРАСИ (Камолон кўчаси, 109а-уй) – меъморий ёдгорлик (19-аср). Маҳаллий ривоятга …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *