Бош саҳифа » Мавлид ойи. Росулуллоҳ с.а.в.нинг гўзал хулқлари билан хулқланайлик

Мавлид ойи. Росулуллоҳ с.а.в.нинг гўзал хулқлари билан хулқланайлик

Росулуллоҳ с.а.в.да барча яхши сифат ва гўзал ахлоқлар жамланган эди. Шунинг учун у зот с.а.в. инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз с.а.в.ни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.

Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбари с.а.в.дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида Пайғамбар с.а.в: “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”.

Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

Росулуллоҳ с.а.в. ҳаётдан риҳлат қилиб саҳобалардан оз сонлилари қолган эди. Шулардан Миқдод ибни Асвад р.а.ни олдиларига бир киши келиб, кўзларига термилиб туриб: طوبى لهتين عينين رءتا رسول الله [صعو] و الله لو شهدنا ما شهدت

Қандай ҳам бахтли кўзларки, бу иккала кўз Росулуллоҳ с.а.в.ни кўргана, кошкийди биз ҳам сиз кўрган нарсани кўрганимизда” деб Росулуллоҳ с.а.в.ни ирода қилди.

Шунда Миқдод ибни Асвад р.а. бу кишини гапига таажжубланиб айтдилар: “Биласизми, Росулуллоҳ с.а.в. шунақанги бир замонда дунёга келдиларки, жоҳилият авжига чиққан пайтда Аллоҳ таоло у зот а.с.ни Қуръон билан юборди, у пайтда ибодатнинг энг афзали буд санамларга чўқиниш эди. Баъзи бир хонадонларда ўғил иймонга келган, аммо ота мушрик, баъзиларида эса аёл мусулмон, аммо фарзанлари мушрик ёки аксинча. Гап кўзда эмас, Аллоҳга шукр қилинг, чунки у зотни кўрмасдан туриб иймон келтириб турибсиз. Биласизми, пайғамбарни кўрган кўпгина кўзларни Аллоҳ таоло юз тубан жаҳаннамга мустаҳиқ қилди. Шунинг учун гап кўзда эмас, балки иймонда”, дедилар.

Увайс Қороний ҳақларида ҳам Пайғамбар с.а.в. жаннатийликни башорат беришларига сабаб, у зотни кўриб иймон келтиргандан кўра кўрмасдан туриб иймон келтириш афзал эканини билганларидан эди. Бироқ бир замонда яшаган эдилар, бориб кўришсалар бўларди, аммо кўришмасаларда у зотга муҳаббатлари чексиз эди.

Шу ерда муҳаббат қилиш бўйича маълумот.

Муҳаббат икки хил бўлади:

1. Ишқий муҳаббат.

2. Ақлий муҳаббат.

1. Ишқий муҳаббат шуки: қалбни бир томонга мойил бўлишлиги. Бу қалбни мойил бўлишлиги инсоннинг қўлида эмас. Ким кимни яхши кўришлиги, кимга нима ёқиб қолишлиги инсон қўли билан бажара олмайдиган амал. Ҳатто Пайғамбар с.а.в.дек зот ҳам аёлларининг ичида Ҳазрати Оиша р.а.ни кўпроқ яхши кўрардилар ва айтардилар: “Эй Роббим, ихтиёрим тасарруфидаги ишда адолат қилмоқни истайман. Аммо кўнглим ихтиёри менда эмаски, Ўзинг ҳикмат соҳибисан”.

Лекин қалбни бирор нарса ёки зотга моил бўлишлиги бу неъмат, аслида у дунёвий бўлганда ҳам, чунки мўътабар китобларда қайд этилишича, бир кишини ишқи бошқа бир аёлга тушсаю, лекин уни номаҳрамлигини эътибори билан ўз муҳаббатини изҳор қилмай сабр билан дунёдан ўтса, шаҳидлик мақомида бўлади. Шу каби бир аёлнинг ҳам ишқи номаҳрам бир эрга тушсаю, бирор сўз айтмаса, севгисини изҳор қилмай у ҳам сабр билан ўтса гўё шаҳидлик мақомидадир” дейилади.

Ишқий муҳаббат икки дунё саодатига олиб борувчи ҳам бўлади. Мана шу муҳаббатнинг энг заррача учқуни, инсон қалбида, бандани Аллоҳга нисбатан иймон, ишончини куфрдан устун кўришликдир.

Кейинги ўринда эса иймони тақозо қилган ишларни, буйруқларни бошқаларнинг буйруғидан устун кўришлик. Масалан: Намоз вақти бўлди, бошқаларни эътиборидан ажраб, Аллоҳни буйруғини адо қилиш.

Шу каби буйруқларни адо этишда банда давом этиб бора, бора Аллоҳнинг буйруғини ўзини одатига айлантиради ва бу йўлда бировларнинг маломатидан қўрқмайди.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло Моида сурасининг 54-оятида Аллоҳни севадиган қавмни сифатини баёнида шундай дейди: “…(улар) маломатчининг маломатидан қўрқмаслар”.

Мана шундай сифатга саҳобалар эга эдилар. Аллоҳни севиш йўлида биров томонидан қандай маломат бўлса, уларга қизиғи йўқ эди.

Демак, ишқий муҳаббатни Аллоҳ банданинг қалбига солганидан кейин уни рўёбга чиқариш, уни аланга олдиришда банданинг ақли, илми, ҳаракати ила мустаҳкам бўлади.

2. Ақлий муҳаббат.

Ақлий муҳаббат тақозо этган нарса бу Аллоҳга муҳаббатига сазовор бўлишда Унинг махлуқларига муҳаббат қўйиш ила эришилади. Масалан: кишининг ўз фарзанди, ота-онасига муҳаббати, ёки етим, йўқсилларга раҳм шафқат қилиш ва ҳакозолар.

Мана шу муҳаббатни қозониш йўлини Аллоҳ таоло ўзининг Қуръонида кўрсатиб ўтган. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 31-оятида:

31. “Сиз, агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас менга эргашинг шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг. Аллоҳ кечирувчи ва раҳимлидир”.

Мўмин банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг исботи унинг Пайғамбар с.а.в.га эргашиши билан ўлчанади. Пайғамбар с.а.в.га эргашиш мўмин бандага битмас туганмас бахту саодат олиб келади. Оятда: “…шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми? Бунинг устига унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!

Ҳазрати Анас р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирортангиз, ҳаттоки мен у киши учун ўз отасидан, боласидан ва барча инсонлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча, ҳақиқий мўмин бўла олмайди”, дедилар.

Ҳадисда ота ва фарзанд хоссатан зикр этилиши нафсга азизроқ ва нафс истакларидан кўра Пайғамбар с.а.в.ни кўпроқ севишлик талабини таъкидловчи нарса бўлиб келди.

Бунда кишида солиҳ амалларга, солиҳ зотларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлса, билсинки, бу Аллоҳнинг у бандага берган неъмати. Чунки бу инсон ўзи касб қилиб етишиши қийин иш эдида.

Энди бу муҳаббатдан бандага нима фойда бор? Бунда маҳбубининг розилиги ҳамманинг розилигидан устун туриши бор. У нимани гапирса, у томонидан қандай ҳолат содир бўлса унга ёқади, кўнгли тўлади. Уни қандай бўлмасин ишончини оқлаш, унинг ишқига етишиш йўлида ҳар қандай машаққатни енгишга ҳаракат қилади. Бошқаларни эътибори ушбу ишқнинг олдида сариқ чақалик эътибори йўқ деган фикр туради. Қандай бўлса ҳам маҳбубим мендан рози бўлса бўлди, дейди.

Умуман олганда киши ўзга бир кимсага муҳаббат қўйиши учун маҳбубига нисбатан унга 4 нарса сабаб бўлади.

1. Насабининг олийлиги.

2. Ҳасаб яъни хулқи атвори.

3. Жамолининг гўзаллиги.

4. Камолотга етганлиги.

Биз эътибор берадиган нарса шуки, Аллоҳ таоло мазкур 4 сифатни барчасини Пайғамбар с.а.в.да жамлаб қўйган.

1. Насабларини олий қилиб, ўша замондаги Макканинг энг мансабдорларидан бўлган Бани Ҳошим қабиласидан чиқарган.

2. Хулқларини олий қилиб, ҳатто Ўзи Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад с.а.в.) Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган.

3. Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Кейинчалик кўп қарайвериш билан кўникиб охири билинмай қолади. Масалан Юсуф а.с.нинг ҳуснлари. Жамол эса, киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббати ошиб, охири қараб тўймайдиган холатга етиб бораверади. Пайғамбар с.а.в.да ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар с.а.в.нинг аёллари Юсуф а.с. ҳақларида гаплашиб: “Юсуф а.с. жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб аёллар тўғраётган сабзилари қолиб қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлара” деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар с.а.в. у мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!” деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар с.а.в. юзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот с.а.в. қайтиб ичкарига киришлари билан Ҳадича р.а.нинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбар с.а.в.нинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқардилар, кейин бўлса Пайғамбар с.а.в.нинг юзларига қараб тўймайдиган бўлишган.

4. Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар.

Пайғамбар с.а.в. пурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.

У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, ўч олишга қодир бўлатуриб, кечириб юбориш, азиятга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамнинг ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидаёлмай кетиш ҳоллари учраб туради. Бироқ, Росулуллоҳга озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳиллар жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошаверди.

Пайғамбар с.а.в. бу дунёга келишлари биз умматлари учун бир намуна, андоза сифатидадирлар.

Ҳазрати Оиша р.а. айтадилар: “Росулуллоҳ с.а.в.нинг хулқлари Қуръон эди”. (Имом Муслим ривояти).

Гўёки Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад с.а.в. уммати, сиз ҳам мана пайғамбарингиз каби бўлсангиз нажотга эришасизлар, Қуръонга мана бундай амал қилишингиз керак. Қуръондаги хулқларни яхшисига амал қилмоқчи бўлсангиз, мана Қуръондаги одобларни амалга оширган зотни сийрати сиз учун катта дастур, амалий бажарувчиси”, деган маънода Пайғамбар с.а.в.ни Қуръоний хулқ билан юборди.

Пайғамбар с.а.в. томонларидан шунақанги ишлар содир бўлдики, токи қиёматга қадар умматларга ҳақиқий ўрнак бўлсин. Улардаги гўзал гулқларидан бири бу кечиримлиликдир.

Кечиримлилик ҳақида қисқача маълумот:

Аввало инсон бирор кишини кечириши учун, кечиришликка лойиқ иш ёки ходиса содир бўлиш керак. Яъни, бирор кишидан кўнгилни хира қиладиган, ғашни келтирадиган, ранжитадиган, ғазабни қўзғайдиган, нафсониятига тегадиган, дарду алам келтириб чиқарадиган ҳодиса юз бергандан кейингина инсон ўзини босиб, сабр қилиб, ғазабини ичига ютсагина кечириш мумкин. Чунки, бир одам халойиққа қарата: “Хой халойиқ! Мен ҳаммаларингизни кечирдим”, деса, ваҳоланки халойиқ унга бирор зарар етказмаган бўлса, зулм қилмаган бўлса уларни қайси айби учун кечириш мумкин?

Киши ўзгалардан қачон ранжиши мумкин? Агар киши ўзгалардан ўзи кутган жавобни, ишни, ҳаракатни, ҳолатни топмаса ундан кейин улардан ранжиш содир бўлади. Зеро бундай ҳолатлар инсонни ҳар қадамида содир бўлади. Чунки, инсон ҳеч қачон ўзи ҳақида ёмон гумонда бўлмайди, ҳамиша ўзини тўғри қиляпман деб ўйлайди. Лекин ўзим уларга ижобий жавоб беришларига лойиқ иш қилдимми, ёки гапирдимми? деб камдан кам ўйлайди. Балки умид қилган нарсаси амалга ошмаса, аччиғи чиқади, беҳузур бўлади, ранжийди. Аммо инсонда аччиғи чиқишлик бу унинг хилқатида мавжуд бўлган ҳусусиятдир. Зеро Пайғамбаримиз с.а.в. бу ҳақида шундай деганлар: “Бир тоғ жойидан силжибди, дейилинса тасдиқланглар, лекин бир одамни фитрати ўзгарибди дейилинса тасдиқламанглар”, деганлар.

Агар одамнинг аччиғи тез бўлса бу одати умрининг охиригача ўзгармай туради.

Агар бириникининг аччиғи чиқмас, ҳалим бўлса уни қанчалар туртиб суртилса ҳам аччиғи чмқмайди.

Бироқ, Аллоҳ таоло инсонни шундай хилқатда яратган бўлса, унда инсондан нима талаб қилинади?

Инсон ўзидаги фитрий хулқларини бошқариши талаб этилади.

Чунки, катта кишиларда мавжуд бўлган аччиқ, ёш болаларда ҳам борда. Гўёки катталар машинани ҳайдаганидек ёш болалар ҳам ҳайдайверади. Лекин ҳайдашнинг ўртасидаги фарқ, машинани яхши бошқаришда. Ғазаб ҳам худди шундек, ғазаб қилувчилар ўртасидаги фарқ ҳам ғазабини бошқара олишида. Уни тўғри бошқара олишлик ўз эгасининг инсонийлик хулқи ҳисобланади ва шу билан улкан даражаларга эришади.

Ғазаб Пайғамбаримиз с.а.в.да ҳам бор эди. У зот ҳам ғазабланар эдилар. Саҳобалар айтадиларки: “Агар Росулуллоҳ с.а.в. ғазаблансалар, юзларида гўё анор донасининг суви сиқилгандек қизариб кетар эди”, деб сифат берадилар.

Қалби ниҳоятда қаттиқ бўлган Ҳазрати Умар р.а. дек зот: “ أعوذ بالله من غضب الله ومن غضب رسول الله   яъни: “Аллоҳнинг ғазаби ва Росулуллоҳнинг ғазабидан паноҳ тилайман”, дер эканлар.

Шу даражадаги ғазабга эга бўлатуриб, у зот ўзларини бошқариб, тутиб тураолардилар. Бунга доир у зотнинг ҳаётларида жуда кўп намуналар келтиришимиз мумкин. Зеро у зотнинг ҳаётлари биз умматлари учун ахлоқ мактабидир.

Ҳаётларида бўлиб ўтган бир воқеани эсласак: Росулуллоҳ с.а.в.нинг тўнғич қизлари Зайнаб р.а. Абул Ос ибни Рабиъага турмушга чиққан эдилар. Оталари Росулуллоҳ с.а.в. ўз асҳоблари билан Мадинага ҳижрат қилиб кетган давр, Зайнаб р.а. Маккада қолиб мусулмон бўлганлар, лекин эрлари мусулмон бўлмади. Ҳижратдан бир неча вақт ўтгандан кейин Мадинага ҳижрат қиладиган бўлиб ўзлари туяга миниб йўлга чиқадилар. Макка шаҳридан ташқарига чиқиб кетаётганларида йўлда Абу Суфён ҳали иймонга келмаган вақти ўзи билан ҳамроҳ бўлиб турган одамларни Зайнаб р.а.га нисбатан гиж-гижлайди: Ҳой, қаранглар ким ўтиб кетяпти! Бунинг отаси Муҳаммад сенларни олиҳаларингни синдириб, хорлаб, Мадинага қочиб кетди, сенлар ўз олиҳаларингга муҳаббат қилмайсанларми, шундай қилса ҳам қараб ўтираверасанларми? Ундан ўчларингни ол!”, дейди. Шунда ҳалигилардан Ҳубор ибн Асвад ўрнидан шартта туриб, отига ўтириб, Зайнаб р.а.нинг ортидан қувиб бориб, шаҳар ташқарисида етиб олиб, миниб кетаётган туяларини туртиб, Зайнаб онамизни туяларидан йиқитиб юборади. Зайнаб онамиз туядан зарб билан ердаги ҳарсанг тошга орқалари билан тушиб, умуртқа суяклари синиб, қаттиқ жароҳатландилар (бошқа бир ривоятда ҳомиладор эдилар ҳомилалари ҳам тушган дейилади). Ҳубор ибн Асвад бу ҳолатни кўриб: “Зайнаб тур ўрнингдан, Мадинага бу зайлда кета олмайсан, ортга қайт”, деб турса, орқадан Абу Суфён ҳам етиб келиб: “Зайнаб, ҳолинг жуда ҳам ёмон, ҳозир бу аҳволда Мадинага кетмагин, кейинроқ кетарсан”, деб уни йўлдан қайтариб Маккага олиб кетади.

Кейинроқ, Мадинага бориб, оз ўтмай Зайнаб р.а. ўша умуртқаларининг қаттиқ жароҳати тузалмай охири дард билан 31 ёшларида вафот топдилар. Унга сабаб Ҳубор ибн Асвад бўлган эди.

Макка фатҳ қилинди, Пайғамбар с.а.в. Маккадаликларида Ҳубор у зотнинг олдиларига келиб иймон келтирди. Пайғамбар с.а.в. уни кечириб юбордилар. Бўлмаса, ўз қизларини ўлимига сабабчи бўлган шахс, жароҳат ўзларига бўлсаям кечиб юборар, лекин фарзанднинг аламига, дардига унча бунча ота чидай олмайди, шунда ҳам у зот кечириб юбордилар.

Яна бир воқеа: Ҳазрат Оиша р.а. Пайғамбар с.а.в.дан: “Сизга ҳаётда энг қийин кун қайси кунингиз бўлган эй Аллоҳнинг Расули?”, деб савол бердилар. Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Менга энг оғир кун Тоифга борган куним бўлган, у кунда ҳатто тоифлик ёш болаларга буюриб тош бўрон қилишган. Тошлар тегиб танамга етган жароҳатимдан оққан қоним оёқ кийимимга тўлган. Кўп азият чекканман. Улар томонидан чексиз аҳмақона ишлар бўлган”, дедилар.

Аслида бундан бошқа азиятлар ҳам чекканлар, ҳатто мушриклар Росулуллоҳ с.а.в.ни хорлашиб, Каъбада ибодат қилиб ўтирганларида елкаларига янги туққан туянинг бачадонларини қўйиб кетишган, қанчадан қанча ғазотларни кўрганлар, лекин Тоифдаликларида азият ҳаддан зиёд ўтиб кетган эди.

Росулуллоҳ с.а.в. Тоифдан чиқиб кетаётганларида, Малакул жибол яъни барча тоғларнинг устида турган улуғ бир фаришта келиб:

Эй Муҳаммад с.а.в, Аллоҳ таоло бизни сизнинг хизматингизга юборди. Сизнинг буйруғингиз билан иш қилгани келдик. Агар хоҳласангиз, Сизга қаршилик кўрсатган икки шаҳар устига икки тоғни ташлаймиз”, дедилар. Шунда Росуллоҳ с.а.в. ушбу дуони ўқидилар: “Аллоҳумма иҳди қовми фаиннаҳум лаа яъламуун”. Маъноси: “Эй Роббим! Ўзинг бу халқни тўғри йўлга солгин, уларга бало юбормагин, сенга қаршилик қилган бўлсалар, билмасдан қилдилар. Уларнинг гуноҳларини кечиргин”.

Бу каби ишлари жуда ҳам кўп марта бўлган.

Хулосаи калом шуки, мазкур кечиримлиликларини билиб, гапириб кетавермасдан балки Росулуллоҳ с.а.в.нинг хулқларидан ўзимизга лозим тутишимиз керак. Биз ҳам нажот топишимиз учун бизда ҳам шу каби кечиримлилик сифати ҳосил бўлиши керак. Бошимиз аччиқ чиқарадиган ҳолат юз берса, кечиришни ўрганишимиз керак. Инсоннинг ўзини ислоҳи, ўзлагаларни ислоҳ қилишидан устун туради. Аввал киши ўзини ислоҳ қилсин. Агар сиз Аллоҳнинг тоатида бўлиб кечирадиган бўлсангиз, Аллоҳнинг суннати шуки, ҳеч сизни қуруқ қўймайди, ҳар бир ишнинг асари қолганидек кечиришликдан қолган асар, манфаат шуки, ким кимни кечирса, кечирган одамга нисбатан муҳаббат пайдо қилиб қўяди.

Кечиришлик деганда хоҳлаганда кечириб, хоҳламаганда кечирмаслик дегани эмас. Аллоҳ таоло кечиришнинг фазилатини Қуръонда баён қилиб, унинг амалий далилини Ўз Пайғамбари с.а.в.нинг ҳаётларида бир неча синовлар билан синовдан ўтказиб келажак умматга ҳақиқий ўрнак қилиб кўрсатиб қўйди. Чунки, у зот с.а.в.нинг ахлоқларига эргашиш мўмин кишини икки дунё саодатига эриштиради.

Бир кун Пайғамбар с.а.в. шундай дедилар: “Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради фақат қочоқлар кирмайди!”

Саҳобалар: “Ким у қочоқлар?”, деб сўрадилар.

Пайғамбар с.а.в: “Менга итоат этганлар жаннатга киради, исён қилганлар эса қочоқлардир. Менинг суннатимга, менинг ахлоқимга мос тушмайдиган ҳар бир ҳаракат гуноҳдир, дедилар.

Яна у зот с.а.в. айтдилар: Шундай замон келадики менинг умматларим менинг суннатларимга ёлғон қўшиб, суннатимга амал қилмаслар ва бидъатларни ҳадис деб сўзлайдилар. Ўша вақтда озгина одамлар менинг суннатимга амал қилиб тобеъ бўладилар. Улар одамлар орасида ғариб ва ёлғиз қоладилар”.

Саҳобалар: “Ё Росулуллоҳ с.а.в, бизлардан кейин келадиган суннатга тобеъ бўладиганлар кўпроқ фазлга эга бўладиларми ёки бизми?”

Росулуллоҳ с.а.в: “Бале уларнинг фазилати сизлардан ортиқроқдир”.

Саҳобалар: “Ё Росулуллоҳ с.а.в. биз уларни кўрамизми, йўқми?”

Росулуллоҳ с.а.в: “Йўқ, кўрмайсизлар”.

Саҳобалар: “Суннатга “тобеъ бўлган умматларингиз бидъат аҳлининг орасида қандай яшайдилар?”

Росулуллоҳ с.а.в: “Сувга солинган туз каби”.

Саҳобалар: “Улар қандай қилиб умр кечирадилар?”

Росулуллоҳ с.а.в: “Улар сиркага қолган қурт сингари”.

Саҳобалар: “Ё Росулуллоҳ с.а.в! Суннат аҳли қандай қилиб ўз динларини муҳофаза қиладилар?”

Росулуллоҳ с.а.в: “Қўлда чўғни олиб юргандек. Зеро олов қўлни куйдиради”, деб тавсиф бердилар.

Аллоҳ таоло Росулуллоҳ с.а.в.га жуда ҳам кўп марҳаматлар берди. Бу ҳақида “Зуҳо” сурасида ولسوف يعطيك ربك فترض

“Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўлурсиз”, дейди.

Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло, шу жумладан, энг гўзал хулқ, доимий ҳимоя, аввалгию охирги гуноҳларининг кечирилиши, умматлари учун шафоат ҳаққи ва ҳакозолар.

Бир куни Росулуллоҳ с.а.в: “Жаннатда қўлимда олтин идиш билан Кавсар сувининг бўйида умматимни кутаман ва келганларига олтин идишда сув бераман. Сўнг охирги замон умматларимни кўриб, қўлимдаги олтин идишни ташлаб” юбораман”, деб кўзлари ёшга тўлиб йиғлаб юбордилар.

Шунда саҳобалар ҳайрон бўлиб: “Ё Росулуллоҳ с.а.в. ўша охирги замон умматларингизга сув бермайсизми?!”, деб сўрадилар.

Росулуллоҳ с.а.в. кўзларида шашқатор ёш билан: “Пешонасини саждага қўйган охирги замон умматларимга сув берарканман, улар билан мени орамизда, ҳатто олтин идиш ҳам бўлишини хоҳламайман, балки уларга ўз қўлларим билан кавсар сувидан бераман”, деб марҳамат қилдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни у зот с.а.в.га содиқ уммат қилиб, суннатларига эргашиб, ахлоқларини ҳаётимизга татбиқ қилиб, жаннатда ўз қўлларидан кавсар сувидан ичмоқлигимизни насиб этсин!

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*