Бош саҳифа » Кўкча

Кўкча

КЎКЧА – ўтмишда Тошкентдаги 4 даҳадан бири ва дарвоза номи. Манбаларда Шайх Зайниддин даҳаси деб ҳам аталган. Шаҳарнинг ғарбий қисмида, асосан, ҳозирги Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган. Даҳа ҳудудини чуқур жарликлар кесиб ўтган. Чегараси шарқдан Сағбон кўчасининг шарқидан, жануби-шарқ тарафидан Қуйи Бўзсув бўйлаб (ҳозирги Маннон Уйғур ва Самар­қанд дарвоза кўчаси оралиғидан) ўтган. Бу ерларнинг ғарбида Кўкчаликларнинг боғлари ва полиз­лари (мавзелари) бўлган. Асосан Кайковус ва унинг шохобчаларидан суғорилган. Кўкча даҳасининг чорбоғлари Назарбек, Кўксарой ҳамда Келес дарёси бўйларидаги жойларда бўлган. 19-аср ўрталарида Кўкчада 3 дарвоза (Сағбон, Чиғатой ва Кўкча) бор эди. Аҳолиси, асосан, кўнчилик билан шуғулланган. Масалан, 1871 йилда даҳадаги 695 устахонадан 341 таси кўн-тери, 218 таси косибчилик устахонаси бўлган. Кўкчада 7 хумдон, 22 тегирмон, 22 обжувоз, 34 мактаб, 4 мадраса (Эшон Бўрихўжа Сақичмоний, Шукурхон, Ҳофиз Кўҳакий, Шарифбой), 60 масжид, 14 та қадамжой-мозорлар (Лангарота, Яланғочота, Ваққосота, Қўйчимозор ва бошқалар) бўлиб, шундан энг машҳури Шайх Зайниддинбобо қабристони ҳисобланган.

«Кўкча» атамаси дастлаб 14-аср охиридаги Тошкент дарвозалари рўйхатида келтирилганлиги тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкандийнинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида қайд этилган. «Кўкча» номи баъзи тадқиқотчилар фикрича, «коҳча» – қалъача номидан, бошқа бир тад­қиқотчилар фикрича эса «кўҳча» – тоғча, тепалик, баландлик номидан олинган. Бинкат ҳудуди 11–12-асрларда ғарб томонга кенгайиши натижасида ҳозирги Чорсудаги, Кўкалдош мадрасаси, Хожа Аҳрор жоме масжиди ўрнашган ер ва улар ортидаги тепалик («Кўҳча») ғарби ва шимолидаги ҳудудлар ўзлаштирилиб янги турар жой мавзелари, бўлғуси Кўкча даҳаси вужудга келган. Буни 18–19-асрларда бу ерга келган рус сайёҳлари ҳам қайд этишган. Масалан, хорунжий Потанин 1829–30 йилларда Тошкентда бўлганида, «Шаҳар марказида хийла баланд дўнглик (кўҳча) жойлашган бўлиб, шаҳар аҳолиси у ерда тез-тез сайиллар, байрамлар ўтказиш учун тўпланадилар. Бу ердан шаҳар ҳудуди худди кафтдек кўзга ташланиб туради», деб  ёзган. «Кўкча» атамаси Ўрта Осиёнинг бир қанча жойларида учрайди. Масалан, Я.Fуломов «Хоразм тарихи» асарида Кўкча-3 қабристони Кўкча тепалиги яқинида жойлашганини ёзади. Тошкент қалмоқларга тобе бўлган даврда (18-асрнинг 20–40-йиллари) шаҳар ўрдаси Кўкчада бўлганлиги ҳақида манбаларда узуқ-юлуқ маълумотлар учрайди. Масалан, савдогар Нурмуҳаммад Алимовнинг (1735) ёзишича, «Шаҳарни идора этган ўн киши (олийнасаб хўжалар) Кўкча дарвозаси олдидаги ўрдада яшайдилар». Одатда, қалмоқ хонлари ноиблари шу ерда қароргоҳ қуришган, уларни шаҳар марказига қўйишмаган. Кўкча дарвозаси шаҳарнинг шимолидаги кўчманчи халқ­лар, элатлар билан иқтисодий, савдо алоқаларини ривожлантиришда, уларнинг ҳужумидан мудофаа этишда катта роль ўйнаган. Масалан, Бухоро хони Абдуллахон II қўшини 1579 йилда Тошкентни қамал қилганида, асосий кучларни айнан Кўкча дарвозасига қаратган. Кўкчаликлар 42 кун мобайнида ғанимнинг шаҳарга киришига йўл қўймаган. Абдуллахон Шоҳрухиядан махсус қозонлар келтириб, уларни порох билан тўлдириб, Кўкча дарвозаси тагига қўйиб портлатгандан сўнггина шаҳарга киришга муваффақ бўлган.

1865 йилда Тошкентни босиб олишда рус отлиқ қўшинлари Кўкча дарвозаси орқали кирганлиги «Тарихи жадидайи Тошканд»да қайд этилган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Кўкча дарвозаси Шайх Зайниддинбобо қабрис­тонидан 1800 қадам масофада жойлашган. Бу ҳозирги Янгишаҳар маҳалласи бошидаги гузарга тўғри келади. Кўкчанинг ҳозирги ҳудудида кўп қаватли турар жой, маъмурий ва жамоат бинолари, касалхоналар, енгил саноат корхоналари қурилган.

 

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

2 комментария

  1. Хорунжий дегани исм эмас, балки чор Россияси армиясидаги ҳарбий унвон. Унинг «байроқдор» маъноси ҳам бор. Илтимос, тўғрилаб қўйинглар.

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*