Бош саҳифа » Алломалар » Лутфий (Лутфийи Шоший)

Лутфий (Лутфийи Шоший)

ЛУТФИЙ (1366–1465), Мавлоно Лутфий – ўзбек шоири, ориф ва мутафаккир. Ўз замонининг «малик ул-каломи». Яқин вақтларгача Лутфийнинг таваллуд топган ва вафот этган жойи Ҳиротнинг Деҳиканор мавзеи деб кўрсатиб келинган. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган «Фунун ул-балоға» асари топилгач, ундаги «маъдан ул-латойиф Лутфийи Шоший» жумлаларига асосланиб, Лутфийнинг она ватани Тошкент бўлган, деган фикр ҳам илгари сурилди.

Лутфийнинг ҳаёт йўли сингари, ижодий тақдири ҳам жуда ибратли: у 99 йил яшаган. Умрининг асосий қисми ўқиш, ўрганиш ва бадиий ижод меҳнати билан ўтган. Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида маълумот берилишича, Лутфий умрининг охирларида «офтоб» радифли шеър ёзган, ўша замоннинг кўп шоирлари унга татаббуъ қилганлар.

Лутфий зоҳирий-дунёвий, диний-тасаввуфий илмларни чуқур эгаллаган. Навоий сўзи билан айтганда, у «форсий ва туркийда назири йўқ» шоир бўлган. Лутфий гарчи ўз она тили – туркий тилда яратилган шеърлари билан маш­ҳурликка етишган бўлса-да, форсийда ҳам ўзининг шоирлик иқтидори ва маҳоратига кўпчиликни иқрор эта олган. Лутфий шеърият билан тариқатни, мажоз билан ҳақиқатни уйғунлаштирган. Аммо у сўнгги нафасигача шоирлик бурчи ва илҳомига содиқ қолиб, ўзбек шеърияти хазинасини бир-биридан қимматли назм дурдоналари билан бойитди. Шу билан бир қаторда, шоирлик нечоғлик «маъруф ва машҳур» бўлмасин, «дарвешлик тариқини дағи иликдан» (Навоий) чиқармаган эди. Худди шу нарса унинг нафақат ўз замондошлари ва ижод аҳли орасида, балки давр ҳукмдорлари олдида ҳам юқори мавқега кўтарилишига асос бўлган.

Лутфийнинг шеърияти – хилма-хил шакллардан таркиб топган мазмундор, рангин шеърият. Бизгача шоирнинг 16–20-асрлар мобайнида кўчирилган туркий девонининг 33 қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улар Тошкент, Душанбе, Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Бурҳонуддин Марғиноний мақбараси (www.qadamjo.uz)

Мутафаккирлар. Бурҳонуддин Марғиноний (1123–1197)

Буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Риштоний Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *