Бош саҳифа » Тошкентликлар » Марокаш мукофотининг илк соҳиби. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон

Марокаш мукофотининг илк соҳиби. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон

Аллоҳ таолога минг шукр, ўтган асрда – 1943 йилдан то 1989 йилгача 46 йил давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси раҳбари вазифасида – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, ўғиллари – Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ва набиралари Шамсутдинхон Бобохонов атеизм ҳукм сурган мамлакатда мусулмонлар қалбида исломий эътиқодни тик­лаш учун фидойиларча, астойдил хизмат қилишди. Уларнинг саъй-ҳаракати туфайли 1945 йили Бухорода “Мир Араб” мадрасаси фаолияти йўлга қўйилди. Ёпилган ёки омборхоналарга айлантирилган қатор масжидлар очилиб, мусулмонлар ихтиёрига берилди.

1971 йили Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади очилишида, эски масжидлар таъмирланиб, ишга туширилишида, янги масжидлар қурилишида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг хизматлари беқиёсдир. У зот чет эллик меҳмонларга ҳадя этишни баҳона қилиб ҳар йили Қуръони каримни ва бошқа керакли китобларни чоп эттирардилар. Жумладан, Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуман олдидан “Ал-адаб ал-муфрад” китоби нашр этилиб, меҳмонларга тарқатилади. Диний идора кутубхонасини нодир китоб­лар билан бойитиш мақсадида маошларининг тенг ярмини ноёб китобларни сотиб олишга сарфлаганлар. Минглаб ноёб китоб­лар сақланаётган ушбу кутубхона бугун Тошкентдаги бой илм хазиналаридан бирига айланди.

Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ислом дини равнақи йўлидаги катта хизматлари учун 2 марта биринчи даражали “Иордания юлдузи”, биринчи даражали “Ливан қарағайи”, “Ливан юлдузи” орденларини, Марокашнинг олий даражали мукофоти – “Буюк мутафаккир” ордени, шунингдек, собиқ Иттифоқнинг “Ҳурмат белгиси”, “Халқлар дўстлиги” орденларини олганлар.

Марокаш подшоҳи “Буюк мутафаккир” орденини топширишидан олдин маҳаллий мансабдорлар эътироз билдириб: “Нега юртимизда биринчи таъсис этилган орден аввал ўз олимларимизга эмас, балки чет эллик кишига берилади?” деб сўрашади. Шунда подшоҳ: “Сизлар дин эркинлиги таъминланган юртда яшаяпсиз, бу олим эса дин таъқиб қилинган давлатда Ислом динини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”, деб жавоб беради.

Шайх Зиёвуддинхон 1982 йилнинг 22 декабрида 74 ёшда вафот этдилар ва Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасига – оталари Эшон Бобохон ва устозлари Баҳодирхон Махдум қабрлари ёнига дафн этилдилар. Аллоҳ таоло ҳаммаларининг охиратларини обод қилсин.

Асрлар ўтса ҳам ўчмас номингиз,
Жаннатул Маъвода бўлсин жойингиз.

Анисахон ЗИЁВУДДИНХОН қизи,
нафақадаги шифокор

Манба

Ўхшаш мақола

Маҳмуд Усмонов (ганчкор уста)

УСМОНОВ Маҳмуд (1910–1997.1.7) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадимий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (1977). …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *