Бош саҳифа » Мақсуд Шайхзода. ТОШКЕНТНОМА

Мақсуд Шайхзода. ТОШКЕНТНОМА

Ушбу рукнда Тошкент ва у билан қисман бўлса ҳам боғлик наср ва назм намуналаридан бериб борилади.

Мақсуд Шайхзода. ТОШКЕНТНОМА

Лирик поэмадан парчалар

БАҒИШЛОВ
Шаҳарлар боқийдир, умр — ўткинчи,
Дарёлар собитдир, сувлар — кўчкинчи.
Ҳар ким ўз шаҳрида қўйган эсдалик:
Ё бино қуришда катта усталик,
Ё ширин латифа ёки ихтиро,
Ё дарахт, ё фарзанд, кўприк, ё мисра,
Ё қўшиқ, ё дори, мактаб, соғчилик,
Хулоса: дунёда бирон яхшилик…
Бир вақтлар мен сенга шаҳримни мақтаб
Қиларкан таърифин, сен бир оз тўхтаб,
«Шунчалар бормикан?» деб гумон қилдинг,
«Кўрганда айтамиз!» деб имо қилдинг.
Ва айтдинг – дарвоқе кўргандан кейин:
«Мақтовинг оз экан, соз экан уйинг!»
Қоматга муносиб бўлсин деб либос,
Шаҳримга дилдаги муҳаббат, ихлос
Достонга қуйилсин дегандим у чоқ,
Кечикиб ёзганим кечиргин, ўртоқ!
Бу ерда турганлар, ёки кўрганлар,
Ёки кўрайин деб истаб турганлар,
Ёки Тошкентимнинг шаклин сўрганлар,
Нақшини дилида олиб юрганлар…
Сизга бу таронам — куйим армуғон,
Наср — оғир қадам, назм — чопоғон.

* * *

Эҳ-ҳей, менинг шаҳримнинг кўҳна қиссасин,
Қиссасинки, минг йиллар қаърига чўмган,
Ер қатларида қотган сир-ҳодисасин.
Ҳодисаки, вақт уни тупроққа кўмган,—
Кимлар айта олади? Борми гувоҳлар?
Ахир, минг йил яшамас қушлар, гиёҳлар!
Тушди не-не заҳматлар бу ер, бу элга.
Балки тошлар айтарди, кирсайди тилга!
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
Сарғайган қўлёзмалар, жимжима хатлар,
Мулла боболаримиз чизган санадлар…
Варақладим бирма-бир ўтмишни эслаб,
Асрлар қадамида бир маъно излаб.
Бир авлоднинг умри-ку багоят қисқа,
Аммо талай авлодлар мангу халқ демак.
Халқ кураши ўлмаслик учун васиқа,
Дадилликка умидлар берарди кўмак.
Узилмасин замоннинг риштаси дея,
Асрларнинг ораси қолмасин деб бўш,
Емасин деб тарихнинг варағин куя,
Қулликка эрк тилаги кериб турди тўш…
Ҳа, билим қолар экан, ёзув қоларкан,
Ёзувдаги азалий орзу қоларкан,
Ёмонлик ўлар экан, пастлик ўларкан,
Истибдоднинг қалъаси бир кун қуларкан!..
Оҳ, китоблар, китоблар, мангу йшчилар,
Беғараз хайрихоҳлар ва кенгашчилар!
Меҳнатнинг таърифини ёзган китоблар,
Мардлар номин ҳарфма-ҳарф тизган китоблар;
Йилларим оқиб кетди саҳифаларда,
Сиз гоҳо кулдирдингиз латифаларда,
Гоҳо мудҳиш жангларни тасвир қилдингиз,
Қирғинларни нақл этиб, таъсир қилдингиз.
Гоҳ усталар ҳунарин баён этдингиз,
Олимларнинг кашфини аён этдингиз.
Лекин сизлар шоҳиди бўлган замона
Минг йилдан нари ўтмай турар ҳамона
Нари ёқнинг кечалар ва кундузларин
Халқ эсида қидириб топдик изларин.
Қолган-қутган нақллар, афсоналар бор,
Ном-нишонсиз куйчилар қўйган ёдгор:
Аждодларнинг девлар-ла панжалашгани,
Келганида ғанимнинг қанча лашкари,
Паҳлавонлар ёвларни қириб қувгани,
Булоқларда қон юқи қилич ювгани…
Эртакларнинг тоғ каби эски мағзида
Ўтган можароларнинг чувуқ иплари,
Достонларнинг сув каби равон сўзида
Гўзалликнинг, мардликнинг сўнмас типлари.
Нақлларга, қўшиққа, ривоятларга,
Мақолларга, эртакка, ҳикоятларга
Мен умримда жуда кўп қулоқ осибман,
Эшитибман боғбондан, нонвой, косибдан,
Пахсазонлар — тупроқни пишитганлардан,
Улар ўзи эшитган эшитганлардан
Археолог курагин тупроққа қоқиб,
Туртди мозий белини босган юкларни,
Нумизматлар кўзига ойнагин тақиб,
Ўқидилар тангада минг йилликларни.
Исодан, Искандардан, Кайковуслардан
Илгарироқ бу ерда бозорлар бўлган,
Тақачилар сув ичган кўк ҳовузлардан,
Айвонларни ойнасоз ойнабанд қилган.
«Шош камони» таърифи мерганлар аро
Эрон билан Туронда бўлган овоза,
Полизларда узоқдан кўринар қаро,
Чалинарди кўзларга баланд ҳавоза.

* * *

Эсимда Анҳорнинг ёғоч кўприги,
Бу ерни азалдан дейишган Ўрда.
Жисми йўқ, исми бор. Бекларнинг арки,
Ном қолган, аммо ном эгаси мурда.
Тошкентнинг ҳокими, беклар бегиси
Шаҳарни сўраган Ўрдада туриб,
Лекин ғовак экан қалъа негизи,
Девор ҳам, давлат ҳам қулаган чириб.
Замон пўк нарсани тез унуттирар,
Яъни турғунликдан хаёт ўч олар.
Эски лой қалъа йўқ, қиссаси турар,
Ерга чўкиб кетган эски кўчалар…
Ҳозирда бу ҳолат… Аммо бу ерда —
Аввалги асрнинг ярмига довур
Ҳукумат дейилса мазмуни — «Ўрда».
У йиллар утганлар Сайҳундай оғир.
Ўн икки қопқадан, ўн икки йўлдан
Божгирга пул тўлаб кирган карвонлар,
Ҳар юртнинг матоин қув бозорбонлар
Жойлаб қўяр экан, ўтказиб қўлдан…
Гоҳо юткизишда, гоҳо ютуқда
Бир-бирин англарди олиқ-сотиқда,
Бир-бирин тилмочсиз тушунар эди,
Уларга аниқ тил — молнинг сифати.
Ўн икки копқадан, ўн икки йўлга
Жўнаб кетар экан юкли карвонлар,
Жанубга, Шимолга, ўнгга ва сўлга
Қатнаб юрар экан юкли карвонлар.
Ўн икки қопқадан гоҳо бемаҳал
Отлиқ босқинчилар киргани ҳам бор.
Ханжарлар дамида санчилиб ажал,
Тинч халқни тўнардл қилиб тору мор.
Гоҳо атрофдаги йўлтўсар беклар
Дастидан соврилди карвонлар-юклар.
Гоҳо олисдаги амирлар, хонлар,
Ишратга ўлармон нафси ёмонлар
Хун дея, кул дея, пул дея босди,
Талон-торож қилди, зўрлади, осди.
Гоҳо ёт ерлардан «мен-мен»чи шоҳлар
Лашкар тортиб келди дағдаға бирла,
Йўлларда ётарди кўп бегуноҳлар,
Фотиҳлар излари-бесон қабрдар.
Тилингдан, элингдан кеч, деб буюрди,
Тиз чўкмай «йўқ» деди ботирлар юрти.
Эл-элат қўзғалиб золимни қувди,
Қайтадан тупрокдан ахлатни ювди.
Аммо бири кетса баттари келди,
Янги очкўзларнинг хатари қелди,
Гоҳо Бухорога, гоҳ Самаркандга,
Гоҳ Қипчоқ чўлиға, гоҳо Хўқандга
Хирож тўлар эди Шош фуқароси,
Чўзилди узилмай жанглар ароси.
Эрксевар шаҳарнинг ёши, қариси
Тош ила, мушт ила, ўқ ва тиғ ила
Эркинлик жазмида халқнинг бариси
Босқинчи лашкарга, қиларди ҳамла,
Анқовроқ кўринса шаҳар ҳокими,
Эл шаънин сақлагин мардлар туркуми
Мухрини қўлидан тортиб ҳайдашди;
(Кўпдир фуқарою бек саргузашти!)
Шош аҳли баҳодир бўлса-да, асти
Бировлар шаҳрига бўлмаган қасди. . .

* * *

— Нимаси кўп Тошкентнинг?
— Суви, сойи, сояси…
Тошкентга ихлосманднинг
Тугамас ҳикояси!..
— Нималар кўп Тошкентда?
— Ошлар, ишлар, кишилар.
Созанда-ю пазанда,
Ишчилар, ишбошилар.
— Нима кўрдинг Тошкентда?
— Меваларнинг аслини,
Доим қуёш фаслини,
Қуёш бунда иззатда.
Ораста айвонларда
Янги қизлар кўраман,
Яшил хиёбонларда
Эски дўст-ла юраман.
Тонг ёриган чоқларда
Ерга кулги сочилар,
Шу учун дудоқларда
Шўх ғунчалар очилар.
Тошкентда ёз иссиғи
Дилга берар йигитлик,
Кабобпазнинг ҳар сихи
Кун туфайли хушҳидлик.
Теракзорлар хушбичим,
Боғларда ҳамма ёқ жим.
Ер ҳам, кўк ҳам мовий ранг,
Ҳавонинг юзи тиниқ,
Шунча тиниқки қаранг:
Гулларнинг атри аниқ —
Ҳавода билинади,
Кўзларга чалинади.
Ану дароз чинорлар
Ўтган кузни ва қишни,
Баҳорда келган қушни
Тинмай-синмай санарлар.
Булут осиқ Чотқолга,
Булут ўхшар соқолга,
— Булутлар, ҳай булутлар,
Сизда борми бургутлар.
— Бургутларни билмаймиз,
Аммо бор самолётлар.
Бизнинг шунқор ботирлар,
Учқур, девкор ботирлар,
Шаҳримизга ҳар ёқдан
Учиб келаётирлар.

* * *

Тинчлик бизга қиммат тушди,
Эрк йўлида эл урушди.
Хотирлардан чиқмас, эвоҳ,
Оғир синов ҳафталари. . .

Варақлардим қўлёзмани,
Ўқир эдим Хондамирни,
Жимжимадор ҳар сўз — маъни,
Ҳар сўз сақлар эски сирни.
Навоийнинг замонасин
Сайр этардим кўзим юмиб.
Жавҳарлари намунасин
Тизар эдим эсга, жимиб…
Ен эшикдан кирди кимдир,

Боқсам бизнинг ошна-мудир,
Ранги ўчган, гўё ўзга,
Бу — ўзгами, ўшамидир?
Зўрға оғиз очди сўзга
Титраб деди: «Ёмон хабар.
Гитлер бизга қилди ҳамла,
Сарҳад бўлган зеру забар!»
Сирқиради дил алам-ла,
Хондамирни ёпиб у дам
Мен кўчага чиқдим илдам . . .

Кечагина биз мажлисда
Тўйга қарор қилган эдик;
Лермонтовнинг тўйи қолди,
Душман ишга ишкал солди…
…Мен Лоҳутий кўчасида
Тўхтаб турдим ҳаяжонли;
Хиёбоннинг чеккасида
Кўрдим Ҳамид Олимжонни;
Ҳар галгидай хотири жам,
Қиёфати жипс, ихчам,
Лекин ўзин одатидан
Кўра шошқин ташлар қадам.
Эсонлашдик: «Уруш», деди,
«Фашист қилди хуруж», деди.
«Жанг бўлади кўп ҳайбатли,
Ёв ғаламис, қув, шиддатли.
Босиб кирган еримизга,
Қасос дея қўзғалган эл,
Кел, биродар, шеъримизга –
Кийгизайлик биз ҳам шинель!
Қурбон-ку кўп бўлур, ё Шайх,
Пироварди биз енгамиз,
Истайманки, кўп йил яшай,
Эришамиз, бил, бунга биз!»
Асл шоир эди Ҳамид,
Шеъри — кураш, бахт ва умид!
Шаҳарлар-ла қатор туриб
Бажаролдик биз онтимиз,
Севиб, сийлаб, ишлаб, қуриб
Шуҳрат топди Тошкентимиз. . .

* * *
. . . Бола деса хотирланар болажонлилар,
Болаларга ғамхўрлилар, меҳрибонлилар.
Мен тошкентлик темирчига айтаман: — Раҳмат!
Ўн тўрт бола асраб олган Шоаҳмад ака…
А, меҳрибон Баҳри опа, сен чекиб заҳмат,
Ўз болангдай меҳр қўйдинг ўн тўрт ўксизга.
Ўн тўрт бола, ўн тўрт миллат, турли ўн тўрт от,
Шоаҳмаднинг фарзанди деб танилган авлод.
Бу гулзорлар, бу ҳовузлар, боғлар-боғчалар
Алланелар эслатади бу кенг кўчалар…

Утаётган дўст-ошналар ҳаддан зиёда.
Саломлашиб бормоқдаман кўкракда қўлим,
Бу эл билан шерикликдир ҳаётим, йўлим.
Мана артист, мана ишчи, талаба, шофер,
Мана доктор, бу — министр, бу-чи — инженер…
Мен бу халқнинг шоириман… Шу учун гўё
Ҳар саломда эҳтиром бор ва бир оз даъво…
Кўп хаёллар, гоҳо равшан, гоҳо пажмурда,
Тахланмаган варақлардай турар фикрда…
Қумриларнинг «ҳу-ҳу»лари, гулларнинг иси,
Шабнамларда ҳали ўчмай қолган ой нури,
Тунов кунги зиёфатда қизлар кулгиси,
Лола ранги, най оҳанги, шийпонли сўри,
Марҳумларнинг хотираси, тирик васият,
Ўтган кунлар, бугунги иш, эртанги ният…
Лекин билдим ва англадим ўйларга толиб:
Ёмонликлар ўткинчидир, яхшилик ғолиб.

* * *
Шаҳарларнинг номи абадий,
Бу номларни қўйган эл-улус,
Манглайларин секин ўпади
Ўтиб турган асрлар холис.
Одамларга қўйгандай лақаб,
Шаҳарларнинг шарафин олқаб –
Қўйилганда унвонлар махсус,
Тошкентимиз олган тахаллус
«Саломобод» бўлар эди, рост,
Бу тахаллус шаҳримизга мос!..
Шарқдан, ғарбдан, жанубдан мудом
«Салом» дея келар меҳмонлар,
«Салом» деса, «аликассалом»
Ва гулдаста олар меҳмонлар.
Улар кўнгил қўноқларидир,
Чин дўстликнинг иноқларидир.
Осойишнинг, равшан тинчликнинг
Устимизда эсар ҳавоси,
Шу учун ҳам босқинчиликнинг
Чўчитмайди бизни иғвоси.
Ўн иккимас энди дарвоза,
Балки бир оз ўн учдан ошиқ,
Олам аро илиқ овози –
Шуки, Тошкент қўли кўп очиқ!
Қул ерларда жабру зулмдан
Жафо тортган йўлчилар келар,
Беш қитъадан, етти иқлимдан
Сузиб, учиб элчилар келар.
Шарқнинг ҳаво дарвозаси биз,
Янгиликнинг андозаси биз.
Дўстлар учун эшиклар очиқ,
Саломлар-ла нурланар қўшиқ.
Тинчлик бизнинг анъанамиздир. . .
Меҳмонлар, сиз — юрак қўноғи,
Хуш келибсиз уйимизга сиз,
Ортсин дўстлар сони-саноғи,
Жанг балосин ҳеч кўрмагайсиз!
Сизга берган гулдасталарда
Анқир меҳмондўстликнинг атри,
Қалби-дили пайвасталарда
Кам бўлмайди меҳрнинг қадри!..
Яшасин гул, яшасин кулги!
Яшнаб турсин шундай бир гулки,
Унинг номи бўлгай яхшилик,
Куйиб кетгай ёвлик-ваҳшийлик!
Курашларда сафлар зичлиги!
Шунда эллар, диллар тинчлиги…

* * *
Тошкентни севмоқлик юракнинг иши,
Шу учун шартмикан бунда туғилмоқ!
Шартми, бир романга ишқибоз киши
Ўзи у романга қаҳрамон бўлмоқ!
Умрим бино бўлди Озарбайжонда,
Кечди болалигим у гул маконда.
Низомий ватани, Ганжа ўлкаси
Ўпкамга тулдирди шеър ҳавосин,
Кур наҳрим мулойим, тинч музикаси
Кўнглимда уйғотди куйлаш ҳавасин.
Лекин шоирликнинг нозик толеи
Кулди Сирдарёнинг ҳавзаларида,
Ўзбек қуёшининг чин оталиги
Акс этди мастоба косаларида.
Ҳазрат Навоийнинг ўпиб қўлини
Ўзбек водийсида отимни сурдим,
Ижод карвонининг узоқ йўлини –
Азиз йўлдошлар-ла ўтолдим, юрдим.
Йўқ, мен тақдиримдан эмасман хафа,
Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа!. . .
Кўчат кўчиб келиб экилган тупроқ
Унинг ватанидир дейиш тўғрироқ.
Бу шаҳар шеъримнинг тиниқ чашмаси.
Яшадим ўттиз йил бунда чамаси.
Бу ерда туғилган Ғафур ва Ойбек,
Умримнинг бошланғич мавсумларида
Мени ардоқлашди қучиб оғадек,
Инилик кўрсатдим таъзимларида…
Бири — шеъримизнинг ўтли юраги,
Бири — наср уйининг баланд тираги,
Очдилар уй билан қалб эшикларин,
Аямай ўгит ва мезбонликларин.
Йигитча эдим мен ҳаваскор, содда,
Бўлдим оқибатда шоир Шайхзода!…
Тошкент, сен ўзингсан азим поэма,
Сени асраб келди она каби вақт,
Ҳеч қачон, йўлимни тугатдим, — дема!
Сен мангу шаҳарсан, кундай безавол,
Сени таъриф қилган достончининг ҳам
Байтлари тугаши, бу-амри маҳол,
Ҳар қанча тараннум этилсанг бу-кам!..
Сафар чоғи сени тушда кўраман,
Шарқдан учиб келган қушда кўраман…
Мен ўзбек шеърининг тўққиз вазнида
Сенинг достонингни оҳангга солдим,
Қиссага кескинлик бермоқ жазмида
Бахши бисотидан ўлчовлар олдим.
Дерлар, кам ўқилар узун достонлар,
Айниқса саргузашт оз бўлса агар.
Аммо яхши кўрган нарса туфайли
Киши сергап бўлса бу узр, майли!
Ошиқ ўз ишқидан сўйласа нуқул,
Уйларки, ҳаммага севгиси маъқул…
Узрим шу тариқа, азиз китобхон,
Сергап бўлишлигим суйганимдандир,
Тошкент тақдирида келажак аён,
Дилда келажакни туйганимдандир.
Куйладим ўн саккиз бобда — қўшиқда,
Ва «Тошкентнома»га қўйдим сўнг нуқта.

1957 йил

Хуршид Даврон расмий веб-сайти www.kh-davron.uz дан олинди

фото: advantour.com

Поделиться

2 комментария

  1. Omad! Juda yaxshi ish boshlabsizlar!

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*