Бош саҳифа » Тошкент тарихи » «Колизей» (Тошкент)

«Колизей» (Тошкент)

«КОЛИЗЕЙ» (Жиззах кўчаси; ҳозирги Бухоро кўчаси, 10) – театр томошалари учун саноатчи Г.М.Цинцадзе қурдирган бино, 1903 йил қурила бошлаган (меъмор Э.Ф.Гофман). «Колизей» лотинча – маҳобатли демак. Қадимда Рим шаҳрида флавийлар амфитеатри шундай аталган. «Колизей» аввал цирк томошалари учун мўлжалланган, зал саҳнасининг шифти темирдан, гумбаз шаклида ишланган. Дастлаб бу ерда сайёр цирк труппалари томоша кўрсатган, кейинчалик залдан турли театр томошалари учун фойдаланилган. 1913 йил бино таъмирланди, «Колизей» архитектурасида «немис ренессанси» услуби кўзга ташланган. Кираверишдаги устунлар ва балкон бино фасадини безаб турган (байрам ва тантаналарда балкондан минбар ўрнида фойдаланилган). Бинонинг ҳар иккала томонига унча катта бўлмаган балконлар қурилган. Октябрь тўнтаришигача «Колизей»да турли театр ва мусиқа жамоалари (З.А.Малиновскаянинг драма труппаси Сидқи Руҳуллонинг озарбайжон труппаси ва 1914 йил Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги ўзбек ҳаваскор труппасининг дастлабки спектакли – Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси асосида тайёрланган спектакль қўйилган) томоша кўрсатган. 1918 йил «Колизей» национализация қилинган. 1930–39 йилларда бу ерда Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлигининг давлат мусиқали драма театри ва Я.М. Свердлов номидаги рус опера ва балет театри ишлаган. 1948–91 йилларда концерт зали сифатида фойдаланилган. «Колизей» 1996 йилдан «Тошкент» республика фонд биржасига мослаб бутунлай қайта қурилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *